Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:17

Чегарачи Қирғизистонга қайтарилмади


Аввалроқ кузатувчилар қирғиз-ўзбек чегараси бўйлаб қазилган “Буюк ўзбек ҳандақлари” ҳам чегара можароларига барҳам бера олмаслиги ҳақида айтгандилар.
Аввалроқ кузатувчилар қирғиз-ўзбек чегараси бўйлаб қазилган “Буюк ўзбек ҳандақлари” ҳам чегара можароларига барҳам бера олмаслиги ҳақида айтгандилар.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги Ўзбекистон билан чегарадош Чек қишлоғида ўзбек чегарачилари томонидан 17 январ куни ўққа тутилган, сўнгра эса Ўзбекистон ҳудудига олиб кетилган қирғиз чегарачиси ҳанузгача ватанига қайтиб келгани йўқ.

Куни кеча чегарада юз берган нохуш ҳодиса тафсилотларини ўрганиш ва қирғиз чегарачисини ватанига қайтариш бўйича Қирғизистон томонидан тузилган махсус комиссия ўз ишини якунлади. Айни пайтда Қирғизистон тараф бу масалани муҳокама қилиш таклифи билан ўзбекистонлик ҳамкасбларига мурожаат қилган.

- Бизнинг чегара хизмати раиси билан Ўзбекистон чегара хизмати раҳбари ўртасида телефон орқали суҳбат бўлиб ўтди. Ўша суҳбатда менинг Ўзбекистонга бориб, қирғизистонлик сержант аҳволини ўз кўзим билан кўриб келишим масаласини қўйдик. Ҳозир шунинг жавобини кутаяпмиз. Биз ўз томонимиздан бир томонлама текширувларни якунладик, ҳарбий прокуратура ҳам ўз терговини қонун доирасида олиб бормоқда. Биз хат орқали ҳам, телефон орқали ҳам бу масалани воқеа содир бўлган чегарага бориб, икки тараф чегарачилари биргаликда икки томонлама текширув олиб бориш ва ўша ерда нима бўлганини, ким айбдорлигини аниқлаб олишни таклиф қилаяпмиз ҳамда Ўзбекистон тарафдан бунинг жавобини кутаяпмиз, деди Қирғизистон чегара хизмати раҳбари ўринбосари Чўлпўнбек Турусбеков Озодлик радиоси қирғиз шўъбасига берган суҳбатида.

Эслатиб ўтсак, шу йилнинг 17 январ куни Жалолобод чегара отрядининг “Мўмбеков” чегара заставаси ҳудудида соат тахминан 13.20 ларда тўрт кишидан иборат Қирғизистон чегара наряди Чек қишлоғида ўз хизмат вазифасини ўтаётганида Қирғизистон ҳудудида юрган икки кишидан иборат Ўзбекистон чегара нарядини кўриб қолади.

Уларнинг Қирғизистон ҳудудида юриши сабабларини текшириш чоғида икки тараф вакиллари тортишиб кетадилар. Шу пайт чегарадош ҳудудда истиқомат қилувчи ўнга яқин ўзбекистонлик йиғилиб, Қирғизистон чегара нарядига тош ота бошлайди. Тўполон пайтида Ўзбекистоннинг яна бир чегара наряди пайдо бўлиб, улар қирғиз чегарачиларига қарата ўқ уза бошлайди. Ўқдан қочиш мақсадида қирғиз чегарачилари ортга чекинганида улардан бирининг оёғига ўқ тегиб, ярадор бўлади. Ярадор бўлган қирғиз чегарачиси, 1979 йилда туғилган сержант Нурбек Ўрунқуловни ўзбек чегарачилари ўз ҳудудига олиб кетганлар.

Чўлпўнбек Турусбеков Чек қишлоғи делимитация ишлари ўтказилган ва қирғиз-ўзбек чегаралари аниқ белгилаб қўйилган ҳудуд эканини айтаркан, мазкур воқеа Қирғизистон ҳудудида бўлганини ва ўзбек чегачилари Қирғизистон ҳудудига ноқонуний ўтганини билдирди:

- Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистон ҳудудига ўтиб олишган. Ўша ерда гилзалар, Ўзбекистон чегарачиси қуролининг магазини ётибди. Биз Ўзбекистон тарафга “юринглар, чегара бориб, ўша ерда икки тарафлама текширув ўтказайлик”, деб айтаяпмиз. Бироқ улар келишмаяпти. Бизда чегарачимизни ўзбекистонликлар нима сабабдан тутиб тургани ҳақида саволлар туғилмоқда. Биз ўз чегарачимизга тиббий ёрдамни Қириғизистонда ҳам бера оламиз. “Уни сизлар ноқонуний равишда ушлаб турибсизлар”, деяпмиз. Биз ҳозир ўшанга жавоб кутаяпмиз, деди Чўлпўнбек Турусбеков.

Мутахассисларга кўра, қирғиз-ўзбек чегарасида баҳсли ҳудудларнинг кўплиги, чегарадаги делимитация ишлари якунига етказилмагани сабабли бундай можаролар кўпайиб бормоқда.

Қирғиз-ўзбек чегарасининг узунлиги 1375 километрни ташкил қилади. Айни пайтда икки мамлакат ўртасида ўндан ортиқ баҳсли ҳудудлар борлиги айтиб келинади.

Айтиб ўтиш жоизки, сўнгги пайтларда Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг юқори даражадаги расмийлари ҳам чегара масалаларини ҳал қилишга уринмоқда.

Масалан, Қирғизистон бош вазири Данияр Усенов 2009 йилнинг 27 декабр куни Тошкентга қилган ташрифи чоғида ўзбек расмийлари билан 2 йилдан буён тўхтаб қолган чегараларни аниқлаш бўйича комиссия ишини тиклаш тўғрисида келишилганини маълум қилганди:

- Олдимизда 600 километрдан зиёд аниқланиши керак бўлган чегара турибди. Бу чегарани аниқлашда икки давлат ҳудудидан пиёда юриб, икки тарафга маъқул бўлган вариантларни топиш керак. Бу жуда машаққатли меҳнат бўлиб, хариталар, тарихий ҳужжатлар ва турмуш реаллигини эътиборга олган ҳолда ҳал қилиниши керак бўлган ишдир. Менимча, айрим ҳолларда ўзаро ён бериш ва муросага келиш йўли билан иш олиб борилади, деган эди Данияр Усенов.

Айрим мустақил кузатувчилар эса шу йилнинг 17 январ куни қирғиз-ўзбек чегарачилари ўртасида содир бўлган воқеа чегаралар бутунлай аниқланиб, 1300 километрдан зиёдроқ узунликдаги қирғиз-ўзбек чегараси бўйлаб “Буюк ўзбек ҳандақлари” қазилса ҳам чегара можаролари барҳам топмаслиги мумкинлигига мисол бўлишини айтишмоқда.

Уларга кўра, бундай воқеалар ҳозирги сиёсий вазиятга, жамоатчиликнинг қўшни мамлакатлар билан ўзаро алоқасига нисбатан муносабатига салбий таъсир кўрсатади. Шу сабабли Қирғизистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарлари муносабатларни яхшилаш бўйича тезкор чораларни кўриши зарур.
XS
SM
MD
LG