Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:33

Ўшлик ўзбек лидерлари Вашингтон вакили билан учрашди


АҚШ Давлат департаменти вакили Жорж Крол ўшлик ўзбек лидерларини ташвишлантираётган масалаларни Қирғизистон муваққат ҳукуматига етказишга ваъда берган.
АҚШ Давлат департаменти вакили Жорж Крол ўшлик ўзбек лидерларини ташвишлантираётган масалаларни Қирғизистон муваққат ҳукуматига етказишга ваъда берган.

26 май куни АҚШ Давлат котиби ўринбосарининг Жанубий ва Марказий Осиё давлатлари бўйича ёрдамчиси Жорж Крол Ўш шаҳрига ташриф буюриб, вилоят ва шаҳар расмийлари ҳамда ўшлик ўзбек лидерлари билан мулоқотда бўлди.

Ўш вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, Ўш вилояти губернатори Сўўранбай Жеенбеков ҳамда АҚШ давлат котиби ўринбосарининг Жанубий ва Марказий Осиё давлатлари бўйича ёрдамчиси Жорж Крол учрашувида томонлар Қирғизистонда сўнги пайтларда юзага келган ижтимоий-сиёсий вазият ҳамда келажакдаги ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.


Учрашувда Ўш вилоят губернатори АҚШ дипломатига Қирғизистон учун қийин вазиятда АҚШ томонидан кўрсатилаётган эътибор ва қўллов учун миннатдорчилик билдирган.

АҚШ расмийсининг Ўш шаҳар мэри билан учрашуви чоғида эса Мелис Мирзақматов Жорж Кролга 2005 ва 2010 йиллардаги ҳукумат алмашуви чоғида шаҳарда талон-тарож, қон тўкилиши ва этник тўқнашувларга йўл қўйилмаганини айтган.

Жорж Крол Ўш шаҳар ва вилоят расмийлари билан учрашганидан сўнг ўшлик ўзбек етакчилари Иномжон Абдурасулов, Даврон Собиров, Улуғбек Абдусаломов ва Содиқ қори Камоловлар билан учрашди.

Республика ўзбеклар миллий маданий маркази вице-президенти Иномжон Абдурасулов АҚШ расмийси Жорж Крол билан бўлган учрашув тафсилотларини Озодликка айтиб берди:

- Кадр масаласи муҳокама қилинди. Бизникилар (ўзбеклар назарда тутилмоқда-таҳр) олийгоҳни тамомлагач, давлат бошқарув системалари, фискал органларда, ҳуқуқ-тартибот органларида сон жиҳатдан озлиги бўйича муаммолар айтилди. Ўз ватанимизда, ўзимизнинг Қирғизистонда кўп томонлама ҳуқуқларимиз чекланиб қолаётгани тўғрисидаги масалалар айтилди. Мактаблар тўғрисида гапирилди. Янги ҳукуматни қўллаб айтган гапларимиздан кейин охир-оқибат ўзимиз гуноҳкор бўлиб қолаётганимиз айтилди, деди Иномжон Абдурасулов.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги пайтларда Қирғизистон жанубида миллатлараро низо чиқиши мумкинлиги тўғрисидаги хавотирлар кўпайди. Қирғизистонлик ўзбеклар томонидан ўтказилган тинчлик митинглари айрим расмийлар томонидан нотўғри талқин қилинди ва бир қанча ўзбек лидерлари миллатлараро низо чиқаришга уринганликда айбланди.

Иномжон Абдурасуловга кўра, Жорж Крол билан учрашувда ўзбек лидерлари бу айбловлар ўринсиз эканини ва ўзбеклар мамлакатда тинчлик ўрнатилиши тарафдори эканини айтишган ҳамда меҳмондан бу сўзларни Қирғизистон муваққат ҳукуматига етказишни сўрашган.

- Қирғиз дўстларимиз, айрим сиёсатчилар биз гапирган гапларни қилич сифатида қабул қилиб, нотўғри тушунишаяпти. “Янги ҳукуматдан умиддимиз катта. Агар яхши раҳбарларни сайлаб олсак, бизни масалаларимизни ҳал қилармикин, бир кунда бўлмаса ҳам аста-секин ижобий томонга ўзгарармикин, деган умидларимизни сизлар ҳам бориб етказинглар”, деб айтдик. Жанубда бизга бўлаётган провокация, таҳдидлар асосан эски ҳукумат, Бакиев даврида ҳукуматда ишлаган одамлар томонидан бўлаяпти. Бу ерда уларнинг командаси бор. Ўшаларнинг ҳам ҳуқуқий майдонга келиши тўғрисида гапирилди, деди Иномжон Абдурасулов.

Суҳбатдошимизга кўра, Жорж Крол учрашувда тилга олинган масалаларни Қирғизистон муваққат ҳукуматига етказишга ваъда берган.

27 май куни АҚШ Давлат департаменти вакилининг Жалолобод вилоятига бориши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG