Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:03

Зеромакс нефт ва газдан айрилди - UzGazOil ëпилди


UzGazOil йиллардан бери Ўзбекистондаги бошқа шаҳобчаларни синдириб келаëтган эди.
UzGazOil йиллардан бери Ўзбекистондаги бошқа шаҳобчаларни синдириб келаëтган эди.

Ўзбекистон иқтисодининг аксар соҳаларини ўз назоратига олган Зеромакс ширкатининг асосий қисми бўлган нефт ва газ бўлимининг ҳукумат тасарруфига ўтказилгани оқибатида мамлакат бўйлаб UzGazOil бензин қуйиш шаҳобчалари ëпилди.



Ўзбекистонда Зеромакс ширкатининг UzGazOil - УзГазОйл шўъба корхонасига қарашли ёқилғи қуйиш шаҳобчалари ёпилди.

Ўзбекистон вилоятлари, жумладан Фарғонада УзГазОйл ёқилғи қуйиш шаҳобчалари ёпилганига икки-уч ҳафта бўлиб қолди, дейди фарғоналик тадбиркор Абдурашид.

Абдурашид: УзГазОйлнинг иккита заправкаси бор эди. Ўша иккаласи ҳам ишламаяпти. Бир ой бўлгани йўқ. Уч ҳафтага яқин бўлиб қолди.

Озодлик: Нимага ëпилибди у?

- Айтишлари бўйича¸ текширув дейишаяпти. УзГазОйлнинг началнигини текширишибди¸ дейишди. Тошкентда бой одамларни текшираяпти эканку. Бизга олигархлар керак эмас¸ деган гап бўлган экан. Текширишаяпти экан. Ўшанга ëпиб қўйишибди¸ дейди Абдурашид.

Қўқонда ҳам УзГазОйлнинг иккита шаҳобчаси бор, улар ҳам ёпилганига икки ҳафтача бўлиб қолди, дейди қўқонлик Алишер ака.

Алишер ака: УзГазОйлнигн заправкалари берк. Бир ҳафта¸ 10 кун бўлиб қолди. Бензин сотмаяпти. Ҳаммаси жимжитлик¸ ўтирибди.

Озодлик: Нимага ëпилибди?

Алишер ака: Нимани олиб кириб қўйибди¸ деган гаплар юрибди.

Озодлик: Кимни олиб кириб қўйибди?

- Одил аканида¸ дейди Алишер ака.

Қўқонлик тадбиркор Алишер ака "Одил акани олиб кириб қўйишибди", деганда шу кунларда Зеромакс ширкатининг бош ижрочи директори Миродил Жалоловнинг ҳибсга олинганига оид гаплар кенг тарқалганини назарда тутмоқда.

Абдурашид ҳам, Алишер ака ҳам вилоятдаги бошқа ёқилғи қуйиш шаҳобчалари ишлаётганини маълум қилди.

Абдурашид: Бошқа заправкаларнинг ҳаммаси ишлаяпти. Фақат УзГазОйл ишламаяпти.

Озодлик: Бензинчи¸ бензин етарлими?

- Бензин танқислиги йўқ. Сезилгани йўқ. Бошқа заправкаларда бор. Оддий заправкаларда қанақа бўлган бўлса¸ шунақа сотилаяпти¸ дейди Абдурашид.

УзГазОйл ширкати билан боғлиқ вазиятни билиш учун мазкур корхонанинг Тошкентдаги идораси билан боғландик. Корхонанинг шаҳобчаларга ёқилғи етказиб бериш бўйича мутасаддиси, у кишининг исмини айтмасликни маъқул кўрдик, УзГазОйл шаҳобчалари вақтинча ёпилганини айта туриб бу манба душанба кундан бошлаб Тошкент шаҳридаги ёқилғи қуйиш станцияларининг ишга тушганини таъкидлади. Лекин суҳбатдошимиз, бошқа вилоятлардаги шаҳобчалар қачон ишга тушишини айтиб бера олмади.

Озодлик: Менинг исмим Фаррух. Журналистман. Озод Европа радиосидан телефон қилаяпман. УзГазОйлнинг заправкалари ëпилибди¸ деган хабар олдикда. Нимага ëпиб қўйдинглар?

- Просто йўлда транспорт задержка бўлган. Вагонлар ҳозир келди. Тарқатилаяпти ҳамма ëққа. Вагонларни вақтида етказиб олиб келишмаган.

Озодлик: Ҳозир очилаяптими УзГазОйлнинг шаҳобчалари?

- Ҳа¸ ҳозир ҳамма ëққа тарқатилаяпти.

Озодлик: Фарғонадаги станциялар бугун очиқми?

- Фарғонадагилар ҳали очиқмас.

Озодлик: Қаердагилар очиқ?

- Тошкентдагилар очилди ҳозир.

Озодлик: Тошкентдагилар ҳам бекилган эдида-а икки-уч кунга?

- Ҳа¸ бугун эрталабдан бекилган эди.

Озодлик: Қачон ҳамма станциялар тўлиқ ишга тушади?

- Бу ҳақда менда маълумот йўқ.

Озодлик: Бошқа вилоятлардагичи? Масалан¸ Бухоро ëки Самарқанддагилар.

- Шу ҳақда айтаяпманда. Ҳали маълумот йўқ. Бизларга ярим ой¸ бир ойдан кейин ҳаммаси очилади¸ деб айтилган. Ҳозир ëпилганига бир-икки ҳафта бўлди. Бир-икки ҳафтадан кейин яхши бўлиб қолади.

Озодлик: Қайси жойларда ëпилган? Фақат Тошкентдагилар очиқ¸ холосми?

- Бошқа вилоятларда ишламаяпти.

Озодлик: Ҳаммаси бўлиб неча шаҳобча ишламаяпти бугунги кунда?

- Сонини мен билмайман ака. Тўғрисини айтсам¸ ҳали нечтаси ишлаяпти¸ нечтаси ишламаяпти олиб қараганим йўқ¸ дейди УзГазОйл вакили.

УзГазОйл вакили Зеромаксга нисбатан маъмурий чоралар кўрилгани ҳақидаги хабарлар¸ қолаверса ширкат бошлиғи Миродил Жалоловнинг ҳозирда қаердалигини изоҳлашдан бош тортди.

Озодлик: УзГазОйлга¸ Зеромаксга штрафлар бор экан¸ деган гап-сўзлар бор. Бу гапларда қанчалик асос бор? Миродил аканинг проблемалари пайдо бўлибди ...

- Без комментариев¸ дейдими. Мен бунақа нарсаларни сиздан эшитаяпман. Ака¸ энди биласизку¸ одамлар тили билан юради.

Озодлик: Миродил ака қаерда ҳозир?

- Бу ҳақда бир нарса дея олмайман¸ деди УзГазОйл вакили.

Айни пайтда, президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишли экани айтиладиган Зеромакс ширкатига яқин манбанинг Озодлик радиосига айтишича, Зеромакс ширкатининг асосий йўналиши ҳисобланиб келган нефт ва газ билан шуғулланувчи бўлимнинг тугатилгани ва бу соҳанинг ҳукумат назоратига ўтгани сабаб УзГазОйл шаҳобчалари ёпилган.

“Бизда газ ва нефт бўлими тарқатиб юборилди. Зеромакс ширкати ҳозирча кончилик, қишлоқ хўжалиги ва текстил соҳаларида фаолиятини давом эттирмоқда”, деди суҳбатдошимиз.

Айни манба ўтган дастурларимиздан бирида, Зеромакс ширкати хўжайинлари Гулнора Каримова ва Миродил Жалолов билан Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев ўртасида низо чиққани ҳамда Мирзиёев Ўзбекистон газ экспорти назоратини Зеромаксдан тортиб олишга ҳаракат қилаётганини гапириб берган эди.

Озодлик радиосининг, "Мирзиёев ўз мақсадига эришдими?", деган саволига суҳбатдошимиз, “газ ва нефт соҳасидаги барча ишлар ҳукумат тасарруфига ўтди”, дея гапни қисқа қилди.

- Ўтган сафар Миродил Жалоловнинг ҳибсга олинганини инкор қилган эдингиз, ҳозир яна Жалоловнинг ҳисбга олингани ҳақида хабарлар пайдо бўлди, деган саволимизни ҳам суҳбатдошимиз жавобсиз қолдирди.

“Бу ҳақда ҳозир ҳеч нарса дея олмайман”, деди Зеромакс ширкатига яқин манба.

Айни пайтда, президентнинг қизларидан бирига тегишли экани айтиладиган яна бир ширкат, ўзбекистонлик савдогарлар орасида номи чиққан Абу Саҳий фирмаси фаолиятининг ҳам тўхтатилгани айтилмоқда. Ҳар қалай фарғоналик тадбиркор Абдурашид кейинги ҳафталарда бу фирма хизматларидан фойдалана олгани йўқ.

- Яна Абу Саҳий деган фирма бор эди. У ҳам ëпилибди. Ишламаяпти экан. Ҳозир бизга товарлар келмаяпти. Бизга товар олиб келиши керак. Аниқ гап. Товар келмаяптию. Қоғоз келиши керакда. Хитой томондан келса керак бу нарса. Ўша нарса келмаяпти. Келмаëтганига тўрт ой бўлди. Ўзбекистон бўйича йўқ у қоғоз. Абу Саҳий проверкага бекилган¸ дейишаяпти¸ дейди Абдурашид.

Абдурашиднинг гапларини Абу Саҳий фирмаси вакили ҳам тасдиқлади.

- Ассалому алайкум.

Озодлик: Абу Саҳий фирмасими?

- Ҳа.

Озодлик: Яхшимисиз синглим? Фирма ишлаяптими? Товар олиб келаяпсизларми?

- Йўқ¸ янги молларни ҳозирча қабул қилмаяпмиз.

Озодлик: Нимага?

- Контрактимизнинг вақти тугаганлиги сабабли. Май ойларида телефон қилсангиз.

Озодлик: Контракт нимага тугаб қолди?

- Акажон¸ 1 майда телефон қилсангиз¸ айтиб юборамиз. Соғ бўлинг¸ хайр¸ деди Абу Саҳий фирмасининг ширинсўз вакиласи.
XS
SM
MD
LG