Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:45

Депутатлар муҳожир кўпаяётганидан ташвишда


Россияда ишлаётган қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари маҳаллий расмийлари таъқибига учрамаслик учун ҳам Россия фуқаролигини олишни маъқул кўрмоқдалар.
Россияда ишлаётган қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари маҳаллий расмийлари таъқибига учрамаслик учун ҳам Россия фуқаролигини олишни маъқул кўрмоқдалар.

Сўнгги пайтларда Қирғизистонда ишга яроқли фуқароларнинг оммавий равишда Россия фуқаролигини олаётгани қирғиз депутатларини ташвишга солмоқда. Маълумотларга кўра, 2003 йилдан буён 240 мингдан зиёд қирғизистонлик Россия фуқаролигини олган.

Россия федерал муҳожирлик хизмати маълумотига кўра, 2008 йили 43 мингга яқин, 2009 йилнинг 11 ойи ичида эса 41 мингдан зиёд қирғизистонлик Россия фуқаролигини олган.

Маълумотларга кўра, Қириғизистон фуқаролари икки томонлама келишув асосида Россиянинг фуқаролигини жўнлаштирилган тартибда олишади.

Мутахассисларнинг айтишича, сўнгги йилларда Россияда меҳнат муҳожирлари учун ажратилажак квоталарнинг қисқартирилиши Россия фуқаролигини олган қирғизистонликларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Қирғизистон Миграция ва аҳолини иш билан таъминлаш вазири Айгул Рисқулованинг айтишича, бошқа давлат фуқаролигини олган қирғизистонликлар айни пайтда Қирғизистоннинг ҳам фуқаролигини сақлаб қолиши мумкин:

- Бугунги кунда Россияда ишлиш учун руҳсат олиш масаласи жуда қийин. Квоталар қисқараяпти. Фуқаролик олишнинг шунга боғлиқ жиҳатлари бор. Ўзаро шартнома бўйича қирғизистонликлар Россия фуқаролигини жўнлаштирилган тартибда олади. Айни пайтда бизнинг конституцияда “бошқа давлат фуқаролигини олса, Қирғизистон фуқаролигини ҳам сақлаб қолади”, деган модда бор. Шунга мувофиқ, улар фуқаролик олишаяпти, айни пайтда улар Қирғизистон фуқаролигидан ҳам воз кечмаганлар, деди Айгул Рисқулова.

Бироқ Қирғизистон парламентининг айрим депутатлари аҳолининг меҳнатга лаёқатли қатлами бошқа давлат фуқаролигини олаётгани келажакда мамлакатда катта муаммолар келтириб чиқариши мумкинлиги юзасидан ташвиш билдирмоқдалар.

Шунингдек, қирғиз депутатлари эса қирғизистонлик мигрантларга иш берувчи давлатлар томонидан чекловлар қўйилиши бўйича ҳам норозилик билдиришмоқда.

- Барча меҳнатга лаёқатли, айтайлик, 20 ёшдан 40 ёшгача бўлган одамлар айни кучга тўлган пайтда ўзининг ақли ва меҳнати билан қўшни давлатлар иқтисодини кўтариш учун ишламоқда, уларга нега чеклов қўйилиши керак, деди қирғиз парламенти депутати Автандил Арабаев феврал ойи сўнгида бўлиб ўтган парламент йиғилишидан бирида.

Қирғизистонликларнинг оммавий тарзда Россия фуқаролигини олиши шу суръатда давом этса, келажакда бу мамлакат учун катта муаммолар пайдо қилиши мумкинлиги ҳақида аввал ҳам кўп айтилган. Москвада фаолият юритувчи “Қирғиз бирдамлиги” ташкилотининг 2008 йилда Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиевга юборган мурожаатномасида ҳам айнан шу масала кўтарилган.

Бирлашма раҳбари Абдиғани Шакировнинг айтишича, Россия фуқаролигини олиш билан иш топиб, пул ишлаб, одамлар ўз турмушини ўнглаш ҳаракатида бўлгани билан бу масаланинг иккинчи томони ҳам бор:

- Бир томондан, бизнинг фуқаролар яхши ишга ўрнашиб, яхши ойлик олаяпти. Бироқ, иккинчи томондан, шундай суръат билан фуқароларимиз бошқа давлат фуқаролигини олаверса, йигирма йилдан кейин Қирғизистон паспортинигина кўтариб юрган биронта ҳам қирғиз қолмаслиги мумкин, дейди Абдиғани Шакиров.

Мутахассисларга кўра, Қирғизистон иқтисоди қийинчиликдан чиқиб, мамлакатда иш ўринлари яратилмагунича, мамлакатдаги меҳнатга лаёқатли кишиларнинг пул топиш мақсадида бошқа давлат фуқаролигини олиш жараёни тўхтамайди, бу муаммони ҳал қилиш учун эса мамлакат расмийлари томонидан бирор-бир амалий чора кўрилмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, Россия ҳукумати 2008 йилда Марказий Осиё давлатларидан келаётган меҳнат муҳожирлари учун ажратилажак квотани деярли 1,5 баробарга қисқартиришини маълум қилган, бу ҳолат 2009-2010 йилларда ҳам сақлаб қолинди.

Бундан ташқари, сўнгги йилларда Россияда бу давлат фуқаролигига эга бўлмаган одамларнинг ишга жойлашиши қийинлашгани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG