Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:52

47. Қоронғи уйдаги қора мушук


Ман тарих сабоқларидан тўғри хулоса чиқариш тарафдориман.


Буюк давлатлар билан дўстона алоқа ўрнатиш учун тарихий тажрибалар¸ албатта¸ ҳисобга олиниши керак.

Эсимда бор, талабалик йилларимда собиқ иттифоқ билан Хитой ўртасидаги муносабатлар ниҳоятда кескин тус олади. Ўша пайтларда тарқалган миш-мишларга қараганда, Сталин жасадини мавзолейдан чиқариб ташланишига Хитой раҳбари Мао Цзэдун эътироз билдирган эди. 1958 йилда Никита Хрушчёв икки давлат ўртасидаги муносабатларни изга солиш учун расмий ташриф билан Пекинга борган. Хрушчёв билан Мао Цзэдун юзма-юз учрашади... Кейинчалик ўша учрашув чоғида таржимонлик қилган Николай Федоренконинг хотиралари эълон қилинади. Таржимон хотираларини яқинда қайтадан кўздан кечирдим. Хрушчёв билан Мао Цзэдун ўртасида бўлиб ўтган баҳс-мунозара ҳамон ўз аҳамиятини йўқотмагандек туюлди.

Хрушчёв:

-Сиз нуқул Сталиннинг буюк хизматлари тўғрисида гапиряпсиз, лекин партия ва халқ бошига қандай мусибатлар солганини эсингиздан чиқаряпсиз. Ахир коллективлаштириш даврида, Улуғ Ватан уруши йилларида йўлбошчининг ўзбошимчалиги туфайли миллионлаб инсонларнинг ёстиғи қуритилади, оммавий равишда қатли ом уюштирилади.

Мао Цзэдун:

-Ҳозир бу ҳақда гап кетаётгани йўқ. Сталиннинг қилмишларини ҳеч ким оқламоқчи эмас. Бу ўзингизнинг ички ишингиз. Ўша қилмишлар учун битта Сталин айбдорми ёки бошқалар ҳам айбдорми, буни мендан кўра ўзингиз яхши биласиз. Ҳозир гап бошқа нарса ҳақида кетяпти. Дунёнинг жуда кўп мамлакатларида Сталин номи иззат-ҳурмат билан тилга олинади. У собитқадам инқилобчининг энг юксак намунаси эди, юксак маънавият соҳиби эди. Демак, енгилмас куч тимсолига айланиб қолган эди. Биз унга ишонардик, унинг таълимотига ишонардик. Энди ҳаммасига чизиқ тортиб юборилди. Ўша ишончдан мосуво бўлсак, ўзимиз ҳам халқ ишончидан айрилиб қолмаймизми?

Хрушчёв:

-Қанақа ишонч? Ахир хатоликни, қип-қизил ёлғонни ишонч деб бўлмайди-ку! Биз ёлғонни ёлғон деб айтишимиз керак эди. Ёлғонни фош этишимиз шарт эди, қанчалик аччиқ бўлмасин ҳақиқатни рўй-рост айтишимиз зарур эди.

Мао Цзэдун:

-Дард-ситам, алданиш қанақа бўлишини биз ҳам яхши биламиз. Кураш тарихимиз дард-ситамдан иборат. Ҳақиқатнинг аччиқ бўлишини ҳам яхши биламиз. Аччиқ дори шифобахш бўлишини аллақачон англаб етганмиз. Бироқ, сиз ўз қарорингиз билан фақат хато ва камчиликларни қораламаяпсиз. Хато ва камчилик кимдан ўтмайди дейсиз. Беайб – Парвардигор, дейдилар. Сиз Сталин номи билан боғлиқ бўлган барча эзгу ишларни шубҳа остида қолдирдингиз, яхши билан ёмонни аралаштириб юбордингиз, энди ижобият билан салбиятнинг фарқи қолмади.

Хрушчёв:

-Биз ҳақиқатни рўй-рост айтдик.

Мао Цзэдун:

-КПСС ХХ қурултойининг қарорлари муносабатларимизни ниҳоятда мураккаблаштириб юборди. Бундай шароитда Партияларимиз орасида рисоладагидек дўстона муносабат бўлиши мумкин эмас.

Хрушчёв:

-Шошмашошарлик билан оқилона хулоса чиқариш мумкин бўлмаса керак.

Музокаралар боши берк кўчага кириб қолади. Боз устига, Хитой атом бомбасига эга бўлишни истарди, Хрушчёв эса ён қўшнисига атом бомбаси беришни ҳам, атом бомбаси тайёрлаш учун зарур бўлган технологияни тақдим этишни ҳам истамасди. Орага совуқчилик тушади. Совуқчилик музга айланади.

Сиртдан қаралса, Мао Цзэдун гўё Сталиннинг буюк хизматларини ҳимоя қилаётгандек туюлади. Аслида эса, Хитойда авж олган “шахсга сиғиниш” анъанасини ҳимоя қилади. Агар собиқ иттифоқда рўй берган “шахсга сиғиниш” қораланган бўлса ва бу ҳодиса Хитойда ҳам қўллаб-қувватланса, сопқон айланиб келиб унинг бошига урилиши аниқ эди. Шу боис у қичийдиган жойини олдиндан қашлаб қўяди.

Ўлик доҳийни қоралаш қанчалик осон бўлса, тирик доҳийни ўрнидан қўзғатиш шунчалик қийин бўлади.

Шахсга сиғиниш ҳеч қачон яхшилик билан тугамайди.

Аммо тарихий шахснинг буюк хизматларини бутунлай инкор этиш ҳам яхши эмас.

Демак, ўрта йўлни танлаш керак. Ўйлайманки, бизнинг доно халқимиз ўзига хос ва ўзига мос йўлни танлайди.

Қоронғи уйда қора мушукни тутиб олиш қанчалар қийин эканини ҳамма билади, буни ҳар ким ўзига тасаввур этиб кўриши мумкин. Аммо ўша уйда қора мушукнинг ўзи бўлмаса-чи? Уни тутиб бўлармикан?

Ман худога қайта-қайта шукроналар айтаманки, бизнинг қоронғи уйимизда мушук ҳам, уни тутадиган овчилар ҳам етарли. Бунинг исботи – тез орада маҳаллий вандаллар устидан адолатли маҳкама жараёни бошланади ва бу жараён оммавий ахборот воситалари томонидан кунма-кун ҳаққоний ёритиб борилади.

Ман тарих сабоқларидан тўғри сабоқ чиқариш тарафдориман.
XS
SM
MD
LG