Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:49

Милиционерлар зўрлаган қиз ҳикояси


Озодлик билан суҳбатда 23 яшар Хосият¸ милиционерлар қўлидан чеккан зўрликни тўлиқ ҳикоя қилиб беришга тайëр эмаслигини билдирди.
Озодлик билан суҳбатда 23 яшар Хосият¸ милиционерлар қўлидан чеккан зўрликни тўлиқ ҳикоя қилиб беришга тайëр эмаслигини билдирди.

Aввалига безориликда айбланган¸ кўп ўтмай эса босқинчига чиқарилиб¸ Тошкентда милиционерлар томонидан зўрланган сурхондарёлик уч опа-сингил Наргиза, Райҳон ва Хосият Соатоваларнинг кенжаси Озодликка ҳибсхонада ўзи ва опалари бошидан кечирган даҳшатлар ҳақда ҳикоя қилди.

Ўтган йилнинг май ойи бошида 23 ёшли Хосият икки опаси Наргиза ва Райҳон билан биргаликда босқинчиликда айбланиб ҳибсга олингач, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман Ички ишлар бўлими тергов ҳибсхонасида ушлаб турилган.

Хосият Озодлик билан суҳбатда ҳибсхонада кечирган даврини ҳаётидаги энг даҳшатли кунлар сифатида тилга олади.

Хосият: Бизларни 9 май куни ҳибсга олганда. 10 майга ўтар кечасида ўша ерда Райҳон опамизни зўрлашган. Зўрлаб¸ шаънига тегишган.

Озодлик: Ким?

Хосият: Опам розыск ходимлари томонидан зўрланган.

Озодлик: Кимлигини билмайдими?

Хосият: Йўқ¸ билмайди. Балки билса ҳам айтмаëтгандир. Чунки опам “Айта олмасдим. Агар бирор нима десанг¸ синглингни ҳам ҳозир олиб чиқамиз” деб айтишди¸ деб йиғлади. Фақат йиғлади. Кейин шунақа-шунақа¸ ўша куни воқеани айтиб бердиларда. Битта хонага олиб боришди. Урган. Ҳеч нарса демасдан урган. Ургандан кейин беҳуш бўлган. Ҳушига келиб қараса¸ шу иш бўлган.

Озодлик: Нима иш бўлган?

Хосият: Зўрлашган¸ шаънига тегишганда ўшанда. Туриб жанжал қилса¸ “Ўчир овозингни. Агар бақираверсанг¸ синглингни ҳам олиб келамиз. Кўрамиз кейин” деган.

Озодлик: Милиционерларнинг хонасида нечта одам бўлган?

Хосият: Билмайман. Бу ҳақда айтмади. Менимча¸ ўзи ҳам билмаса керак.

Озодлик: Милиционерлар сизга нисбатан бунақа иш қилишмадими?

Хосият: Менга нисбатан йўқ. (йиғлаб) Бўлмади мен билан. Менда унақа бўлмаган. Зўрланмаганман.

Озодлик: Милиционерлар Наргиза опангизга нисбатан зўрлик ишлатишмаганми?

Хосият: Билмайман. У опам ҳақида жавоб бера олмайману¸ лекин ўзимга жавоб бераман. Мен билан зўрлик ишлатилмаган. Зўрлик ишлатилган¸ лекин зўрланмаганман¸ десам бўлади аниқроғи.

Озодлик: Зўрлик ишлатишди¸ деганда нимани назарда тутаяпсиз?

Хосият: Кўргазма бериш пайтларида Ички ишлар бошқармасида¸ подвалда¸ бизларни роса қийнашди. Бошимга уришди¸ унақасан¸ бунақасан дейишди. Руҳий тазйиқ кўп ўтказишди. Подвалда ҳам¸ терговга олиб чиққан пайтда ҳам шунақа қилавергандан кейин умуман мен ўзи¸..... тушунтириб бера олмайман ўшандаги ҳолатимни.

Озодлик: Милиционерлар сизни уришармиди? Бошимга урди¸ дедингиз.

Хосият: Ҳа¸ шунақа қилишарди. Ўшанда акам ТошМИга олиб борди. (йиғлаб) Улар урганда ҳамма жойим кўкариб кетганда.

Озодлик: Урганда шунча жойингиз кўкарган бўлса¸ демак қаттиқ уришганда.

- Қўлларим¸ оëқларимга уриб ташлаган. Бошларимга ургандан кейин шундай стулда ўтирган пайтимда стулни тортиб юборади¸ дейди Хосият Соатова.

Хосият тергов давомида милиция ходимлари томонидан жинсий таҳқирланганини айтиб, фақат бу ҳақда эфир орқали батафсил гапиришга уялишини билдирди.

Хосият: Юмшоқ жой бўладию¸ ўша жойларни қаттиқ сиқарди. Қаттиқ сиқиб ушлаб турарди.

Озодлик: Қанақа қилиб? Қаерингиздан ушларди?

Хосият: Ўша қўлимдан¸ у ëғимдан¸ бу ëғимдан ушлаб ташларди.

Озодлик: У ëғимдан¸ бу ëғимдан ушлаб ташларди¸ дедингиз. Нима дейди¸ кўкрагингиз¸ бошқа жойларингизда тегинганми улар?

Хосият: Албатта¸ бошқа нима бўларди. Исқиртлар шунақа қилишган. Кейинги воқеаларни унча эслай олмайман. Ўша ерда менга қаттиқ руҳий зарба бўлди. 16 май куни Ички ишлар бошқармаси подвалига ташлаган бўлса¸ эртаси кундан бошлаб умуман гапирганим йўқ¸ гапира олмадим. Шу билан руҳий касалликлар шифохонасига олиб боришди. У ëқда ëтдим.

Озодлик: Қанча ëтдингиз у ерда?

- Икки ой¸ дейди Хосият Соатова.

Хосият руҳшунос бўлиш ниятида Ўзбекистон Миллий университетининг психология бўлимига ўқишга кирганида, бир кун келиб ўзининг руҳий касалликлар шифохонасида бемор сифатида даволаниши ҳатто тушига ҳам кирмаганини айтади.

Судланганидан кейин университетдан ҳайдалган 23 ёшли Хосиятнинг ҳаётдан чиқарган ўз хулосаси бор.

- Ўзбекистонда пули бор одамлар учун қонун бор. (йиғлаб) Пули йўқ¸ қишлоқдан чиққан одамлар учун на ўқиш бор¸ на қонун бор. Қонун фақат пули борлар учун¸ дейди Хосият Соатова.

Хосият суд ҳукмига кўра айбдор деб топилиб, 6 йилу икки ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Лекин суд ушбу ҳукмни шартли жазо билан алмаштириб, Хосиятни озод қилган.

Хосиятнинг опаси Райҳон Соатова, суд ҳукмига мувофиқ, 7 йилу икки ойлик қамоқ жазосига маҳкум қилинган. Айни пайтда Райҳон Соатова ва унинг чақалоғи Зангиота туман аёллар колониясида сақланмоқда. Хосиятнинг катта опаси Наргиза ҳам Зангиота туман аёллар колониясида жазо муддатини ўтаяпти.

Сурхондарёлик опа-сингилларнинг тергов жараёнида милиция ходимлари томонидан зўрлангани воқеасини “Эзгулик” жамияти оммага ошкор қилди.

“Эзгулик” жамиятининг маълум қилишича, опа-сингил Соатовалар 2009 йилнинг 9 майида Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Аввал хабар қилганимиздек, Хосиятнинг опаси Райҳоннинг қизи 17 декабр куни муддатидан аввал 29 ҳафталик пайтида туғилди.

Агар ҳисоб-китоб қилинса, Райҳоннинг ҳибсга олинганидан кейин ҳомиладор бўлгани маълум бўлади.

Опа-сингилларнинг акаси Абдусамад Соатовнинг Озодликка маълум қилишича, у Ўзбекистон адлия идорасидан синглиси Райҳонни тергов давомида зўрлаган милиция ходимларига нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида расмий билдириш олган.

Абдусамад Соатовга кўра, ушбу билдиришда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар бўлими тезкор-қидирув бўлимининг бир гуруҳ ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) бўйича жиноий иш очилиб¸ тергов –суриштирув ишлари бошлангани ҳақида ёзилган.
XS
SM
MD
LG