Жорий ҳафта Хитой Халқ Республикаси Президенти Ху Цзинтао Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келади ва Тошкентда ўтказиладиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида қатнашади.
Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги бунга оид тарқатган қисқа хабарда айтилишича, Ху Цзинтао 9-11 июн кунлари президент Ислом Каримов таклифига биноан, давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади¸ ҳамда 10-11 июн кунлари Тoшкентда ўтказилиши белгиланган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида иштирок этади.
“Ташриф давомида Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигини кенгайтириш ва ривожлантириш, томонларни қизиқтирган ва халқаро аҳамиятга молик долзарб муаммолар муҳокама қилинади. Музокаралар якунида икки давлатнинг турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилмоқда”, дейилади расмий хабарда.
Оқсарой матбуот хизмати Ўзбекистон ва Хитой раҳбарларининг музокаралар кун тартибидан қандай масалалар ўрин олгани ҳақида маълумот бермагани боис, айнан қайси соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳақида гап бораётганини фараз қилиш мумкин¸ холос.
Кейинги йилларда Хитой ҳукумати Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратмоқда. Пекиннинг Қозоғистонга мисли кўрилмаган 10 миллиард АҚШ долларидаги кредитни тақдим этгани, бундан ташқари қозоқ армиясини модернизация қилишда молиявий кўмак кўрсатаётгани, Қирғизистон ва Тожикистон иқтисодларига ҳам йирик сармояларни ётқизаётгани ёки ўтган йили 1800 километрлик Туркманистон-Хитой газ қувурининг ишга тушгани Хитойнинг минтақадаги ушбу давлатлар билан ҳамкорлиги кенгаяётганига мисол бўла олади.
Бундай ҳамкорлик кўлами фонида Хитойнинг Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорлигини, йўқ деганда, камтар, деб айтиш мумкин. 2005 йил Андижон воқеаларидан кейин Хитой Ўзбекистонга 1¸5 миллиард АҚШ долларига яқин кредит ажратишини эълон қилган, лекин бу сармоялар доирасидаги кўп лойиҳалар ҳалигача амалга оширилганича йўқ.
Йилига 30 миллиард куб метр газ ўтказиш кучига эга Туркманистон-Хитой газ қувури бир қисмининг Ўзбекистон орқали ўтиши ва Ўзбекнефтегазнинг Хитойга йилига 10 миллиард куб метр газ сотиш нияти борлигига қарамай ҳозирча ўзбек гази Хитой томон оқаётгани йўқ.
Россияда чиқадиган “Эксперт” журнали бош мухаррири ўринбосари Павел Биков Хитойнинг Марказий Осиёдаги манфаатлари икки йўналиш – табиий заҳиралар ва минтақадаги барқарорлик сақланиб қолишидан иборат эканини айтар экан, унинг Ўзбекистондаги нисбатан сустроқ фаоллигини бу мамлакатдаги режим хусусиятлари билан изоҳлайди.
- Хитойни Ўрта Осиёда асосан иккита нарса қизиқтиради. Биринчиси¸ бу минтақа бой бўлган углеводородлар ва бошқа турдаги минерал хом-ашёларга бўлган таъмаси. Иккинчиси эса, Хитойнинг бу минтақа иложи борича барқарор бўлиб қолиши, яъни у ерда қандайдир можаролар чиқмаслиги ва режимлар ўзгармаслигидан манфаатдорлигидир. Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорлик кўлами бошқа давлатларга қараганда сустроқ бўлишига Хитойнинг бу мамлакатга эҳтиёткорлик билан ёндашаётганида, деган фикрдан йироқдаман. Чунки Хитой тез фойда олиш мумкин бўлган жойда тез ҳаракат қилади, ҳаракат қилиш учун имконлар камроқ бўлган жойда, секинроқ ишлайди.
Масалан¸ Қозоғистон билан ҳамкорлик ҳақида гапирадиган бўлсак, бу мамлакат ҳам табиий заҳираларга бой, ҳам Хитой учун кенг имкониятларни яратмоқда. Ёки Тожикистондаги лойиҳалар ҳақида гапирадиган бўлсак, у ерда ҳам хитойликлар учун яхши шароитлар яратилмоқда, яъни Хитойнинг Ўзбекистонга нисбатан эҳтиёткорлик билан ёндашаётганига оид фикрларда асос йўқ.
Тўғри минтақанинг бошқа мамлакатларига қараганда, Ўзбекистонда Хитой лойиҳаларининг барчаси амалга ошмай келмоқда, лекин буни таҳлил қилишда Ўзбекистоннинг минтақадаги энг ёпиқ мамлакатлардан бири экани, у ердаги ҳокимият тизими ўта қаттиққўл экани каби омилларни инобатга олиш керак. Масалан Қозоғистон ёки Тожикистонда келишиб олиш осонроқ бўлса, Ўзбекистонда бу жараён қийинроқ кечиши мумкин, дейди “Эксперт” журнали халқаро шарҳловчиси Биков.
Жорий йилнинг январ ойида Хитой Ўзбекистондаги олтин конларини ўзлаштириш бўйича фаолият олиб борадиган Британиянинг “Oxus Gold” ширкати лойиҳаларидан бирида иштирок этиш эвазига 185 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя беришга тайёр эканини эълон қилди. Лекин ярим йилдан бери Ўзбекистон ҳукумати Хитойнинг Амантайтау олтин конларини ўзлаштириш ишларида иштирок этишига яшил чироқ бергани йўқ.
Эд Портман “Oxus Gold” ширкатининг жамоатчилик билан алоқа қилиш бўйича вакили.
- Ўзбекистон ҳукумати Хитойнинг “Oxus Gold” лойиҳасини молиялаштиришига розилик бериши керак, яъни улар хитойликларнинг бу лойиҳада иштирок этиши Ўзбекистон учун фойдали бўладими, йўқми, деган масалада бир тўхтамга келиши лозим, дер экан “Oxus Gold” вакили, бу жараён анча вақт талаб этиши ва Ўзбекистон ҳукумати бунда тўсиқ яратмаётганини алоҳида қайд этди.
Ўзбекистонлик таҳлилчи Малик Абдураззоқов Пекин-Тошкент иқтисодий ҳамкорлигининг унчалик ривожланмагани Хитойнинг Ўзбекистонга эмас, балки Ўзбекистоннинг Хитойга нисбатан эҳтиёткорлиги билан шартланган, деган фикрда.
- Ўзбекистон Хитой билан ҳамкорлик кучайганидан бери эҳтиëткорлик билан қарайди. Чунки шунақа фикрлар борки¸ Хитойга йўл очиб берса¸ Ўзбекистон жамоатчилигида ҳам¸ Ўзбекистон ҳукумат доирасида ҳам Хитой иқтисодиëтни эгаллаб олиши мумкин ва Ўзбекистон назоратини йўқотиши мумкин¸ шахсан энергетика¸ кончилик соҳасини инобатга олганда. Шунинг учун Ўзбекистон томондан ҳам четлаштирилган Хитойнинг кириб келиши Марказий Осиëга бир томондан.
Иккинчи томондан¸ Хитойнинг Ўзбекистон ўрта-кичик бизнесига келмаслигининг сабаби Ўзбекистонда конвертация йўқлиги. Аммо биринчи муаммо Ўзбекистон бир томондан Хитой билан ҳамкорликка ҳаракат қилади ва ошкора қилади расмий даражада. Иккинчи томондан қараганда¸ Ўзбекистон ҳамкорликка эҳтиëткорлик билан қарайди. Чунки шунақа фикр борки Ўзбекистонда¸ шахсан Ўзбекистонда Хитой конларни эгаллаб олиши мумкин ва Хитой монополияси пайдо бўлиши мумкин. Бундай фикрларнинг тагида асослар бор. Чунки Марказий Осиë иқтисодиëти кўпгина сабабларга қараганда диверсификацияга учрамаган. Бу дегани фақатгина иккита-учта катта давлатларнинг иқтисодиëтига боғланиб қолган иқтисодиëт. Иккинчидан¸ Ўзбекистон ҳозиргача хом- ашë базаси бўлиб турибди¸ дейди ўзбекистонлик таҳлилчи.
Ху Цзинтао Тошкентга ташрифи чоғида 10-11 июн кунлари бўлиб ўтадиган ШҲТ саммитида ҳам иштирок этади.
Тузилганига қарийб 10 бўлган бу ташкилотнинг навбатдаги саммити ҳам декларатив характердаги ҳужжатларни қабул қилиш билан якунланади, дея башорат қилмоқда таҳлилчилар.
- Албатта, бу каби ташкилотлар музокаралар учун хизмат қиладиган майдон ролини ўйнайди, лекин амалда уларни йўқ, деб ҳисобласа ҳам бўлади, дейди “Эксперт” журнали бош муҳаррири ўринбосари Павел Биков.
Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Малик Абдураззоқов ШҲТ ўн йилдан бери ўз олдига қандай мақсад қўйганини аниқлаб олгани йўқ¸ деган фикрда.
- Ташкилот амалиëти¸ йўқ амалиëти бу ерда афсуски. Чунки ташкилотнинг бошидаги мақсадлари қанақадир ноаниқ эди. 2004-2005 йилларда бу ерда многовекторли ташқи сиëсат¸ дейилди. Кўп полислик дейиларди¸ чунки Америка ëки Европа¸ мана ҳозир Хитой пайдо бўлди ва ҳоказо. Шунга қараб пайдо бўлган ташкилот эди. Кўп нарсани бўйнига олди. Афғонистон муаммоси мана. Афғонистон муаммосини ечиш учун жуда катта масъулият керак. Бу масъулиятга Марказий Осиë давлатлари¸ Хитой ҳам тайëр эмас.
Ташкилотда битта мақсад бўлиши керак. Бу Марказий Осиë билан боғлиқми¸ бу Марказий Осиëнинг глобал доираларидаги овозини кучайтиришми ë Афғонистон муаммосини ечишми¸ қайси мақсадлар бор бу ташкилотда? Фақатгина декларациялар эшитамиз¸ бўлди. Чунки қарс икки қўлдан чиқади¸ дегани битта томондан бўлаяпти бу ерда. Хитой¸ Россия. Бу етарли даражада эмас. Россиянинг битта ўзи бу муаммоларни ечишга кучи йўқ¸ имконияти йўқ¸ ресурслари етмайди. Айтиб ўтдим¸ Хитойни фақат энергетика муаммоси қизиқтиради ва албатта тинчлик¸ осойишталик Хитой учун ҳам зарур¸ лекин биринчи навбатда энергетика муаммоси¸ дейди Малик Абдураззоқов.