Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:32

Қирғизистонда мухолифатнинг янги ҳаракати тузилди


Қирғиз мухолифати сафида пайдо бўлган янги ҳаракат вакиллари ўзларини Қирғизистондаги Бирлашган халқ ҳаракатидан ажралиб чиққанини айтмоқдалар.
Қирғиз мухолифати сафида пайдо бўлган янги ҳаракат вакиллари ўзларини Қирғизистондаги Бирлашган халқ ҳаракатидан ажралиб чиққанини айтмоқдалар.

Қирғиз мухолифатининг Бирлашган халқ ҳаракатидан ажралиб чиққан янги сиёсий ҳаракат вакиллари Қирғизистонда конституция қайта-қайта ўзгартирилиб, ҳокимиятнинг отадан болага ўтишига шароит яратилаётганини қайд этмоқдалар.

Мухолифатнинг янги ташкилоти раиси Муқар Чўлпўнбаев янги ҳаракатнинг мақсади коррупциялашган, жиноятчилик олами билан чатишиб кетган оилавий бошқарувга, тоталитар тузумга қарши кураш эканини айтади:

- 2009 йилнинг 14 декабр куни Қирғизистон парламентига Конституцияга ўзгартириш киритиш тўғрисида навбатдаги ноқонуний таклиф бўлди. Бу таклифни 5 январда Конституцион суд қўллаб-қувватлади. Яқин орада парламент томонидан Конституцияга ўзгартиш киритилиб, Қўқон хонлигида бўлгандай отанинг фарзандга президентликни ўтказиб беришига имкон яратилса ҳам ажаб эмас, дейди Муқар Чўлпўнбаев.

Янги ҳаракат раиси президентлик курсиси отадан болага қолишига йўл қўймаслик учун 1993 йилда қабул қилинган Конституцияга қайтиш кераклигини айтади.

Ҳаракат ижроий қўмитаси раиси Асан Чурмуқов бу борада аҳоли орасида тўхтовсиз ташвиқот ишлари олиб борилиши лозим, деб ҳисоблайди. Шунингдек, у давлат бошқарувидаги сиёсатчилар ҳам оддий одамларга ўхшаб яшаши керак, деган фикрда.

- Биз халқнинг қандай шароитда яшаётгани, қандай тирикчилик қилаётганини биламиз. Биз “Жип”лар минмаймиз, биз оддий одамларга ўхшаб, маршруткаларда юрамиз, дейди Асан Чурмуқов.

Янги ҳаракат кўтариб чиқаётган масала - 1993 йилда қабул қилинган Конституцияни қайтариш ташаббусини Қирғизистоннинг бир қанча сиёсатчилари ва ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам қўлламоқда.

Қирғизистон омбудсмени Турсунбек Ақуннинг айтишича, 1993 йилда қабул қилинган Конституция ҳатто халқаро экспертизадан ҳам ўтказилган:

- Бизнинг халқаро мажбуриятларимиз бор. У ўша халқаро талабларга мос келади. 1993 йилнинг 5 майида қабул қилинган Конституция ҳақида Венеция хулосаси ҳам бор. Ундан кейин қабул қилинган Конституцияларнинг биронтаси ҳам бунақа хулоса ололган эмас, деди Турсунбек Ақун.

“Қирғизистонни сақлаб қолиш” ҳаракати раиси Муқар Чўлпўнбаев Қирғизистоннинг биринчи президенти Асқар Ақаев қонунбузарликка йўл қўйиб, Конституцияга ўзгартиш киритиш бўйича умумхалқ қурултойи ўтказишга ҳақсиз эди, деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, биринчи президент томонидан содир этилган ноқонуний ҳатти-ҳаракат кейин ҳам бир неча бор такрорланди ва пировардида ўтган йили Президент Институти ташкил этилди.

Янги тузилган ҳаракат аъзолари ушбу Институт президентлик лавозимининг отадан болага ўтишини қонунийлаштириши мумкинлигидан хавотир билдирмоқдалар.

2009 йил 17 декабрида президент ва парламент “Конституцияга ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини Конституцион судга юборган. Конституцион суд қонун лойиҳасини уч ойда кўриб чиқиши керак.

Президент таклиф қилган лойиҳада 2009 йил 20 октябридан кейин бошқарув тизимидаги ўзгаришларни қонунийлаштириш, президент ўз вазифасини бажара олмай қолган пайтда бу лавозимга тайинланувчи шахсни Президент Институти тавсияси билан танлаш таклиф қилинган.

Айтиб ўтиш жоизки, Қурмонбек Бакиевнинг ўғли Максим Бакиев 2009 йил 29 октябрда президент фармони билан Қирғизистон Тараққиёт, инвестиция ва инновация агентлиги раҳбари лавозимига тайинланган эди.

Мухолифат аъзоларига кўра, агар Қирғизистон конституцион суди янги қонун лойиҳасини қўлласа, президент ўғлининг юқори лавозимга тайинланиши ҳам қонуний, деб тан олинади.

Мухолифатнинг янги ҳаракати ва у кўтараётган ташаббус борасида қирғиз расмийлари ҳозирча ўз муносабатини билдирганлари йўқ.
XS
SM
MD
LG