Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:39

1999 йил 16 феврал - "Ўзбекистон милтиқлилар қўлига ўтди"


Портлашлардан Каримов жонига қасд қилиш кўзлангани айтилиб турган дақиқаларда¸ Ислом Каримов айни портлаш жойига келиб¸ қисқа баëнот берди.
Портлашлардан Каримов жонига қасд қилиш кўзлангани айтилиб турган дақиқаларда¸ Ислом Каримов айни портлаш жойига келиб¸ қисқа баëнот берди.

Бундан 11 йил бурун 1999 йилнинг 16 февралида Тошкентнинг беш жойида 45 дақиқа ичида портлашлар юз берди. Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор рўй берган бу портлашлар мамлакатда тинимсиз давом этаëтган репрессияларга доялик қилди.

Шу куни Вазирлар Маҳкамаси биносида 1998 йил якунларига бағишланган йиғилиш бўлиши керак эди. Биринчи портлаш президент Каримов келишига 10 дақиқа қолганда – соат 10.45 да мана шу бино олдида бўлди.

Шундан сўнг Ички ишлар вазирлиги, Миллий банк, ўшандаги “Искра” кинотеатри олдида, Яккасарой туманидаги ҳовлида портлаш юз берди.

Мамлакат расмийлари баёнотига кўра, портлашлар оқибатида 16 одам нобуд бўлди¸ 100 дан ортиқ киши жароҳатланди.

Ҳодиса содир бўлган куниёқ, аввалига президент Каримов, кейин эса Ўзбекистон Ички ишлар вазири Зокир Алматов ва Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятовлар телевидениеда чиқиш қилиб, бу қўлига қурол олган радикал диндорларнинг террор ҳужуми, дея воқеага дарҳол баҳо берган ва айбдорларни ҳам айтиб улгурган эди.

ЎзТВда 16 феврал портлаши ҳақидаги хабар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:12 0:00



Шайтанатни бўлган хабар

1999 йил 16 февралида ўзбекистонликлар "Шайтанат" видеофилмининг янги қисмини томоша қилишаëтганида¸ бирдан филм тўхтатилиб экранда Ўзбекистон ТВ си сухандони Даврон Зуннунов пайдо бўлди.

- Ҳурматли томошабин ўртоқлар. Дастуримизни кутилмаган хабар билан тўхтатамиз. Бугун мамлакатимиз пойтахти Тошкентда кутилмаган фавқулодда ҳодиса содир бўлди¸ дея гап бошлади Даврон Зуннунов.

Сухандон қўлидаги қоғозга қараб-қараб бундан 20 дақиқа олдин президент Каримов жонига қасд қилингани¸ аммо президентнинг соғу саломат эканини билдирди.

- Пойтахт меҳнаткашлари осойишта кундалик юмушларини давом эттираëтган бир пайтда кундуз соат 11 ларга яқин шаҳарнинг тўрт жойида портлаш содир бўлди. Дастлаб ИИВ биноси ëнида¸ ундан сўнг Искра кинотеатр биноси ëнида¸ сал ўтмай республика Вазирлар Маҳкамаси биносида¸ ундан сўнг Миллий банк биноси атрофида портлаш содир бўлди. Портлаш оқибатида бир неча машиналар ëниб кетган. Шаҳардаги айрим биноларга зарар етказилган.

Дастлабки маълумотларга қараганда¸ ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар ҳам бор. Бундай ҳодиса мамлакатимиз мустақиллигини кўра олмаëтган экстремистик кучларни иши эканлиги барчамизга аëндир. Бу ëвузлик тагидаги энг асосий мақсадлардан бири мамлакатимиз президенти Ислом Каримовга¸ унинг ҳаëтига тажовуз эканлиги ҳам жуда аëндир. Чунки соат 11 да Вазирлар Маҳкамасида республика ҳукуматининг 1998 йил якунларига бағишланган мажлис бошланиши¸ унда президентимиз иштирок этиши керак эди. Энг муҳими ҳукумат аъзолари¸ президентимиз ва ... (сухандон шу ўринда қоқилади) соғ ва саломат. Соат 11 га мўлжалланган мажлис соат 13 да яъни ҳозир республика Олий Мажлис биносида кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилмоқда. Биз бўлиб ўтган тафсилотларни сиз азиз ватандошларимизга етказиб турамиз. Ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқ. Воқеани содир этган барча ëвуз кучлар аниқланади ва тегишли жазосини олади¸ дея қоғозда ëзилган матнга якун яасади Даврон Зуннунов.

Сухандон ўқиган матн воқеадан 20 дақиқа ўтиб ҳозирланган ҳужжатга ўхшамас эди. Матн кўпроқ илгаридан ҳозирланган айблов ҳужжатини эслатар эди.

Бизникилар

Тошкентда портлашлар бўлган куни шоир Рауф Парфи Навоий кўчасидаги “Жаҳон адабиëти” журнали таҳририятида эди. Рауф Парфи тирик чоғида муаллифга айтишича¸ гумбиллаган овозни эшитган чоғи "бизникилар келишди" деб ҳазил қилган.

Редакциядаги бошқа ходимлар эса “Қурилишдагилар бир нарса қилишди” деб ғудранишган. Кейин яна бир неча марта гумбиллаган овозлар эшитилганида¸ Рауф Парфи кулиб “Йўўқ¸ бу ҳойнаҳой бизникилар” деб таъкидлаган.

Рауф Парфи "бизникилар" деганида ҳазил аралаш ўзбек мухолифатини назарда тутган эди.

Ҳазилнинг таги зил.

Ўзбекистон ҳукумати ўзбек дунëвий ва диний мухолифатини портлашларда ўша куннинг ўзидаëқ айблаб чиқди.

Қўлга олинган "террорчилар" ҳам булбулигўë бўлиб портлашни Муҳаммад Солиҳ уюштирди деган версияни саслантиришди. Ана шундай “гувоҳ” лардан бири Зайниддин Асқаров кейинчалик потрлашларни ҳукумат уютиргани ва бу ишга Муҳаммад Солиҳнинг сира алоқаси йўқлигини билдирди.

- Ички ишлар министри Зокир Алматов мани чақириб, Муҳаммад Солиҳни ёмонлаб берсанг, мана шунинг ролини ўйнаб берадиган бўлсанг, ҳаммаси авф бўлади, отилмайди булар, сангаям енгиллик бўлади, суд залидан чиқиб кетасан, дегани учун Аллоҳ шоҳидки, ман ўзимни қутқариш учун эмас, ана шуларни қутқариш учун ман шу нарсага мажбур бўлганман ўша вақтда. Лекин булар чиқарганиям йўқ, уларга "вышка" берворди. "Вышка" берворишининг сабаби, улар сирни биларди. Сирни билишлиги учун уларни йўқ қилиб юборди. Лекин улар бизга айтиб ўтиб кетган эди ҳаммасини, шундай-шундай-шундай бўлган деб. Шунинг учун сизларнинг радиостанциянглар орқали аввало "Эрк" партиясининг раҳбари Муҳаммад Солиҳдан кечирим сўрайманки, ўша вақтда унга туҳмат қилганмиз, ҳақиқатдан мажбуран туҳмат қилганмиз ва Тоҳир Йўлдошевларнинг қилмаган ишларини қилди деб айтганмиз. Ўзимиз Ўзбекистон халқининг олдида гуноҳкормизки, чиқиб 16 феврални баъзи бир нарсаларига алданиб қолиб, бу золим диктатор, кофирларнинг ваъдасига алданиб қолиб, рол ўйнаб, мусулмонларнинг обрўсига путур етказганимиз учун бутун Ўзбекистон халқидан биз кечирим сўраймиз.

Муҳаммад Солиҳнинг - Аллоҳга қасам ичиб айтаман бу гапимни дунё-ю охиратда - умуман террористларга, террорга алоқаси йўқ ҳеч қанақа. Умуман алоқаси йўқ. Ман демократ эмасман, у одамни яхши кўриш, ёмон кўриш мақсадим ҳам йўқ. Холисона баҳо беришда ҳеч қанақа алоқаси йўқ. Бу бизнинг сиёсий кўрлигимиз, ишонувчанлигимиз, Зокир Алматовнинг берган ваъдаларига ишонганлигимизнинг натижаси холос. Бу гапдан кейин бизни отворса, биз шаҳид бўлиб кетаверамиз¸ деган эди Зайниддин Асқаров.

Портлаш арафаси

16 феврал воқеаларини ëритган Озодлик журналисти Брюс Панниэр бундан 11 йил муқаддам бу воқеани эшитиш ҳамоно портлашларда ҳукуматнинг қўли бор деган фикр миясидан ялт этиб ўтганини айтади.

- Портлашлардан 20 дақиқа ўтиб воқеа жойида Каримовнинг бамайлихотир юргани мени шубҳалантирди. Иккинчидан¸ воқеадан сал олдин 3 феврал куни “Халқ сўзи” газетасида Ўзбекистон барқарорлигига таҳдид қилаëтган диний кучлар ҳақида мақола босилган эди. Бу мақолада илк маротаба Ҳизбут-Таҳрир калимаси тилга олинди. Бундай мақола ўзбек расмий ОАВлари учун янгилик эди. Мақола чиқишидан сал олдин Каримов Ўзбекистон энг барқарор ўлка деб сармоядорларни жалб қилган эди¸ дедйи Брюс Панниэр.

Панниэрга кўра¸ портлашларни ҳукумат уюштирди деган версия ҳақиқатга энг яқин.

Портлашдан уч ой олдин ўзбек мухолифати лидери Муҳаммад Солиҳ Кремлда генерал Александр Лебед билан учрашди. Бу учрашув расмий Тошкентни ҳуркитгани рост. Муҳаммад Солиҳ хотираларига қулоқ берамиз.

Муҳаммад Солиҳ: Ўзбекистон ҳукуматининг бу учрашувдан қўрқиб кетганига сабаб Россиянинг ўзига нисбатан ўша пайтда муносабати яхши эмаслигини ва ўзини ëмон кўришини билар эди. Муҳаммад Солиҳнинг Кремлда фаворит ўлароқ танилган¸ яъни ҳокимиятга келиши мумкин бўлган учта инсондан биттаси бўлган генерал билан учрашуви Каримовни қўрқитиб юборди.

Озодлик: Бу ерда Ўзбекистондаги вазиятни бироз фаолроқ ўзгартириш масалалари ҳам кўрилдими? Мухолифат вакили рус генерали билан учрашар экан балки расмий Тошкентнинг ҳуркканида жон бордир?

- Албатта¸ Ўзбекистоннинг келажаги ҳақида жиддий гаплар бўлди. Менинг айтганим шу бўлди: биз тенг ҳуқуқли икки давлат ўлароқ дилалог қилишимиз мумкин ва биз ўзимизни Россиянинг дўсти ўлароқ кўришни истаймиз¸ дейди Муҳаммад Солиҳ.

Муҳаммад Солиҳ Кремлда қабул қилинганидан сал ўтмай Ўзбекистон КХШТдан чиқди.

Яқинда интернетга қўйилган “Қуролсиз кишининг озодлиги” филмида портлашдан олдин 13 феврал куни Ўзбекистон МХХси Туркия аэропортларида ўзбек фуқароларини назорат қилишга расмий Анқарадан изн сўраганлиги айтилади.

“1999 йилнинг 13 февралида Анвар Солиҳбоев бошчилигидаги бир гуруҳ ўзбек МХХ ходимлари Анқарага келишди. Солиҳбоев Туркия ҳукуматидан Ўзбекистонга жўнаëтган экстремистларни кузатиш учун Туркия аэропортларида ўз жосус-агентларини жойлаштиришга рухсат сўрайди”.

Портлашларга бир кун қолганида¸ Ўзбекистондаги диний ва дунëвий мухолифат ҳамда инсон ҳуқуқлари фаоллари уйлари олдида назорат кучайтирилади.

“Барча мухолифат фаолларининг уйлари кузатув остига олинди. Тошкентда 13-14-15 феврал кунлари МХХ агентлари ва махсус хизмат ходимлари Эрк партиясининг котиби Отаназар Орипов¸ ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Аҳмедова¸ ëзувчи Мамадали Маҳмудов¸ Муҳаммад Солиҳнинг қизи Нигор¸ инилари Комил¸ Жуманазар ва Рашид Бекжонлар яшайдиган Хоразмдаги уйлари ҳам қаттиқ кузатув остига олинган эди. 16 феврал куни Тошкент марказида бомбалар протлашидан сўнг биринчи бўлиб айни шу кузатувга олинган уй эгалари ҳибсга олинди”.

1999 йилнинг 15 февал куни ушбу мақола муаллифи ўзбекистонлик журналистлар билан бирга Лондонда хизмат сафарида эди. 15 феврал куни кечқурун Ўзбекистоннинг Лондондаги элчиси Тешабоев ва элчихонанинг Жамшид исмли биринчи котиби билан журналистлар қўнган мехмонхонага зудлик билан етиб келди ва ташвишли бир оҳангда "Ҳеч ким кечқурун сайр қилмасин. Бугун ҳамма меҳмонхонадан чиқмасин" деган ғалати гапни айтди.

Ҳатто журналистлар орасидан бир ҳурматли кишини четга чақириб "баъзи бировлар" нинг оëқ олишидан хабардор бўлиш топшириғини берди.

Кутилган меҳмон

Ўзбекистонда портлаш арафасидаги воқеаларни муқояса қилар эканмиз¸ беихтиëр 16 феврал портлашлари ўзбек расмийлар кутган меҳмон эди деган фикрга борамиз.

Кейинчалик портлашларда айбланиб қамоққда жазо ўтаëтган Зайниддин Асқаров айнан шу фикрни айтади.

- «Взрыв» бада-баданг портлашганидан 5 минут ўтар-ўтмас, Ислом Каримов, Рустам Иноятов, Зокир Алматов майдонга етиб келишаяпти ва худди олдинги тайёрланган сценарийдан хабардор бўлгандай, бу нарсаларни диний «религиозный фанатик» лар қилди, ким қилганлигиниям биламиз, бирон муддатда ҳаммасини тутамиз, деган хитоб билан чиқаяпти, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ. Нимага деса, олдиндан Баҳром Абдуллаев «курс» га қўйган бу нарсани. Билди олдиндан. Бошқарган Ислом Абдуғаниевич Каримов¸ Иноятов¸ Алматовлар тўхтатиб қолмаганлиги биларди¸ машина келиб тўхташ сценарийсигача биларди булар¸ деган эди Зайниддин Асқаров.

2003 йил 26 ноябр куни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Озодлик, BBC ва Америка овози журналистларини 16 феврал портлашларида айбдор деб топилган Ўзбекистон исломий ҳаракати лидерларидан бири Зайниддин Асқаров билан учрашувга таклиф этди. Учрашув машҳур Тоштурмада бўлиб ўтди. Суҳбатда журналистлар билан бирга МХХ ходими ҳам иштирок этди. МХХ ходими¸ гўëки чекишга чиқиб¸ Асқаровни журналистлар билан ëлғиз қолдирганида¸ қуйидаги парчада акс этган хос суҳбат бўлиб ўтди.

Суҳбат якунида ББС мухбири Паҳлавон Содиқ Зайниддин Асқаровга қараб¸"Сиз 16 феврал портлашларини Ўзбекистон ҳукумати махсус кучлари МХХси уюштирган¸ деб маъсулият билан айтаяпсиз¸ тўғри тушундимми?" деб савол беради.

Зайниддин Асқаров эса:" Xудди шундай!" деб жавоб берди.

Паҳлавон Содиқ эса: "Бошқарганми?" деб яна аниқловчи савол беради.

Зайниддин Асқаров: "Бошқарган ва олдиндан билган!" деб жавоб беради.

"Ўзбекистон президенти Каримов¸ МХХ раиси Иноятов¸ ИИВ Алматовлар бошқарган ва маслаҳатда бўлишган.Улар террорчи машиналар карвонини атайлаб тўхтатиб қолишмаган¸ шундайми?" дейди Паҳлавон Содиқ.

- Худди шундай. Улар машиналарни қачон келишини ҳам биларди.

- Демак¸ сиз айбладингиз?

- Айбладим.

- Бутун маъсулият билан айтяпсиз, деб ўйлайман.

- Шундай.

- Агар сиз ҳақиқатни айтмоқчи бўлсангиз, нега МХХ бу учрашувни ташкил қилди? Иккинчидан¸ тақдирингиздан қўрқмайсизми?

- Бу учрашувни билмасдан ташкил қиберди, деëлмайман. Булар ҳозир чақириб Муҳаммад Солиҳни террорда алоқаси бор¸ деган кўрсатмангизни яна бир айтиб беринг, деб илтимос қилишувди¸ мен xўб дедим.

- Улар буни тескарисини айтишингиздан бехабармиди?

- Бехабар.

Иккинчидан¸ тақдирингиздан бехавотир деганингизга¸ мен зонада уч марта ўлимдан қолдим.

(Шу ерда аудиоëзув тугайди.)



Портлаш сабоқлари

Портлашдан кейин Ўзбекистон ҳукумати беандиша тарзда ўзгача фикрловчи кишиларни қамашга тушди¸ дейилади Британияда суратга олинган “Ўзбекистон қийноқлар фермаси” филмида. Филм давомида Ўзбекистон ҳукумати номидан гапирган мулозим Ахтам Турсунов портлашдан кейинги қама-қама сиëсатини оқлашга тиришади.

- Ўша инсон ҳуқуқларинин вакилларимиз¸ доҳийларимиз деган баъзи шахслар шундай фикрдаки¸ терроризмни содир қилган одамлар¸ диний экстремизм жиноятини содир қилган одамларга биз дам олиш лагерларида сақлаб уларга раҳмат айтиб кечирим сўрашимиз керак уларнинг фикрларига биноан. Бизнинг қонунимиз бор. Жиноят қонунларимиз бор¸ дейди Ахтам Турсунов.

16 феврал кунлари муаллиф билан суҳбатда бўлган ўзбек ТВнинг ўша пайтдаги раҳбарларидан бири Фарҳод Рўзиев бир гапни айтган эди.

“Бундан буëн Ўзбекистон милтиқли кишилар ихтиëрида бўлади. Милтиқли кишилар бизга ғайритабиий кўринмайдиган бўлади”¸ деган эди Фарҳод Рўзиев.

Ўтган 11 йил Фарҳод Рўзиев гапарига исботдай кўринади.

11 йилнинг яна бир хулосасини 16 феврал воқеаларидан кейин 15 ярим йилга сиртдан ҳукм қилинган Муҳаммад Солиҳ айтади.

- Бу муддат шуни кўрсатдики¸ Каримов ҳеч қачон биз ўйлаган муроса билан¸ мадора билан¸ демократия билан¸ инсон ҳақлари билан ҳисоблашадиган одам эмаслигини очиқдан очиқ кўрсатди ва буни дунëга ҳам очиқдан-очиқ айтди¸ дейди Муҳаммад Солиҳ.

Сўнсўз ўрнида тарихий параллел

Рус тарихчиси Юрий Фелишинскийнинг Озодлик мухбирига айтишича¸ портлашлар мустабидлар учун айни муддао. Баъзан улар ўзлари ўзларига суиқасд уюштиришади.

Масалан¸ 1933 йил 21 февралда Берлиндаги Рейстаг биноси ëниб кетганида Ҳитлер ҳукумати бундан керакли фойдани чиқариб олган эди.

Ëнғиндан кейин Ҳитлер ҳукумати Германияда шахс ҳуқуқлари¸ эркин йиғилишлар ўтказиш имкони ва сўз эркинлигини чекловчи декретни қабул қилади.

Қама-қамалар бошланади¸мухолифат ҳаракатлари тақиқланади. Кейин нима бўлганига тарих гувоҳ.
XS
SM
MD
LG