Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:43

Мухолифат тарафдорлари очликни тўхтатмаëтир


Олойда очлик бошлаганлар¸хусусан генерал Исмоил Исақовнинг озод этилишини талаб қилмоқда.
Олойда очлик бошлаганлар¸хусусан генерал Исмоил Исақовнинг озод этилишини талаб қилмоқда.

Қирғизистонда сиёсий маҳбусларни озод қилиш талаби билан 13 январдан бошлаб ўтказилаётган очлик акцияси давом этмоқда. Айтилишича¸ Бишкек ва Ўшнинг Олой туманида очлик эълон қилганлар сони ўндан ошган.

11 январ куни 8 йилга қамалган ва генерал-лейтенант унвонидан маҳрум қилинган собиқ Мудофа вазири Исмоил Исақов ўз тарафдорларига мурожаат йўллади.

Мурожаатни 20 январ куни қамоқхонада генерал Исмоил Исақов билан учрашган мухолифат лидери Азимбек Бекназаров жамоатчиликка маълум қилди.

Азимбек Бекназаровнинг айтишича, мурожаатда Исмоил Исақов ўзининг қамоқдан бўшатилишини талаб қилиб, очлик акциясида иштирок этаётган ўз тарафдорларидан акцияни тўхтатишни сўраган:

- Мен сизлардан очлик акциясини бундан кейин давом эттирмасликни, қонунбузарлик қилмасликларингни сўрайман. Ундан кўра, менинг ишим сиёсий таъқиб, сохта эканини, менинг ҳаракатларим коррупцияга қарши, мамлакатда қонун устиворлигини ўрнатиш, сизларнинг турмушингизни яхшилашга қаратилган эканини, мамлакатдаги бугунги вазиятни ҳимоя қўмиталарида, ҳар бир қишлоқда, туманда, шаҳарда, олий ўқув юртларида талабаларнинг орасида тушунтиришни сўранаман, деб маълум қилди Исмоил Исақов мурожаати мазмунини Азимбек Бекназаров.

13 январ куни бошланган очлик акциясида ҳозирга қадар 40 нафарга яқин одамнинг иштирок этгани, бироқ уларнинг аксарияти саломатлиги ёмонлашгани сабабли шифокорлар маслаҳати билан акциядаги иштирокини тўхтатишга мажбур бўлгани айтилмоқда. Айни пайтда пойтахт Бишкекда 5 одам, Олой туманида 9 одам очлик акциясини давом эттирмоқда.

Сиёсий маҳбусларни озод қилиш талаби билан ўтказилаётган очлик акцияси уюштирувчиси бўлган мухолифатдаги Бирлашган халқ ҳаракати акция тўхтатилмаслигини, кураш давом этишини маълум қилмоқда.

Ота макон партияси раҳбари ўринбосари Дуйшўн Чўтўнов, Исмоил Исақовгина эмас, балки ҳукуматнинг сиёсий таъқибига учраган барча сиёсатчилар оқланмагунича акциялар тўхтатилмаслигини айтади:

- Исмоил Исақовични ҳимоя қилиш жамияти “очлик акциясини тўхтатмаймиз”, деб қарор қилди. Бугун Исмоил Исақович қамалган бўлса, эртага бошқа биров қамалиши мумкин, деди Дуйшўн Чўтўнов.

Норозилар сиёсий маҳбус деб айтаётганлар орасида собиқ Мудофа вазири Исмоил Исақов, айни пайтда судланаётган Аликбек Жекшенқулов, Эркин Бўлўкбаев, Сапар Арғинбаев, Уран Рисқуловлар бор. Уларнинг барчаси мухолифатдаги Бирлашган халқ ҳаракати аъзоларидир.

Сиёсий маҳбусларни озод қилиш талаби билан бўлиб ўтаётган норозиликларга ҳозирча давлат раҳбарияти ўз муносабатини билдирмади.

Президент Қурмонбек Бакиев асос солган “Оқ йўл” партияси аъзолари эса собиқ амалдорларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари ва суд ҳукмига сиёсий тус бериш тўғри эмаслигини таъкидлашмоқда.

- Президент бўладими, Бош вазир бўладими, депутат бўладими, вазир бўладими, оддий одам бўладими қонун доирасида жавоб бериши керак. Қирғизда айтишадику, “қўлинг билан қилган ишга¸ бўйнинг билан жавоб берасан” деб¸ деди “Оқ йўл” партиясининг парламентдаги вакили Бейшенбек Абдураззақов.

Сиёсий маҳбусларни озод қилиш талаби билан Олой тумани Сўпиқўрғон қишлоғида норозилик намойиши ўтказаётганлар шу йилнинг 13 январ куни Ўш – Сари Таш – Эргаштом магистрал йўлини икки соат давомида тўсиб қўйишган эди.

Орадан бироз вақт ўтиб милициянинг махсус қуролланган гуруҳи аралашуви билан Ўш-Эргаштом йўли қайта очилган эди.

Айни пайтда магистрал йўлни тўсиш ҳаракатининг уюштирувчиларига нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳам айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG