Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:56

53. Кампирияк


У манга мувозанатни сақлаб туриш учун лангарчўп ўрнида керак бўлган.

Гоҳида Калбошнинг, гоҳида Кампириякнинг пилигини кўтариб қўярдим. Улар нуқул ит-мушук бўлиб юрарди, бир-бирининг пайини қирқишга астойдил ҳаракат қиларди. Иккови ҳам бир-бирининг қадамини ўлчаб, ножўя босилган ҳар бир қадами тўғрисида манга мукаммал маълумот етказиб турарди; шу боис ким кимдан қачон қанча пора олганини, ким кимнинг одами эканини, катта-кичик мансабларнинг нарх-навосини беш қўлдай билар эдим.

Олой бозоридами, хусусий дўконлардами, супермаркетлардами ҳар қандай маҳсулотнинг баҳоси нечоғлик аниқ этиб белгилаб қўйилган бўлса, катта-кичик лавозимларнинг баҳоси ҳам шу қадар аниқ-кесма этиб белгилаб қўйилган эди. Бозорларда, дўконларда нарх-наволар ҳар хил сабабларга кўра гоҳ кўтарилиб, гоҳида пасайиб туриши мумкин. Аммо лавозимларнинг нархи муттасил равишда юқорига қараб ўсиб борарди. Чунки, азизлар, долларнинг баҳоси кўтарилиб, сўмнинг қадри тобора тушиб боряпти... Шу важдан лавозимнинг баҳоси ҳам кўтарилаверади. Устига устак, вакант жойнинг эски эгаси эҳтиётсизлик қилиб жиноят устида қўлга тушган бўлса, хавфсизлик кафолати учун ҳам устама ҳақ олинарди. Токим, берилган пора чиқариб олингунча муҳлат берилади; фавқулодда ҳодиса рўй бермаса, кафолат таъминланади...

Кампирияк сиртдан мулойим кўринарди. Унча-мунчага сир бой бермасди. Компартия таълимини олган эди; хўжалик соҳаларида эмас, партиявий лавозимларни поғонама-поғона босиб ўтган. Бурилиш нуқтасида Рашидовнинг кўрсатмаси бўйича Устозидан тонади, нафақат тонади, уни чалиб йиқитади, балчиққа қориб ташлайди. Шундан сўнг ошиғи олчи тушади. Қайта қуриш даврида дами қайтарилади, ўзини панага олишга мажбур бўлади.

Катта ноғорага ўйнашини билганим ҳолда зинапоянинг қуйи поғонасига қадамини тўғрилаб қўйдим. Орадан кўп ўтмасдан атрофида микромуҳит яратди: маҳаллий доирадан тарафдорлар тўплади, тарафдорларини унумдор жойларга экиб ташлади. Кимнидир депутат қилди, кимнидир юқорига суриб чиқарди. Кимдан қанча олишни, кимдан қаерда фойдаланишни жуда яхши биларди.

Устамонлигига фақат тан берардим. Арқонни узун ташлаб қўйдим. Майли, борган жойигача борсин. Барибир сомонхонадан ташқарига чиқиб кетолмайди.

Манга хиёнат йўлига ўтмади. Аксинча, йўғон еб, йўғон чичадиган раҳбарчаларни йўқотишим учун хизмат қилди. Ўзига йўл очиб бораверди. Садоқатини тўла-тўкис намоён этди. Шундай бўлса-да, баъзан Калбошни унга қарши олкишлаб қўярдим: обдон пийпалатардим, жонини xалқумига келтириб, ўлар ҳолатига етгач гўё марҳамат кўрсатган бўлиб бошини силардим. Жони манинг қўлимда эканини муттасил эслатиб турардим.

Кўнглимга йўл топиб, кўнглимга кириб олди. Охири Калбошни унинг чангалига ташлаб бердим, роса пийпалади – хуморидан чиқди, қисталоқ! Қўйиб бердим. Йиқитди. Бўш-баёвгина кимёгар жиянининг қулоғидан тортиб юриб Кутузов даражасигача кўтарди. Индамадим. Қарасам, ҳаддидан ошиб кетяпти. Дарҳол Авлиёқулни ишга солдим. Қафасдаги арслонни ёш бола қандай ўйнаб жиғига тегса, Авлиёқул ҳам Кампириякнинг қитиқ-патига тега бошлади. Оғзига намордник тақиб қафасдан чиқариб юбордим. Шаҳд билан Авлиёқулнинг устига ташланди; бетига чанг солиб қон чиқарди, аъзои баданини мўматалоқ этиб юборди. Ахийри ўзим аралашдим: Кампириякнинг кетига бир тепиб Байналмилал қўриқхонага учириб юбордим.

Қўриқхонада ҳовуридан тушириб батамом кўздан йўқотдим. Сўнг Кутузов ҳам узоққа бормади – чиққан жойига кириб кетди.
Кампирияк ниҳоятда эҳтиёткор махлуқ. Ўлаксани бир чўқиб атрофига тез-тез аланглаб оладиган ўлаксахўрга ўхшайди. Аммо Калбош билан бирлашса, катта кучга айланади. Оқибатда зимдан иш кўрадиган махфий гуруҳ пайдо бўлади. Саксонга қараб бораётган Кампирияк тўқсонни қоралаб қолган Калбош билан бирикиб сувни лойқалатиши мумкин. Лойқаланган сувда балиқ тутадиган овчилар ҳам¸ албатта¸ топилади.

Қандайдир бир чора кўрмасам бўлмайди. Улар ошкора равишда тўй-маъракаларга бирга-бирга боряптими, демак, ўзларида ўз кучига ишонч пайдо бўлган. Тўғри, атрофида юрган одамлар уларнинг ҳар қадами тўғрисида пешма-пеш маълумот етказиб турибди. Бундай маълумотларга қанчалик ишониш мумкин?..

Лаънатилар, худди ўчакишгандек қўл телефонидан ҳам фойдаланишмайди. Умуман, телефондан камдан-кам ҳоллардагина фойдаланишади. Ўшанда ҳам гап-сўзлари салом-аликдан нарига ўтмайди. Тулкилар, билишади – телефондаги гап-сўзлар нуқта, вергулигача қоғозга туширилиб столимга келиб тушишини яққол кўз олдига келтиришади.

Майли, сичқон-мушук ўйнамоқчи бўлсаларинг, ман унга ҳам розиман. Огоҳлантириб қўяй, оғайнилар, санлар шохида юрсанг, ман баргида юраман!
XS
SM
MD
LG