Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:39

Бир саволга 5 жавоб: "Бу томошанинг кимга кераги бор эди?"


Tаниқли фото ва кинотасвирчи Умида Аҳмедова конституция ва қонунларга зид равишда ўзбек халқини ҳақорат ва туҳмат қилганликда айбланди. Айбландию¸ дарҳол авф этилди. Тошкентга нисбатан норозиликни яна бир поғона кучайтирган бу шоунинг асл ташаббусчилари ким ва улар бу билан нимага эришдилар?

Ўзбекистонлик таниқли фото ва кинотасвирчи Умида Аҳмедовага қарши Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 139 ва 140-моддалари бўйича жиноий иш очилганидан то иш юзасидан суд ҳукм чиқаргунга ўтган 8 ой ичида бу жараëн хусусида Озодлик фақат бир марта расмий маълумот олишга муваффақ бўлди. Миробод туман Ички ишлар бўлими капитани¸ Умида Аҳмедова ишини дастлабки босқичда тергов қилган Нодир Аҳмаджоновнинг 2009 йилнинг 16 декабр куни Озодликка айтганларини бир жойга йиғсак¸ қуйидаги иқтибос ҳосил бўлади.

Нодир Аҳмаджонов: Туҳмат билан ҳақорат бўйича шаҳар прокуратураси берган. Экспертиза у ëзган китобни ўрганиб чиққан ва хулосалар берган. Бу китоб “туҳмат ва ҳақорат”ни билдиради¸ деган маънода беришганда.

Даъвогар Ўзбекистон Ахборот ва коммуникация агентлиги. Улар шаҳар прокуратурасига “Мана бу китобларни бизлар ўрганиб чиқдик. Ичида нето гаплар бор. Нето маънони билдиради” деб хат билан чиққан. Шаҳар прокуратураси ишни қўзғатган. Булар секин терговга бераяпти. 139-140 (Жиноят Кодексининг Умида Аҳмедовага қўлланилган моддалари назарда тутилаяпти - таҳр.) милицияга тегишли бўлгани учун бизга бераяпти.

У ерда экспертиза тайëрланган. Расмларни “ўзбек халқининг урф-одатларини” камситиш деб топишган¸ тушунаяпсизми? Экспертизани специалистлар қилган. Шаҳар прокуратурасининг ўзи қилган. Айтинг¸ амнистияга ариза ëзиб берсинлар. Амнистияга тушиб кетадилар. Бу китоб 2006 йилми 2007 йилми нима қилинганда. Шу расмларни нашр қилган¸ тушунаяпсизми?
Хўп бермаслик керак эди ўзлари. Ҳамма нарсани бериб юборганларку. Майли расмни уйда ўзлари кўриб ўтирса¸ майли экан. Бериб юборганлар. Китоб чоп этишган бору. Кейин видеофильмни ҳам бериб юборганлар. Диск қилиб чиқаришган уни.

Ижодкорнинг ижод қилишга ҳаққи бор лекин хулосада шунақа деб топишибдию. “Ҳақорат ва туҳмат” деб топишибди. Биз экспертиза хулосасига кўра иш кўрамизда¸ деган эди Умида Аҳмедова ишини тергов қилган милиция капитани Нодир Аҳмаджонов.

Терговчининг айтганларидан¸ Умида Аҳмедова ишининг Миробод милициясига "тепадан" тушгани ва жараëннинг Ўзбекистон Ахборот ва коммуникация агентлиги ва шаҳар прокуратураси томонидан биргаликда пиширилгани¸ ҳукмнинг иш ҳали судга оширилмасданоқ аниқлиги яъни Умида Аҳмедованинг амнистияга туширилиши англашилади.

Бу айтилганлардан жараëннинг вертикал траекториясини илғаш мумкин бўлса-да¸ улардан Умида Аҳмедова ишининг асл ташаббусчилари ким¸ деган саволга жавоб топиш қийин.

Бу жараëнни кузатиб келганлар хаëлида эса шу кунларда бир савол чаппар урмоқда - Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан норозиликни яна бир поғона баландлатган бу томошани уюштиришнинг кимга кераги бор эдию¸ у кимнинг манфаатига хизмат қилди?


Суръат Икромов, Умида Аҳмедова ишини яқиндан кузатган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли:

Суръат Икромов
Биласизми¸ авваламбор мен буни буюртма иш деб тушунаман. Бу Швейцариянинг гендер программаси бўйича бўлган. Унинг китоблари ҳамда филмлари Олмаотада нашр қилинган. Булар келгандан кейин Оммавий ахборот воситалари қўмитаси тергов органларига буюртма берган. Аслида бу буюртма иш. Буларнинг қўлига тушгандан кейин булар “Нима учун қандайдир мустақил ижодкорлар Ўзбекистон ҳукумати билан келишиб эмас¸ бошқа чет эллар билан келишиб қандайдир фотоалбом¸ видеофилмлар чиқариб дунëга тарқатаяпти” деган маънода жиноят ишига қўл уришган. Буюртмачи Ўзбекистон ҳукумати. Бу Оммавий ахборот воситалари қўмитасидан бошланган.

2006 йилда чиққан нарсага нима сабабдан 2009 йилда жиноий иш қўзғатилганлигини бир сўз билан айтиш қийин. Мен буни ижодкорларнинг мустақиллигига чек қўйиш мақсадида қилинаëтган иш деб тушунаман. “Ҳукумат билан келишган ҳолда бунақа материаллар чиқарилсин ëки тарқатилсин” деган маънода қилинаяпти. Бу асосий сабаблари. Судда ҳеч нарса ўз тасдиғини топмаган тақдирда ҳам судя барибир “Бу исбот қилинди” деб гапирди. 15 минутдан иккита ҳужжатли филм ўша ердаги иштирокчиларнинг ҳаммасига кўрсатилди. Демак¸ Ўзбекистондаги ҳар хил вилоятлардан олинган урф-одатлар¸ тўйлар маросими кўрсатилган. У ерда бир камчиликни¸ ҳақоратни кўриш қийин. У ера ҳақоратнинг ўзи йўқ эди. Бу ўзимизнинг оддий тўйлар. Бошқа бир филмда аëллар¸ эркаклар маросимлар ҳақида гапириб беришди. Бу ерда туҳмат¸ ҳақорат деган нарса йўқ.

Энг ëмон бўлгани бу ҳукумат учун шармандали ҳол. Тергов органи ëки прокурорнинг халқнинг номидан чиқарган айбловлари қонунга¸ конституцияга мутлақо тўғри келмайди. Чунки халқнинг номидан гапириш ваколати конституцияга кўра¸ фақат президентга берилган. Президентгина “Бу филмлар билан халққа туҳмат қилди ëки ҳақорат қилди” деб гапириши мумкин¸холос. Халқнинг номидан гапириш ҳуқуқи бошқа ҳеч кимга берилмаган. Бу иккита моддани фақат конкрет шахслар Умида устидан ариза бериб¸ у мени ҳақорат қилди¸ деб даъво қилсагина қўллаш мумкин. Ўша фотоалбомдаги суратлар ëки филмдаги кадрлар ўшанга тушган одамларнинг рухсатисиз олинган бўлса¸ улар мана шунақа нарса бериши мумкин эди. Лекин улардан унақа нарса йўқ. Бу прокуратура¸ тергов органларининг уюштирган иши.


Борис Чухович¸ ўзбекистонлик санъатшунос¸ Халқаро Санъатшунослар уюшмаси аъзоси:

Борис Чухович
Бу саволга фақат тахминлар даражасида жавоб бера оламиз¸ албатта. Менинг назаримда¸ ҳақиқатга энг яқин тахмин Умида Аҳмедова ишининг тўғридан-тўғри мамлакат президенти буйруғи билан уюштирилганидир. Назаримда¸ қай бир сабаб билан Умиданинг суратлар тўплами Каримовнинг қўлига тушган. Ўз мамлакати ичида ойнаси қорайтирилган зирҳли мерседесларда юрадиган бу одам кутилмаганда бу суратларда акс этган ўзбек деҳқони манзарасидан жунбушга тушган. Зотан¸ 20 йилдан бери ҳокимиятда ўтирган бу кекса одамга ҳақиқатни гапирмай қўйишганига анча бўлади. Шубҳам йўқ¸ бу одамнинг оëғи ердан буткул узилган ва шу боис унинг кўзига Умида Аҳмедова суратлари ўзи идеал даражага еткиздим деб ишониб юргани мамлакатига ғаразли туҳмат қилувчи фотомонтаж бўлиб туюлган.

Ўзбекистондаги каттаю кичик амалдорнинг бари ўз курсисини йўқотиб қўйиш ваҳимасида яшаши ҳисобга олинса¸ бу қадар бемаъни ва тутуриқсиз ҳаракатга улардан бирортаси журъат эта олмайди. Бу театрлаштирилган томоша ўйинчиларининг бари қатъият билан ҳаракат қилганига қараб¸ уларнинг мутлақ тўғрилиги савол остига ҳам олинмайдиган буйруққа амал қилаëтганларини тахмин қилиш қийин эмас. Шу боис¸ терговчи профессионал эксперт ҳам қидириб ўтирмади¸ эксперт деб аталганлар нима деяëтгани ҳақида ҳам ўйлаб ўтирмади¸ ҳакам эса¸ ҳимоячи эътирозига қулоқ солишни ҳам ортиқча иш деб билди. Зотан¸ ҳукм Умида Аҳмедованинг суратлар тўплами терговчи қўлига тушмай турибоқ аëн эди.

Айрим тахминларга кўра¸ Умида Аҳмедова ишини буюрган президент эмас¸ унинг ҳар нарсага қодир қудратли қизи Гулнора. Лекин мен бу тахминга унча қўшилмайман. Ўз интеллектуал дунëсининг ниҳоятда чекланганига қарамай¸ Гулнора Каримова нисбатан ғарблашган одам. Гендер муаммолари ва эркаклар ҳукмрон жамият манзараси¸ ўзи ëлғиз она бўлган бу аëл учун тушунукли бўлса керак¸ деб ўйлайман. Агар сиз Гулнора Каримованинг ялтироқ журналлар муқовалари ва унга тегишли уруғи кўп сайтлардаги суратларига қарасангиз¸ уларда анча ҳиссиëтли¸ шаффоф матолардан тикилган кўйлагининг ëқаси киндигигача ўйилган бир аëлни кўрасиз ва бу аëл образи Умида иши бўйича хулоса берган экспертлар ва прокурор урғу берган ўзбек халқига хос бокира қадриятларга мутлақ зиддир. Гулнора ҳомийлигида ўтказилаëтган мода томошалари ўз очиқлиги билан Умида Аҳмедованинг филмидаги гинекологнинг жинсий алоқа ҳақидаги гапларидан ўн чандон ўтиб тушади. Ялтироқ ҳаëт¸ дуру жавоҳирлар ва зодагонларча кайфу сафога ўчлиги билан ном чиқарган Гулноранинг моногамия ва бокираликни тўйгача сақлаш йўлида жангга чиқишини тасаввур қилиш қийин.


Слава Охунов¸ ўзбекистонлик таниқли рассом:

Слава Охунов
Очиғи мен¸ касал сиëсий тузумда соғлом одамлар бўлишига ишонмайман. Касал тузум соғлом одамлар ëрдами билан фаолият юритмайди¸ аксинча¸ касал сиëсий тузум – касал одамларга таянади. Бу касал одамлар эса¸ касал тузумга ўзларини энг садоқатли¸ энг яхши ва ватанпарвар қилиб кўрсатиш учун борган сари кўпроқ шоу-томоша уюштиришади. Бу каби шоу уюштирувчилар ўзларини "Биз ҳушëр турибмиз¸ мамлакатда бўлаëтган бирор ҳаракат бизнинг нигоҳимиздан қочиб қутулолмайди"¸ дегувчи жонбозлар қилиб кўрсатишга уринадилар. Ўзбек хотин-қизларининг асл аҳволи¸ нега улар орасида ўз жонига қасд қилувчилар¸ айниқса ўзига ўзи ўт қўювчиларнинг кўпайиб бораëтгани¸ бугунги ўзбекларнинг моддий жиҳатдан қай аҳволда экани уларни мутлақо қизиқтирмайди. Уларни қизиқтирадиган ягона нарса¸ ўз фаровонлиги ва номенклатурадаги жойини биров олиб қўймаслигидир. Умида устидан шоу-томошани айнан шу тоифа одамлар уюштирди.

Мен Умида Аҳмедова ишининг энг тепада ўтирганлар томонидан уюштирилганига ишонмайман. Уларга бунақа масхаравозликнинг нима кераги бор! Ким нима қилаяпти деб тешикдан мўралаб ўтириш уларнинг муаммолари доирасига кирмайди. Тепадагиларнинг ҳокимиятда қандай қилиб узоқроқ қолишдан бошқа муаммоси йўқ. Мен бу шоунинг бошланишини шундай тасаввур қиламан – тепадагиларга ўз садоқатини кўрсатмоқчи бўлган “касал”лардан бирининг қўлига Умиданинг суратлар тўплами тушган ва унда ҳокимият эстетикасига тўғри келмайдиган расмларни кўриб¸ “Ие¸ бу қанақаси?” деб бошқасига кўрсатган ва шу билан қарабсизки кееетдиии! “Биздек ватанпарварлар бунга йўл қўймаймиз”¸ дегувчилар бу ишни тўқиб-бичишди. Жамиятда бўлаëтган эврилишлар сабабини тепадан эмас¸ пастдан¸ илдиздан қидириш лозим. Сотқинлар ҳамиша ўз орамизда – тепадагиларга қулларча садоқатини намойиш қилмоқчи¸ шу билан уларга ëқмоқчи бўлганлар¸ ҳамиша тузум ноқислигидан фойдаланиб ўз ошиғини олчи қилишга шошилади.

Мен Умида устидан чиқарилган ҳукмни¸ эркин фикрловчиларга берилган “Кўзингга қара¸ вақт борида этагингни йиғиштир. Бирор нарса қилсанг¸ кунингни кўрасан!” қабилидаги сигнал демаган бўлардим. Зотан ўзи Ўзбекистонда эркин фикрловчиларнинг ўзи деярли қолмади. Қолаверса¸ хотин-қизларнинг ҳақиқий¸ машаққатли ҳаëтини тасвирлаган ижодкорларга нисбатан бошқа давлатларда ҳам босимлар бўлаëтгани¸ уларнинг кўргазмаларга қўйилмаëтгани¸ китоб чиқара олмаëтгани бор гап. Бунақа жараëн фақат биздагина эмас.


Даниил Кислов¸ ferghana.ru ахборот агентлиги бош муҳаррири:

Даниил Кислов
Мен бу саволга жавоб беришдан олдин¸ Умида Аҳмедованинг амнистия қилиниши ҳали унинг оқланиши эмаслигига алоҳида урғу бериб ўтмоқчиман. Афсусларким¸ Умида суд томонидан айбдор деб топилди ва Худо кўрсатмасин¸ агар унга бирор баҳона билан¸ бу унинг ижодига мутлақ алоқасиз маиший айб бўлиши мумкин¸ жиноий иш очилса¸ унга аввал судланган одам сифатида энг қаттиқ кўринишдаги жазо берилиши мумкин.

Бевосита саволга ўтсак¸ бунақа шоу¸ бунақа ҳукм ҳукуматга жуда керак эди. Бу билан ҳукуматдагилар нафақат Ўзбекистонда қолган саноқли журналист¸ эндиликда ижодкорлар¸ рассомлар¸ киночилар¸ айни пайтда ҳамма ўзгача фикрловчиларга: ”Оғайнилар¸ байрам тугади! Бундан буëғига энди сиз ҳам фақат бизнинг ноғорамизга ўйнайсиз¸ бизнинг авжда сакрайсиз! Либераллашув эртами-кечми бўлади¸ деган хомхаëлларга берилманг¸ ҳатто буни орзу ҳам қилманг! Чет элдагилар билан ишлаш мени ҳимоя қилади деб ҳам ўйламанг¸ Европа ҳам¸ Америка ҳам бизнинг ишимизга аралашмайди¸ керак бўлса¸ бизни инсон ҳуқуқларини яхшилашмоқда¸ дея мақтайди ҳам” демоқда.

Моҳиятига кўра¸ мен Умида Аҳмедова устидан чиқарилган ҳукмни Ўзбекистон ҳукумати учун шармандалик деб атаган бўлардим. Айни пайтда¸ бу ўзбек жамияти учун ҳам шармандалик¸ дейишга жазм қиламан. Жамият¸суратлар туҳмат қилаяпти¸ деган абсурд айбловгаям томошабин бўлиб турди. Нафақат томошабин¸ балки Ўзбекистон телевидениесидаги кўрсатувни эътиборга олсак¸ жамиятнинг айрим вакиллари ҳукумат билан жўровоз бўлиб¸ Умидани қоралади ҳам.

Бу томошани ким буюрди¸ деган саволга конкрет жавоб бериш қийин ва бу ҳақда фақат тахмин қилишимиз мумкин. Менга етиб келган норасмий маълумотларга кўра¸ Умиданинг суратларини президентнинг ўзига кўрсатишибди ва уни жазога тортиш ҳақида¸ гўëки президентнинг шахсан ўзи буйруқ берган. Балки бу шунчаки миш-мишдир¸ балки йўқ. На унисини¸ на буниси на тасдиқлаб ва на инкор этиб бўлмайди. Лекин нима бўлганда ҳам бунақа буйруқнинг энг тепадан тушганига шубҳам йўқ. Ўзбекистонда қайсидир район Ички ишлар бўлими ўзича таниқли ижодкор¸ боз устига Швейцария элчихонаси кўмагида китоб чиқарган фотографга қарши бунақа иш бошлай олмайди.Ўзбекистонда бунақаси бўлмайди!


Ҳамидулла Акбаров¸ ўзбекистонлик санъатшунос:

Менинг бу ишга алоқам йўқ ва бу ҳақдаги фикримни Озодликка бундан олдин айтганман. Аммо олдин айтган гапимни яна такрорлашим мумкин. Бу ерда ҳеч қандай шоу йўқ - Умида Аҳмедованинг суратлари ҳам¸ унинг "Бокиралик юки" филми ҳам ўзбек халқига туҳмат ва бориб турган ҳақорат. Қандай қилиб бокиралик ўзбек қизи учун юк бўлсин?

Ҳамидулла Акбаровнинг Озодликка аввал айтганлари эса¸ будир:

Бу ерда "Ўзбеккино"нинг ўзининг низомлари бор. Ўшанга қараб кўрилган. Йўқ¸ унақа гаплар эмас у. Билмадим сизнинг касбингиз қанақа. Менимча¸ сиз ўқимагансиз. Мен университетда дарс бераман. Шахсан мендан фикр сўрайдиган бўлса¸ мен айтаманки¸ мен буни ўзбек аëлига ва ўзбек қизларига туҳматнинг ўзгинаси деб биламан. Суд-пудларини мен сиздан биринчи марта эшитаяпман. Ким судга берганини билмайман. Кечирасизу¸ ўзбекнинг қизлигини сақлаб юриши юк бўлармиш. Қанақа ахмоқ гап бу? Мен ўша қилган одамларнинг юзига айтардим лекин. Ўта кетган туҳмат ва ўзбекни камситиш. Ўзбеклар ибоси¸ бокиралиги билан фахрланади. Менинг фикрим шундай.


Азиз муштарий¸

Сиз нима дейсиз:

Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро майдонда шундоқ ҳам ночор имиджига навбатдаги зарба бўлган Умида Аҳмедова устидан томошани уюштиришнинг кимга кераги бор эдию¸ у кимнинг манфаатига хизмат қилди?

Мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.
XS
SM
MD
LG