Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:50

Олойликлар Максим Бакиев кетишини талаб қилмоқда


Собиқ мудофаа вазири Исмоил Исақовни ҳимоя қилиш қўмитаси вакиллари ўз талаблари бажарилмаган тақдирда президент Бакиевнинг муддатидан аввал истеъфога кетиши талаби билан чиқишларини айтмоқдалар.
Собиқ мудофаа вазири Исмоил Исақовни ҳимоя қилиш қўмитаси вакиллари ўз талаблари бажарилмаган тақдирда президент Бакиевнинг муддатидан аввал истеъфога кетиши талаби билан чиқишларини айтмоқдалар.

Саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинган собиқ мудофаа вазири, генерал Исмоил Исақовни ҳимоя қилиш бўйича Олой туманида тузилган қўмита ўтган ҳафта сўнгида Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиевга сўнгги маротаба мурожаат юборди.

Қўмитанинг 60 аъзоси ҳамқишлоқлари номидан Тараққиёт жамғармаси раҳбари, президент ўғли Максим Бакиевга шу йилнинг 15 мартига қадар мамлакатни тарк этиш талабини қўйишди.

- Одамларни қийнаётган айнан Максим Бакиев бўлаяпти. Унинг қирғиз халқига хиёнати кечирилмайди. Қирғиз халқининг бойлиги ва пуллари чет давлатларга оқиб кетаяпти. Шунинг барчасига Максим Бакиев айбдор, деди Исмоил Исақовни ҳимоя қилиш бўйича Олойдаги қўмита раиси Айтпай Жээналиев талабномага изоҳ бераркан.

Мурожаатда, шунингдек, 11 январ куни 8 йилга қамалган ва генерал-лейтенант унвонидан маҳрум қилинган собиқ мудофаа вазири Исмоил Исақов, Ўш вилоят ички ишлар бошқармасининг гиёҳванд моддаларга қарши кураш бўлимининг собиқ раҳбари Алмазбек Эргешбаевлар ҳамда Петровка ва Балиқчи воқеалари бўйича айбланганлар озод қилинмаса, Максим Бакиев билан бирга отаси Қурмонбек Бакиевнинг ҳам муддатидан аввал лавозимидан кетиши талаб қилиниши айтилган.

- Отаси (президент Қурмонбек Бакиев назарда тутилмоқда - таҳр.) Бакиев, агарда оилавий бошқарувни, сиёсий таъқибларни, халқни алдашни тўхтатмаса, иқтидордан кетсин, деди Исмоил Исақовни ҳимоя қилиш бўйича Олойдаги қўмита раиси Айтпай Жээналиев.

Ўтган ҳафта сўнгида бўлиб ўтган йиғилишда қўмита аъзолари томонидан “Озодлик” радиоси қирғиз хизматини айрим ҳудудларда эфирга узатилмай қолгани ҳам тилга олинди:

- “Озодлик” радиоси ҳозирги давримизнинг холис, адолатли овози. Энди шуни ҳам ёпишса, бу билан амалдаги расмийлар обрўси бутунлай йўқотади, деди “Озодлик” радиоси ёпилишига қарши бўлган оқсоқол Ўрўз Мусаев.

Исмоил Исақовни ҳимоя қилиш бўйича Олойдаги қўмита раиси Айтпай Жээналиевнинг Озодлик радиоси қирғиз хизматига маълум қилишича, Олойда “Озодлик” радиосини ҳимоя қилиш қўмитаси тузилиб, ишга киришди ва радиони мамлакатнинг барча ҳудудларида эфирга узатиш талаби Қурмонбек Бакиевга юборилган мурожаатга ҳам киритилди.

Президентга мурожааат юборган олойликлар ўз талаблари бажарилмаса, мақсадларини амалга ошириш учун от ва пиёда юриш қилиб, ҳукуматга бўйсунмаслик акцияларини бошлашини эълон қилишди.

Айни пайтда Олой тумани ҳокими Алмазбек Ўсмўнов Исмоил Исақов тарафдорларининг асосий талаблари раҳбарларга етказилганини айтиб, уларнинг айрим талабларини ултиматум сифатида баҳолашини билдирди:

- “Озодлик” радиосининг эфирга узатилмай қолишининг маълум сабаблари бўлса керак. Мен билмаганим учун бунинг сабабларини айтолмайман. Бироқ мен ҳам “Озодлик”ни қўллайман. Айни пайтда бунақа қўмита тузишнинг кераги йўқ, деб ўйлайман. Буни қонун доирасида, музокара йўли билан ҳал қилса бўлади, деди Алмазбек Ўсмонов “Озодлик” радиоси қирғиз хизматига берган суҳбатида.
XS
SM
MD
LG