Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:20

Ўзбекистонда чинорга қирон келди


2009 йилнинг ноябр ойида Тошкент марказидаги Амир Темур хиëбонидаги юз йиллик чинорлар кесиб ташланди.
2009 йилнинг ноябр ойида Тошкент марказидаги Амир Темур хиëбонидаги юз йиллик чинорлар кесиб ташланди.

Самарқанд шаҳри кўчалари ва шаҳар паркидаги чинорлар кесилмоқда, деб хабар қилди самарқандликлардан бири. Бу хабар дарҳол шунга ўхшаш бошқа воқеани – Тошкент марказидаги Амир Темур хиёбонидаги чинорларнинг кесилиб кетганини ёдга солди.

Ўзбекистоннинг катта шаҳарларида чинорга қирон келиши сабабини, афтидан, Вазирлар Маҳкамасидан излаш керак.

Ҳар ҳолда Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг масъул ходими Шуҳрат Мардонов шаҳар паркидаги чинорларнинг кесилишини изоҳлар экан, “Вазирлар Маҳкамасининг шу ҳақдаги протоколи бор” деди.

Оддий самарқандлик бир тингловчимиз эса, аҳволни мана бундай тасвирлаб берди.

- Бизнинг Самарқандда худди чинорларга чума касали келган. 80 йил бўлди буни экканларига. Бу чинорлар 1000 йил туриши керак. Вокзалдан бошлаб то поворотгача ҳаммасини кесиб ташлади. Бирорта қолмади. Карл Маркс кўчамиз бор эди. Унинг ҳам ҳаммасини кесиб ташлади. Стадионгача кесиб ташлади. Самарқандда бирорта чинор қолдирмасдан ҳаммасини кесиб олиб кетаяпти. Қаерга олиб кетаëтганини ҳеч ким билмайди. Шохчаларини ҳам олиб кетаяпти.

Озодлик: Чинорларга чума касали теккан¸ дедингиз. Ростдан шунақами ëки сиз кесатдингизми?

- Булар ëлғондан шундай деб одамларга ташвиқот қилган. Ҳокимнинг прикази билан ҳаммасини кесаяпти.

Озодлик: Одамлар шунга нима деяпти?

- Одамлар ҳеч нарса демайди. Бир хиллари бориб “Шохларини бизга беринг. Ўтин қилайлик” деса ҳам бирортасини бермаяпти. Баъзилари “Йўлни кенгайтирар эмиш” дейди. Йўлни кенгайтирадиган бўлса¸ паркнинг ичини кенгайтирмайдику. Йўлнинг четида турганларни ҳалиги қилмайдику. Барибир кесиб ташлаяптида.

Озодлик: Қанақа парк эди у?

- Максим Горкий деган парк бор эди. Ўша паркнинг тўрт томонига экилган¸ баланд-баланд¸ қалин-қалинлари бор эди. Ëруғ бўлсин¸ чироқ қўямиз деб ҳаммасини кесиб ташлаяпти.

Озодлик: Фақат чинор кесилаяптими ëки бошқа катта дарахтлар ҳам кесилаяптими?

- Фақат чинорни кесаяпти¸ дейди исмини айтмаслигимизни сўраган самарқандлик.

Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг масъул ходими Шуҳрат Мардонов кўчалар четидаги чинорларнинг кесилишини йўлни кенгайтириш зарурати билан изоҳлади. Лекин давлат амалдори "чинорларга касал теккан" демади.

Шаҳар паркидаги чинорлар кесилишига эса, Мардоновнинг айтишича, Вазирлар Маҳкамасининг шу масаладаги протоколи қонуний асосдир.

Нима учун Вазирлар Маҳкамаси вилоят марказидаги чинорлар билан шуғулланади? Шуғуллансин ҳам, дейлик, унда нима учун қарор чиқармайди, Мардонов айтганидай, "протокол" чиқаради?

Бу саволларимиз жавобсиз қолди.

Маълум бўлишича, чинорлар Тошкент ва Самарқанддагина эмас, бошқа шаҳарларда ҳам кесилмоқда.

Масалан, Наманганда бу иш ниҳоясига етиб ҳам бўлган.

- Чинорларнинг эскилари уже кесиб бўлинган. Кесадиган дарахт ҳам йўқда ҳозир. Ëшлари қолди. Ҳалиги электрга халақит қилмайдиганлари.

Озодлик: Демак¸ Наманганда ҳам чинорлар кесилган. Фақат¸ сизнинг тушунишингизча¸ улар электр симларига халақит қилгани учун кесилган шунақами?

- Яна троллейбусларнинг симлари борку¸ ўшанга тегиб қолганлари кесиб ташланган.

Озодлик: Асосан янги қанақа дарахтлар экилаяпти?

- Асосан арчада.

Озодлик: Нимага арчага Ўзбекистонда кўп эътибор берилаяпти?

- Менимча¸ арча қишин-ëзин бир хил нимада турадику. Ўша томони ҳисобга олишаяпти шекилли. Кейин ҳавоси ҳам тоза бўлади.

Озодлик: Арча ëзда чанг бўлиб хунуги чиқиб кетадику.

- Олдимизга ҳам арча экилган. Ëзда чанг бўлиб¸ хунуги чиқадию¸ лекин унчали даражада эмас. Яна билмадим¸ дейди наманганлик Акмалжон.

Демак, Ўзбекистоннинг қатор шаҳарларида чинорлар кесилмоқда. Биринчидан, йўлларни кенгайштириш зарурати туфайли, иккинчидан, электр симлари ҳалақит бермасин, деб кесилмоқда.

Бироқ Амир Темур хиёбонидаги чинорлар кесилганидан бери бошқа бир версия ҳам айтилмоқда: ҳукуматдан қандайдир қоғоз (балки, бояги "протокол"дир?) чиқартириб олган маҳаллий амалдорлар чинорларни пулламоқда.

Мана шу шубҳанинг кетидан бориб, Тошкент қурилиш материаллари бозоридаги аҳволни яхши биладиганлардан бири билан гаплашдик. Унинг айтишича, кейинги пайтларда бойлар чинордан паркет қилдирмоқда. Шунинг учун чинор ёғочига талаб бор. Лекин ёғочнинг ўзи бозорда йўқ. Ёғочфурушлардан сўралса, топиб беришади.

Чинорнинг текстураси чиройли бўлгани учун ундан шпон ҳам шилинади. Москвадаги бир шпонфуруш ширкат вакилидан мана бу маълумотни олдик. Унинг айтишича, қалинлиги 0,6 мм бўлган чинор шпонининг бир квадрат метри тахминан 15, 20 евро туради. “Бу энг сифатсизининг нархи”, деб қўшиб қўйди ширкат вакили.

Биз водийдаги мебел фабрикаларидан бирининг директори билан ҳам суҳбатлашдик.

Исмини айтмаслигимизни сўраган суҳбатдошимиз шаҳарлардаги чинорлар сотиш учун кесилмоқда, деган тахминда жон йўқ, деган фикрни билдирди. Унинг айтишича, чинор ёғочидан саноат ишлаб чиқаришида фойдаланиш жуда қийин. Чунки у жудаям қаттиқ ёғоч. Лекин усталар чиройли курсилар ясаши мумкин.

- Чинорлар тарвақайлаб ўсади, барги кўп, хазонрезги мавсумда тушган баргларини йиғиштиришга улгурмай қолишади, шунинг учун, яъни шаҳарни озода тутиш учун кесишаётган бўлса керак, деди мебел фабрикаси директори.
XS
SM
MD
LG