Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:50

51. Пучга чиққан умидлар


A
A

Йигирма йилдан буён барча вилояту туманларнинг раҳбарларини ўзим чертиб-чертиб танлаб қўяман.

Улар дастлабки йилларда ўзларига билдирилган юксак ишончни оқлашга зўр бериб чиранади. Агар маҳаллий раҳбар сарҳадларимизга туташ жойларда фаолият кўрсатса, чегараларни мустаҳкамлайди, ҳарбийлар учун зарур шарт-шароит яратиб беради. Аксарият ҳолатларда муҳим бир ҳақиқатни унутишади. Яъни, кечаги билим ва тажрибалар билан ишлаш мумкин эмаслигини, ҳатто яшаш мумкин эмаслигини паққос эсидан чиқариб юборишади. Оқибатда ижтимоий-иқтисодий ҳаёт батамом жар ёқасига бориб қолади.

Ман маҳаллий раҳбарни жиддий огоҳлантираман: кўзингни оч, Учқўрғон яқин қолди дейман. Афсуски, кўзини ёғ босган раҳбар тегишли хулоса чиқармайди. Заиф томонлари тобора бўртиб кўзга ташланаверади. Аста-секин қариндош-уруғчилик, ошна-оғайнигарчилик, маҳаллийчилик гирдобига тушиб бораверадилар. Йирик ташкилотларга, ёғли жойларга бирин-кетин қариндош-уруғларини тайинлайди. Энди уларни назорат этиб бўладими? Уларга бурнингдан ошириб танбеҳ бериб бўладими? Халқ кўз ўнгида раҳбар обрў-эътиборини йўқотади, ишончни йўқотади. Энг ёмони шундаки, одамлар ҳақиқатга ҳам, адолатга ҳам ишонмай қўяди.

Қачонгача бундай нохуш иллатларга чидаб юрамиз. Нима учун бундай асоратларга қарши жамоатчилик кўтарилмайди? Чунки ҳамма ўзининг йиртиқ иштонини ўйлайди; кетимга чўп кириб кетмасин деб қўрқади.

Осмондан тушган топ-тоза дистелланган сув ҳам бир жойда узоқ туриб қолса айнийди, қуртлаб кетади. Тўрт-беш йилда ҳар қандай раҳбарни бемалол вазифасидан бўшатиб, жиноятларини бўйнига қўйиб қаматиб юбориш мумкин. Аммо эскисининг ўрнига тайинланган янги раҳбар жиноятни тўхтаб қолган жойидан давом эттириб кетаверади. Ғалати халқ экан бу раҳбар деганлари! Ё алҳазар!

Маҳаллий раҳбарлар икки-уч сидирға лавозимидан четлаштирилиб, беобрў қилинган кезларда халқ бироз қаддини тиклаб: “Хайрият, мазлумларнинг кўкрагига шамол тегадиган замон ҳам келар экан!” деб юради. Раҳбарлар уч сидирғадан сўнг яна-тағин пешма-пеш лавозимидан четлаштирилиб, улар йўл қўйган хато ва камчиликлар айтилавергач, одамларнинг ҳафсаласи пир бўлди. Раҳбарларни ишдан бўшатиб ишга тайинлаш Юртменбошининг ҳоббиси экан деган кўникма одамлар онгига сингиб қолди. Манимча, онгга сингдирилган кўникмадан қўрқмаслик керак. Кўникма одамни лоқайд қилиб қўяди.

Бироқ, одамлар онгига сингдирилган Ғоядан қўрқиш керак. Чунки одамлар онггига сингдирилган Ғоя эрта-индин моддий кучга айланади ва йўлида учрайдиган ҳар қандай ғовни енгиб ўтишга қодир бўлади. Демак, Кўникма – биз тараф бўлса, Ғоя – мухолифат тарафида бўлади. Худога шукр қиламанки, Ғоя улар тарафда бўлса-да, лекин бизда куч бор. Кимда куч бўлса, Адолат ҳам ўша тарафда бўлади. Темур бобонинг ибораси эса (“Куч адолатдадир!”) оми халқни лақиллатиш учун ўйлаб топилган сафсата, холос.

Раҳбарлик санъати тўғрисида жиддий ўйлаб кўрадиган вақт пишиб етилди. Йигирма йил давомида пучга чиққан умидлар бир жойга тўпланса борми, салкам ўттиз миллион тонналик улкан хирмон пайдо бўлади. Тўғри гапирсанг ҳам энди одамлар ишонмайди. Ҳаммани битта гапга уриб ишонтирай десанг, бир кишига биттадан уронғич тайинлаб қўйиш керак. Ундай қилинса, уронғичларнинг ўзини ким уради? Ҳамма ўзини ўзи урса, эҳтимол, мақсадга мувофиқ бўлар.

Яқинда “Темур тузуклари”ни нари суриб, Сталин бобонинг “Танланган асарлар”ини варақлаб кўрдим. “Ютуқлардан эсанкираш” мақоласи беихтиёр диққатимни тортди. Пири комил устознинг эътироф этишича, подадан ажралиб орқада қолган ҳайвонни ҳам, подадан ўзиб олдинга кетиб қолган ҳайвонни ҳам қамчи билан уриб подага қўшиб қўйиш керак; бу ишни чўпон бажаради, чўпон ибтидоий кўринишдаги раҳбар ҳисобланади. Аслида, раҳбарлик санъати чўпонликдан бошланган экан.

Ман Сталин бобонинг фикр-мулоҳазаларига қўшимча қилиб, чўпоннинг ўзи ҳам подага аралашиб юриши керак деган бўлар эдим. Сиз нима дейсиз? Ҳозирча бу саволни очиқ қолдираман.

Тажриба кўрсатадики, кимки раҳбар бўлса, аста-секин ўзининг оригинал санъатини намоён этаверади. Бировнинг усули бошқага тўғри келмайди. Нега деганда, шарт-шароит, ижтимоий муҳит айнан такрорланмайди. Ҳеч қачон ҳеч қаерда бир хил шароит бўлмайди. Макон ва замон ўзгариб туради, одамлар ҳам ўзгаради. Тарихий тажрибаларни бу дунёдан яшаб ўтиб кетган одамлар ўзлари билан гўрга олиб кетади. Келажак авлодга эса пучга чиққан умидларнинг пўчоғи қолади, холос. Ёнғоқнинг пўчоғини ёқиш мумкин. Рауф Парфига ўхшаган тежамкор одам бўлса, ҳатто ёнғоқ пўчоғини қайнатиб сувни қизартириб ичиши мумкин. Пучга чиққан умидларнинг пўчоғини нима қилиш мумкин?..
XS
SM
MD
LG