Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:24

Икки кам 100 га кирган ўзбек футболи


Ўзбек миллий футболи¸ мухлисларга кўра¸ 1979 йили "Пахтакор" жамоаси ҳалокатга учраганидан сўнг¸ аввалги юксакликка кўтарила олмаëтир.
Ўзбек миллий футболи¸ мухлисларга кўра¸ 1979 йили "Пахтакор" жамоаси ҳалокатга учраганидан сўнг¸ аввалги юксакликка кўтарила олмаëтир.

11 июн куни ўзбекистонлик футбол ҳаками Равшан Эрматовнинг ҳуштаги футбол бўйича жаҳон чемпионатини бошлаб беради. Бу йилги дунë биринчилигининг биринчи ҳаками туғилган юртда илк футбол ўйини бундан 98 йил бурун ўтказилган эди.



Орада ўтган икки кам 100 йил ўзбек футболининг баланд парвозлари ва ҳалокатли шўнғишларига гувоҳ.

Ўтган йиллар давомида Навоий кўчасини тўлдириб “Пахтакор” стадионига бораëтган мухлислар карвони бироз сийраклашган бўлса-да¸ ўзбекларнинг футболга ишқибозлиги сўнмади.

Оëқ тўпининг Ўзбекистондаги кечмиши

Ўзбекистонда бугунги шаклу шамойилдаги футбол ўйини 1912 йилда бўлгани расман қайд қилинади. Аммо ундан олдин тўп тепиб ўйналадиган ўйинларнинг Ўзбекистон ҳудудида кўп бўлгани айтилади.

15 асрда яшаган рассом чизган миниатюрада от устида туриб тўп сураëтган икки жамоанинг шиддатли ўйини акс этади. Гўзал чимзорнинг икки тарафида зумраду ложувард рангларда чизилган икки дарвоза. Чим устида эса юм-юмалоқ чарм тўп. Майдон чеккасида эса икки-уч томошаталаб ўйинни кузатмоқда. Чавгон деб аталган бу ўйин сурати остида эса Навоийга нисбат берилган ëзувлар настаълиқ хатида ëзиғлиқ.

Санга иш жавлон қилиб майдонда чавгон ўйнамоқ,
Манга оллингда бошимни гўй этиб, жон ўйнамоқ.
Бош овучлаб эгма қомат бирла қолмон рахшидин,
То тилар чобуксуворим кўнгли чавгон ўйнамоқ.


Қўқон 1912

Туркистон Россия ишғоли остига ўтганидан сўнг чор империяси пойтахтидаги спорт ўйинлари музофотларга ҳам кўчди. Поти ва Тифлис шаҳарларидаги футбол матчларидан сўнг 1912 йилда Қўқонда ҳам футбол жамоаси тузилди. Бу жамоа тушган оқ-қора сурат Ўзбекистон Олимпия шуҳрати музейида сақланади. Афсус бу жамоа ҳақида фондимизда бошқа экспонатлар йўқ, дейди музей ходимаси Озодлик билан суҳбатда.

- Расми бор. Бизда фақатгина расми бор. Ўзбекистонда футбол тарихи 1912 йилдан бошланган. Биринчи жамоа Қўқонда тузилган. Қўқондаги жамоа ҳақида бизларда кенг айтилмайдида. Бу ер музейку. Унинг учун сиз спорт қўмитасига мурожаат қилишингиз керак, дейди музей ходимаси.

Ўзбек футболининг икир-чикирлари билан қизиққан Содиқ Нўъмоновнинг айтишича¸ 1912 йилдаги Қўқон жамоасининг аъзолари асосан ўзбеклар бўлган.

- 1912 йил Қўқонда футбол командаси ташкил қилинган. Расмий равишда 1912 йилда команда деб эътиборга олинган. Ўзи олдинроқ ташкил топган бўлган. Улар асосан ўзбеклар бўлгану¸ лекин шу скобелевчилар ташкил қилганда¸ ўшалар ëрдам берган. Футболчилар асосан¸ ўзбеклар бўлган. Ичларида руслар ҳам бўлган. "Қўқон" деб аталаган жамоа. Ўшани эслашиб "Қўқон 1912" деган команда қилишган эди. Билмайман¸ ҳозир нима бўлди¸ дейди Содиқ Нўъмонов.

1912 йилда Қўқон футбол клуби тузилган давр қадим жадид ғоялари тўқнашган¸ Туркистонда бидъат урчиган бир давр эди. Ана шундай даврда футболни ўзбеклар яхши қаршилашди¸ дейди суҳбатдош.

- Ўша йили команда ташкил қилиниб¸ унда ишқибозларнинг пайдо бўлиши ўйлайманки¸ жуда катта қизиқиш билан қабул қилинган. Чунки ўзбек халқи мана шунақа мусобақаларга¸ ўйинларга қизиқувчан халқ бўлган. Шунинг учун бу ўйинни жуда яхши қабул қилиб олишган. Тезлик билан Ўзбекистоннинг турли жойларида шунақа командалар ташкил топиб¸ турнирлар ўтказиш бошланиб кетган. Демак¸ яхши кутиб олишганда¸ дейди Содиқ Нўъмонов.

Сал ўтмай бошланган уруш, ундан кейин эса октябр тўнтариши Қўқон футбол жамоасининг кенг қулоч ëйишига xалақит берди. Иқтидорга келган шўролар ҳҳукуматининг ҳам спортга эътибори бор эди. Чунончи Бухоро¸ Самарқанд ва Тошкентдаги илк футбол клублари пилигини шўролар кўтарган эди.

Содиқ Нўъмоновга кўра¸ бу жамоалар Ўзбекистон футболчилиги савия ва малака заҳирасини яратишди. 1956 йилда тузилган "Пахтакор" жамоасини ўзбек футболининг умуртқаси¸ деб аташимиз мумкин¸ дейди Содиқ Нўъмонов.


Эҳҳ¸ "Пахтакор¸ Пахтакор"¸

дейди ўзбек комедия қиролларидан бири Эргаш Каримов ҳажвий филмдаги футбол ишқибози ролини ўйнар экан.

"Пахтакор" ютса¸ оила устида бахт қуëши чарақлаган¸ "Пахтакор" ютқизса¸ ош ҳам заҳарга айланадиган кунлар ҳикояси эди бу.

“Пахтакор” командасининг порлоқ кечмиши ҳақида Содиқ Нўъмонов фахр билан эслайди.

- Афсонага айланган пайтлари шу нима дейди совет иттифоқи пайтида Олий лигага чиқиб¸ Олий лигада энг юқори кўрсатган натижаси 6-ўринни олган. Ўшанда ҳаммаси “Хизмат кўрсатган спорт мастери” деган унвонга сазовор бўлишган. У пайтда бу унвон жуда катта унвон ҳисобланар эди. Энг яхши даври авария бўлиб ўлган йили эди. Ўшанда жуда катта кўрсаткичга эришаëтган эди. Минск билан ўйинга учаëтганда Украина осмонида фожиали равишда самолëтлари ҳалокатга учраб ҳамма ўйинчилари оламдан кўз юмган. Ўша йили чемпион бўлиши мумкин эди.

У пайтларда ҳамма ўйинлар жуда шиддатли бўлар эди. СССР чемпионатида Киевнинг “Динамо”си¸ Москванинг “Спартак”и¸ “ЦСКА”¸ “Динамо” Москвалар¸ Минск “Динамо” командалари жуда кучли ҳисобланар эди. Ўшаларнинг ичида жуда яхши ўйин кўрсатиб¸ украиналик футболчиларни ҳам¸ москваликларни ҳам шиддатли ўйинларда қаторасига ғалаба қозониб келаëтган пайти эди.

Ўшанда Бубнов деган битта ўйинчи бор эди “ЦСКА”да. Шу одам келиб бир статя ëзган эди. Мен озгина ўқиган эдим. Ўзбекистонликларнинг¸ “Пахтакор”чиларнинг ўйинга тайëргарликлари ҳақида қойил қолиб гапирган эди. Шунчалик машқ қилишларини кўриб “Наҳот одам шунча машққа чидаса?” деб ўйлаган экан. Шу келиб кўрганида¸ ëмғир ëғиб турганида балчиқларга ботиб жуда қийин аҳволда шунчалик тер тўкиб¸ машқларни бажаришибдики¸ энг қизиқарлиси шуки¸ ҳалиги машқни бажараëтган йигитлар бирорта нарсадан хафа эмас¸ бирорта нарсадан эзилгани йўқ¸ фақат хурсандчилик билан кўзлари чақнаб машққа қатнашишини кўриб “Бу “Пахтакор” дегани албатта¸ чемпион бўлади деб ўйлаганман” деб ëзган эди¸ дея эслайди Содиқ Нўъмонов.


Оëғига қизил латта боғлаган тўпурар ҳикояси

Ўзбек футболи осмонида бир пайтлар чарақлаган юлдузлар ҳақида гапирган суҳбатдошимиз “Пахтакор” жамоасининг афсонавий ўйинчиси Геннадий Красницкий билан боғлиқ ҳикояни айтиб берди.

- Ўнг оëғига қизил латта боғлаб қўярди. Ўнг оëғида тўп тепиш мумкин эмас. Бразилияга йиғинга боришади. Ўйин олди тайëргарлик йиғинларига боришадида. Ўша ердаги командалар билан ўртоқлик учрашувлари ўтказади. Красницкийнинг жуда кучли тарзда тепадиган зарбаси бор эди. “Қани сенинг 11 метрдан тепган зарбангни одам ушлай олмаса¸ маймун ушлай оладими” деб дарвозага маймунни қўйишган. Красницкий зарба берганда маймун тўпга ташланиб¸ тўп билан бирга дарвозага кириб кетиб маймун ўлиб қолган экан қорни ëрилиб. Шундан кейин “Бу зарба одамга тегса¸ бир нарса қилиб қўяди” деб Красницкийга ўнг оëқ билан тепишни тақиқлаб қўйган. “Шунинг учун ўнг оëғига қизил латта боғлаб қўйишган эди” деган гап бор эди¸ дейди Содиқ Нўъмонов.


Машҳурлик осмонидаги ҳалокат

“Пахтакор” жамоасининг кетма-кет ғалабалари ўзбеклар ғурурига ғурур қўшар ва бу ғурурни туйган жамоа 1979 йилга келиб янги ғалабаларга енг шимара бошлади.

1979 йилнинг 11 августида Минскда терма командалар кубогининг финал ўйини бўлиши керак эди. Бу ўйинга кетаëтган "пахтакорчи"лар тушган учқич ҳалокатга учради.

Украинанинг Днепродзержинск шаҳри осмонида - 10 минг метр баландликда иккита Ту-134 самолëти тўқнашди. Тўқнашув чоғида портлаган учқич ичида футбол бўйича СССР чемпионатининг навбатдаги ўйинига Минскка бораётган "Пахтакор" жамоаси аъзолари бор эди.

Днепродзержинск устида 178 инсон нобуд бўлди, улар орасида “Пахтакор” жамоасининг 17 аъзоси бор эди: мураббий Идгай Тазетдинов, шифокор Владимир Чумаков, маъмур Мансур Толибжонов, ўйинчилар Сергей Покатилов, Виктор Чуркин, Юрий Загуменних, Михаил Ан, Сирожиддин Бозоров, Равил Агишев, Константин Баканов, Олим Аширов, Николай Куликов, Владимир Фёдоров, Владимир Сабиров, Шуҳрат Эшбўтаев, Владимир Макаров ва Александр Корченов.

Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокиров эътирофича, бундан 31 йил олдин юз берган машъум ҳодиса ўзбеклар шуурида миллий фожеа каби из қолдирди.

- Қанақадир миллий фожеага ўхшаган нарса-да энди. Эсимда бор¸ дейди Фаррух Зокиров.

Украина осмонида учоқлар тўқнашган пайтда мулозимлар бу хабарни сир тутишга тиришдилар. Аммо миллионлаб ишқибозларнинг футболчилар тақдирига оид сўроқлар жавобсиз қолмади.

"Пахтакорчи"ларнинг авиаҳалокатга учрагани ҳақидаги хабар қанорни ичидаги бигиздай бир жойдан тешиб чиқди.

Жамоа маъмурининг беваси Юлдуз Толибжонова 31 йил олдинги авиаҳалокат ҳақидаги хабарни кимдан эшитганини яхши эслайди.

- Мен ишдан қайтаëтиб¸ танишимни учратиб қолдим. У: “Турмуш ўртоғинг қачон учиб кетди?” деб сўраб қолди. Мен: “кеча”, дедим. У бўлса: “Самолëт ҳалокатга учраганидан хабаринг йўқми?” деди. Мен “Ким айтди?” десам¸ “Озодликдан хабар қилишди” деди¸ дейди Юлдуз Толибжонова.

"Пахтакор" жамоасининг 17 ўйинчиси авиаҳалокатга учраганидан бир ҳафта ўтгачгина бу ҳақда Совет иттифоқи телеграф агентлиги хабар тарқатди. Унгача ахборотсиз қолган мухлислар орасида турли миш-мишлар урчиди.

- 1979 йилда мен Тошкентда эдим. Ўша вақтларда бирдан шов-шув гап бўлиб кетди. "Пахтакор командаси учаëтган учоқ Қрим осмонида кетаëтган пайтда тасодифан Леонид Брежнев ўтирган учоқнинг яқинидан ўтадиган бўлиб қолган. Яқини ҳам жуда узоқ масофа¸ бемалол ўтса бўлади. Ўша вақтда давлат раҳбарларининг хавфсизлигини таъминлаш учун осмонда узоқдан кўринадиган тарзда бўлса ҳам бирорта учоқ бўлмаслиги шарт экан. Шунинг учун "Пахтакор" командаси ўтирган учоқ уриб туширилган"¸ деган миш-мишни мен икки-уч жойдан эшитдим. Мен бу гапни анча зиëли одамлардан эшитдим¸ дея эслайди Абдулла ака.

Воқеадан саккиз кун ўтиб, “Советский спорт” газетаси “Пахтакор” жамоасининг 17 ўйинчиси ҳамда мураббий ва врачининг дафн қилингани ҳақида кичик бир хабарни эълон қилди, холос.

Жамоа мураббийи¸ марҳум Игдал Тазитдиновнинг беваси Алла Тазитдинова тасарруфидаги кинотасмаларда “Пахтакор” жамоасининг дафн қилиниши акс этган.

Тасмада тобут кўтарган одамларнинг узун карвони аксланган. Тобут ичида эса жасад эмас¸ балки ҳалокат содир бўлган ҳудуддан олинган тупроқ бор эди, холос.

Ўзбек футболининг 17 ëрқин юлдузи осмону фалакда мажақланиб йўқ бўлиб кетган эди.

Футбол мухлиси Абдулла аканинг эслашича, бу ўзбек футболи энг баланд чўққига чиққан палла эди.

- Футболга ишқибоз эдим. Бориб турардим. Айниқса¸ Красницкий давридаги жамоа илгариги жамоадан баланд бўлиб¸ Совет иттифоқи миқëсида биринчи ўринга чиққан вақтлари ҳам бўлган. Ўша пайтларда "Пахтакор" стадиони тўла бўлиб¸ зиналаригача одамлар билан тўлиб¸ “60-70 минг одам келибди” деган гаплар бўларди. Ўзи 50 минг одамга ўрин бор. Ўша вақтда жуда гўзал футболлар бўларди¸ дея эслайди Абдулла ака.


Тўп юмалоқ¸ майдон кенг¸ аммо ғалаба йўқ


"Бизга ғалаба керак¸ битта ғалаба¸ аммо ҳаммамизга". Машҳур қўшиқ сатрларидаги бу мисралар ўзбек футбол ишқибозлари қалбидаги армон изҳорига менгзайди.

Футбол ишқибози Содиқ Нўъмонов назарида¸ “Пахтакор” жамоаси 1979 йилдаги ҳалокатдан кейин баланд мартабага кўтарила олмади.

Тошкентлик футбол мухлиси Темурга кўра ўзбек футболи тижорат ва жиноий гуруҳлар қўлидаги ўйинчоққа айланмоқда.

- Ҳозир ўйинларда “Пахтакор”га нисбатан адолатсизлик бор. Нимагаки¸ "Бунëдкор"нинг ортида турганларнинг анча кучлилиги ва ҳакамларнинг уларни бугунги кунда тўхтатиб қолишга ожизлиги намоëн бўлаяпти¸ дейди Темур.

Суҳбатдошимизга кўра, миллий терма жамоаси бўлган 50 йиллик тарих соҳиби “Пахтакор”га сармоядорлар етовидаги “Бунëдкор” соя ташламоқда.

Ўтган йили Озодлик суҳбатлашган “Пахтакор” футбол клуби бош директори ўринбосари Асқар Толибжонов бу фикрга қўшилмайди.

Асқар Толибжонов: Бу гап нотўғри. "Пахтакор"нинг 50 йилдан ортиқ тарихи бор¸ анъанаси бор.

“Бунëдкор”га бор йўғи уч-тўрт йил бўлди. “Бунëдкор” ўзига яраша ўзи билан ҳисоб-китоб қиладиган профессионал клуб бўлаяпти. Буни биз ҳам тан оламиз¸ ҳурмат қиламиз. Лекин “Пахтакор”нинг ўрнига бўлади дегани, сал анақароқ бўлди. “Пахтакор” бўлиши учун яна 50 йил керак.

“Пахтакор”нинг 50 йиллик тарихи бор. Биз бировдан юқори бўламиз¸ бировдан ошамиз, деган вазифани қўймаймиз бошқаларга ўхшаб. Бизнинг ўзимизнинг тутган йўлимиз бор¸ ўзимизнинг тутган сиëсатимиз бор.

“Пахтакор” командаси эл оғзига тушган жамоа. “Бунëдкор” ëки Фарғонанинг “Нефтчи”сига ўхшаган командаларнинг шунақа кўтарилиши¸ Ўзбекистон футболи ривожланишига катта ҳисса қўшади. Қани эди шунақа жамоалардан тўрт-бешта бўлса.

Озодлик: 1979 йилда ҳалок бўлган "пахтакорчи"ларнинг Ўзбекистонга футбол бўйича олиб келган довруғини Ўзбекистон қайта тиклай оладими?

Асқар Толибжонов: Тиклай олади¸ лекин бунга вақт керак. Халқаро мусобақаларда терма жамоамизнинг¸ ëшлар терма жамоасининг¸ “Пахтакор” ва “Бунëдкор” жамоаларининг Осиë чемпионлар лигасидаги иштироки¸ “Нефтчи” клубининг Осиë футбол конфедерацияси кубогидаги иштироки¸ чет давлатлардан юқори малакали мураббийларнинг Ўзбекистонга келиб фаолият юритиши¸ чет давлатдан келган ўйинчиларнинг жамоаларимизда тўп суриши – буларнинг ҳаммаси футболни ривожлантиришга қаратилган иш.

Энди собиқ иттифоқ миқëсига кўтарилмаса ҳам Осиë футболида Ўзбекистон жамоалари ўз ўрнини топади. Бу нарсага шароит ҳам бор¸ етарли маблағ ҳам бор¸ моддий-техникaвий база ҳам бор¸ яхши ўйинчилар ҳам бор.

Озодлик: Сиз Осиë футболини айтдингиз. Ўзбек футболи ишқибозлари ҳам бир кун келиб ўзбек футболининг Европага чиқиши¸ Ғарбни забт қилишини кутиши мумкинми?

- Ажаб эмас. Мен аниқ Европага ўтади¸ деган фикрдан сал узоқроқдаман. Бизнинг географик жойлашувимиз Осиëда. Бу нарсага асосан географик жойлашувга қараб қўл уришади. Ютса ютади¸ лекин ютқазмайди¸ дейди Асқар Толибжонов.

Шу ўринда “Пахтакор” футбол жамоаси тўғрисида қисқача маълумот.

“Пахтакор” футбол жамоаси 1956 йил январида ташкил этилган. “Пахтакор” дастлабки расмий учрашувини собиқ иттифоқ биринчилигида 1956 йилнинг 8 апрел куни ўтказиб, ўша чемпионатнинг дастлабки беш ўйинида кетма-кет ғалаба қозонган.

“Пахтакор” футбол клубининг расмий веб-сайтида ёзилишича, “Пахтакор” ташкил қилинганидан бор-йўғи уч мавсум ўтгач, собиқ иттифоқ чемпионати иштирокчилари орасида “Пахтакор”дан мағлубиятга учрамаган рақиб қолмаган.

1962 йили “Пахтакор”нинг ҳар бир ўйинига ўртача 42 минг томошабин ташриф буюрган.

Рақиблар дарвозасига энг кўп гол уриш Геннадий Красницкийга насиб этган. У жами 142 марта тўп киритиб, 10 марта жамоада мавсум тўпурари бўлган. Игорь Шквирин 136 ва Биродар Абдураимов 131 марта рақиблар дарвозаларини ишғол қилишган.

“Пахтакор”нинг халқаро учрашувлардаги энг йирик ғалабаси 1978 йили қайд этилган. Ўшанда тошкентликлар Непал жамоасини 12:1 ҳисобида мағлубиятга учратишган.

Собиқ иттифоқ чемпионатларида “Пахтакор” жами 1242 учрашувда иштирок этиб, 424 марта ғалабага эришган, 349 учрашувда дуранг ўйнаган. Рақиблар дарвозаларига жами 1582 та гол урган.

Давоми бор.
XS
SM
MD
LG