Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:47

Фарғоналиклар ҳукуматга садоқат ҳақида кафолат бермоқда


Кафолат хатига қўл қўйган ҳар бир фуқаро¸ эндиликда ўз уйига кимнинг кириб чиққанию дастурхонига кимни таклиф қилганига қадар хавфсизлик хизматига ўзи хабар бериши лозим.
Кафолат хатига қўл қўйган ҳар бир фуқаро¸ эндиликда ўз уйига кимнинг кириб чиққанию дастурхонига кимни таклиф қилганига қадар хавфсизлик хизматига ўзи хабар бериши лозим.

Бундай тилхатларга мажбуран қўл қўйдирилаëтган фарғоналиклар қурол-яроғ сақламаслик, бегона одамларни ўз уйига киритмаслик¸ ҳукуматга қарши ташвиқотларни эшитмаслик каби мажбуриятларни ўз зиммасига олмоқда.

Айни кўринишдаги тилхатга имзо чеккан фарғоналик ҳуқуқ фаоли Аҳмаджон Маумаровга кўра, нусхаси кўпайтирилган тайёр ҳолдаги ушбу тилхатлар “Кафолат хати” деб номланган.

- Шахсан менинг хонадонимга келишиб тилхатга қўл қўйдиришди. Мен ҳеч қандай жиноятчи сифатида рўйхатда турмайман. Бизнинг участканинг бошлиғи ва яна битта майор келиб¸ кафолат хати беришди. Унда маҳалла комитети¸ посбон тасдиқлайман бу кишидан кафолат олишга¸ дейилади. Тилхатда “Мен уйимга бегона одамни қўймайман. Ҳар хил ҳукуматга қарши олиб бориладиган агитацион варақаларни ўқимайман. Қурол-яроғ қўймайман¸ наркотик моддалари сақламайман” деб ëзилган. Мен унга қўл қўйиб бераяпман¸ улар уни кафолатлашаяпти. Бундан ташқари сиз билан биз шахсан суҳбат ўтказаëтганимизни тасвирга олиб қўйишимиз керак¸ деб ҳаттоки телефонда суратларгача олишди. Шунақа қилиб кафолат хати ëздириб юришибди, дейди ҳуқуқ фаоли.

Аҳмаджон Мадумаровга кўра, у яшайдиган ҳудудда ушбу тилхатлар, асосан, ҳукуматга мухолиф фикрда бўлган шахслар, сиёсий маҳбусларнинг яқинлари ва диндорларга нисбатан мўлжалланган.

- 159-модда билан қамалганлар асосан¸ диндор одамлар, ҳукуматнинг оппозициясида турган одамлардан олаяпти. Олдин фақатгина қамоқхонадан қайтган ва Ҳизбут-Таҳрир ëки ваҳҳобий қилиб рўйхатга олинганганлардан тушунтириш хати олишарди. Ҳозирги тилхат бу печат қилинган¸ жимжимадор қилиб ëзилган. Менинг кўрганим шу Марғилон шаҳар мелисасининг бошлиғи тасдиқлайман деган шунақа тайёр хат, дейди Аҳмаджон Мадумаров.

Фарғоналик бошқа бир ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев эса мазкур “кафолат хати”га оммавий равишда барча аҳолининг имзо қўйдириш ҳолати кузатилганини айтади.

- Фарғона шаҳридаги бир неча кўп қаватли бинолар домкомлари шу домда яшайдиган аҳолидан қандайдир тилхат олаëтганига гувоҳ бўлдим. "Кафолат хати" деб ëзилган эди. Мен ўзим қизиқиб кўрсам¸ ўша хатда “Нотаниш бегона одамни уйимга қўймайман. Бизнинг яшаш жойимизда шубҳали бегона одам кўзга ташланадиган бўлса¸ бу ҳақда хабар бераман” деган кафолат хати экан, дейди ҳуқуқ фаоли.

Озодликка маълум бўлишича, айни кўринишдаги тилхатлар Қирғизистондаги 6-7 апрел воқеаларидан сўнг пайдо бўлган.

Абдусалом Эргашевга кўра, ҳукумат раҳбарлари Қирғизистон воқеаларида қатнашган қуролли кишиларнинг Ўзбекистон ҳудудига ўтиб келишидан хавотир олиб, айни тадбирни ўйлаб топишган.

- Мен қизиқиб кўрганимда айтишдики¸ Қирғизистон воқеаларида роса авж олган бир пайтда Қирғизистон президенти Бакиев бир неча юз нафар қуролланган қўриқчилари билан Жалолободга келган. Жалолободдан кейин Бакиев ўзи яқинлари билан қочиб кетгандан кейин унинг қўриқчиларининг тақдири номаълум бўлиб қолди. Менимча¸ Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари мана шу қўшни мамлакатда назоратдан четда қолган қуролланган шахслар кўпайиб кетганидан бизга ўтиб қолмасин¸ деб диққатини оширди шекилли. Мен сўраганимда ҳам мана шунақа деб тушунтиришди менга, дейди Абдусалом Эргашев.

Фарғоналик ўқитувчи Шукуржон аканинг Озодликка хабар қилишича, айнан Қирғизистон воқеаларидан кейин айрим мактабларда ҳам ўқувчиларнинг ота-оналаридан тилхат ёздириб олиш амалиёти қўлланилаяпти.

- Бу ерда энди “огоҳ бўлинглар” дегандай қилишиб¸ ëздиришаяпти. Болаларни¸ юқори синфларни масжидларга жўнатмайсизлар деган мазмунда. Энди мактаб раҳбарларини чақиришиб¸ ҳокимиятдами қаердадир йиғилиш қилишиб¸ буюришганда буларга. “Бориб коллективга етказасан. Ўқитувчилар¸ синф раҳбарлари¸ тарбиячилар ўқувчиларни¸ айниқса¸ юқори синф ўқувчиларини бозорларга¸ масжидларга яқинлашмаслигини таъминлайсизлар” деган. Бунинг учун ота-оналар билан бевосита мулоқотда бўлиб кафолат хати ëздириб олаяпти. Ҳайрон қолаяпман. Олдин ким биландир олди-сотти қилинса тилхат ёздирилар эди. Энди эса... Ҳозир Ўзбекистонда Қирғизистон инқилобидан кейин аҳвол жуда чатоқлашган. Раҳбарларимиз оëғи куйган товуқдай бўлиб қолган. Жуда қўрқишади. Шунга ҳар хил нарсаларни ўйлаб топишаяпти булар, дейди фарғоналик ўқитувчи.

Мустақил манбаларнинг Озодликка маълум қилишларича, “кафолат хати” тадбири маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари билан маҳалла қўмиталари ҳамкорлигида йўлга қўйилган.

Фарғона шаҳар маҳалла қўмиталаридан бирининг ходими айни тадбир ҳақиқатдан ҳам Қирғизистон воқеаларидан кейин амалга оширилаётганини тан олди.

Суҳбатдошнинг айтишича, Ўзбекистон фуқароларининг аксар кўпчилиги ўз бурч ва мажбуриятларига бепарво бўлиши инобатга олиниб, “кафолат хати” орқали уларни огоҳликка чорлаш ва ҳукумат ва ватанга содиқлигини кафолатлаш мақсад қилинган.
XS
SM
MD
LG