Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:33

Болалар порнографиясининг бозори чаққон


Ўзбекистон интернет кафеларида сиëсий мухолифа сайтларга киришга тақиқ қўйилган¸ аммо порнографик сайтларга кириш¸ бемалол.
Ўзбекистон интернет кафеларида сиëсий мухолифа сайтларга киришга тақиқ қўйилган¸ аммо порнографик сайтларга кириш¸ бемалол.

Ўзбекистонда мобил телефондан фойдаланувчилар кўпайгани сайин¸ порнография¸ хусусан болалар порнографияси акс этган видеоматериаллар бозори ҳам қизиб бормоқда. Бу бозорни технологик жиҳатдан назорат қилишнинг мушкуллиги айтилаëтган бир пайтда¸ бутун маъсулият ҳуқуқ идоралари зиммасига тушмоқда. Аммо...

Таҳририятимизга келиб тушган янги видеотасвирда, тахминан, 5-6 ёшдаги болакай тасвирга олаётган ёш йигит ҳамда кўринишидан фоҳишалик билан шуғулланадиган икки ёш қиз томонидан фаҳшга даъват қилинган.

Болакай ҳам, афтидан, кунини шу доираларда ўтказиб кўниккани боис катта ака-опаларининг топшириқларини одатдаги кўникма билан бажаришга тутинган. Дунёнинг исталган демократик жамиятларида оғир жазо бериладиган бу жиноят эса, афтидан, Тошкент шаҳрида содир этилган.

Бу видеотасвирни Озодликка йўллаган тожикистонлик Бахтиёр исмли компьютер дастурчиси бу тасвирнинг ортидан тушиб, воқеани ўрганиб кўришимизни сўрар экан, бундай жирканч тасвирни ўз телефонидан шеригиникига ўтказиб бераётган ҳам, уни ўз телефонига юклаб олаётган ҳам қонунга хилоф иш қилаётгани ҳақида ўйламаётганидан куюнади.

-Бу видеоёзув телефондан-телефонга ўтиб, менга Душанбедан келди. Душанбега эса бу видео қўлма-қўл бўлиб, Тошкентдан келган. Ҳозир у жуда кўпчиликнинг телефонида бор. Ҳамма шу видеони кўриб юрибди, дейди тожикистонлик компьютер дастурчиси.

Бахтиёрнинг кузатувларига кўра, бундай мазмундаги видеотасвирлар кейинги пайтда тез-тез тарқалмоқда ва бунинг олдини олишнинг деярли имкони йўққа ўхшайди.

Тожикистонлик компьютер дастурчиси гапини тошкентлик бошқа бир суҳбатдошимиз — информацион технологиялар бўйича муҳандис Хайрулло ҳам қувватлайди.

Боиси, Ўзбекистон бозорларига сўнгги икки-уч йил ичида кириб борган сўнгги русумдаги уяли телефон аппаратлари фойдаланувчилари, асосан, суяги қотмаган ёшлар. Уларнинг ота-она ҳамда жамият назоратидан деярли xоли бўлган кундалик турмушига эса бунақа порнографик тасвирлар оқими шитоб билан кириб бормоқда.

Бунинг устига атига 2-3 йил муқаддам исталган тасвир ёxуд мусиқани телефонга юклаш пуллик эди.

- Ҳали Bluetooth, Wi-Fi деган нарсалар йўқ пайтида телефонга мусиқа ëзадиган махсус жойлар бор эди. Биринчи мусиқа ëзадиган пайтда пули ҳам роса қиммат эди. Битта мусиқа ëзиш 500 сўмми 1000 сўмми эди¸ дейди Хайрулло.

Ҳозир эса исталган мусиқа ёxуд видеороликни телефонга юклаб олиш мутлақ текин ва энг муҳими эса эркин.

Хайрулло: Биров суриштириб ўтирмайди. Ҳамманинг қўлида телефон. Телефоннинг ўзи билан ҳар нарса қилиш мумкин. Ëнидаги телефондан бошқа телефонга бемалол кўчириб олиш мумкин. Масалан¸ Bluetooth ëки Wi-Fi орқали бемалол кўчириб олиш мумкин.

Озодлик: Буни қандайдир йўл билан назорат қилишнинг иложи борми?

- Энди билмадим. Бунинг иложи йўқ бўлса керак. Бунинг учун ҳар битта одамнинг орқасидан пойлаб юриш керак бўлади. Бу энди иложи йўқ нарса¸ дейди Хайрулло.

Бундай видеороликни ўз телефонига юклаб олишга қарор қилган минглаб одам ортидан қадамба-қадам юриб назорат қилиш жуда мушкул бўлганидай, бу жараённи техник жиҳатдан ҳам назорат қилиш қийин, деб ҳисоблайди бу муҳандис йигит.

Ўзбекистон уяли алоқа операторларидан бирининг ходими ҳам буни тан ола туриб¸ бунинг сабаби, нафақат тақиқланган тасвирлар, жумладан, болалар порнографиясининг Bluetooth дастури орқали телефондан телефонга юкланиши балки, уяли алоқа оператори фойдаланувчилари орасида тарқалаётган исталган сурат ёхуд видеотасвир мазмунини алоқа оператори орқали назорат қилишнинг имкони ҳам йўқлигидадир¸ дейди.

- Порнография расмлари¸ энди мисол учун бизлар¸ фақат бизлардан қанақа қилиб установка қилиш кетади. Қанақа қилиб бир-бировдан расм олишни уже абонентларнинг ўзи қилади. Бу нарса бизларда кўринмайди. Қолганини абонентнинг ўзи ҳал қилади.

Озодлик: Демак¸ сизлар ҳеч қанақасига видеотасвир мазмунини назорат қила олмайсизларми?

- Йўқ¸ бизларда унақа назорат йўқ. Бу қанақадир четлардан олиб келинган нарсада. Мисол учун¸ бизлар ҳам бу нарсага қаршимиз. Бу ëшларнинг онгини бузадиган нарсада¸ дейди Ўзбекистон уяли алоқа операторларидан бирининг ходими.

Шу тариқа, уяли телефон фойдаланувчилари, асосан, сўнгги икки-уч йил ичида тарқала бошлаган бу тахлит “янгилик”дан бемалол “баҳра” олмоқда.

Бундай қабиҳ жиноятни содир этган шахсларнинг кимлигию, нега бу қадар бамайлихотир экани томошапараст оломонни ўйлантираётгани йўқ. Ваҳоланки, Ўзбекистонда педофилик ва порнографик материалларни тарқатиш қонун билан тақиқланган ва унга жазо белгиланган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Светлана Ортиқова бундай фаолият учун мамлакат қонунларида белгиланган жазо турларини санади.

Светлана Ортиқова: Жиноят кодексининг 130-моддаси намойиш қилиш ëки тарқатиш мақсадида порнографик нарсаларни тайëрлаш¸ шунингдек¸ уларни 21 ëшга тўлмаган шахслар ўртасида намойиш қилиш ëки тарқатиш. Шундай ҳаракат маъмурий жазо қўлланилгандан кейин намойиш этилган бўлса¸ энг кам иш ҳақининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорида жарима ëки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Маъмурий жазо қўлланилса олдин бир йил ичида кейин жиноий жавобгарлик масаласи ҳал қилинади.

Озодлик: Кўриш учун жазо белгиланганми? Масалан¸ кўраëтганининг устидан чиқиб қолса.

Светлана Ортиқова: Бу масаланинг негизи сал бошқачароқ. Сиз билан биз ўзимизнинг фарзандларимизни шунақа тарбиялашимиз керакки¸ ўша фарзанд ўзига ўзи “Мана шуни кўрсам бўлади¸ мана буни кўрсам бўлмайди” деб хулоса чиқариши керак. Чунки ëшларимизнинг қўлида сиз билан бизнинг қаричилигимиз бор.

Озодлик: Демак¸ кўриш учун қонунда бир жазо белгиланмаган экан. Биз мутахассислар билан гаплашдик. Уларнинг айтишича¸ операторлар бунақа тасвирларни ушлаб қолса олмас экан. Бу назоратсиз жараëн бўлиб қолаяпти. Нимадир қилиш керак. Нима қилиш керак деб ўйлайсиз?

- Информацион технология ривожланишининг ижобий томони ҳам бор¸ афсуски унинг салбий томонлари ҳам бор. Ўзбекистон шунинг устида ҳам ишлаяпти. Албатта, бирорта ечим топилади. Мана шунақа нарсаларни тайëрлаш¸ тарқатиш қайта таҳлил қилинаяпти. Албатта, жазони кучайтириш масаласи ҳам кўндаланг турибди¸ дейди Светлана Ортиқова.

Демак, Ўзбекистонда сўнгги икки-уч йил ичида тарқалиб бораётган —мобил телефонда порнотасвирларни тайёрлаш ва телефон орқали тарқатиш жинояти учун бериладиган энг юмшоқ жазо жарима, энг қаттиқ жазо 3 йилгача аҳлоқ тузатиш ишлари билан жазолашдир.

Ўзбекистонлик кузатувчилар ва информацион технологиялар бўйича мутахассислар уяли телефон орқали педофилик ва порнографик тасвирларнинг тарқалишини техник жиҳатдан назорат қилиш мушкуллигини тан олар экан, айни пайтда, бунинг имкони борлигини ҳам инкор қилмайди. Уларга кўра¸ ҳукумат агар умуман порнографик ахборот¸ хусусан эса¸ педофилия ва болалар порнографиясига оид ахборотнинг илдизини қирқишга астойдил қарор қилса, Ўзбекистонда мустақил матбуот, эркин фикрни бўғиш ва уяли ҳамда интернет алоқасини мутлақ назорат қилиш учун катта-катта маблағ сарфлаётган Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари буни ҳам назоратга олиши мумкин. Аммо афтидан¸ ҳуқуқни назорат қилиш идоралари¸ қолаверса уларда-да тепада ўтирганларда бундай истак йўқ кўринади.

"Аслида педофилик ва порнографик материаллар, ҳукумат “диний-экстремистик”, “ёт ғоялар”, дея астойдил қарши курашаётган ахборотдан минг чандон хавфлидир"¸ дер экан мустақил адвокат Руҳиддин Комилов Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари кимларнингдир чўнтагини қаппайтираëтгани боис¸ бу таҳдидга кўз юммоқда¸ дея таъкидлайди.

- Бунинг орқасида¸ биласизми¸ қанча пул келадиган бизнес мавжудда. Улар қандай йўллар билан бўлса ҳам сизнинг сиëсий сайтларингизни ўқишни хоҳлашмайди лекин енгил-елпи сайтларга киришнинг йўлини топишади. Бу нарсага тўсиқ қўйиш жуда оғир масала. Жуда кучайиб кетди ҳозир. Одамлар бу нарсага ўз ташаббуси билан зарба бермагандан кейин¸ тепада ўтирганлардан кимдир ислоҳотчи сифатида бу вазифани ўзига олиши шарт. Терроризмдан ҳам хавфли бўлиб кетишим мумкин бу. Нимагаки бунга тўсиқ қўйиб бўлмайди. Бунга тўсиқ қўйиш учун бизнинг имкониятларимиз чекланган¸ дейди ўзбекистонлик адвокат Руҳиддин Комилов.
XS
SM
MD
LG