Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:04

Гулнора Каримованинг юлдузлик иштиëқи танқидга учради


Гулнора Каримованинг Ғарбда яратишга уринаëтгани имиджи билан Ўзбекистондаги реал воқелик бир-бирига тамоман зиддир.
Гулнора Каримованинг Ғарбда яратишга уринаëтгани имиджи билан Ўзбекистондаги реал воқелик бир-бирига тамоман зиддир.

ОИТСга қарши кураш фаолини ўзбек халқи анъаналарини ҳақорат қилганликда айблаб қамоққа ташлаган Ўзбекистон "маликаси" Гулнора Каримова Ғарб киноюлдузлари ва зодагонларининг ОИТСга қарши хайрия кечасига ҳамраислик қилади.


“Гулнора Каримова Канн кинофестивали доирасидаги тадбирда қатнашишга лойиқ эмас”¸ деган фикрда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти.

Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиë бўйича дастурлари директори Ҳолли Картнер эълон қилган баëнотда¸ "Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаолларини турмаларга ташланаëтган бир пайтда президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Канн кинофестивали доирасида ўтказиладиган “Кино СПИДга қарши” кечасига раисдошлик қилишга лойиқ шахс эмас" дейилади.

Ҳар йили Франциянинг Канн шаҳрида ўтказиладиган нуфузли кинофсетивал доирасида маркази Ню Йоркда жойлашган amFAR ноҳукумат ташкилоти “ Кино СПИДга қарши” ном остида хайрия кечаси ўтказиб келади.

Ҳолливуд юлдузлари¸ айни пайтда мода олами номдорлари¸ шунингдек йирик сиëсатчилар иштирок этадиган бу тадбирда дунë бўйлаб Орттирилган иммун тақчиллиги синдроми касалига қарши кураш учун хайрия маблағи йиғилади.

Тадбирда эса¸ одатда¸ ОИТС га қарши кураш учун катта маблағ хайрия қилган ташкилот вакиллари¸ шунингдек хусусий шахслар иштирок этади.

2009 йили ўтказилган мазкур тадбир учун¸ айрим манбаларга кўра¸ 500 минг евро хайрия қилган Гулнора Каримова¸ бу йилги айни тадбир раисдошлари рўйхатига киритилган.

“Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячилари¸ хусусан ОИТСга қарши кураш фаоли Максим Попов тутқунликда қолар экан¸ amFAR Гулнора Каримовага ўзини намойиш қилиш учун қулай платформа бериши керак эмас”¸ дейилади Ҳюман Райтс Уотч расмийсининг 19 май кунги баëнотида.

ОИТСга қарши даво усулларини тадқиқ қилиш билан шуғулланувчи amFAR ташкилоти Канн кинофестивали доирасида ўтказиладиган "Кино ОИТСсга қарши" хайрия кечаларининг бош ташкилотчиси. Гулнора Каримованинг 20 май куни ўтказиладиган бу йилги тадбирга қайси асосда ҳамраисликка танланганига оид саволларга жавоб топиш мақсадида amFAR вакилларига қилинган барча қўнғироқлар жавобсиз қолди – аниқроғи қўнғироқларга автоматик жавоб бериш ускунаси мулозаматли бир тарзда жавоб қайтарди¸ холос.

Айрим манбаларга кўра¸ Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ идоралари¸ 2010 йилдан эса¸ Испаниядаги элчиси Гулнора Каримованинг ўтган йилги хайрияси миқдори¸ ҳатто Ғарб¸ хусусан Ҳолливуд юлдузлари орасида ҳам ниҳоятда катта бўлгани боис¸ “еган оғиз уялар”¸ қабилида amFAR уни бу йилги тадбир ҳамраислари рўйхатига киритган.

“amFAR Каримова билан муносабатларидан фойдаланиб Максим Попов каби ОИТС фаолларининг озод этилишига эришиши¸ шунингдек Гулнора Каримовани Ўзбекистондаги фаолларнинг таъқиб этилаëтганини қоралашга ундаши лозим”¸ дейилади Ҳюман Райтс Уотч эълон қилган баëнотда.

Ўзбекистон жамоатчилигини ОИТС ва ОИТВ таҳдидидан огоҳлантириш мақсадида БМТ идоралари кўмагида махсус брошюралар чоп этиб¸ тарқатган 27 яшар Максим Попов¸ ўзбек маданияти ва анъаналарига зид материалларни тарқатганлик каби қатор жиноятларда айбдор деб топилиб¸ 2009 йил январида Чилонзод суди ҳукми билан 7 йил озодликдан маҳрум этилган.

Гулнора Каримованинг amFAR хайрия кечасида ҳамраислигига эътирозлар туғилгач¸ Поповнинг озод этилиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалди. Аммо ҳозирча бу тахмин ўз тасдиғини топмади.
XS
SM
MD
LG