Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:50

Чинорлар кесилди¸ навбат меҳмонхоналаргами?


Совет замонида Тошкентнинг энг олди қўналғаси бўлган Ўзбекистон меҳмонхонаси яқин келажакда бошидан ажраши мумкин.
Совет замонида Тошкентнинг энг олди қўналғаси бўлган Ўзбекистон меҳмонхонаси яқин келажакда бошидан ажраши мумкин.

"Форумлар саройи"га макон бўлган Тошкентнинг Амир Темур хиёбони атрофи яқин келажакда ўз кўринишини кескин ўзгартириши мумкин. Айрим норасмий манбаларга кўра, Вазирлар Маҳкамаси шаҳар марказини 2012 йилгача қайта қуриш дастурини қабул қилган.

www.uznews.net га кўра, дастурда Ўзбекистон меҳмонхонаси биносининг 6-қаватидан юқориси бузиб ташланиши назарда тутилган.

Агар шу гап рост бўлсаям, бу меҳмонхона ишчи-хизматчиларининг Худога айтгани бор экан, чунки Амир Темур хиёбонига яқин жойлашган Le Grand Plaza, Dedeman Silk Road ва Марказий меҳмонхоналари батамом бузиб ташланиши мумкин.

Ҳар ҳолда www.uznews.net шундай деб ёзди.

Бироқ телефон қилиб билдикки, бу отеллар вакилларининг www.uznews.net хабаридан хабари йўқ.

Le Grand Plaza меҳмонхонаси:

- Бу, менимча, асоссиз миш-миш бўлса керак. Чунки бузмоқчи бўлишса, бизга хабар беришлари керак. Бундай информация олганимиз йўқ. Меҳмонхонамиз чет эл муассасаси бўлгани учун буза олишолмайди. Меҳмонхона эгаси индонезиялик, деди Le Grand Plaza меҳмонхонаси менежери.

Dedeman Silk Road ва Марказий меҳмонхоналари вакилларининг ҳам биноларининг бузилиши тўғрисидаги гаплардан хабари йўқлиги маълум бўлди.

Dedeman Silk Road вакили:

- Бузишлари мумкин эмас. Чунки биномиз янги, яқиндагина қурилган¸ деса¸

Марказий вакили:

- Меҳмонхонамизнинг бузилиши тўғрисида ҳокимиятдан ҳеч қандай қоғоз олганимиз йўқ¸ дейди.

Биз шаҳар ободончилиги учун мутасадди қатор ташкилотлар билан ҳам боғландик.

“Ташгипрогор”нинг ўзини таништирмаган юқори лавозимли амалдорларидан бири билан гаплашдик:

Озодлик: Шаҳар марказида қандай ўзгаришлар кутиляпти?

- Менинг бундан хабарим йўқ. Мен ҳозир бошқа ишлар билан бандман.

Озодлик: Кимнинг хабари бор бундан? Ўша кишига телефон қилардикда.

- Бош меъморчилик бошқармасининг хабари бор ҳаммасидан.

Озодлик: Сизлар шуғулланмайсизларми бу ишлар билан?

- Бизлар асосан алоҳида лойиҳалар қиламиз.

Озодлик: Ўзбекистон меҳмонхонасининг ярмини кесиб ташлайди деган хабар чиққан эди.

- Мен бундан бехабарман. Бирор нарса дея олмайман¸ дейди “Ташгипрогор”нинг ўзини таништирмаган юқори лавозимли амалдорларидан бири.

Биз “Ташгипрогор” вакили айтган Тошкент шаҳар Меъморчилик бош бошқармаси билан ҳам боғландик:

Озодлик: Ўзбекистон меҳмонхонасининг ярмини кесиб ташлармиш дейди. Шу ростми? Агар рост бўлса¸ сабаби нимада?

- Менимча¸ бу бўйича бошлиқларга мурожаат қилсангиз яхшироқ бўларди. Ҳозир бизларнинг бошлиғимиз йўқ¸ дейди Тошкент шаҳар Меъморчилик бош бошқармасида телефон гўшагини кўтарган ходима.

Эътибор беринг: Тошкент шаҳар Меъморчилик бош бошқармаси вакили саволимизга жавобан “Ўзбекистон меҳмонхонасининг ярмини бузиб ташлаш тўғрисида гап йўқ” деб қисқа қилиши ҳам мумкин эди. Лекин бундай демади.

Балки Тошкент шаҳар Бош плани билар?

Бош план вакили:

- Менимча, информация олиш учун хат билан мурожаат қилишингиз керак. Ахир биздаги материаллар махфий.

Озодлик: Қизиқку, ахир қуриб бўлганингиздан кейин махфийлиги қоладими?

- Йўқ, бош план тўғрисидаги информация ҳар кимгаям берилавермайди¸ деди Бош план вакили.

Кун бўйи давом этган изланишларимиздан самара чиқмагач, водийлик, вилоят меъморчилик бошқармасининг етакчи мутахассиси билан гаплашдик.

Унинг фикрича, www.uznews.net хабаридаги гаплар қисман тўғри бўлиши, хусусан Ўзбекистон меҳмонхонасининг устки қаватларини бузиб ташлашлари мумкин.

- Бу меҳмонхона Амир Темур майдонига қарайдида. Унинг ëнида энди халқаро мажлислар зали бўлди. Mайдоннинг атрофидаги иншооотларнинг ичида биттаси салобaт тўкиб турган бўлса¸ кимдир кириб “Шуни олсак¸ мана бу бино яна ҳам кўркамроқ кўринади” деб айтган бўлиши мумкин.

Озодлик: Янги бино унинг олдида кичикроқ кўринмаслиги учун эканда-а?

- Ҳа¸ шунинг учун. Бу бинони доминант дейди. Архитектурада доминируюшее здание дейди. Доминируюшее здание майдонда битта бўлиши керак¸ кучли бўлиши керак. Ўша бинодан кейин бошқа бинолар пастроқ туриши керак. Бу инсоннинг салоҳиятига қараб. Меҳмонга борсангиз¸ сизнинг салоҳиятингизга қараб тўрга ўтказишади¸ у ëққа ўтказишади. Шунга ўхшаган¸ дейди водийлик меъмор.

Лавҳамиз бошида тилга олинган меҳмонхоналарнинг бузилиши тўғрисидаги гаплар ҳақиқатга қанчалик яқинлигини билмадигу, лекин, афтидан, Ўзбекистоннинг устки қаватлари бузилиши бор гапга ўхшаб турибди. Қолаверса, Тошкентнинг энг янги тарихида битта прецедент бор: Мустақиллик майдонидаги 20 қаватли эгиз бинони кесиб ташлаганларига кўп бўлгани йўқ.

Лекин ҳозирча, Ўзбекистон меҳмонхонаси менежерлари биноларининг бузилишидан хабардор эмас.

Улар бу ҳақда эрта ўтиб индинга, металл гурзили техника келганида билиши мумкин.

Ҳозирча эса, бу сир, муҳим давлат сири.
XS
SM
MD
LG