Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:58

Хайрулла Ҳамидов ҳибсга олинди


Хайрулла Ҳамидов Ўзбекистондаги машҳур журналистлардан бири.
Хайрулла Ҳамидов Ўзбекистондаги машҳур журналистлардан бири.

Таниқли футбол шарҳловчиси¸ диний-маърифий дастурлари билан эл орасида шуҳрат топган Хайрулла Ҳамидов ¸ оиласининг Озодликка билдиришича¸ 21 январ куни Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Хайрулла Ҳамидовнинг ҳибсга олиниш тафсилотларини унинг турмуш ўртоғи Дилноза Озодлик билан суҳбат давомида ҳикоя қилиб берди:

Дилноза: Уйимизга соат 5 ларда келишди. Уйнинг ичига киришди. Ўзлари билан тинтув қоғози олиб келишган экан. Уйни тинтишди. Китоб¸ компьютерларни олиб кетишди. Битта янги камера бор эди. Ҳали ишлатмаганмиз. Уни ҳам “ичини кўришимиз керак” деб қўшиб олиб кетишди. Уларга “Сизларда пропуск йўқку. Олиб кетишга ҳаққинглар йўқ” десак¸ “Йўқ, олиб кетишимиз керак. Мана бу китобларга¸ дискларга¸ олиб кетган нарсаларимизга ҳаммасига жавоб беришлари керак” деб буларни ҳам қўшиб олиб кетди.

Озодлик: Қачон бўлди бу? Қачон олиб кетишди?

Дилноза: Кеча. Кеча эрталаб соат 5 да келишиб ҳамма уйни тинтиб¸ ҳеч қаер қолмади¸ ҳамма уйга кириб чиқишди. Уже анақага тушиб қолдик. Нима бўлаяпти¸ нима қилаяпти. Мен болалар билан ëтган эдим. Бостириб кириб келишди. Кийиниб¸ рўмолимни ўрашга зўрға улгурдим.

Озодлик: Эрталаб соат 5 да бўлса¸ қоронғи эканда.

Дилноза: Қоронғи. Ҳамма ухлаб ëтган эди. Ҳали турмаган эдик. Соат 09.30 гача ҳамма ëқни қараб чиқишгандан кейин буларни олиб кетишди.

Озодлик: Китоблар дедингиз. Қанақа китоблар эди булар?

Дилноза: Оддий диний китоблар. Ўзи сотиб олиб¸ ўқиб фойдаланган китоблар. Китоб жавонида турадию. Шунақа китоблар эди. Нашриëти ëзилмаган китобларни териб олишди.

Ҳозирда ëш журналистнинг қаерда сақланаëтгани¸ унга расман қандай айблар қўйилаëтганига оид саволларга жавоб излаш учун ҳуқуқ тартибот идораларига мурожаат қилдик.

Дастлабки тахминлар асосида, Тошкент шаҳар Чилонзор туман ички ишлар бўлимига қўнғироқ қилдик.

Озодлик: Журналист Хайрулла Ҳамидов Чилонзор тумани ички ишлар бўлими томонидан ҳибсга олинибди деб хабар эшитдик.

- Ҳозир билиб бераман. Хайрулла Ҳамидов. Бизларда йўқ. Камерага олиб келинмаган. Бир ҳафтагача кўриб бераяпман. Йўқ, қайд қилинмаган.

Озодлик: Камерада йўқ деганингиз бу ҳибсга олингандан кейинги рўйхатми?

- Ҳа, рўйхатда йўқ, қайд қилинмаган.

Озодлик: Демак¸ ҳибсга олинганлар рўйхатида йўқ.

- Йўқ. Худди шундай, деди Тошкент шаҳар Чилонзор туман Ички ишлар бўлими навбатчиси.

Кейинги тахминларга кўра, Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси билан боғландик.

- Бизда ҳам йўқ. Уларни бу ëққа олиб келмайди. Ким олиб кетган бўлса¸ ўша ерда ушлайди. Кейин нима қилади.

Озодлик: Бирданига шаҳарга олиб келинмайдими?

- Йўқ.

Озодлик: Аниқ-а? Чунки ҳозир биз нима сабабдан олиб кетилганини аниқлай олмаяпмиз.

- Аниғини мен ҳам билмайман. Лекин бизларда йўқ унақа одам, деди Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси ходими.

Навбатдаги тахминга кўра, республика Миллий хавфсизлик хизматига сим қоқдик.

- Бизларга официалний келишинглар керак. Мурожаат қилсанглар¸ текшириб беришади. Телефонда бунақа саволларга жавоб берилмайди, деди республика МХХ ходими.

Шу билан Озодлик саволларига ҳуқуқ тартибот идораларидан бирор бир тайинли жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Аммо Озодлик билан суҳбатда бу масалага Хайрулла Ҳамидовнинг амакиси бир оз ойдинлик киритгандек бўлди.

Амакиси: Хайрулла Ҳамидов Тошкент вилоятининг управлениесида ëтган экан. Луначарскийда.

Озодлик: Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармасида.

Амакиси: Ҳа.

Озодлик: Бордингиз¸ кейин нима бўлди? Учрашишга рухсат беришдими?

Амакиси: Йўқ¸ кўрсатишмади.

Озодлик: Нима бўлди? Адвокат билан учрашдингизми?

Амакиси: Адвокат билан учрашдим. Кечқурун адвокат овқат олиб кириб берди. Кийим бердим. Эрталаб кийимини киймаган эди.

Озодлик: Адвокат қайси моддалар бўйича айбланаëтганини айтдими?

Амакиси: Айтди. 216- моддага гумон бор деди.

Озодлик: Нима учун 216- қўйишаëтган экан?

Амакиси: Тушунтириб беришлари бўйича йиғилиб маъруза қилишга¸ шунақа йиғиладиган гуруҳларники экан. Конкретно тушунтирмадилару¸ шунақа дедилар.

Яқинларининг айтишича¸ Хайрулла Ҳамидов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 216-моддаси¸ яъни ноқонуний диний ташкилот тузганликда айбланмоқда.

Хайрулла Ҳамидов ўзбекистонликлар¸ айниқса ëш авлод орасида нафақат футбол шарҳловчиси¸ балки "Холислик сари" деб номланган диний-маърифий эшиттириши билан шуҳрат қозонган ëш журналистдир.

Хайрулла Ҳамидов 1975 йилда Тошкент шаҳрида туғилган булиб, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тугатган. Бир неча йиллар мобайнида «Ўзбекистон футболи», республика телевидениесида мухбир ва спорт шарҳловчиси бўлиб ишлаб келган. Айни пайтда у футболга бағишланган «Интерфутбол», «Чемпион» газеталарида ўзининг қизиқарли¸ танқидий руҳдаги мақолалари билан чиқаётган эди.

Воқеадан хабардор кузатувчиларга кўра¸ Ўзбекистон ҳукуматига Ҳамидовнинг спортга оида мақолалари билан эмас, балки асосан диний-маърифий эшиттиришлари билан ёқмай колган бўлиши мумкин. Бир неча йиллар муқаддам Хайрулла Ҳамидов «Наврўз» радиосида ўзининг «Холислик сари» деб номланган туркум диний-маърифий эшиттиришларини тайёрлаб, эфирга узатган эди.

Асосан Рамазон ойларида бериб борилган ушбу эшиттиришлар халқ орасида кенг тарқалиб, журналист машҳур бўлиб кетган¸ Ҳамидов дастурлари дискларга кўчирилиб¸ халқ орасида қўлма-қўл бўлиб кетган эди. Кейинчалик Ўзбекистон расмийлари бу эшиттиришни тақиқлаб қўйишди. Зотан¸ айрим кузатувчилар тахминича¸ зулм ва ҳақсизликка бағишланган туркум эшиттиришларда келтирилган ҳадис ва ривоятлар Ўзбекистон ҳукумати учун худди бугунги Ўзбекистондаги нодемократик ва зўравон тузумнинг тасвиридек туюлган булиши мумкин.

Озодлик радиоси Хайрулла Ҳамидов тақдирига оид янги тафсилотлар¸ хусусан расмийлар позициясини ўрганишга уринмоқда. Бу тафсилотлар билан сайтимизда танишиб боринг.

Азиз муштарий¸ нафақат Хайрулла Ҳамидовнинг ҳибсга олиниши тафсилотлари¸ бу воқеа ортидаги асл сабаблар ҳақдаги маълумот ва кузатишларингизни¸ балки Ўзбекистондаги бошқа воқеалар ҳақдаги хабарларни ҳам бизга шарҳ йўллаш орқали етказишингиз мумкин.

Айни пайтда¸ Ўзбекистондаги янгилик ва жараëнлар ҳақдаги хабарларингизни +420602612713 рақамига қўнғироқ қилиш ëхуд SMS йўллаш орқали Озодликка йўллашингиз мумкин.

Озодлик ходимлари билан эса¸ uzbekweb@rferl.org электрон манзилига мактуб ëзиш орқали боғланишингиз мумкин.

Озодликнинг Skypeдаги манзили эса: ozodlikradiosi
XS
SM
MD
LG