Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:45

Юлдуз Орипованинг судланганидан хабари йўқ


"Кутилмаган меҳмон" дастури бошловчиси Юлдуз Орипова "Икки қалб" деб номланган филмда ҳам рол ижро этган.
"Кутилмаган меҳмон" дастури бошловчиси Юлдуз Орипова "Икки қалб" деб номланган филмда ҳам рол ижро этган.

Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг қизи¸ телебошловчи Юлдуз Орипова Мирзо Улуғбек туман суди томонидан фирибгарликда айбланиб¸ амнистия қилинган. Аммо Озодлик билан суҳбатда Орипова бундай суд-пуддан хабари йўқлигини қайта-қайта такрорлади.

Ўзбекистон қаҳрамони, шоир Абдулла Ориповнинг фирибгарликда айбланаётган қизи Юлдуз Орипова ўтган йилги амнистия актига кўра жазодан озод қилингач, уни устидан арз қилганлар энди катта миқдордаги пулни қайтаришни сўраб фуқаролик судига ариза берганлар.

Ўзбекистон давлат мадҳияси муаллифи бўлган халқ шоирининг қизи Юлдуз Орипова ўндан зиёд одам пули ва бошқа моддий бойликларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб олганликда айбланиб, унинг иши Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани жиноий ишлар судида кўрилаётган эди.

Арзчиларнинг иддао қилишларича¸ Орипова хоним ўзлаштирган пулларнинг умумий миқдори 55 минг АҚШ долларини ташкил қилади.

Ўзини Мурод ака деб танитган арзчининг айтишича, Юлдуз Орипова бу пулларни фарзандларини олий ўқув юртларига киритиб қўяман, деб олган.

Мурод ака: “Вазирликда менинг танишим бор. Қўшимчага тўғирлаб беради” деган. Кейин берганмиз. У тан олмади.

Озодлик: У фақат сзлардан олганми ëки бошқалардан ҳам олганми?

Мурод ака: Ҳамма билан боғлиқ. Одамларни алдаб¸ уйигача бориб¸ хуллас пул ëмон нарса эканда. Аëл киши пулга ўч бўлади¸ бошқа бўлади¸ ҳамма ëқнинг расвосини чиқарди. Оилани хонавайрон қилди. Маза қилиб¸ кайф қилиб юрибди.

Озодлик: Ўзи билан юзма-юз гаплашганмкисизлар?

Мурод ака: Юлдуз биланми?

Озодлик: Ҳа.

Мурод ака: Конечно гаплашамиз. Пул олгандан кейин гаплашмай¸ уйигача бориб келдим мен.

Озодлик: Нима деди?

- Абдулла ака чиқиб қувган. Ҳассаси билан қувиб “Сени милицияга бериб юбораман¸ йўқол. Сур беттан. Қизим оппоқ. Пул олмайди ҳеч кимдан” деган. Мен кутмаган эдим. Менинг жаҳлим чиқмаган¸ ҳайрон қолганман. Ҳассаси билан “Давай кет. Ҳозир ҳассам билан соламан” деган¸ дейди Мурод ака.

Ўтган йили Мирзо Улуғбек тумани суди Юлдуз Ориповани Ўзбекистон мустақиллигининг 18 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистия асосида жазодан озод қилган эди.

Мирзо Улуғбек тумани маҳкамаси ходимининг айтишича, маҳкама 55 минг долларни Орипова хонимдан ундириб олишлари учун арзчилар фуқаролик маҳкамасига мурожаат қилишлари кераклиги ҳақида ажрим чиқарган.

- Бу масала ҳал қилинмасдан туриб амнистия бўлди. Томонларга фуқаролик тартибида мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди. Ажримда шунақа ëзилган. Ҳозир сизга тўлиқ айтаман: Фуқаролик тартибида мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилсин манфаатдор томонларга¸ дейди Мирзо Улуғбек тумани маҳкамаси ходими.

Яқинда арзчилар Юлдуз Ориповадан 55 минг долларни ундириб беришни сўраб Мирзо Улуғбек туман фуқаролик судига мурожаат қилдилар.

Юлдуз Орипованинг ўзи арзчиларнинг бу иддаолари бўҳтон экани, ҳеч қанақа маҳкама ҳақда эшитмаганини айтади.

Юлдуз Орипова: Қанақа суд¸ қанақа шикоятчи? Мен тушунмаяпман. Нима деяпсизлар? Мен тушунмаяпман.

Озодлик: Ишингизни Мирзо Улуғбек тумани суди кўриб чиқибди ва ҳатто ажрим ҳам чиқарибди. Сизни амнистияга ҳам туширишипти.

Юлдуз Орипова: Қанақа ажрим? Мен тушунмаяпман. Нимага мен бехабар бўлган нарсани одамлар гапиришади?

Озодлик: Қандайдир одамлар устингиздан шикоят қилган. Пулини олиб бермабсиз¸ шунга шикоят қилиб мурожаат қилишган.

Юлдуз Орипова: Бу бўлмаган гап. Бунақа ҳар хил ғийбатларга ишонманглар. Мен тушумаяпман қанақа ажрим¸ қанақа суд?

Озодлик: Бу одамларнинг айтишича¸ 45 мингми¸ 55 мингми доллар олибсиз. Шуни қайтариб бермабсиз.

Юлдуз Орипова: Одамлар ҳар хил гапларни гапираверади. Мен ҳеч қанақа пул тўғрисида билмайман. Мени ўз ҳолимга қўйинглар. Мен фарзандларимнинг тарбияси билан ўтирибман. Мен ҳеч нарсани билмайман. Шунинг учун мени бунақа кераксиз¸ бемаъни саволлар билан безовта қилманглар.

Озодлик: Сиз нима деб ўйлайсиз¸ унда бунақа нарсалар нимага бўлаяпти?

Юлдуз Орипова: Одамлар бекорчи бўлгандан кейин¸ кўра олмагандан кейин шу нарсани ëзади ҳам¸ гапиради ҳам. Мен аллақачон бунақа нарсаларга эътибор бермайман. Менинг бошқа қиладиган ишим йўқми? Айтаяпманки¸ кимлардир буни уюштиради¸ кимлардир менинг ўрнимга жавоб беради. Бу умуман бўлмаган гап.

Озодлик: Улар ҳозир фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судига мурожаат қилишипти.

Юлдуз Орипова: Мен бу нарсани билмади. Эшитганим ҳам йўқ¸ билмайман ҳам. Мурожаат қилган одам ким экан ўзи? Менинг олдимга келсин. Нима даъвоси бор экан?

Озодлик: Келган экан. Ҳайдаб юборишди деяпти.

Юлдуз Орипова: Менинг олдимга ҳеч ким келгани йўқ. Шунинг учун бунақа ғийбатларга¸ мана сиз туппа-тузук одамсиз¸журналистсиз. Сиз ўз фаолиятингизни юритиб¸ ўзингизнинг ишингизни қилинг. Бунақа ғийбатларга аралашманг.

Озодлик: Ўша ғийбат бўлиб қолмасин¸ деб сизга телефон қилаяпман.

Юлдуз Орипова: Мен аллақачон бунақа гапларга эътибор бермайман. Мен эфирда кўринмаганим учун ҳар хил гап-сўзларни эшитдим. Мана мен борман¸ ижод қилаяпман¸. Мана ҳозир Қаҳрамон Мирмақсудов билан янги филм устида ишлаяпмиз.

Озодлик: Қанақа филм?

-"Қасос вақти" деган филм олаяпмиз. Ундан кейин Наврўзга ретро концерт бераяпмиз¸. Эски энг зўр қўшиқлар билан Истиқлол саройида концерт берамиз. Шунга ҳозир тайëргарликлар бўлаяпти. Бу Ногиронлар жамияти билан биргаликда қилаëтган ишимиз. Бу хайрия концерт бўлади. Шунинг учун бунақа бўлмағур нарсалар билан менинг бошимни қотирманг¸ дейди Юлдуз Орипова.

Ўзбекистон қаҳрамонининг қизи, таниқли тележурналист Юлдуз Орипова фирибгарликда айбланиб иши судга тортилгани ҳақда дастлаб "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти хабар топганди. Жамият фаоли, ўзбекистонлик журналист Абдураҳмон Ташанов.

- Юлдуз Орипова ўтган йилнинг ëзидан бошлаб фирибгарликда айбланиб Ўзбекистон республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисми билан иши судгача келди ва амнистия акти билан озод қилинди. Лекин бу фирибгарлик йўли билан ўйлаб топган 55 минг АҚШ долларини истисно қилмайди. Жабрланувчилар фуқаролик тартибида уни суд орқали ундириб олишга ҳақли. Шунинг учун 11 жабрланувчи куни кеча фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига ариза билан мурожаат қилибди. Битта нарсаки¸ аслида кишиларга етказилган моддий зарар қопланса¸ унга қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазолар берилади. Шартли жазо берилиши мумкин. Муайян бир ҳуқуқдан маҳрум қилиниши мумкин. Юлдуз Орипованинг ишида жамиятга хавфи катта бўлмаган жиноят. Лекин фуқаролар келтираëтган зарар миқдори ниҳоятда катта. Бу катта жиноий халқанинг халқачаларидан бири¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Абдураҳмон Ташановнинг айтишича¸ Ўзбекистонда олий ўқув юртларига киритиш ваъдаси билан пул ундириш усули амалдорлар ва ҳукумат журналистлари орасида кенг тарқалган. Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг ходимларидан бири Мирмуҳсин Акбаров ҳам яқинда шу каби фирибгарликда айбдор деб гумон қилиниб, унинг иши бўйича тергов давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG