Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:26

Эркин микрофон - Қизил хочдан сўнг сиëсийлар калтакланган


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Бу гапни яқинда ўз турмуш ўртоғи¸ ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармонов билан учрашиш учун Жаслиқ қамоқхонасига бориб келган Озод Ëқубова етказди.

Жаслиқда "сиëсий"ларни қийнашмоқда...

29 апрел куни Озодлик билан боғланган илк суҳбатдошимиз жиззахлик Озода Ёқубова бўлиб, у яқинда Жаслиқ қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган эри Аъзам Фармонов билан учрашгани ва эрига нисбатан руҳий қийноқлар қўлланилаётгани ҳақида хабар қилди.

- 64/71 Жаслиқ зонасида. Болаларим¸ қайнонам бирга борган эдик. 21 апрел куни учрашувга кирдик. Икки кун учрашув беришди. Ўтган сафар январ ойида борганимизда хўжайинимни бир суткадан кейин олиб чиқиб кетишган эди. Сабабсиз учрашув ўтаëтган жойдан олиб чиқиб кетишган эди. Кейин маълум бўлишича¸ менинг ëнимдан олиб чиқиб кетгандан кейин менинг хўжайинимни Нукусга чиқариб юборишибди. Нукусда вақтинчалик сақлаш нимасига олиб бориб қўйишган. Шу ерда шу кун оч қолишган. Кейин буларни Нукусга турмага жўнатишган. Кейин яна Жаслиққа қайтариб олиб келишибди. Мени чиқариб юборган куни Жаслиққа Xалқаро Қизил хоч ташкилоти вакиллари боришган. Мен уларнинг кириб кетаëтганини ўз кўзим билан кўрган эдим. Билдимки¸ буларни Нукусга олиб кетиб яшириб қўйишган. Улар кетгунча¸ бу кишини Нукусдаги турмада сақлашган. 19 март куни яна қайтадан Нукусга жўнатиб юборишган. У ерда 28 мартгача сақлашган. 28 март куни яна Жаслиққа қайтариб олиб келишган. Кейин ëлғиз ўзларини бир кишилик камерада санчастга ëтқизишган. Изоляцияга ўхшаган нарса экан.

Озодлик: Бирор бир қийноқ ëки бошқа ҳолатлар кузатилганми?

- Жисмоний қийноқлар қўлланилмаган¸ лекин руҳий қийноқлар тинимсиз бўлиб турибди. Ҳаттоки мажбурлаб “менга нисбатан қийноқ ўтказилмаяпти” деб ëздириб олишган. “Мен ëзмайман бунақа нарсани” деб норозилик билдирсалар¸ “Сен бола-чақангни ўйлагин. Агар ëзмайдиган бўлсанг¸ ўзингга қийин бўлади” ¸ деган гаплардан кейин ëзиб берган.

Озодлик: Бошқа сиëсий маҳбусларга қийноқлар бўлаëтгани тўғрисида айтдиларми?

- Халқаро Қизил хоч ташкилоти кирганда диний маҳбуслар Қизил хоч билан гаплашишдан бош тортишган. Улар Рустам Усмонов деган маҳбусни учраштиришган. Рустам Усмонов банк соҳаси бўйича ишлаган одам. Рустамбанк номи билан жуда машҳур бўлган одам. Ҳозирда у ҳам Жаслиқда. У Қизил хоч вакиллари билан учрашиб зона ҳақида гапириб бергандан кейин¸ уни Қизил хоч вакиллари кетгач¸ шавқатсиз равишда қийнаб изоляторга ташлашибди¸ дейди Озода Ëқубова.


Ўзбекистонда қачон ўзгариш бўлади?


Шу кунларда Қозоғистоннинг Отров вилоятида мардикорлик қилаётган хоразмлик Алишер ака Ўзбекистонда ҳам ижобий ўзгаришлар бўлишини кутаётганини айтиб, бу ишни фақат Муҳаммад Солиҳ уддалаши мумкинлигига ишонч билдиради.

- Агар мени Муҳаммад Солиҳ эшитаëтган бўлса¸ мен у кишига сабр-тоқат тилайман. Узоқ умр тилайман. Биз уни кутамиз. Бизлар бу ерда кўпчиликмиз. Мен ўзим олий маълумотлиман. Автодорожнийни тугатдим. 15 йилдан бери Қозоғистонда ишлаб юрибмиз. Муҳаммад Солиҳ келиб бошчилик қилиб ўзи бир ҳаëтимиз яхши бўлсин¸ деймизда. Бизлар бу ерда юрганлар ҳаммамиз олий маълумотлимиз. Менинг ëшим ҳам 50 га борди. Бизлар қачонгача бу ерда юрамиз? Қирғизистонда мана бўлдику. Халқ бир қўзғалдику. Бизларда ҳам бўлса. Халқимиз бир тушунса. Четларда мусофирчиликда юрмайлик¸ дейман. Қачонгача юрамиз бу ерда? Бола-чақамиздан узоқдамиз. Тирикчилик учун келиб юрибмиз. Ўзбекистонда ҳозир газ йўқ¸ свет йўқ¸ пул йўқ. Апрелдан бошлаб яна светлар қимматлади. Мен сизга бир бўлган гапни айтмоқчиман. Ўтган йил Қўшкўпир тумани¸ Обод ширкат хўжалигида менинг қайноғам ўзини-ўзи осиб ўлдирди. Чидолмади. Иккита боласи бор эди. Ҳали 40 ëшга ҳам кирмаган эди. Сатторов Давронбек деган бола. Россияга ишга кетган эди. Қайтиб келиб ўзини осди. Пулсиз¸ нимасиз келдида. Бунақа воқеалар кўп бўлиб турибди. Пул йўқ. Ўзбекистонда пул йўқ¸ дейди Алишер ака.


Икки йилдан буён Россияда меҳнат қилаётган Баҳодир исмли йигит асли Бухоронинг Пешкў туманидан бўлиб, у мардикорлик орқали пул топиш қийнлигини айтади.

- Мен сизга Россиядан телефон қилдим. Асли Бухородан. Тўрт киши бор.

Озодлик: Қачон келдинглар Россияга?

- Икки йил бўлаяпти. Бухоронинг шароитини ўзингиз биласиз. Ишласангиз¸ ойлик йўқ¸ ишнинг ўзи йўқ. Ўғирлик қилсангиз¸ қамайди. Шароитни ўзингиз тушунасиз. Шунинг учун келдик Россияга. У ерда ишлаймиз нон пули¸ бу ерда ишлаймиз нон пули. Хуллас¸ юрибмиз шунақа қилиб. Бошқа иложимиз йўқ.

Озодлик: Икки йилдан бери фақат нон пулига ишлаяпсизларми?

- Иложимиз йўқ¸ опа. Бошқа нима қиламиз?

Озодлик: Қайтиб кетсангизлар бўлмайдими?

- У ëққа бориб нима қиламан опа. Уйда ëтган билан ҳеч ким пул бермайди. Рўзғор катта. Касалчилик дегандай бор¸ келим-кетими бор. Яшаш керакку.

Озодлик: Еб-ичишингизга топиб турсангиз ҳам Россияда юришни маъқул кўрасизларми?

- Энди орттирамиз 100-150 доллар. Уч киши қилиб биринчи ой бир кишига¸ иккинчи ой иккинчисига қилиб¸ ишқилиб у томонга ҳам қўлдан келганда ëрдам қилиб ўтирибмиз.

Озодлик: Шерикларингиз билан ўртага пул ташлаб уйга жўнатасизлар.

- Ҳа. Ҳозир ишхоналар бор. Бориб ишласангиз бўлади. Документ сўрайдида у. Бир марта бир-иккитаси документ қилиб берамиз¸ деб ваъда берди. Бордик. Анча пулни олди. Олиб келсак¸ бу сохта деяпти.

Озодлик: Ҳужжат қалбаки чиқдими?

- Ҳа.

Озодлик: Эҳтиëт бўлингларда унда.

- Энди опа ишлаш керак. Униси қилиб бераман дейди. Ишонасиз. У қилади¸ бу қилади. Олиб келсангиз¸ қўлда тайëрланган¸ қалбаки дейди. Ҳадеб қоринга ишлаб юраверсангиз ҳам бўлмайди. Бола-чақа бор¸ ота-она бор.

Озодлик: Болаларингиз нечта?

- Битта.

Озодлик: Неча ëшда?

- Бир ëшда. Августда икки ëшга тўлади.

Озодлик: Туғилганда кўрганмидингиз?

- Икки ойлигида мен келган эдим. Ҳозир югурадиган¸ телефонда гапирадиган бўлган. Бориш учун пул керак.

Озодлик: Ўғилми¸ қизми?

- Ўғил. Соғинаман энди. Нима қиламиз. Илож йўқ. Яшаш керак¸ ишлаш керак.

Озодлик: Уйга қайтиш режада борми?

- Бор¸ яхшироқ пул ишласак¸ йўл пулини ишласак¸ юзимиз ëруғ бўлиб борсак. Икки йил ишлаб ҳеч нарса бўлмади¸ деган гаплар қишлоқчиликда. Ўзингиз тушунасиз. Суннат тўйи қилиш керак. Эртага мактабга борадиган бўлади.

Озодлик: Бунақа Россияда қолиб кетаверасизда.

- Энди билмайман¸ дейди Баҳодир.

************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG