Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:36

Қирғиз депутатлари "SMS талоқ"дан ташвишда


Қирғизистонда расмий никоҳдан ўтмай оила қураётган ёшлар кўпаймоқда.
Қирғизистонда расмий никоҳдан ўтмай оила қураётган ёшлар кўпаймоқда.

Қирғизистонда "SMS " орқали талоқ олаётган аёлларнинг кўпайиб бораётгани мамлакат парламенти депутатларини ташвишга солмоқда. Шу боис депутатлар расман ЗАГСдан ўтмаган ёшларга диний никоҳ ўқишни таъқиқлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқдалар.

Ўшлик Динара бир неча йил аввал ўз ҳамқишлоғига турмушга чиқди. Улар фақатгина имомдан никоҳ ўқитиб оила қуришди. Ўртада икки фарзандли бўлганларидан сўнг, куёви “Мен бошқани топдим сен билан ажрашдик”, деб телефон орқали “SMS” жўнатди:

- Унга 5-6 хотин олмайсанми, қиз десам қизим, ўғил десам ўғлим бор, ўшалар борлиги учун бахтлиман дедим. Сен ўшаларни ўйламайсанми, уларни ўйлаганингда бундай қилмас эдинг, нега бундай деяпсан дедим. Шундан кейин у “ мен айбдор эмасман, ўзинг айбдорсан”, деб сообшениялар ёзиб юборди, шу билан оиламиз бузилди. Шундан кейин телефон ҳам қилмади, - деди Динара.

Қирғизистон парламенти депутатлари сўнгги пайтларда телефон орқали талоқ қилиб, ўз оилаларини ташлаб кетаётган эркакларнинг кўпаяётганидан ташвиш билдирмоқда.

Депутатларга кўра, бундан асосан фақатгина шаръий никоҳ билан оила қурган аёллар жабр кўрмоқда. Улар ажрашгач, собиқ турмуш ўртоғидан ҳеч қандай ҳақ ёки болалари учун алимент талаб қилиша олмаяпти.

Бундан ташвишланган Қирғизистон парламентининг айрим депутатлари мамлакат оилавий кодексига ўзгартиш киритишни таклиф қилишди. Айни пайтда мазкур қонун лойиҳаси парламентда муҳокама қилинмоқда. Мазкур қонун лойиҳасида оила қурмоқчи бўлган ёшлар энг аввало расман никоҳдан ўтмаган бўлса, имомларга никоҳ ўқишга рухсат берилмайди.

Юрист Анара Ниязова ҳам депутатлар ташаббусини қўллайди. У оила қуришда расман никоҳдан ўтиш, оиланинг мустаҳкам бўлиши омили деб ҳисоблайди:

- Биз дунёвий мамлакат бўлганимиз учун барча нарсанинг нормалари бор. Масалан, никоҳни юрдик томондан тузилган ҳужжат тасдиқлайди. Оила қурган ёшлар ўртасида ҳужжат бўлмагани сабабли, улар ажрашганидан кейин ҳеч нарсасиз қолишяпти, - деди юрист Анара Ниязова.

Бироқ Қирғизстон мусулмонлар диний бошқармаси депутатлар ташаббусини қўлламайди. Бошқарма вакиллари, агарда қонун қабул қилинса ҳам, никоҳдан ўтмоқчи бўлиб келган ёшларни никоҳлаш уларнинг мажбурияти эканини айтишмоқда.

Диндорларга кўра, Исломда ажрашишнинг ҳам ўз қонун қоидалари бор:

- Ажрашиш бизнинг Ислом динимизда жуда ёқимсиз иш бўлиб ҳисобланади. “Авғазул ҳалал” дейилади, ҳалол ишлардан, бироқ Аллоҳ ёқтирмаган жуда оғир ишлардан ҳисобланади, - дейди қирғизистонлик имом ўринбосарларидан бири Муҳамед Анаркулов.

Диндорга кўра, телефон ёки мактуб орқали талоқ қилиш оилани бузмайди ва талоқ ўрнида ўтмайди:

- Шариат қонунларида ҳам талоқ бир неча турга бўлинади. Масалан, бир талоқ деса, бир ажрашув бўлади. Уни жаҳл устида айтган бўлиши мумкин. Жаҳл ортидан аттанг қилиш мумкин. Эр - хотин бир - бирини кечиришса, қайта ярашишларига рухсат берилади.

Кейин икки талоқ бор, икки талоқда ҳам қайта ярашишга рухсат берилади. Сўнгра уч талоқ бор. Агарда уч марта қайта айтилган бўлса, шариатимиз бирга яшашга рухсат бермайди, - деди Муҳамед Анаркулов.

Унинг айтишича, талоқ ҳам гувоҳларнинг олдида ва хотини кўрсатиб туриб айтилиши керак.
XS
SM
MD
LG