Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:19

"Алп Жамол" банк йўқ қилинди


"Келажак бугундан бошланади" деган гапни ўзига шиор қилиб кўтарган банк келажаги бугун барбод қилинди.
"Келажак бугундан бошланади" деган гапни ўзига шиор қилиб кўтарган банк келажаги бугун барбод қилинди.

Ўзбекистондаги “Алп Жамол” банки 10 март куни ўз фаолиятини тўхтатди. Ҳозирча расман эълон қилинмаган бу хабарни тасдиқлаган банк вакили ҳозирда “Алп Жамол”нинг бор-йўқ бойлиги давлатга қарашли "Халқ банки" ҳисобига ликвидация қилинаëтганини билдирди.

"Алп Жамол" банкнинг асосий филиаллари ва интернетдаги расмий сайти ҳам 10 мартдан бошлаб ўз фаолиятини тўхтатган.

Банк билан боғлиқ вазиятни равшанлаштириш мақсадида “Алп Жамол” банкининг марказий идорасига қўнғироқ қилдик. Бироқ телефонни ҳеч ким кўтармади. Шундан сўнг банкнинг Тошкентдаги Темир бозори яқинидаги Рудакий кўчасида жойлашган филиалига қўнғироқ қилдик.

- Йўқ¸ ҳозир ишламаяпти ака. Эртага телефон қилинг. Эртага айтамиз. Худо хоҳласа ишлайди ака¸ дейди Рудакий кўчасида жойлашган филиалда телефон гўшагини кўтарган ходим.

Бу филиал ходимининг сўзларидан банк ўз фаолиятини тўхтатганлигини ва яқин орада ишламаслигини аниқладик, холос.

Тошкентнинг Юнусобод даҳаси¸ Ниёзбек кўчасида жойлашган “Алп Жамол” банки бўлими ходими эса¸ анча сўзамолроқ чиқди:

- Банкимизнинг ҳозирча лицензияси олиб қўйилди, сўм валюта бўйича лицензиясини олишди. Бошқа кичик банкларга ким ошди савдосига қўйилди. Раҳбаримиз Фазлиддин Абдурашидов ҳозир ўз офисида, марказий офисда. Тўғриси, миш-мишлар жуда кўп, банкимизни ёпилиш-ёпилмаслиги масаласи Марказий Банкда тўрт кун очиқ турди. Лицензиянинг олиб қўйилиши сабабларини ўзимиз ҳам тушунганимиз йўқ, Марказий Банк ҳам сабабларини кўрсатмади. Тўғриси, қандайдир сабабларни кўрсатишган ўз хатларида, лекин бу банкнинг банкротлигидан эмас... Фуқаролар омонатлари “Халқ банки” бўлимига ўтказилди. Улар ўша ерда валюта ҳисобларини очишлари мумкин. Омонатлар фақат “Халқ банкига” ўтказилди. Бизнинг фаолият 10 мартдан Марказий банкнинг буйруғига биноан тўхтатилди¸ дейди "Алп Жамол" банки филиалларидан бирининг ходими.

"Алп Жамол" банкидаги вазият ҳатто унинг ходимлари учун ҳам тушунарсиз қолаëтган бир вазиятда¸ омонатларни қабул қилувчи банк - “Халқ банки”га қўнғироқ қилдик. Бу банк ходимидан ўрганганимиз бу бўлди:

- Сиз қайси валютада қўйган бўлсангиз¸ худди шу валютада шу шартлар асосида "Халқ банки"дан оласиз. Ўша муддатда. Ҳеч қанақа муаммо бўлмайди. Ўтди уже бизга. Шанба куни 100 фоиз ўтказилди. Хоҳласангиз¸ бу ëққа келиб ҳисоб-китобини қилиб кетишингиз мумкин. Книжкани топшириб¸ тартиб асосида¸ яъни маълум муддатга қўйган бўлсангиз ва олдинроқ оладиган бўлсангиз¸ фоиз тўланмайди. Фоизлардан аванс олиб қўйган бўлсангиз¸ улар кирмайди. Қандай тартибда бўладиган бўлса¸ ўша тартибда олиб кетишингиз мумкин. Бузилган бўлса¸ ўша тартибларда фоизларни ҳисоб-китоб қилиб олиб кетаверасиз. Мен билмадим. Менга топшириқ бўлган. Миллий хорижий валютадаги депозитларни¸ неча филиали бўлса¸ "Халқ банки" ва "Алп Жамол" банки раҳбарияти ўртасида келишув бўлди. Шунга асосан ўтказилди. Ўша тартиб ва шартлар асодида "Халқ банки" тўлиқ мажбуриятни олади. Миллий валютада қўйган бўлсангиз¸ миллий¸ хорижий валютада қўйган бўлсангиз¸ хорижий валютада ўша шартлар асосида. Мен ўзим шуғулландимда "Алп Жамол"дан бу ëққа ўтказиш билан. Бугун уже ҳамма нусхаларини олиб келганмиз. Паспорт нусхалари¸ договор¸ ҳамасини олиб келганмиз¸ дейди банк ходими.

Берилган изоҳ омонатларини "Алп Жамол" банкига қўйиб келган жисмоний шахсларга тегишли. Хўш¸ юридик шахслар¸ яъни ширкат ва корхоналарнинг "Алп Жамол"да мавжуд бўлиб келган ҳисоб рақамларию уларда сақланган омонатларига нима бўлади?

- Юридикларни ҳам бўлиб беради. Комиссия бор ўзларининг. "Алп Жамол" банкда комиссия бор. Комиссияга мурожаат қилсангиз¸ сизга айтади. Энди автоматик равишда ҳам ўтказиши мумкин. Ихтиëрий асосда ҳам ўзингиз хоҳлаган жойингизга ўтиб кетишингиз мумкин. Тугатилаëтган бўлса¸ тугатиш комиссиясига учрайсиз. Сизнинг маблағларингизни ҳал қилиб беради¸ дейди "Халқ банки" вакили.

1998 йил март ойида Ўзбекистон Марказий банки тақдим қилган лицензия асосида фаолият бошлаган "Алп Жамол" банкининг 2009 йилги соф даромади¸ расмий ахборотларда қайд этилишича¸ 5 миллиард 959 миллион сўм ( 3миллион 861 минг доллардан кўпроқ) бўлган.

Шундай қилиб¸ Ўзбекистондаги энг йирик 15 банкдан бири ҳисобланган¸ республика бўйлаб 5 та филиал, 17 минибанк, 46 валюта алмаштириш бўлинмаларига эга бўлган "Алп Жамол" тугатилди. Омонатлар мамлакат Марказий банки қарори билан бошқа банклар¸ асосан давлатга қарашли "Халқ банки" ҳисобига ихтиёрий-мажбурий тарзда ўтказилмоқда. Ўзбекистон молиявий тизимидан узиб ташланган бу йирик банк тугатилиши сабаблари сир тутилмоқда. Аммо хусусий банк активларининг давлат банкига ўтказилиши¸ айрим таҳлилчиларнинг Ўзбекистонда давлат ғазнаси бўшаб қолган ва ҳозирда Марказий банк нима қилиб бўлса ҳам уни тўлдиришга уринмоқда¸ деган тахминларида жон йўқ эмаслигини кўрсатмоқда.

Норасмий манбаларга кўра¸ "Алп Жамол" корпорацияси раҳбари Муҳиддин Асомутдинов Ўзбекистонда қочиб кетиб¸ хорижда бекинган.

Бундай амалиëт Ўзбекистондаги хусусий банкларга нисбатан аввал ҳам қўлланилган - 2005 йилнинг 19 март куни Марказий банк қарори билан ўша пайтдаги йирик хусусий банклардан бири "Бизнес банк" ноқонуний банк амалиëтларини амалга оширганликда айбланиб¸ лицензиядан маҳрум қилинган эди.

Мингдан ошиқ ширкат ва 70 мингдан ошиқ фуқарога хизмат кўрсатиб келган "Бизнес банк"нинг 50 миллион доллардан ошиқ активлари давлат ҳисобига мусодара қилинган эди.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда йўқ қилинган хусусий банклар рўйхатида "Рустам банк"ва "Парвина банк"номлари бор.

XS
SM
MD
LG