Жалолободда ўзбек тилида чоп этилувчи “Дийдор” газетасининг 9 апрел куни номаълум шахслар томонидан ўққа тутилиши оқибатида, таҳририят биноси талофат кўрган. Маълумотларга кўра, 8 апрелдан 9 апрелга ўтар кечаси газета биноси олдида давлат рақами бўлмаган автомашиналар айланиб юрган. 9 апрел куни саҳарги соат тахминан 3.30ларда давлат рақами бўлмаган оқ рангли “Мерседес” енгил автомашинасида номаълум шахслар келиб, газета таҳририятини ўққа тутган.
“Дийдор” газетаси ходимларига кўра, жабрланганлар йўқ ва айни пайтда ҳуқуқ - тартибот идораларига мурожат қилинган. Газета бош муҳаррири Улуғбек Абдусаломов, “тахририятга нима сабабдан ҳужум қилишлари мумкин?”, деган савол атрофидаги мулоҳазаларини айтади:
- Кейинги вақтларда қирғиз тилида чоп этилувчи газеталарда миллатчилик руҳидаги мақолалар жуда кўпайиб кетди, Масалан¸ “Асман.кж”, “Нурэл” газеталари ва “ЭлТР” телеканалининг айрим кўрсатувларида. Шу масалалар одамларнинг ғашига тегди. Ва биз шу мақолаларга қарши мақолалар ёздик. Бу айрим одамларнинг ғашига теккан бўлиши мумкин. Бизни қўрқитмоқчи бўлишган бўлиши мумкин, деди Улуғбек Абдусаломов.
Унинг айтишича, бундан ташқари таҳририятнинг ўққа тутилишига шу йилнинг 8 апрел куни Жалолободда “Родина” партияси ҳамда Жалолобод вилоят ўзбек миллий маданий маркази томонидан ўтказилган кўп кишилик митинг сабаб бўлган бўлиши мумкин. Мазкур митингда, асосан ўзбеклар ва уларга хайриҳоҳ бўлган бошқа миллат вакилларидан иборат тахминан 4000 дан ортиқ одамнинг иштирок этгани айтилмоқда.
- Қирғизистонда тўпланиб қолган муаммолар кўп. Улар ҳал қилинмай қолиб кетаяпти. Оилавий бошқарув, порахўрликнинг кучайиб кетиши, давлат хизматчилари томонидан одамлар ҳуқуқининг паймол қилиниши борасида одамлар ўз фикрларини билдиришди, деди “Родина” партияси раҳбари Аъзамжон Акбаров, митингда кўтарилган масалалар тўғрисида гапирар экан.
Митинг иштирокчиларидан яна бири, “Дийдор” газетаси мухбири Мирзо Улуғбек Каримовнинг айтишича, бўлиб ўтган митинг сўнггида, ўзбек кадрларини етиштириш, ўзбек мактабларига дарсликлар етказиб бериш, мамлакатда ҳукум сураётган порахўрлик масаласини ҳал қилишни сўраб Қирғизистоннинг янги ҳукуматига мурожаат қабул қилинган.
- Янги келган ҳууматдан талаб қилдик. Мана шу ҳукуматга ҳам биз ўзбеклар бормиз, деган маънода қабул қилдик. Биз ҳукум ўтказмоқчимасмиз. Манабу Бакиевнинг коррупцияга ботган ҳукумати қилмади, энди сен бажариб бера оласанми? деган мақсадда чиққанмиз, деди Мирзо Улуғбек Каримов.
Митинг иштирокчиларига кўра, ушбу мурожаатни Қирғизистоннинг янги ҳукуматига етказиш вазифаси вилоят Ўзбек миллий- маданий маркази раиси Қодиржон Ботировга тоширилган.
Шу йилнинг 6 март куни Жалолободдда бўлиб ўтган Ўзбек миллий-маданий маркази қурултойида Қодиржон Ботиров “ҳукумат тепасида Қурмонбек Бакиев раҳбарлик қилар экан, Қирғизистон ҳеч қачон ривожланмаслиги”ни айтган эди.
“Дийдор” газетаси ходимлари Жалолобод вилоят Ўзбек миллий-маданий марказига қарашли мазкур газетага қилинган ҳужумнинг, президент Қурмонбек Бакиев тарафдорлари томонидан атайин провокация мақсадида уюштирилган бўлишини ҳам эҳтимолдан соқит қилмаëтирлар.