Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:58

Мирзиёев Роғун ГЭСи бўйича эътироз билдирди


Тожикистонлик ҳамкасбига йўллаган мактубида Шавкат Мирзиёев Роғун ГЭСи юзасидан кўплаб халқаро ташкилотлар, шунингдек, Россия ҳам Ўзбекистон позициясини қўллашини билдирган.
Тожикистонлик ҳамкасбига йўллаган мактубида Шавкат Мирзиёев Роғун ГЭСи юзасидан кўплаб халқаро ташкилотлар, шунингдек, Россия ҳам Ўзбекистон позициясини қўллашини билдирган.

Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев Тожикистон бош вазири Оқил Оқиловга хат йўллаб, Роғун ГЭСи лойиҳаси халқаро экспертизадан ўтказилиши зарурлигини яна бир марта таъкидлади. Ўзбекистон расмий нашрларида ёйинланган бу мактубга расмий Душанбе томонидан ҳали жавоб берилгани йўқ.

Жаноб Мирзиёев тожикистонлик ҳамкасби Оқил Оқиловга йўллаган мактубида Роғун ГЭСи қурилиши лойиҳаси билан боғлиқ Ўзбекистонни ташвишга солаётган масалалар атрофида тўхталган.

Ўзбекистон ҳукумати раҳбарига кўра, Роғун ГЭСи лойиҳаси бундан 40 йил аввал эскирган конструкция ва технологик қарорлар асосида ишлаб чиқилган. Шуни назарга олган ҳолда, ўзбек расмийсининг қайд этишича, ўтган асрнинг 80-йилларида қурила бошланган Роғун ГЭСи қурилишини давом эттиришдан аввал бу иншоот лойиҳаси халқаро экспертизадан ўтказилиши шарт ва унинг минтақа экологиясига хавфсизлиги, Амударё сув оқимига таъсири ва унинг зилзилабардошлилигига объектив ва асосланган баҳо берилиши зарур.

“Ҳурматли Оқил Ғайбуллоевич, Ўзбекистон ҳукумати бир неча марта Тожикистон ҳукумати, Россия Федерацияси ва халқаро ташкилотларга мурожат этиб, 80-йилларда қурилиши бошланган Роғун ГЭСи лойиҳаси бўйича халқаро экспертиза ўтказишни сўраганидан яхши хабарингиз бор”, деб ёзар экан Шавкат Мирзиёев Тожикистон томони Ўзбекистоннинг таклифларига эътиборсизлик билан ёндошиб, Роғун ГЭСи қурилишини тобора жадаллаштираётганидан норозилик билдирган.

Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Роғун ГЭСи сейсмик жиҳатдан хавфли ҳудудда жойлашгани, бу ҳудудда бир неча марта 10 балли зилзилалар қайдга олинганини эслатиб ўтар экан, шундай табиий офатнинг яна қайталаниши ортидан ГЭС тўғони ёрилиб, минтақадаги юз минглаб одамлар ҳаётига зомин бўлишини хаёлга келтиришнинг ўзи учун қийинлигини ёзади.

Бош вазир Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ҳукумати Роғун ГЭСи лойиҳасини халқаро экспертизадан ўтказиш юзасидан позициясини ҳеч қачон ўзгартирмаслигини ва бу борада бир қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ, ЕИ, Жаҳон банки, Осиё ва Ислом тараққиёт банклари, шунингдек, Россия Федерацияси ҳар доим Ўзбекистон позициясини қўллаб-қувватлашишини билдирган.

Жаноб Мирзиёев Тожикистон ҳукумати Ўзбекистон томонининг Роғун ГЭСи лойиҳасини халқаро экспертизадан ўтказиш борасидаги талабларига бу гал ҳам эътиборсиз қолдирган тақдирда, расмий Тошкент бу масалада халқаро ҳамжамият ва экологик ташкилотларга мурожаат этиб, мазкур лойиҳани амалга оширишдаги муҳтамал фожеий оқибатлар олдини олишни сўрашини маълум қилган.

Тожикистон расмийлари Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев йўллаган мактубни олганларини тасдиқласалар-да, бу борада ҳозирча ўз муносабатларини билдиришдан тийилишларини билдирдилар.

Шундан сўнг тожикистонлик соҳа мутахассислари ва мустақил таҳлилчиларнинг Роғун ГЭСи лойиҳаси атрофидаги Ўзбекистон позициясига муносабатларини ўргандик.

Тожикистонлик зилзилашунос олим Собит Неъматуллоев фикрича, ГЭС тўғонининг зилзила оқибатида ўпирилиши ёки ёрилишига оид Ўзбекистон хавотирлари асоссиз.

- Чунки Роғун ГЭСи қурилаётган ҳудудда ҳали бирор марта 10 балли зилзила қайдга олинмаган. У ердаги сейсмик тўлқин 6 баллдан ошмайди. Бу илмий жиҳатдан асосланган. Иккинчидан, Роғун тўғони материали цементдан эмас, балки қум ва шағалдан тайёрланади, бинобарин тўғон 6, ҳатто 7 балли зилзилага ҳам дош бера олади, дейди тожикистонлик олим.

Унга кўра, Роғун зилзилабардош конструкцияларга киришини Ўзбекистон томон яхши билади.

- Ўзбекистонни хавотирга солаётган нарса фақат сув оқимининг камайиши, холос. Улар Роғун ишга тушса, биз дарёлар сувини жиловлаб олишимиздан қўрқишади. Лекин бу нотўғри фикр, дер экан Собит Неъматуллоев мазкур ГЭС қурилганидан кейин ҳам у ерда доимий равишда мониторинг ўтказиб туриш зарурлигини қўшимча қилди.

Айни пайтда 2009 йили Душанбеда “Зилзилабардош конструкциялар” масаласига бағишлаб ўтказилган халқаро анжуманда қатнашган Жаҳон банки вакили Александро Пальмиери ҳар бир давлатда қурилажак йирик гидроиншоотлар қўшни мамлакатлар манфаатларини назарга олган ҳолда қурилиши зарурлиги ва бу бу борада илгари суриладиган таклифларга реал қараш лозимлигини таъкидлаган эди.

Роғун ГЭСи лойиҳаси атрофида фикр билдирган Жаҳон банки расмийси, у халқаро экспертизадан ўтказилиши шартлигини айтганди.

- Роғун қурилса, бу дунёдаги энг баланд тўғон бўлади. Мазкур гидроиншоот зилзила хавфи юқори бўлган ҳудудда жойлашган. Бошқа томондан, тўғон қурилишига доир илғор технология бундай хавфни бартараф қилиши ҳам мумкин. Шунга қарамай, Тожикистон Роғун лойиҳаси бўйича халқаро экспертиза ўтказиши шарт. Бу ўта мураккаб, аммо амалга оширса бўладиган иш, деган эди ўша тадбирда қатнашган Жаҳон банки вакили Пальмиери.
Жаҳон банки вакили Роғун ГЭСи маҳаллий аҳоли, давлат миллий хавфсизлиги ва бутун минтақа талабларига жавоб бериши шартлигини ва агар бу йўналишда барча мақсадларга эришилса, бу иншоотни албатта қуриш мумкинлигини қайд этганди.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистонда қурилиши давом этаётган Роғун ГЭСи Марказий Осиёда энг йирик иншоот бўлиб, унинг илк пойдевори ўтган асрнинг 80-йилларида қўйилган эди.

Роғун ГЭСи 3600 мВт қувватга эга бўлиб, иншоот лойиҳасининг умумий қиймати тахминан 3 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади.

Унинг тўғон баландлиги эса 335 метр бўлиб дунёдаги энг баланд тўғон саналиши айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG