Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:39

Ўзбекистон америкаликларга тавсия этилмади


Ҳаëтнинг¸ америкаликлар учун нисбатан арзонлигига қарамай¸ эркинлик йўқ деб топилган Ўзбекистон америкаликлар яшаши учун ноқулай юрт деб топилди.
Ҳаëтнинг¸ америкаликлар учун нисбатан арзонлигига қарамай¸ эркинлик йўқ деб топилган Ўзбекистон америкаликлар яшаши учун ноқулай юрт деб топилди.

Дунё давлатлари бўйлаб турмуш даражаси ва қийматини ўлчаб борадиган “International living” журналининг “Турмуш сифати индекси: 2010” деб номлаган янги ҳисоботига кўра¸ Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон америкаликларга тавсия этилмайдиган давлатлар деб топилди.

2010 йилда ҳаёт гаштини тўлиқ суриб, роҳатланиб яшаш мумкин, дея “International living” журнали АҚШ фуқароларига тавсия қилаётган юртлар яна Ғарб давлатлари бўлмоқда ва бу давлатлар, асосан, инсон ҳаётига таҳдид йўқлиги ҳамда эркинлик ва хавфсизлик тўлиқ таъминлангани, бундан ташқари, кўнгил очар ва маданий тадбирлар даражаси, атроф-муҳит тозалиги учун рўйхатнинг аввалидан жой олган.

Журналга кўеа¸ ҳар бир мезон асосида олинадиган энг юқори балл 100 ва энг қуйи балл 0 баллдир.

Мисол учун, Франция, Австралия, Швейцария, Германия, АҚШ, Белгия, Канада каби давлатларда эркинлик ва хавфсизлик таъминоти энг юқори — 100 балл билан баҳоланган.

Аммо, рейтинг учун олинган асосий мезонлардан бири – яшаш қиймати ва иқтисодий аҳвол бўйича бу давлатларга берилган балл пастроқ — 55 дан 62 баллга қадар ва бу, ҳисобот муаллифлари томонидан, иқтисодий кризис боис яшаш қийматининг қимматлагани билан изоҳланмоқда.

Бу рўйхатдан Марказий Осиё давлатлари ҳам ўрин олган ва бу минтақа давлатлари умумий рейтингда шундай тартибда жойлаштирилган: Тожикистон 134-ўрин, Қирғизистон 138-ўрин, Ўзбекистон 148-ўрин, Қозоғистон 155 ўрин ва Туркманистон 162 ўрин.

Бу давлатларнинг “International living” гуруҳи рейтингида бу тариқа жойлашишига сабаб бўлган омиллар жуда қизиқ.

Мисол учун, ушбу рейтингга бош мезон қилиб олинган турмуш қиймати бўйича аслида бу рўйхатда Туркманистон энг кўп – 84 балл олган. Тожикистон – 74 балл, Ўзбекистон — 70 балл, Қирғизистон – 59 балл ва охирида Қозоғистон – 50 балл олган.

Яъни, яшаш учун — емак-ичмак, кийим-кечак, транспорт ва ҳоказо кундалик зарурий харажатлар дунёнинг бошқа давлатларига қиёслаганда арзон бўлгани боис бу давлатлар Европа давлатларига нисбатан юқори балл олган.

Лекин, эркинлик вазияти бўйича шаклланган рўйхат эса бунинг тамомила акси: Қирғизистон биринчи ўринда – 42 балл, Тожикистон ва Қозоғистон иккинчи ўрин 25 балл, охирги ўринда эса Туркманистон ва Ўзбекистон 0 баллдан.

Шу кунларда дунё аҳли учун ўта муҳим мезонга айланган – ҳаётга таҳдид ва хавфсизлик таъминоти бўйича ҳам бу давлатлардаги аҳвол аввалги мезонлардан бошқача кўринишда баҳоланган.

Масалан, бу минтақада киши ҳаёти учун таҳдид кам ва хавфсизлик яхши таъминланган давлатлар Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистон бўлмоқда. Ҳар учаласига 64 баллдан берилган. Ўзбекистонга эса 57 балл, Тожикистонга 50 балл берилган.

“International living” гуруҳи Марказий Осиё давлатлари орасида Америка фуқаролари учун яшаш нисбатан арзон, қизиқарли, барқарор, эркин, соғлом, дея Тожикистон ва Қирғизистонни тавсия қилмоқда. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон эса бу каби мезонлар асосида берилган баллар йиғиндисига кўра, минтақанинг яшаш учун нисбатан ноқулай давлатлари, деб топилган.

Биз ушбу ҳисобот бўйича унинг муаллифларидан бири, “International living” журнали муҳаррири Дан Прешчер билан суҳбатлашдик ва дастлаб, дунёнинг 194 давлатида турмуш сифати индексини аниқлаш учун танлаб олинган 9 мезон ҳақида сўрадик.

Озодлик: Жаноб Прешчер, дунё давлатларида турмуш сифати индексини аниқлаш учун олинган 9 мезон қай асосда танланган?

Дан Прешчер: “Турмуш сифати индекси” америкаликлар учун мўлжалланган ва у америкаликлар ҳамда АҚШ нинг хориж давлатлари ҳақидаги тасаввурлари ва хориждаги манфаатларини акс эттиради. Яъни, америкаликлар учун хориж давлатларидаги ҳаётнинг қизиқ бўлган томонлари: маданий ҳаёт, турмуш қиймати, соғлиқни сақлаш ёҳуд хавфсизлик каби жиҳатларни инобатга олиб танланган. Тавсияларимиз эса исталган сабаблар, мисол учун, саёҳат, бизнес ёҳуд сармоя киритиш учун хорижга чиқмоқчи бўлган ҳар қандай америкаликка мўлжалланган.

Озодлик: Бундай рейтингни аниқлаш учун фойдаланилган маълумотлар қандай йиғилган ва қайси манбалардан олинган?

Дан Прешчер: Албатта, биз Соғлиқни сақлаш халқаро ташкилоти, “The Economist” журнали, яна бир қатор халқаро ташкилотлар тўплаган маълумотлар, кейин интернет тармоғидаги қатор радио-теледастурлар, нашрлар, дунё давлатларидаги мухбирларимиз ва сайёҳларнинг таассуротларига таяниб тўплаганмиз. Албатта, ҳукуматлар тақдим этган расмий рақамлардан ҳам фойдаланганмиз. Лекин алоҳида эътироф этишим керак — бу илмий бўлмаган тадқиқот.

Озодлик: Давлатлар рейтингини аниқлаш учун танлаб олинган асосий мезонлар – турмуш қиймати ва эркинлик, деган мезонлар олинганда нималар назарда тутилган?

Дан Прешчер: Эркинлик, дейилганда матбуот эркинлиги, ҳаракатланиш эркинлиги, саёҳат эркинлиги ва ҳоказо, оддий АҚШ фуқаролари учун қизиқ бўлган ҳақ-ҳуқуқлар назарда тутилган. Худди шундай турмуш қиймати, дейилганда ҳам оддийгина овқатланиш, кийиниш, транспорт харажатларидан тортиб, кўнгил очиш, дам олиш, соғлиқ учун кетадиган жамики сарф-харажатлар инобатга олинган.

Озодлик: Бу рейтингда Марказий Осиё давлатларига берилган ўрин кўпгина бошқа ҳисоботлардан анча фарқ қилади. Мисол учун, Тожикистон ва Қирғизистон бу рейтингда юқори ўринда, Ўзбекистон ва Қозоғистон пастроқ ўринда. Аслида бошқа кўпгина ҳисоботларга кўра, Марказий Осиёда Қозоғистон турмуш даражаси нисбатан баланд ва иқтисоди кучли, деб келинади. Сизнинг ҳисоботингиздаги бу фарқнинг сабаби нимада?

Дан Прешчер: Албатта, шундай фарқ бор ва Қозоғистоннинг бу рўйхатда пастга тушиб қолишига асосий сабаб, турмуш қийматининг қимматлигидир. Яъни, биз ўз ҳисоботимиз учун танлаб олган асосий мезонлар бошқа ҳисоботлардан фарқ қилади. Яна айтаман, биз америка фуқароларини хориждаги ҳаёт ҳақида қизиқтирган жиҳатларни бош омил қилиб қилиб олганмиз. Шунинг учун, хусусан, Ўзбекистон турмуш қиймати арзонлиги билан АҚШ фуқароларига қизиқ бўлса-да, эркинлик вазияти жуда оғирлиги билан хавотирли бўлиб қолмоқда. Аммо, бу жиҳатлардан қай бири муҳимлигини танлаш ихтиёри мутлақ Ўзбекистонга саёҳатга отланишга қарор қилган Америка фуқароларининг ўзида.
XS
SM
MD
LG