Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:48

“Журналистларни ҳимоя қилувчи профессионал уюшмалар керак”


“Журналистларни ҳимоя қилиш” халқаро қўмитаси тарқатган баёнотда 2009 йили Қирғизистонда тўрт журналист калтаклангани ҳамда 2007 йилда номаълум шахслар томонидан отиб ўлдирилган журналист Алишер Соиповнинг ўлими юзасидан шу кунгача жиноятчи топилмагани айтилади.

Қўмита баёнотида постсовет мамлакатларида сўз эркинлиги, журналистларнинг хавфсизлиги бўйича вазият аввалги йиллардан нисбатан анча оғирлашгани қайд этилади. Масалан, Украинада, Грузияда журналистларга ҳукумат томонидан босим кучайгани, халқнинг 7 фоизигина интернетдан фойдалана олиши айтилган. Бу йўналишда Белоруссияда ижобий ўзгаришлар кузатилган.

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда эса журналистларнинг хавфсизлиги, сўз эркинлиги бўйича вазият аввалги йилларга нисбатан ёмонлашгани қайд этилган. Қирғизистонда 2009 йилда тўрт журналист калтаклангани, бироқ айбдорлар топилмагани, шунингдек, 2007 йилда номаълум шахслар томонидан отиб ўлдирилган журналист Алишер Соиповнинг ўлими юзасидан шу кунгача жиноятчи топилмагани айтилган.

Қирғизистондаги “Журналистлар” жамоатчилик бирлашмаси раиси Марат Тўқўев ҳам бу фикрлар ҳақиқатга яқин эканини айтади. Унга кўра, Қирғизистонда ўткир мақолалар ёзган журналистлар ростдан ҳам калтакланиб ёки ўлдирилиб кетилаяпти:

- Калтаклаб кетилган журналистлар асосан ўткир мақолалар ёзган журналистлар бўлаяпти. Шундай фактлар кўп кузатилгани билан улар бўйича жиноятчилар топилиб, уларнинг жазоланиши бўйича ҳолатлар озроқ бўляпти. Шу сабабли журналистларда ўзини ўзи чеклашлар кучаймоқда. Бундай ҳолатда сўз эркинлиги бўйича гапириш мумкин эмас, деди Марат Тўқўев.

Қирғизистонлик кўплаб журналистларга кўра, журналистларнинг калтакланиши ёки ўлдириб кетилиши, биринчи навбатда, уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ. Баъзи ҳолларда журналистларнинг калтакланиши ёки ўлдирилиши сиёсий буюртма экани таъкидланмоқда.

Бироқ қирғиз расмийлари 2005 йилдан буён журналистларга уюштирилган ҳужумлар оддий безорилик бўлганини, шунинг учун ҳам уларни сиёсийлаштирмаслик кераклигини айтишмоқда:

- Ҳозирда 26 жиноят ишидан 9 таси судга топширилди. Бироқ суд хулосаларининг барчасида ушбу жиноятлар журналистларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ экани кўрсатилган эмас. Мен ҳам буларнинг барчаси журналистларнинг касбий фаолиятига боғлиқ, деб айта олмайман. Негаки, барча жиноятлар тунда, ишдан кейинги вақтда содир этилган. Уларнинг кўпи маиший характерга эга, деганди Қирғизистон Ички ишлар вазири Мўлдўмуса Қўнғантиев Қирғизистон парламентидаги чиқишларидан бирида.


Журналист Жилдиз Мусабекова ички ишлар вазирининг бу аргументларини асоссиз деб ҳисоблайди:

- Вақтига қарамай, журналист журналистлигича қолади. Масалан, президент тунги соат 12 дан кейин ҳам президентлигича қолади. Бу манқуртлик. Бакиев ҳукумати даврида бундай ҳолатлар беш баробар кўпайди, десак бўлади. Бизда сўз эркинлиги ҳам йўқ, бўлса ҳам мана шу ахволда. Ҳақиқатни айтганларни калтаклашлар, огоҳлантиришлар кўпаймоқда, деди Жилдиз Мусабекова.

Қирғизистонда сўнгги йилларда икки журналист Алишер Соипов ва Геннадий Павлюк қасддан ўлдирилган. Бироқ шу пайтгача уларнинг касбий фаолияти сабабли ўлдирилгани суд томонидан тасдиқланмади.

Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Бишкекдаги бўлими 2010 йилга режалаштирилган медиа-дастурларида журналистлар хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилишини маълум қилган. Бунга мамлакатда журналистика билан шуғулланиш хавфли бўлиб бораётгани сабаб бўлмоқда.
Оммавий ахборот воситалари фаолияти юзасидан ёзилган аризаларни кўриб чиқиш комиссияси етакчиси Александр Кулинский журналистиканинг ўзи хатарли касб эканини, фақат бу ҳол Қирғизистон учун янги кўриниш эканини айтади:
- Менимча, барча журналистлар ушбу ҳолатлардан ўзига бир неча хулоса чиқариб олишлари керак. Биринчидан, журналистика доимо хатарли касб бўлиб келганини ва бўлиб келишини эсда тутиш керак. Фақат бу кўриниш биз учун янгилик. Биз бу касбни танлашимиз билан ўзимиз, соғлигимиз ва оиламиз учун айрим хавф-хатарларни бўйнимизга оламиз. Иккинчи хулоса, янги шарт-шароит биздан профессионалликни талаб қилади. Бу бугунги кунда журналистикамиз учун айнан керак бўлган нарсадир. Таъкидлаб ўтаман, айнан нопрофессионаллик суд, тажовуз ва таъқибларга сабаб бўлмоқда, дейди Александр Кулинский.
У журналистларнинг таъқиблардан қутулиш учун ўзаро ҳамжиҳатликда ишлаши ҳам ўта муҳим омил эканини қайд этади:
- Биз журналистларни ҳимоя қилувчи, уларга ёрдам берувчи, уларни қўллаб-қувватловчи профессионал уюшмалар тузишимиз керак. Афсуски, журналистларимиз бунда сусткашлик қилаяпти. Биз бирлашмагунимизча ва биргаликда бизнинг муаммоларни ҳал қилишлари учун бизга қулоқ солишларига мажбур қилмагунимизча, мазлум касб эгаси бўлиб қолаверамиз, деди Александр Кулинский.
XS
SM
MD
LG