Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:56

Хайрулла Ҳамидов устидан маҳкама бошланди


Хайрулла Ҳамидовга ноқонуний диний гуруҳ тузганлик айби қўйилмоқда.
Хайрулла Ҳамидовга ноқонуний диний гуруҳ тузганлик айби қўйилмоқда.

29 апрел куни Тошкент вилоят суди ҳайъати футбол шарҳловчиси ва диний-маърифий дастурлар муаллифи Хайрулла Ҳамидов ва яна 14 айбланувчи ишини кўриб чиқишни бошлади. Жараëн Тошкент вилояти Янгийўл тумани Гулбаҳор посëлкасидаги суд биносида ëпиқ тарзда ўтказилмоқда.

29 апрел куни Хайрулла Ҳамидов устидан маҳкама жараëнининг бошланиши ҳақидаги хабар ортидан журналистнинг онаси Муқаддас опа билан боғландик.

Хавотир ва ҳаяжондан зўрға нафас олаëтган онахон¸ Хайрулланинг отаси ва турмуш ўртоғининг Янгийўлга судга кетгани ҳозирда ўзи ҳам уларнинг йўлига кўз тикиб турганини айтди.

- Бошланади¸ деяпти. Бугун аниқ маълум бўлади дейишган. Уйдагилар кетишган¸ ҳали келишгани йўқ. мени олиб боришмади.

Озодлик:
Тошкент вилоят судида бўлади-а бу?

- Ҳали қаерда бўлиши номаълум. Бугун хабар олишга кетишди. Қани келишсинчи. Тошкент вилоятида деган эди. “Тошкент вилоятида бўлмайдиган бўлиб¸ четроқда бўлармиш” деган гап келди¸ деди Хайрулла Ҳамидовнинг онаси Муқаддас опа.

Орадан икки соат ўтиб¸ яна Хайрулланинг уйига сим қоқдик. Бу гал телефон гўшагини эндигина Янгийўлдан қайтган Хайрулланинг отаси кўтарди.

Озодлик: Ассалому алайкум¸ Хайрулланинг суди бошланибди¸ деб эшитдик.

- Ҳали тамом бўлмабди.

Озодлик: Бугун бошландими?

- Ҳа.

Озодлик: Бордингларми?

- Ҳа. Киритаëтгани йўқку. Унинг олдига фақат адвокатни киргизаяпти.

Озодлик: Сиз кирмадингизми судга?

- Йўқ. Суд ëпиқку.

Озодлик: Умуман ҳеч қайсингларни киритмадими?

- Йўқ¸ фақат адвокатлар.

Озодлик:
Янгийўлдаги Гулбаҳор маҳалласида бўлдими?

- Ҳа.

Озодлик: Машинада келганини¸ тушганини кўрдингларми ҳеч бўлмаса?

- Йўқ¸ унақасига кирадию.

Озодлик:
Судда бугун нималар бўлибди? Адвокат нима деяпти?

- Ҳали билмаймиз. Кечқурун биламиз.

Озодлик: Яна қанчага чўзиларкан?

- Билмайман. Адвокат ҳам билмайди.

Озодлик:
Соғлиғи яхши эканми?

- Яхши.

Озодлик:
Суд бугун ҳукм ўқиши ҳам мумкинми?

- Йўқ. Ҳали билмаймиз¸ деди Хайрулла Ҳамидовнинг саноқли дақиқалар аввал Янгийўлдан қайтиб келган отаси.

29 апрел куни Янгийўл туман Жиноят ишлари бўйича судида бошланган жараëнни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ҳам¸ судланувчилар яқинлари билан бирга¸ суд биносидан анча масофадан туриб билвосита кузатди.

Суръат Икромов:
Суд бугун соат 11 ларда бошланди. Суд ëпиқ бўлгани учун яқин қариндошлари¸ бизнинг ташкилотдан кўришга одамлар¸ журналистлар борди¸ ҳеч кимни қўйишмади. Суд биносидан икки километр беридан кўчаларни ëпиб қўйишган. Милиция жуда кўп. Машиналар қўйилмаяпти. Суд биносига 300-400 метр қолганда ундан ҳам кўп милиция қўйган. Бетон плиталари билан ҳамма кўчалар ўраб олинган. Ҳамма судланувчиларни машиналарда олиб келишди. Ичкарига олиб кириб кетишди.

Озодлик: Суд Янгийўлда бўлаяпти-а?

Суръат Икромов:
Янгийўл туманининг Гулбаҳор деган шаҳри бор. Олдин қишлоқ дейилган. Ҳозир шаҳар типидаги кичкинагина жой. Ўша ерда Янгийўл тумани Жиноят ишлари бўйича суди бор. Судя ва қолганлари Тошкент вилоят судиники.

Озодлик:
Демак суд қилаëтганлар вилоятники¸ суд биноси районники.

Суръат Икромов:
Тўппа-ўғри.

Озодлик: Нечта болани суд қилишаяпти?

Суръат Икромов: Бугун 15 кишини суд қилишаяти. Шуларнинг бири Хайрулла Ҳамидов. 27 апрел куни худдди мана шу мотивлар билан қамалаëтганларнинг 13 тасининг устидан суд бошланган. Мана бугун бу суд бошланди. 13 таликни кейинги ҳафта қараса керак. Бирин-кетин қарайверади. Бундан олдин апрел ойида 11 таники ўтган. Бизларга у пайтда номаълум бўлган. Кейинчалик ҳукм ўқилгандан кейин бизлар информация олдик. Уларга 5 йилдан 7 йилгача қамоқ жазоси берилган.

Озодлик:
Булар ҳаммаси битта иш-а?

Суръат Икромов:
Ҳа битта иш. 39 та одам бўлган. Ўзи аслида январ ойида тахминан 60 га яқин одам ҳибсга олинган. Буларнинг ҳаммаси тергов изоляторларида бўлишган. Бир кеча кундан кейин буларнинг уйларига бориб тинтув қилиб¸ диний масала бўйича қандайдир дискми¸ китобми чиқса¸ уларни қолдирган¸ қолганларни чиқариб юборган. Ўшанда 39 та одам қолган.

Озодлик:
Буларнинг ҳаммаси битта амри-маъруфда бўлганми?

Суръат Икромов:
Ақиқа бўлган Чинозда. Бир одам фарзанд кўрган экан. Шунга яқинларини¸ қўшниларини¸ танишларини чақирган экан. Мен ҳозир судланувчиларнинг бир нечтасининг яқинлари билан учрашдим ўша ерда. Буларнинг айтишича¸ ўша ақиқада бўлганларнинг ҳаммасини олиб кетган. Булар ўшанда ҳар хил диний масалалар бўйича гаплашишган тўғри. Катта залда ўтиришиб гаплашиб ўтиришган. Кимдир савол берган¸ кимдир қанақадир жавоб берган бўлса керак. Мана шунақа гаплашиб ўтирилган. Ўша пайтда эсдаликка қолиш мақсадида видеога олинган экан. Уйнинг эгасининг яқинлари видеога олган. Бир неча кундан кейин бу Ички ишлар вазирлигига¸ бошқаларга етиб борган. Кейин буларни текшира бошлашган. Менимча¸ шу кейин асос бўлиб қолганки ўша ерда ўтириб диний масалаларни гаплашишган дейишга. Шу бўйича ҳибсга олина бошланган.

Озодлик:
Қўйилаëтган айб ноқонуний диний гуруҳ тузганликми?

Суръат Икромов:
Ҳа. Ўша пайтда ҳаммасига 216-модда қўйилган. Кейинчалик 244-моддани ҳам қўшишган. 216-да қолганларнинг беш-олтитасини чиқариб юборган. Озод қилмаган¸ чиқариб юборган. Тилхат орқалида. Барибир улар судда иштирок қилаяпти. Фақат судга уйидан бориб келишаяпти. Асосийларини тергов изоляторидан олиб келишаяпти.

Озодлик: Апрелда тугаган суд 11 тасига 5 йилдан 7 йилгача қамоқ жазоси тайинлади¸ дедингиз. Бундан келиб чиқадики¸ бугун суди бўлаëтган болаларни ҳам кескин ҳукм кутаëтган бўлиши мумкин.

Суръат Икромов:
Шунақа бўлиши мумкин. Нимагаки агар фақат 216-модда қолса эди¸ унақа катта жазо бўлмас эди. Жарима ëки шартли жазо бериб чиқариб юбориши мумкин эди. Кейинчалик 244-моддани қўшишган. Шунинг учун қанақадир муддат берса керак деб ўйлаймиз. Суд энди бошланди. Ичкарида нима бўлаëтганини адвокат орқали билиб кўрамиз.

Озодлик:
Демак¸ ақиқада Хайрулла амри-маъруф ўқиган¸ саволларга жавоб берган. Уни эшитганларга шунча йил берган экан¸ Хайруллага бундан ҳам кескинроқ бўлиши мумкин¸ тўғрими?

Суръат Икромов:
Бу ерда ҳар хил бўлиши мумкин. Бизлар ҳали шу пайтгача тергов органининг айблов хулосасини олганимиз йўқ. Буни ҳам нимагадир қаттиқ сир тутишаяпти. Ҳамма адвокатларга ҳам берилмаган¸ дейишаяпти. Шунинг учун бу ҳозир номаълум. Ҳозирча у ерда нима саволлар берилган¸ тергов жараëнида нималар бўлгани номаълум.

Озодлик: Адвокат кирдими ўзи жараëнга?

Суръат Икромов: Адвокат кирган. Ўзининг адвокатлари бўлса¸ қўяяпти. Адвокатлар ҳам биласизми¸ мен Хайрулланинг яқин қариндошлари билан гаплашдим. Нимагадир ҳамма нарсани очиқ гапиришга иштиëқи йўқми ëки тергов органлари сал қўрқитиб қўйганми адвокатини¸ шунақа бўлиши мумкин. Нимагадир биринчи адвокат ҳимоядан отказ қилган. Ҳозир бошқа адвокат олишган.
Ҳозир аëл киши экан.

Озодлик:
Умуман гапирмаяпти у ҳозир.

Суръат Икромов:
Биласизми бу ерда вазият шундайки¸ тергов органлари адвокатларни жуда қаттиқ қўрқитишади. “Информация чиқиб кетади. Интернетда чиқади¸ радиода гапиради” деган маънода бу информациянинг ҳеч қаëққа чиқиб кетишини хоҳламайди. Шунинг учун адвокатларга қаттиқ тайинлашади. Бир хиллардан қоғоз ëздириб олишади. Биз ҳам¸ судланувчиларнинг қариндошлари ҳам бўлаëтган нарсалар ҳақида ахборотга эга эмасмиз.

Озодлик:
Суд эртага яна давом этадими?

Суръат Икромов: Бу ҳозир номаълум. Ҳозир бу судда иккита нима 11 кишилик ва 15 кишилик кўрилаяпти. 15 кишиликда Хайрулла бор. Ўтган куни 13 талиги бўлган. Кейинги ҳафтага кимники олдин¸ кимники кейин бўлади буни айтиш қийин.

Озодлик:
Суд чўзилиб кетмаса керак-а?

- Мен ўйлайманки¸ камида икки ҳафта бўлса керак¸ дейди Янгийўлдаги суд жараëнини билвосита кузатаëтган ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов.

Футбол шарҳловчиси¸ кўп ўтмай Наврўз радиоси орқали эфирга узатилиб¸ сўнгра дискларда сотила бошланган диний дастурлари билан ўзбекистонликлар¸ айниқса ëшлар орасида танилган Хайрулла Ҳамидов шу йил 21 январ куни ҳибсга олинган эди.

Аввалига Тошкент вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳибсхонасида сақланиб¸ кейинчалик Тоштурмага ўтказилган Хайрулла Ҳамидовга дастлаб Ўзбекистон Жиноят кодексининг 216- моддаси бўйича “ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш ёки уларнинг фаолиятини тиклаш, шунингдек, бундай бирлашмалар ёки ташкилотлар фаолиятида фаол қатнашиш” айби қўйилди.

Аммо февралда бу айб олиб ташланиб¸ эндиликда Хайрулла Ҳамидовга 244-моддаси 1-қисми: Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайëрлаш ва тарқатиш айби қўйилмоқда.

Озодлик Хайрулла Ҳамидов ва у билан бирга судланаëтганлар ишини имкон қадар яқиндан кузатиш уринишларини бундан сўнг ҳам давом эттиради. Ëпиқ эшиклар ортида ўтаëтган бу жараëнга оид ахборот ва маълумотларни шарҳ катакчасига ëзиш орқали Озодликка йўллашингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG