Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:32

Каримов яна матбуот эркинлиги душманлари рўйхатида


20 йилдан бери Ислом Каримов журналистларга дакки бериш¸ гапига қулоқ солмаганларни жазолаш сиëсатини давом эттирмоқда.
20 йилдан бери Ислом Каримов журналистларга дакки бериш¸ гапига қулоқ солмаганларни жазолаш сиëсатини давом эттирмоқда.

Маркази Парижда жойлашган Чегара билмас мухбирлар ташкилоти жаҳон бўйлаб нишонланадиган Матбуот эркинлиги куни муносабати билан ўз "қора рўйхат"ини эълон қилди. Бу рўйхатга киритилган 40 шахс орасида Ўзбекистон президенти ҳам бор.



- Бугун¸ Матбуот эркинлиги халқаро кунида Чегара билмас мухбирлар матбуот душманларининг янги рўйхатини эълон қилади. 40 нафар давлат ва ҳукумат раҳбари¸ шунингдек ташкилот етакчилари номи киритилган мазкур рўйхатга Марказий Осиë президентларидан ҳам айримлари киритилди. Йиллардан бери бу рўйхатдан тушмай келаëтган Ислом Каримов бу йил яна матбуот эркинлиги душманлари сафидан жой олди¸ дейди Чегара билмас мухбирлар ташкилоти таҳлилчиси Элза Видал Озодлик билан суҳбатда.

"Йиллардан бери халқаро ҳамжамият Ўзбекистон раҳбаридан эркин матбуот вазиятини салгина ўнглаш учун бир қатор ўзгаришларни амалга ошириш¸ шу орқали матбуот душманлари рўйхатидан чиқишни таклиф қилиб келмоқда. Аммо Ислом Каримов бу сўров ва тавсияларнинг айнан аксини қилиб келмоқда"¸ деб давом этади Чегара билмас мухбирлар расмийси.

- Мамлакатдаги матбуот эркинлигининг борган сари ëмонлашаëтганини назарда тутган ҳолда¸ биз Ислом Каримовни бу рўйхатда қолдирдик. Айни кунларда Тошкент яқинида таниқли журналист Хайрулла Ҳамидов устидан маҳкама бормоқда. Айни кунларда ўндан ортиқ журналист Ўзбекистон қамоқхоналарида қолмоқда. Матбуот эркинлиги ҳақидаги қонун ўта кескинлигича қолмоқда. Вазиятда бирор ижобий ўзгариш кузатилмагунча¸ журналистлар озодликка чиқарилмагунча жаноб Каримов бу рўйхатда қолаверади¸ дейди Элза Видал.

Халқаро ташкилот тадқиқотчисига кўра¸ Ўзбекистон ҳукумати сўз ва матбуот эркинлигини топташ борасида дунëда мисли кўрилмаган "иш"ларни ўйлаб топмоқда. Хусусан¸ таниқли фото ва кинотасвирчи Умида Аҳмедованинг этно руҳдаги суратлари учун маҳкамага тортилиши бирор қуюшқонга сиғмайди¸ деб қўшимча қилади Элза Видал.

Айни пайтда Чегара билмас мухбирлар тадқиқотчиси Ўзбекистонда эркин матбуотнинг йўққа чиқарилгани учун маъсулиятнинг бир қисмига Ғарб ҳукуматлари ҳам шерик¸ деган фикрда.

- Биз нафақат Ўзбекистон¸ балки Марказий Осиëдаги барча ҳукуматларга нисбатан халқаро¸хусусан Ғарб жамоатчилиги босимининг сусайиб кетганидан афсусдамиз. Бу Ғарб учун уятдир. Бугун Ғарб Афғонистонга туташ бўлгани¸ шунингдек газ ва нефти мўл бўлгани учун минтақадаги айрим давлат ҳукуматларига тавозеъ қилмоқда. Аммо шунга қарамай¸ биз нафақат Ўзбекистон ҳукумати¸ балки унинг Ғарбдаги ҳамкорларини ҳам танқид қилишда¸ мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари¸ матбуот эркинлиги вазияти юзасидан бонг уришда давом этаверамиз¸ дейди Элза Видал.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари¸ сўз ва матбуот эркинлигининг ўта ночор аҳволидан бонг ураëтган ягона ташкилот эмас. Ўтган ҳафта АҚШ даги нуфузли Freedom House - Озодлик уйи ташкилоти ҳам ўз йиллик ҳисоботида инсон эркинликларига ҳурмат кўрсатиш бобида Ўзбекистонни дунëдаги 196 давлат рўйхатининг 190-поғонасига қўйди. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси¸ Ҳюман Райтс Уотч каби ташкилотлар¸ қолаверса АҚШ Давлат департаменти ҳам демократия ва инсон эркинликлари вазиятига бағишланган йиллик ҳисоботларида Ўзбекистонни танқид қилиб келмоқда.

Аммо Ўзбекистон ҳукумати ҳозирга қадар бундай танқидларни аксар ҳолда беписанд қолдириб келмоқда. Чегара билмас мухбирлар ташкилоти расмийси¸ бу йилги ҳисобот ва ундаги танқидий фикрларнинг Тошкент томонидан яна назар-писанд қилинмаслигидан ҳайрон бўлмаслигини айтади.

Ташкилотнинг “матбуот хоинлари” деб аталувчи рўйхатида Ўзбекистон президенти Ислом Каримовдан ташқари, Хитой президенти Ху Цзин Тао, Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод ва Россия бош вазири Владимир Путин каби давлат етакчилари бор.

Бу рўйхатда, шунингдек, Чеченистоннинг Кремлга содиқ президенти Рамзан Қодиров ва Афғонистондаги Толибон ҳаракати етакчиси Мулла Умарнинг номлари ҳам келтирилган.

"Қодиров сиёсатига қарши чиққан ҳар қандай одам “ҳалокатли оқибатлар”га юз тутиши мумкин", дейилади Чегара билмас мухбирлар ташкилоти ҳисоботида.

Шунингдек, ташкилотга кўра, Покистон ва Афғонистонда катта нуфузга эга бўлган Мулла Умар “эълон қилган жиҳод матбуотга ҳам қарши қаратилган.”
XS
SM
MD
LG