Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:43

Ўшлик ҳайдовчилар Бишкекка ултиматум қўймоқда


Юк машиналари ҳайдовчилари ўз талаблари бажарилмаган тақдирда, 27 июнга белгиланган умумхалқ референдумига чиқмаслик билан таҳдид қилмоқдалар.
Юк машиналари ҳайдовчилари ўз талаблари бажарилмаган тақдирда, 27 июнга белгиланган умумхалқ референдумига чиқмаслик билан таҳдид қилмоқдалар.

Ўш–Эргаштом автойўлида турган қирғизистонлик ҳайдовчилар хитойлик ҳайдовчиларнинг ўз машинаси билан мамлакатга кириши ҳамда қўшни Ўзбекистон ва Тожикистон юк машиналарининг Қирғизистон орқали транзит юкларни ташиётганига норозилик билдиришмоқда.

Шу йилнинг 6 июнидан Ўш–Эргаштом автойўлининг 23 километрида Эргаштом божхона постидан Қорасув ва Ўш бозорларига Хитойдан олиб келинган юкларни ташувчи қирғизистонлик ҳайдовчиларнинг норозилик намойиши бошланди. Ўшлик ҳайдовчилар Қирғизистон муваққат ҳукуматидан хитойлик ҳайдовчиларнинг Қирғизистонга киришини таъқиқлаш ҳамда қўшни Ўзбекистон ва Тожикистон ҳайдовчиларидан транзит юкларни ташишнинг ярмини маҳаллий ҳайдовчиларга олиб берилишини талаб қилмоқдалар.

- Бизнинг биринчи талабимиз - Эргаштом божхона постидан юкларни Ўш, Қорасув, Боткен, Жалолободгача фақат Қирғизистон ҳайдовчилари ташиши. Иккинчиси - Америка юклари бўйича талаб қўйганмиз, Ганси юклари Манас аэропортидан юкланиб, Афғонистонга ташилади. 2-3 кундан бери Тожикистоннинг 40-50 машинаси Бишкекда шу юкларни ташиш учун турибди. Шу юкларни ярмини ўзимизнинг ҳайдовчиларга ўтказилишини талаб қиламиз, деди норози ҳайдовчилардан бири.

Қирғизистонлик ҳайдовчиларига кўра, транзит масаласи фақат КамАЗчилар учунгина эмас, ҳукумат бюджетига ва тижоратчиларга ҳам муаммолар туғдирмоқда:

- Юк транзити давлат бюджетининг ҳам белига тепаяпти, кўплаб тижоратчи ва ҳайдовчиларнинг ризқини қиймоқда. Тожикистонга қанча машинада транзит кетаяпти, қанча юк Абу Саҳий деган фирма орқали Ўзбекистонга кетаяпти. Бундан мамлакат бюджетига ошиб борса, битта машинадан 50 доллар пул тушади, дейди қирғизистонлик норози ҳайдовчилардан бири Иса Сулайманов.

Қўшимча қилиб ўтамиз, ўшлик КамАЗчиларнинг норозилик намойиши дастлаб шу йилнинг 9-11 май кунлари бўлиб ўтган.

Улар Хитой юк машиналарининг Ўш вилояти ҳудудига киришини давлатлараро шартномаларга асосан чеклашни, Тожикистон ҳайдовчилари томонидан АҚШ транзит марказидан Ўш вилояти ҳудуди орқали Афғонистонга олиб кетилувчи юкларнинг 50 фоизини жанублик ҳайдовчиларга ўтказиб берилишини, Эргаштом божхона постида ўрнатилган тарозиларни Қирғизистон Транспорт инспекциясига ўтказилишини ҳамда Транспорт инспекцияси томонидан Хитой юк машиналарига назорат ўрнатилишини талаб қилишган.

Ҳайдовчиларга кўра, 9-11 май кунлари Ўш–Саритош йўлида ўтказилган биринчи норозилик намойишида улар билан Қирғизистон Муваққат ҳукумати раиси ўринбосари Азимбек Бекназаров учрашган ва у ҳайдовчилар муаммосини 1 июнга қадар ҳал қилишга ваъда берган.

- Нима учун Бекназаров келиб, бизни алдади? Биз нима - ёш боламизми ё ўйинчоқмизми ёки кўчадаги итмизми? Халқни алдаб, халқ хоҳишини бажармагани учун икки президент итга ўхшаб қочиб кетди. Нега қочади - ўғри, ақли йўқ, шунинг учун қочди. Биз талабимиз бажарилмагунича турамиз, бажармаса, Оқ уйга ҳужум қиламиз - кераги йўқ, ўрнига ёшларни қўямиз. Талабимиз бажарилмаса, референдумга бориш йўқ. Ҳар биримизда қанчадан одам бор, биз қатнашмаймиз, референдумга боришга қарши ташвиқот қиламиз. Бизни атом бомбаси билан портлатиб юборишсин. Биз Қирғизистон фуқаросимиз, бу ерда ўзбек, уйғур, қирғиз - барчаси бор, деди олойлик ҳайдовчи Маматжон Тўйчиев.

Қирғизистонлик ҳайдовчилар ўз талаблари бажарилмаган тақдирда Ўш-Эргаштом йўлини тўсиш билан ҳам таҳдид қилмоқдалар:

- Муаммоларимиз ҳал қилинмагунича биз шу ерда тураверамиз, ҳукуматдагилар ҳам ўтираверишсин. Биз бу ердан юкларни ўтказмай қўямиз. Охири муаммоларимизни ҳал қилишларига тўғри келади. Қисқаси божхона ва Ўш бюджетига пул тушмайди, биз иш ташлаймиз, бу ердан - хоҳ Хитой юклари бўлсин, хоҳ Қирғизистон юклари бўлсин - ўтказмаймиз, деди норози ҳайдовчилардан яна бири.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг Ўш вилоят губернатори Сўўранбай Жээнбеков сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, ҳозирда Хитой юк машиналарининг Қирғизистонга киришини чеклаш масаласи республика даражасида муҳокама қилинмоқда.
XS
SM
MD
LG