Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:28

"Мусулмон учун Ал-Қоидага қўшилиш ҳаромдир"


Ислом номи билан бегуноҳ одамларни ўлдираëтган Ал-Қаоида тармоғи фаолияти¸ Усама бин Ладиннинг ватанида ислом учун ҳаром деб топилди.
Ислом номи билан бегуноҳ одамларни ўлдираëтган Ал-Қаоида тармоғи фаолияти¸ Усама бин Ладиннинг ватанида ислом учун ҳаром деб топилди.

“Alarabiya.net” тармоғига таяниб, бир қатор исломий веб сайтларнинг хабар қилишича, араб оламида таниқли бўлган шайх Абдул Муҳсин ал-Обейкан айни шу мазмунда фатво берган.

Саудия қироли Абдулланинг маслаҳатчиси шайх Абдул Муҳсин ал-Обейкан эълон қилган янги фатвога кўра, қайси мусулмон Ал-Қоида тармоғига кирса ёхуд шу тармоқ сафида бўлса, у такфирчиликни тарғиб қилувчи сектага тегишли, деб ҳисобланади.

Такфир — мусулмонни динидан чиқди, кофир бўлди, деб ҳукм қилиш; такфирчилик — динидан қайтганларни ўлдириш ҳақ, дегувчи ғоя; такфирчилар эса бу ғояга эргашганлар, деб ҳисобланади.

Саудия Арабистони ҳукумати бунга қадар ҳам Ал-Қоида террор гуруҳи ғоясини такфирчиликка таянган, дея кескин қоралаган эди. Ҳозирда бу давлат ҳудудида ал-қоидачилар деярли қолмагани ва уларнинг қўшни Яманга ўтиб жойлашгани айтилади.

Қўшни давлатдан бошпана топган гуруҳ жанггариларини реабилитация қилиш ташаббуси билан чиққан шайх Абдул Муҳсин яна бир бор ўша жанггариларни бу йўлдан қайтиб, ҳукуматга бўйсунишга чақирар экан, “сиз мусулмонларнинг қилиб юрган ишингиз ҳаромдир” мазмунида фатво бермоқда.

Бу фатво ислом дунёсида анча жиддий янгради ва кўпчилик мусулмонлар орасида баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Табиийки, шу ўринда шайхнинг бу тахлит фатвоси нега айнан бугун янграмоқда, Ал-Қоида ҳаракати дунёнинг кўпгина давлатларида шу пайтгача амалга ошириб келган катта-катта террорчилик амалиётлари, жумладан, 11 сентябр воқеаларидан сўнг янграмади, деган саволлар ҳам туғилади.

Шайх Абдул Муҳсин ва Саудия Арабистон қироллиги расмийлари ҳозирча бу борада қўшимча изоҳ бергани йўқ. Фақатгина қирол Абдулла саройининг энг нуфузли маслаҳатчиларидан бўлган бу шайхнинг фатвоси мамлакатнинг Ал-Қоида хусусидаги расмий нуқтаи-назарининг яна бир тасдиғи экани айтилмоқда.

Шундан келиб чиқиб биз бугун шайх Абдул Муҳсиннинг фатвоси ҳамда “такфирчилик” сектаси ҳақида ўзбек мусулмонларида мавжуд баъзи фикр-мулоҳазаларни тақдим қилмоқчимиз.

Бошданоқ айтиш лозим, Ал-Қоидага аъзо бўлиш ёхуд бу ташкилот сафида жанг қилиш мусулмон учун ҳаромдир, мазмунидаги фатвога билдирилган фикрлар йўналишига кўра иккига ажралиб қолмоқда.

Бир тоифа – бу ҳаракат сафидагилар ҳам ўз дини ҳимояси учун қўлига қурол тутган бўлса, уларнинг ҳаракатини ҳаром деб бўлмайди, деган қатъий фикр билан бундай фатвони қораламоқда.

Яна бир тоифа эса, гарчи динини ҳимоя қилиш учун қўлига қурол олган бўлса-да, ўзга юртларда тинч одамларни ўлдириш мумкин эмас, дея ушбу фатвони қўлламоқда.

Ҳозир ана шу икки тоифа ичидан суҳбатлашганимиз икки суҳбатдош фикрларини тақдим қилмоқчимиз. Исми сир тутилишини сўрагани боис, ҳар икки суҳбатдошимизни шартли исм билан атадик.

Дастлабки суҳбатдошимиз Ал-Қоидага алоқадорликда айбланиб келадиган Ўзбекистон исломий ҳаракатининг собиқ аъзоси Хайруллоҳдир.

Ҳозирда бу ҳаракатни тарк этган суҳбатдошимиз аввал “такфирчилик” ҳақида ўз фикрини билдирар экан, бу мутлақ хато ғоядир, дейди.

- Уларни такфирийлар деб айтишади. Одамларнинг баъзи бирларини мусулмон бўлса ҳам гуноҳлари туфайли кофирга чиқарадиганларни такфирийлар дейди. Инсон гуноҳ қилиши билан мусулмончиликдан чиқиб кетмайди. Мусулмончилик доирасида туради¸ лекин гуноҳи учун уларни кофир дейишади бу такфирийлар. Жанг майдонидаги гуруҳларнинг ичида бор. Масалан¸ ўзларидан чиқиб кетганларни муртадга чиқариб юборади улар. “Диндан чиқиб кетди булар. Булар кофир” деб ҳатто ҳукмини ҳам ўқиб¸ топиб олса ўлдириш эҳтимоли ҳам кўп. Ўлдирди ҳам. Баъзи биродарларни ўлдириб ҳам юборишди. Калласини олганлари ҳам бор. Шунинг учун бундай йўлдаги одамлардан мен нафратланаман¸ дейди Ўзбекистон исломий ҳаракатининг собиқ аъзоси Хайруллоҳ.

Бу суҳбатдош ўзининг жиҳод майдонини тарк этишига асосий сабаб айнан шу такфир эканини айтар экан, саудиялик шайхнинг бу фатвоси зулм йўлини тутган мусулмонларга асосли огоҳлантирув бўлиши лозим, дейди.

- Ўзи аслида мен ҳаракатдан чиқиб кетаëтган пайтимда укам келди. Укам келиб менга “Кетасанми?” деди. “Ҳа¸ кетаман” дедим. “Нимага кетасиз?” деди. Мен “Масалан тепадаги бошлиқ баъзи бир биродарларни оддий қилган гуноҳига ëки унинг айбини айтганига “Ўлдир¸ от” деса¸ бу қанақаси?” десам¸ укам “Агар амир буйруқ берса¸ мен сени ҳам ўлдиришим мумкин” деди. Мен “Мен бундай золим¸ одамларни кофирга чиқариб ўлдираман¸ дейдиган одамларнинг олдида турмайман. Мен чиқиб кетаман” дедим. Шундан кейин¸ алҳамдулиллаҳ¸ чиқиб кетдим. Оллоҳ нажот берди алҳамдулиллаҳ¸ дейди Ўзбекистон исломий ҳаракатининг собиқ аъзоси Хайруллоҳ.

Навбатдаги суҳбатдошимиз ҳам ўз вақтида жанг майдонида бўлган ва дин ҳимояси учун чиқдик, деб қўлига қурол тутганлар сафида бўлган Абдуллоҳдир.

У саудиялик шайхнинг бу фатвосини нисбатан кескин, деб баҳолар экан муқаддам Ал-Қоида ҳақида араб олами шайхлари томонидан бу қадар кескин баёнот бўлганини эшитмаганини алоҳида таъкидлади.

Албатта, Ал-Қоида ёхуд шу каби террор ташкилотларнинг кимнидир кофирга чиқариб, дунёнинг турли нуқталарида амалга ошираётган террорчилик ҳаракатлари мутлақ нотўғри, дейди Абдуллоҳ.

- Мен бир нарсани айта оламан исломдан келиб чиқиб. Камикадзе қилишлик деган нарсада¸ мисол учун аëллар¸ болалар бор жойда ўзини бориб ўлдиришлик бу ноҳақлик. Дейлик мужоҳид бўлган солдат қурол-яроғи билан орган ходимларининг ичига тушиб қолди. Агар у шу ишни қилмаса¸ барибир ўлдиришади. Шунда ўзини ўзи ўлдириб¸ бир нечта мунофиқни ўзи билан олиб кетишлик¸ кофир¸ бадбахтни олиб кетишликни ҳақ деб биламиз. Кўпинча эшитамиз бошқа мамлакатларга кириб террор қилишларини. Кўп жойда ноҳақлик билан қилишади¸ дейди Абдуллоҳ.

Аммо, хусусан, Ал-Қоида гуруҳининг ҳаракатлари ҳаромдир, деган фикрни айтишга эҳтиёт бўлар эдим, дея сўзларини давом эттирди бир вақтлар ўзбек жиҳодчилари сафида бўлган ва кейинчалик бу ҳаракатни тарк этган Абдуллоҳ.

- Ал-Қоида бундай иш қилаяптими ëки йўқми буни биз билмаймиз. Уларнинг нима иш қилаëтгани бизга 100 фоиз қоронғи. Агар Ал-Қоидани 100 фоиз мукаммал таниганимда¸ шунда “Бу нотўғри нарса” деб айтиб берган бўлардим. Агар мен Ўзбекистон исломий ҳаракатини худди шундай қоралаб¸ худди шунга ўхшаб чиқиб айтишганларида “Бу фатво нотўғри” деб айтар эдим. Очиқдан-очиқ нотўғри. Чунки у ëқда юрган болаларнинг ҳолатини билмасдан туриб¸ бундай фатво чиқаришликка ҳақлари йўқ. Мисол учун мен ўшаларнинг сафида эдим. Мен чиқиб юрган ҳолат фақат Оллоҳ йўлида жиҳод эди. Оллоҳ йўлида юртга қайтиб келишлик ҳолатида эди. Юртда бошқа ҳолатда¸ яъни ислом эркинлиги билан бирга бўлишлик эди¸ дейди Абдуллоҳ.

Айни пайтда Абдуллоҳ Ал-Қоида ташкилотининг мавжудлиги шубҳа остига олинган баҳсларни ҳам тилга олди. У Афғонистон ва Покистон ҳудудида юргани, у ва унинг сафдошлари ушбу гуруҳга алоқадорликда айбланган пайтларда “Қанақа экан бу гуруҳ, ким экан унинг аъзолари”, деган саволларга анча вақт жавоб излагани, аммо тайин жавоб тополмаганини айтади.

Абдуллоҳ: Усама Бин Ладин кўпинча чиқиб жиноятларни бўйнига олади. Аммо унинг ўзини ким билибди¸ ким кўрибди? У одамни қаерда ким кўрди? Толибон нимасида хизмат қилган¸ бошқа қилган жуда кўп афғон болалари бор. Улар билан гаплашганимизда ҳеч кўрмаганмиз¸ билмаганмиз дейишади. Бин Ладин бобони кўрмаганмиз деб айтишади ҳаммаси.

Озодлик: Умуман Ал-Қоиданинг аъзосиман деганиничи?

- Буни ҳам ўз ичимизда кўрмаганмиз. Афғон болаларнинг ичида ҳам кўрмаганмиз. Буни фақат эшитганман. Бунинг ҳаммасини асосан матбуотдан эшитганман¸ дейди Абдуллоҳ.

Муқаддам Ўзбекистон исломий ҳаракатига аъзо бўлган ва исми сир тутилишини сўрагани боис шартли равишда Хайруллоҳ ҳамда Абдуллоҳ, деб номлаганимиз икки собиқ жанггарининг Ал-Қоида гуруҳига аъзолик ҳаромдир, мазмунида саудиялик таниқли шайх Абдул Муҳсин ал-Обейкан берган фатвога билдирган муносабатлари эди.

Саудиялик шайхнинг бу фатвосини тилга олишимиздан яна бир мақсад аслида – шу тахлит кескин янграган фатволарга бошқа мусулмонлар қандай муносабатда бўлиши лозим, деган саволга ҳам жавоб олиш эди.

Шу боис, ўзбекистонлик таниқли уламо, ҳозир муҳожиратда яшаётган Обид қори Назаровни ҳам суҳбатга тортдик.

Обид қори саудиялик шайхнинг бундай фатвони эълон қилишини масъулияти катта бўлган қадам, деб баҳолади ва айни дамда такфирчилик билан шуғулланиш Ислом динида қораланганини алоҳида таъкидлади.

Обид қори Назаров: Такфир бу инсонни кофирга чиқариш деган маънода. Яъни қайсидир одам аввал мусулмон бўлган ҳолида кейин исломга зид ишни қилса ëки сўзни айтса¸ ўша одамнинг диндан чиқишини ифодалайди¸ яъни шу ҳукмни ифодалайди. Диндан чиқиш¸ кофирга айланиш бир масала бўлса¸ кимнидир “Диндан чиқди¸ кофир бўлди” деган айбловга лойиқ дейиш¸ яъни кофир деб ҳукм қилиш бу бошқа масала. Такфир¸ яъни кофир деб айблаш бировни ўлимга ҳукм қилиш билан баробар. Бу уламолар учун энг оғир¸ энг қийин масала ҳисобланади.

Озодлик: Сиз такфирийлар ҳақида эшитганмисиз? Яқин Шарқ давлатларида такфирийлар деган тушунча бор экан.

Обид қори Назаров: Бор. Яъни бу ислом амалларига¸ аҳкомларига амал қилмасликдан ташқари унга қарши чиқиш ҳодисалари кўзга ташланган пайтда баъзи одамлар шу ҳукмга мурожаат қилишади. Мусулмон мамлакатлари раҳбарларини кофир деб айтадиган гуруҳлар бўлиши мумкин. Яъни улар ўзининг халқига зулм ўтказаëтган¸ мусулмонларга қаттиқ азоб бераëтган¸ уларни қийнаб¸ ўлдириб¸ юртидан ҳайдаб ëки қамоққа солдириб¸ мана шунга ўхшаш қатағон қилаëтган мусулмон мамлакатлар раҳбарлари борлиги ҳаммага маълум. Баъзилари “Улар кофир бўлди” деб ўшандайларнинг ҳукмини ўқишга ўтади. Агар мана шундай ишлар ҳаракат ëки гуруҳга айланган бўлса¸ дунëда шундайлари ҳам бўлиши мумкин¸ мана шулар назарда тутилади.

Озодлик: Масалан¸ Саудия Арабистони ўз расмий нуқтаи-назарига кўра¸ такфирчилик ғоясига эргашади¸ деб Ал-Қоидани кескин қоралар экан. Умуман шу позицияга ўзингиз қандай қарайсиз ва Ал-Қоидага аъзо бўлаëтган ëки аъзо бўлганларнинг ишини ҳаром деса бўладими?

- Мен юқорида айтиб ўтдим. Яъни умумий қоидалардан келиб чиққан ҳолда гапириш мумкин. Аммо муайян шахсга қарата бирор нарса дейишдан одам ҳушëр¸ эҳтиëт бўлиши керак. Бу масала ҳар кимнинг ҳам ҳаққи¸ ҳуқуқи эмас. Бу ерда кўп масалалар аралашиб кетган. Буни аниқ ажратиб олиш анча мураккаб¸ мушкул масала. Кимдир ўзининг динини ëки обрўсини¸ шаънини¸ номусини ҳимоя қилиш мақсадида ëки ватанни ҳимоя қилиш мақсадида қўлига қурол олган бўлса¸ бундайларнинг ҳаракатларини “Бу озодлик ҳаракатику” дейиши мумкиндир¸ зеро “Озодлик ҳаракатлари билан террорни аралаштириб юбориш мумкин эмас” деган чақириқлар ҳам бор. Ëки масалан яна кимдир “адолат ўрнатаман” деб ҳам одам ўлдираяпти¸ болаларни қираяпти. Унинг даъвоси адолат¸ ҳақиқат ўрнатиш. Шунинг учун бу жуда ҳам мураккаб масала. Яхшиямки шу муассасалар бор¸ фатво ҳайъатлари ва уламолар бор. Бу масалалар ҳукмини ўшаларга ҳавола қилганимиз яхши ва уларнинг сўзи эътиборга олинса бўлади¸ дейди таниқли ўзбек уламоси Обид қори Назаров.

Агар саудиялик таниқли шайх эълон қилган фатвога муносабатлар¸ Сизда ҳам мулоҳаза уйғотган бўлса¸ бу фикрларингизни Озодлик ўқувчилари билан ўртоқлашиш истаги бўлса, марҳамат, сайтимизда шарҳ қолдиринг.

Фикр-мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.
XS
SM
MD
LG