Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:55

Икки фуқаролик жумбоғи


2009 йилда 50 мингга яқин ўзбекистонлик Россия фуқаролигини олди.
2009 йилда 50 мингга яқин ўзбекистонлик Россия фуқаролигини олди.

4 феврал куни Россия Федерал миграция хизмати матбуот бўлими ходими Ирина Бронина "Жамият ва қонун" эшиттиришига мана бу маълумотни берди: “2009 йили 49 784 нафар ўзбекистонлик Россия фуқаролигини қабул қилди”. Кўпми бу ё озми?

Ҳам кўп, жуда кўп! Ҳам оз, жуда оз!

Келтирилган рақамнинг оз эканлигига кейинроқ тўхталамиз.

Ҳозирча кўплиги ҳақида гапирайлик.

Кўп, жуда кўп!

49 784 нафар киши чоғроқ бир шаҳарнинг аҳолиси деганидир.

Демак, 2009 йили Ўзбекистоннинг битта шаҳри аҳолиси россияликка айланди.

Бу рамзий шаҳар аҳолисининг Ўзбекистонга эндиликда алоқаси йўқ.

Чунки Ўзбекистон фуқароси бир пайтнинг ўзида бошқа бир давлатнинг, шу жумладан, Россиянинг ҳам фуқароси бўлиши мумкин эмас.

- Қонунчилигимизда бу нарса қабул қилинмаган. Бизда икки фуқаролик бўйича меъëр мавжуд эмас. Бизларда ягона биттагина фуқаролик тан олинади холос¸ дейди сиёсатшунос Фарҳод Толипов.

Ўзбекистон қонунчилигидаги бу меъёрни оддий фуқаролар ҳам билади.

Москвада ишлаётган андижонлик Орифжон 2009 йили россияликка айланган 49 784 киши қаторида эмас.

Озодлик: Орифжон¸ неча йилдан бери Россияда юрибсиз?

Орифжон: Саккиз йил бўлдиëв.

Озодлик: Россия паспортини олганмисиз ëки йўқми?

Орифжон: Йўқ¸ ололганим йўқ.

Озодлик: Ололганим йўқ¸ деганингиз ҳаракат қилганингизни билдирадими?

Орифжон: Мен ҳаракат қилмадим.

Озодлик: Нима учун ҳаракат қилмадингиз?

Орифжон: Чунки дастлабки йилларда “Ҳар йили озгина маблағ топсам¸ озгина уйдаги шароит ўнгланса¸ ўзимизда ҳам шароит яхши бўлиб қолса. Бу юриш вақтинча. Жиндай маблағ топсам¸ уйда бир ишни йўлга қўяман” деб ўйладимда. Лекин йиллар давомида ўзимиздаги иқтисодий аҳволда ўзгариш бўлмади.

Озодлик: Энди Россия фуқаролигига ўтиш деган фикр пайдо бўлмаяптими?

- Ўйлаб ҳам кўрдик бу нарсани. Лекин бизда битта қўрқинч бор. Агар бу ернинг фуқаролигини олсак¸ ўзимизда шароит яхши бўлиб кетиб¸ қайтиб ўзимизнинг фуқароликни ололмай қоламиз деган қўрқинч бор. Шунинг учун ҳаракат қилмаяпмиз¸ дейди Москвада ишлаётган андижонлик Орифжон.

Ўзбекистонлик бошқа давлат фуқаролигига ўтар экан, қонунга кўра, Ўзбекистон фуқаролигидан воз кечиши шарт.

Россия Федерал миграция хизмати Тюмен область бошқармаси Фуқаролик бўлими ходими Жамият ва қонун саволларига жавоб берар экан, бундай деди:

- Россия фуқаролигига ўтиш учун шахс Ўзбекистон фуқаролигидан чиқишни сўраб мурожаат қилганини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этиши керак. Бироқ Россия паспортини берар эканмиз, ундан Ўзбекистон паспортини олиб қўймаймиз.

Озодлик: Буни Россия паспортини олган Ўзбекистон фуқароси қўлида иккита паспорт бўлиши мумкин, деб тушунса бўладими?

- Ҳа, қўлида иккита паспорт бўлиши мумкиндир, лекин Россия фуқаролигини қабул қилар экан, у одам бир йил ичида Ўзбекистон фуқаролигидан чиққани тўғрисида бизга ҳужжат тақдим этиши лозим. Чунки Россия билан Ўзбекистон ўртасида қўшфуқаролик тўғрисида шартнома тузилган эмас¸ дейди Россия Федерал миграция хизмати Тюмень область бошқармаси Фуқаролик бўлими ходими.

Ўзбекистон фуқароларини шу кунда жаҳоннинг кўплаб давлатларида учратиш мумкин.

Тошкентлик Аҳмаджон америкаликка айланиш арафасида турган ўзбеклардан.

Озодлик: Неча йилдан бери Америкадасиз?

Аҳмаджон: 2006 йилда келган бўлсам¸ тўрт йил бўлди.

Озодлик: Демак¸ ҳали сиз Америка паспортини олганингиз йўқ.

Аҳмаджон: Худо хоҳласа кейинги йил оламан.

Озодлик: Олиш ниятингиз бор-а?

Аҳмаджон: Ҳа¸ олиш ниятим бор.

Озодлик: Ўзбекистон фуқаролигидан чиқасизми?

- Чиқсам керак. Чунки Ўзбекистон қонунларида¸ менимча¸ иккита фуқароликка рухсат йўқку. Бу ернинг паспортини олгандан кейин улар автоматик тарзда чиқариб юборади. Чунки шундай ҳолатлар бўлган. Бу ерда баъзи бир танишларимиз Америка фуқаролигини олганда¸ болаларига виза олиш учун мурожаат қилганда¸ виза беришмаган. “Америка фуқаролигидан воз кечиб Ўзбекистон фуқаролигига ўтсангизлар¸ кейин берамиз” дейишган. Шунақа воқеалар охирги пайтда кўп бўлаяпти. Грин карта ютиб келганларнинг шу ерда туғилган болаларига автоматик тарзда фуқаролик беради. Улар Ўзбекистонга қайтиб борамиз дейишганида¸ Ўзбекистон элчихонаси уларга “Америка гувоҳномасидан воз кечинглар. Шунда сизларга Ўзбекистон гувоҳномасини берамиз ва боланглар сизлар билан бирга Ўзбекистонга бемалол бориб келаверади” деган гапларни айтишган. Яъни Ўзбекистон ҳукумати ë у ëқ¸ ë бу ëқ деган масалани қўйишади¸ дейди Аҳмаджон.

4 йилдан бери Америкада яшаётган, бир йилдан кейин АҚШ паспортини олишга умид қилаётган тошкентлик Аҳмаджоннинг гаплари бир-бирига қарама-қарши икки фикр уйғотади.

Бир қарашда, фуқаролик масаласига ўта қатъий ёндошилиши Ўзбекистон ҳукуматининг ўз фуқароларига меҳридай кўриниши мумкин.

Лекин бу меҳр эс-ҳушини йўқотиб, фарзандини бағрига босиб, димиқтириб ўлдириб қўйган онанинг меҳрига ўхшамайдими?

Ўзбек бир вақтнинг ўзида ҳам Ўзбекистон, ҳам Россия ёки ҳам Ўзбекистон, ҳам АҚШ фуқароси бўлаверса бўлмайдими?

Фуқаролик масаласини либераллаштирса бўлмайдими?

Сиёсатшунос Фарҳод Толиповнинг фикри:

- Менинг ўйлашимча¸ бу шундай бир нозик масалаки¸ давлат фуқароси бўлиш деган масала табиий ҳол муайян ноқулайликлар билан барибир боғлиқ бўлади. Лекин бу ечиб бўлмайдиган чигал муаммо дегани эмас. Бироз расмиятчилик билан деймизми¸ агар шу сўз ўринли бўлса¸ ноқулайликлар билан Ўзбекистон оиласи ўзининг Америкада туғилган фарзандини Ўзбекистон фуқаросига айлантира олар эканми¸ бунга эшик ëпиқ эмасми¸ сиëсий маънода тўсиқ мавжуд эмасми¸ демак ҳал бўладиган масала бу. Бу фуқаролик масаласи. Бир давлатдан иккинчи давлат фуқаролигига ўтиш дегани хоҳладию ўтиб кетди деган гап эмаску. Муайян ноқулайликлар¸ қийинчиликлар учраши табиий ҳол. Хоҳлаймизми йўқми¸ икки фуқаролик деган масала мураккаб масала. Агар бу масала демократик тамойиллар билан осон ечиладиган бўлганда¸ олимларнинг тилида прецедент деган нарса бор¸ дунëда анчагина прецедентларнинг гувоҳи бўлган бўлардик. Адашмасам прецедентлар кўп эмас¸икки фуқаролик қабул қилинган давлатлар¸ дейди сиëсатшунос Фарҳод Толипов.

Демак, тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Толиповнинг фикрича, Ўзбекистон ҳукуматининг фуқаролик масаласида тутган позицияси тўғри ва иккифуқаролик тан олинмаслигидан туғиладиган “ноқулайликлар”га чет элларда юрган ўзбекистонликлар чидаши керак.

Сиёсатшунос икки фуқаролик тан олинишига прецедентлар оз, деди.

Балки чиндан ҳам оздир.

Лекин Ўзбекистоннинг ён қўшниларидан топса бўлади ўша прецедентни.

Мана, Россия Федерал миграция хизмати Тюмень область бошқармаси Фуқаролик бўлими ходимининг гапини эшитинг:

- Россия билан Ўзбекистон ўртасида қўшфуқаролик тўғрисида шартнома имзоланмаган, бундай шартнома Тожикистон ва Туркманистон билан бор, деди россиялик расмий.

Оз, жуда оз!

Эшиттиришимиз бошида Россия Федерал миграция хизмати матбуот хизмати ходими Ирина Бронинанинг 2009 йили 49 784 нафар ўзбекистонлик Россия фуқаролигини қабул қилгани тўғрисидаги маълумотини келтирдик.

Худди шу идора бундан бир ой муқаддам “Эхо Москвы” радиосига 2009 йилнинг 11 ойида 41269 қирғизистонлик Россия фуқаролигига ўтгани тўғрисида хабар қилган эди.

Энди 49 784 ни (Россия паспортини олган ўзбекистонликлар) 41 269 га (Россия паспортини олган қирғизистонликлар) қиёслаб кўринг.

Қирғизистонда 5¸5 миллион нафар аҳоли бор. Ўзбекистонда қарийб 28 миллион.

Демак, қирғизистонликларга қараганда ўзбекистонликлар 5 марта озроқ Россия паспорти олаяпти.

Бу яхшими ё ёмонми, бундан суюниш керакми ё куюниш кераклиги тўғрисида кескин хулоса чиқаришга шошилмай туринг.

Қирғизистонликлар Россия паспортини олар экан, Қирғизистон ҳукумати уларнинг паспортини тортиб олмайди, фуқаролигини бекор қилмайди.

Мана, Қирғизистон республикаси Меҳнат вазири Ойгул Рисқулованинг Озодлик радиоси мухбирига куни кеча айтган гапи:

- Биласизки, кейинги пайтларда Россияда ишлашга рухсатнома олиш жуда қийин бўлиб кетди. Россия фуқаролигини олишнинг мана шунга боғлиқ жиҳатлари ҳам бор. Россия билан Қирғизистон ўртасида имзоланган шартномага биноан фуқароларимиз Россия фуқаролигига енгиллаштирилган тартибда ўтади. Айни пайтда Конституциямизда фуқаромиз бошқа давлат фуқаролигини олгудай бўлса, Қирғизистон фуқаролигини ҳам сақлаб қолади, деган меъёр бор. Ўша меъёрга биноан Россия паспортини олган фуқароларимиз Қирғизистон фуқаролигидан чиққан ҳисобланмайди, деди Қирғизистон Меҳнат вазири Ойгул Рисқулова.

Ўшлик Хуршидахон 2009 йилнинг 11 ойида Россия паспортини олган 41 269 нафар қирғизистонликдан бири. У шу кунда Новосибирскда ишламоқда.

Озодлик: Россия паспортини олиш учун қанча вақт кетди сизга?

Хуршидахон: Уйдан документим келган кундан бошлаб уч кун ичида документларни тайëрлаб топшириб қўйдим. Уч ойдан кейин келасан деди. Уч ойдан кейин бордим. Паспортим чиқди.

Озодлик: Демак¸ ҳозир сизда Россия паспорти бор-а?

Хуршидахон: Ҳа¸ бор.

Озодлик: Қирғизистон паспортини нима қилдингиз?

Хуршидахон: Қирғизистон паспортини ўзимнинг қўлимга берди.

Озодлик: Россия паспортини олишингиз билан ҳаëтингизда нима ўзгарди?

Хуршидахон: Паспорт олишдан олдин разрешение на работу билан ишладим. Разрешение на работу билан савдога¸ бошқа жойларга ишга олишмади. Ҳозир қўлимда Россия паспорти бор. Трудовой книжкаларим бор. Ҳозир Россия паспорти билан қаерга борсам¸ завод¸ фабрика¸ магазин мени ишга қабул қилаяпти.

Озодлик: Россия паспортини олганингиздан кейин иш ҳақи ҳам ўзгардими?

Хуршидахон: Ҳа¸ ўзгарди. Россия фуқаролари заводларда қанақа ойлик олаëтган бўлса¸ мана мен ҳам шунақа ойлик олавераман. Олдин унақа бўлмаганда.

Озодлик: Олдин қанақа бўлган?

- Олдин 10-11-12 минг тўланарди. Ҳозир паспорт билан мана шу 11-12 минглар 17-18 минг бўлди¸ дейди 2009 йили Россия паспортини олиб, икки давлат фуқаросига айланиб қолган қирғизистонлик Хуршидахон.

Россия паспортисиз бу мамлакатда яшашу ишлаш қийинлигини миллионлаб ўзбек мигрантлариям яхши билади.

- Бу ерда йилдан йилга ўзларида ҳам ишсизлик муаммоси чиққандан кейин¸ айниқса кризис бошлангандан кейин ишлаш қийин бўлиб қолди. Ҳужжатлаштириш¸ ишга рухсатнома олиш¸ яшаш учун қайддан ўтиш қийин бўлиб қолди. Бу ерда ишлаб туриш учун фуқаролик олинса¸ бу муаммолар ҳал бўлади. Бемалол ишлаш мумкин¸ дейди Москвада ишлаётган андижонлик Орифжон.

Эшиттиришимиз шу жойга келганда, шу сониягача айтилган гаплар тагидаги мазмун ўзимга ёқмаяпти. Айтилганлардан Қирғизистон ёки Тожикистондай Ўзбекистон ҳам Россия билан икки фуқаролик тўғрисида шартнома имзоласин, деган фикр келиб чиқаяпти.

Бундай фикр чиқишини шахсан мен хоҳламаган бўлардим. Келтирилган маълумотлар фактнинг констатацияси холос.

Икки фуқаролик масаласи шу қадар нозик масалаки, сиёсатшунос Фарҳод Толиповнинг мана бу фикрларига қўшилиш мумкин:

- Агар бир инсон ўзи хоҳлаганича иккита давлатни ўзига ватан деб танласа¸ икки давлатнинг қонунчилигига¸ Конституциясига бўйсунишга ўтмоқчи бўлса ва иккита давлатнинг ҳимоясига умид қилиб иккита фуқароликни олса¸ лекин бу давлатнинг қонунчилиги¸ Конституциялари бир бирига мос келмаса¸ унда қандай бўлсин¸ дейди сиëсатшунос Фарҳод Толипов.

Қолаверса, икки фуқаролик ҳолатининг мамлакат хавфсизлигига ҳам бевосита таъсири борлигини 2008 йилнинг августида бўлиб ўтган бир ҳафталик Россия – Грузия уруши ҳам кўрсатиб қўйди.

Россия Грузия ҳудудига бостириб кирар экан, бу амалини жанубий осетияликлар аксариятининг қўлида Россия паспорти борлиги билан изоҳлади.

Эшиттиришимизда келтирилган фактлар ўйлаб кўриш учун информация холос.

Хўш, бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумати ўйламаяптими?

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги сайтида эълон қилинган мақолалардан биридан олинган мана бу парчадан ҳукумат бу ҳақда ўйлаётгандай кўринади:

“Анчадан буён сир эмаски, тартибга солинган ва бошқариладиган миграция алоҳида бир киши ва унинг оиласига ҳам, мигрантни қабул қилган давлатга ҳам, уни жўнатган давлатга ҳам сезиларли фойда келтиради. Бу билан бирданига бир неча қуён отилади: бир томондан донор давлатдаги ортиқча ишчи кучи муаммоси ҳал қилинади, халқнинг турмуш даражаси кўтарилади..., иккинчи томондан қабул қиладиган давлат... ўз иқтисодиётини мустаҳкамлайди...” деб ўқидик вазирлик сайтида.

Ўша мақолада айтилишича, Ўзбекистон ҳукумати меҳнат мигрантларини ҳимоялаш учун қатор ҳужжатлар қабул қилгани тўғрисида айтилган.

Хўш, ўзбекистонлик меҳнат муҳожири давлатнинг ана ўша ғамхўрлигини ҳис қилаяптими? Йиллар давомида юзлаб меҳнат муҳожири билан қилган суҳбатларимиз бу саволга "Ҳа", деб жавоб беришга имкон бермайди?

Россияда юрган миллионлаб, Европаю океан ортида юрган ўн минглаб ўзбекистонликнинг муаммоларини ҳал қилиш учун ҳукумат қандай чоралар кўриши керак?

Балки бу масалада (қўшфуқаролик масаласида) Тожикистон ва Қирғизистон ҳукуматлари тутган йўл тўғридир?

Бу саволлар, энди, Сизга, азиз тингловчи.
XS
SM
MD
LG