Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:45

Саудий дипломатининг Тошкентдаги "кайфи" бузилди


Дунë мусулмонларининг муқаддас зиëратгоҳлари жойлашган Саудий Арабистонида спиртли ичимлик ичиш оғир жиноятлардан саналади.
Дунë мусулмонларининг муқаддас зиëратгоҳлари жойлашган Саудий Арабистонида спиртли ичимлик ичиш оғир жиноятлардан саналади.

Дунëда Исломнинг энг кескин оқимини расман жорий қилган Саудия Арабистони дипломати Тошкентдаги тунги клублардан бирида ичиб олиб, жанжал кўтарган ва клубдан қувиб солинган. Бу ҳақда хабар тарқатган Эрон ахборот тармоғига кўра¸ бу воқеа маҳаллий матбуот оғзига тушган.

Эроннинг инглиз тилидаги www.presstv.ir янгиликлар тармоғининг хабар қилишича, саудиялик дипломат Аъла Назий Саад Исо Масиҳ мавлуди кунида Тошкентдаги тунги клублардан бирида ҳушдан кетиш даражасида ичиб олиб, каттагина жанжал кўтарган.

Атрофдагиларга тегажоғлиқ қилган ва клубнинг буюмларига зарар етказган. Оқибатда тунги клуб ходимлари дипломатни ярим тунда кўчага қувиб солишга мажбур бўлган.

Шунингдек, ушбу нашрнинг яна хабар қилишича, дипломат кейин маст ҳолида автомобил бошқарган ва ёнида турган машинага урилиб, унинг эгаси билан ҳам жанжал қилган. Уни қўпол ҳақорат қилган.

www.presstv.ir нашрининг ёзишича, кейин бу воқеа Ўзбекистон радиоси орқали кескин танқид қилинган ва ваҳҳобийлик оқимини тутган давлат дипломатининг бу ҳаракати Ислом оламининг етакчи давлати бўлган Саудия Арабистони нуфузига катта зарардир, дея баҳоланган. Ҳозирча Эрон телеканали тилга олган ўзбек радиосининг айнан қайси радио эканини аниқлашга муваффақ бўлмадик.

Ана шу хабар ортидан Саудия Арабистонининг Тошкентдаги элчихонасига боғланганимизда, элчихона матбуот хизмати жаноб Аъла Назий Саад шу кунларда Тошкентни тарк этаётгани ва ахборот воситалари билан суҳбатлашишга фурсати йўқлигини айтди.

Аммо, матбуот хизмати вакили дипломатнинг: “Ҳозир бизнинг ҳеч қандай муаммоимиз йўқ”, деган гапини бизга етказиб қўйиш топширилганини маълум қилди.

Элчихона ўз дипломати билан жанжал содир бўлганини билвосита тан олар экан, бунга оид тафсилотларни изоҳлашдан бош тортди. Шу жумладан, жаноб Аъла Назий Сааднинг Тошкентни тарк этиши шу жанжал билан боғлиқми ёки йўқми, деган саволимизга ҳам жавоб ололмадик.

Тошкентдаги дипломатик корпус вакиллари ҳаётидан яхши хабардор тошкентлик кузатувчиларга кўра, мусулмон давлатидан бўлган дипломатнинг бу таxлит жанжал қаҳрамонига айланиши муқаддам кузатилмаган.

Аммо дипломатик корпус вакиллари тадбирларида ичкилик ичиш ёхуд бу таxлит ўйин-кулги мутлақо нормал ҳолдир, дейди Озодлик билан суҳбатда Буюк Британиянинг Тошкентдаги собиқ элчи Крейг Мюррей.

- Дипломатлар ҳам ҳамма қатори бир одам. Тўғри, нафақат мусулмон дипломатлар, балки дунёдаги барча мусулмонлар учун ўз дини алкогол ичишни тақиқлайди. Аммо, уларнинг баъзилари ичади, тез-тез тунги клубларга боради. Бу жуда нормал инсоний ҳодиса. Аммо шунчаки ичкилик ичиш ёки ичкиликни кўп ичиб олиб, жанжал кўтариш бу бошқа-бошқа нарсалар. Албатта, бу дипломат учун яхши эмас, дейди жаноб Мюррей.

Айни пайтда у шу пайтга қадар Тошкентда юрган мусулмон дипломати билан бундай жанжал содир бўлгани ҳақида эиштмаганини айтар экан, бундай ҳатти-ҳаракат Саудия Арабистони дипломатлари учун умумиятла хос эмас, дейди.

- Мен Тошкентдаги мусулмон дипломатининг бирор-бир ҳатти-ҳаракати шундай муаммолар келтириб чиққанига оид бирор ҳолатни билмайман. Шахсан мен Тошкентдаги кўплаб мусулмон дипломатлар билан бир дастурхон устида спиртли ичимликлар ичганман ва менга қолса, уларга базмларга бориб ичманг, дейишга бизда асос йўқ, дейди собиқ элчи Крейг Мюррей.

Аммо саудиялик дипломатнинг бундай ҳаракати мамлакат расмий ахборот воситаларида тилга олингани, собиқ элчи фикрича, мутлақо ҳукмрон сиёсат манафаатидан келиб чиққан ҳаракатдир.

- Бу том маънодаги мунофиқликдир. Ўзбекистоннинг энг олий элитаси, хусусан, Каримов доирасидаги ҳукумат расмийларининг жуда кўпчилиги ичишни, аёллар билан кўнгилхушлик қилишни жуда ҳам ёқтиради. Улар бошқа мусулмонларни танқид қиладиган аҳволда эмас, дейди Крег Мюррей.

Айни пайтда собиқ элчи Саудия Арабистони Исломга тақвонинг нисбатан кескин кўринишга риоя қилишини айта туриб, қиролликнинг ўз расмий йўналиши¸ яъни ваҳҳобийликни мўътадил Ислом йўлини тутган Марказий Осиёга олиб киришга уриниши бор гап, дея таъкидлайди.

- Ўзбекистонда кўпчилик мусулмонлар спиртли ичимликлар истеъмол қилади ва биладики, агар ичмаса, беш маҳал масжидда намоз ўқиса, экстремистга чиқарилади. Яъни, оддий одамлар ичса ҳам, ичмаса ҳам бугунги ҳукуматдан балога қолади ва шу боис, энг хавфсиз йўлни танлашга уринмоқда. Саудия Арабистони эса Исломнинг нисбатан қаттиқ йўлини танлаган ва улар бошқа минтақаларга ёйишни истаган бу йўл билан Марказий Осиёда юз йиллардан бери амалда бўлган мўътадил Ислом орасида зиддият бор. Лекин биргина шахснинг ахмоқона ҳаракатини мавжуд зиддиятни кескинлаштириш учун восита қилиб олишга мутлақо асос йўқ, дейди Буюк Британиянинг Тошкентдаги собиқ элчиси Крейг Мюррей.

Ўзбекистонда жарима билан жазоланадиган ичкилик ичиб, тарттиббузарлик қилиш ҳаракати Саудия Арабистони амалдаги қонунларига биноан, энг оғир — яъни “Оллоҳ манъ қилган ҳудудларни кесиб ўтиш”, дея тоифаланган ва мусулмон жамоаси учун ёмон оқибатларни келтирадиган жиноят ҳисобланади. Бундай жиноятни содир этган мамлакат фуқароси эл кўз ўнгида 80 даррага қадар калтак билан жазоланади.

Ҳозир Саудия Арабистонида истиқомат қилаётган ўзбекистонлик муҳожир Шукруллоҳ ичкилик ва шу каби оғир жиноятлар учун жазо қаттиқ ва бу давлатда спиртли ичимликни топиш деярли имконсиз, дейди.

Шукруллоҳ: Саккиз йилдан бери шу ерда бўлсам¸ у ер-бу ерда ичкилик сотилаëтганини билмайман. Кимлардир қанақадир қора йўллар орқали олиб келиши мумкин. Ичиб ушланса¸ олиб кириб дарраланади. Ичган одамга дарра урилганини кўрмадимку¸ лекин босқинчилик қилган одамнинг¸ оғирроқ жиноят қилган одамнинг калласини олганини кўрдик. 10 нафарга яқин одамнинг калласини олганини кўрдик.

Озодлик: Одамларнинг муносабати қанақа бўлади? Оломон йиғиладими?

- Одамлар йиғилади. Кўпчилик томоша қилиб туради. Ҳатто ҳушидан кетиб қолганларни ҳам кўрдик. Яъни бунинг одамларга таъсири бор. Албатта қўрқади. Бу ерда бунақа нарсага йўл қўйилмайди¸ дейди Шукруллоҳ.

Аммо, ҳамма мамлакатлар ва жамиятларда бўлгани каби оддий одамлар ўртасида ҳам, амалдорлар ўртасида ҳам махфий равишда бундай жиноятларни содир этиш эҳтимолини инкор қилиб бўлмайди, дея сўзида давом этади Шукруллоҳ.

Шукруллоҳ: Бу ерда ҳаммаси ҳам исломий ҳукумат бўлишини хоҳлайвермайди. Дунëвий ҳукумат бўлишини хоҳлайдиганлар ҳам бор бу ерда. Ҳеч ким очиқ бунақа нарса қила олмайди. Ҳукумат бунга жуда қаттиқ қарайди.

Озодлик: Унда нимага хориждаги дипломатлари бунча бемалол экан?

Шукруллоҳ: Дипломатлар энди¸ ҳукуматнинг ўзига яраша¸ Ўзбекистоннинг ўзига яраша одамлар юборилса керак деб ўйлайман. Чунки соқол қўйган¸ Худодан қўрқадиган одамни улар ўзи қабул қилмаса керак. Ўзбекистонники ўзига яраша бўлган бўлса керак.

Озодлик: Саудия ҳукумати сиëсат учун шунақа воситалардан фойдаланаиши мумкинми?

- Бўлиши мумкин. Бу ҳукуматни ҳам ҳеч ким 100 фоиз исломий ҳукумат деб айтган эмас. Буларда ҳам камчиликлар кўп, дейди шу кунларда Саудия Арабистонида истиқомат қилаётган ўзбекистонлик муҳожир Шукруллоҳ.

Саудийда амалда бўлган шариат ҳукмига кўра¸ оғир жиноятлардан бирини содир этгани айтилаëтган саудиялик дипломат Тошкентни тарк этар экан, унинг ўз ваколати муддати тугаб¸ юртига қайтаëтгани ëхуд ўз юрти нуфузини туширгани учун у жазолаш мақсадида чақиритиб олингани, ҳозирча номаълум қолмоқда.
XS
SM
MD
LG