Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:32

Каримов пластик карточкаларни кучайтирмоқчи


"Пластик карточканинг нимаси ëмон? Бутун дунëда чет элга борсангиз¸ қопчиғини очса¸ 20 та пластик карточкаси бор" дейди оддий одамлар эътирозига жавоб берган Молия вазирлиги расмийси.
"Пластик карточканинг нимаси ëмон? Бутун дунëда чет элга борсангиз¸ қопчиғини очса¸ 20 та пластик карточкаси бор" дейди оддий одамлар эътирозига жавоб берган Молия вазирлиги расмийси.

Эндиликда Ўзбекистонда пластик карточкалардан фойдаланишга мажбурланувчилар сони янада кўпайиши мумкин - 19 апрел куни президент Ислом Каримов нақд пулсиз ҳисоб-китобни рағбатлантиришга оид қарор имзолади.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг “Банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори 2010-2011 йиллар давомида пластик карточкалардан фойдаланувчилар кўламини кенгайтиришни кўзда тутади.

Лекин Ўзбекистонда пластик карточкалар оммалашувига тўсқинлик қилаëтган омиллар талайгина ва шу боис аҳоли пластик карточкаларга ўз ҳаëтини осонлаштириш воситаси эмас¸ аксинча қарамоқда.

Мамлакатнинг кўп ҳудудларида банкоматлар мутлақ йўқ. Борларида ҳам пул йўқ. Аксар дўконларда терминаллар мавжуд эмас. Озодликка бўладиган кундалик қўнғироқларда ўзбекистонликлар пластик карточкалар билан боғлиқ ана шу муаммолардан шикоят қилишади.

Ўзбекистонда пластик карточкаларнинг муомалага киритилганига бир неча йил бўлди. Бюджетдан маош олиб ишлайдиган ходимлар маошларининг аввал 30 фоизи, кейин 50 фоизи пластик карточкаларга ўтказила бошланди. Ўтган йилнинг охири ва жорий йилнинг бошидан бошлаб баъзи жойларда ишчи-хизматчилар маошларининг 100 фоизи пластик карточкаларга ўтказила бошланди.

Сирдарёлик ўқитувчи Гулбаҳор опа пули пластик карточкага ўтказилганидан буён ўз пулига хўжайин бўлмай қолганини айтади.

- Ҳозир ойликларимизни 100 фоиз пластик карточкага ўтказаяпти. Нақд пул олмаяпмиз. Ҳаммасини пластикка ўтказаяпти. Нарсалар нақд пулга қараганда пластикка қимматроқ. Масалан¸ бир қоп Ховоснинг уни нақд пулга 23 минг бўлса¸ пластик карточкага 28 мингга оламиз. Ўртада 5000 фарқи бор. Бундан ташқари¸ шакарларни ҳам 2400 сўмдан оламиз. Нақд пулга 2000 сўмдан. Ëғнинг 5 литри нақд пулга 12500 сўм бўлса¸ пластикка 15-16 минг сўм. Банкка борсак¸ бизга нақд пулга алмаштириб бермайди. Менинг пластик карточкамга 250 минг пул ўтди. Кейин валюта алмаштирадиганларга бориб 20 фоиз бериб алмаштирдим. 250 минг пулимнинг 50 минггини олиб қолишиб¸ 200 минг пул беришди, дейди Гулбаҳор опа.

Ўзбекнинг, асосан, бозордан савдо қилиши ҳисобга олинса бозорларда терминаллар йўқлигини аҳолининг пластик карточкалардан фойдаланиш имконияти кескин чеклангани белгиси сифатида кўриш мумкин.

Тошкент шаҳридаги асосий бозорлардан бири Олой бозорида пластик карточкалар учун саноқли терминаллар ўрнатилган. Бозордаги мавжуд 134 та дўконнинг атиги ўнтасида пластик карточка билан харид қилиш имконияти яратилган.

Олой бозори маъмурларидан бири бозор қачон 100 фоиз терминаллар билан таъминланиши номаълум эканлигини айтади.

- Бозор қошида савдо харид корхонаси бор. Шу савдо харид корхонасида ҳамма қишлоқ хўжалик маҳсулотлари бор. Шулардан пластик карточка билан терминал орқали олиш мумкин. Лекин бозорнинг ўзида расталарда терминал йўқ.

Озодлик: Дейлик харидорнинг пули пластик карточкада.

- Савдо харид корхонаси орқали қишлоқ хўжалик маҳсулотларини олиш мумкин деяпманку.

Озодлик: Нимага? Масалан¸мен сиз айтаëтган савдо харид корхонасидан олгим келмайди. Чунки у қимматроқ.

- Деҳқонлардан олмоқчисизда.

Озодлик: Шундай. Чунки уларда арзонроқ. Лекин менда пластик карточка.

- Тўппа-тўғри. Мен сизнинг гапингизга 100 фоиз қўшиламан. Лекин бизда ҳеч кимда терминал йўқ. Деҳқонларда терминал йўқ.

Озодлик: Пластик карточкани йўлга қўйган билан бозорларда бундан фойдаланиш учун шароит йўқ эканда.

- Ҳозирча йўқ. Бўлиши керак. Бўлмаса бўлмайдию.

Озодлик: Қачон бўлади? Қўлида пластик карточкаси бор одам қачон Олой бозорида бемалол савдо қилиш имкониятига эга бўлади?

- Савол жавобсиз қолаяптида...

Озодлик: Демак¸ саволга жавоб йўқ-а?

- Йўқ, деди Олой бозори маъмурларидан бири.

Ўзбекистон Молия вазирлиги расмийси Нодир Ҳусанов эса мамлакатда пластик карточкалар билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини инкор қилади.

Озодлик: Нодир ака¸ ҳозир мен бу эшиттиришни тайëрлаш жараëнида ўргандимки¸ кўп жойларда банкоматлар ишламайди. Иккинчидан¸ кўп жойларда ҳали терминаллар йўқ...

Нодир Ҳусанов: Пластик карточка терминаллари ҳамма жойда бор ҳозир. Банкоматларда пул бўлмайдиган бўлса¸ ўша банкоматга қарайдиган банклар бор. Ўшаларга мурожаат қилиш керак. Банкоматда пул бўладию.

Озодлик: Шу пайтгача бизнинг радиога пластик карточка эгаларининг бирортасидан ижобий фикр келмадида...

Нодир Ҳусанов: Энди опажон¸ бутун дунë пластик карточкада ишлаëтган бўлса. Бутун дунëда чет элга борсангиз¸ қопчиғини очса¸ 20 та пластик карточкаси бор. Чўнтагида 20-30 доллар нақд пули бўлади холос.

Озодлик: Лекин уларнинг пластик карточкадан фойдаланишлари учун шароит яратилганда.

Нодир Ҳусанов: Бизда ҳам ҳозир борку шароитлар. Банкоматлар бор. Пластик карточкада нима қиладиган магазинларда ҳар хил расчëтный терминаллар қўйилаяпти.

Озодлик: Лекин кўп жойларда банкоматлар ишламайди. Чекка-чекка қишлоқларда ўқитувчилар¸ айрим жойларда пенсионерларнинг пенсиялари ...

- Опажон¸ бундай қилайлик. Бугун чиққан қарор бўйича қилаяпсизми? Энди асосий масала у ерда банк масаласи. Хабарингиз бор-а? Марказий банк масаласи. Молия вазирлиги ҳам иштирок этаяпти. Бир хат қилиб беринг Молия вазирлиги номига, кейин гаплашайлик, дея Ўзбекистон Молия вазирлиги расмийси Нодир Ҳусанов телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Маъруфжон Абдураҳмонов пластик карточкаларнинг оммалаша олмаётганига мамлакат иқтисодий механизмининг етарли даражада ривожланмаганини сабаб тарзида кўрсатади.

- Иқтисодий механизмни ишга солишадиган бўлса¸ одамлар нақд пуллар билан товар сотиб олган бўларди. Бугун банкоматлар бўш, пул йўқ. Иқтисодий механизм нормал ҳолатда бўлса¸ нақд пул муаммоси бўлмас эди. Ўз-ўзидан кўриниб турибди. Ўзи умуман иқтисодиëт ривожланишининг барча инфратузилмалари бир-бири билан мувофиқлашган ҳолда ишлаганда эди¸ нақд пул муаммоси ҳам бўлмасди¸ ишлаб чиқарувчилар ҳам кучаярди¸ харидорлар ҳам кучаярди. Одамларнинг қўлида қанчалик пул кўп бўлса¸ қанчалик тўлов қуввати юқори бўладиган бўлса¸ халқ хўжалигининг турли соҳалари ривожланади. Ҳамма механизмлар тўғри ва ўз вақтида ишлаган бўлганида эди¸ иқтисодиëт фақат гуркираб ўсган бўларди холос, дейди Маъруфжон Абдураҳмонов.

Ўзбекистон президентининг пластик карточкалар билан боғлиқ янги қарорида пластик карточкаларни ва нақд пулсиз ҳисоб-китобларни ҳимоя қилишнинг самарали механизми яратилганини қайд қилади.

Мазкур ҳужжатга кўра, эндиликда пластик карточкалардан тўловлар қабул қилиш бўйича терминаллар сони кўпайтирилиши кўзда тутилади.
XS
SM
MD
LG