Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:00

"Одамхўр" Қораевлардан бири қийноқлардан қўрқаётир


Қораевлар сўйган қурбонларнинг тана қолдиқлари ахлат қутиси ичидан топилган.
Қораевлар сўйган қурбонларнинг тана қолдиқлари ахлат қутиси ичидан топилган.

Бухороликлар орасида "одамхўрлар" оиласи деб танилган Қораевлардан бири¸ ҳозирда Боку тергов изоляторида сақланаётган Ўзбекистон фуқароси Шоиқ Қораев ўзининг экстрадиция қилинмаслигини сўраб инсон ҳақлари бўйича Европа судига мурожаат қилган.


Озарбайжоннинг 1news.az ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, расмий Тошкент томонидан “оғир қотиллик"да айбланаëтган Ўзбекистон фуқароси Шоиқ Қораев 2008 йил апрел ойида Бокуда ҳибсга олинган ва шундан бери Ўзбекистонга экстрадиция қилиниш таҳдиди остида яшамоқда.

Олти нафар фуқарони ўлдирганликда гумон қилинаëтган Қораев Озарбайжон ҳукумати аъзо бўлган Европа инсон ҳақлари судига мурожаат қилиб¸ Ўзбекистонда ўзига нисбатан қийноқлар қўлланилиши мумкинлиги асосида ўз экстрадициясининг бекор қилинишини сўраган.

Боку тергов изолятори ходими Шоиқ Қораевнинг Ўзбекистонни ларзага солган Бухородаги қотилликларга алоқадорликда айбланаëтган Қораевлардан бири эканини тасдиқлади.

-У тергов изоляторида сақланмоқда. Ўзбекистон фуқароси ҳалқаро қидирувда бўлганлиги боис ҳибсга олинган, дейди Озарбайжондаги қамоқхоналар бошқармаси ходими.

Озодликка маълум бўлишича, Шоиқ Қораев Фируддин ўғли¸ асли бухоролик. Бундан ўн йил олдин, 2000 йилда Бухородаги ахлатхоналардан бирида одам танаси қолдиқлари топилган ва бу топилма кўп ўтмай бутун Ўзбекистонни ларзага солган туркум қотилликларнинг очилишига сабаб бўлган эди. Кўп ўтмай бу қотилликларда Қораевлар оиласи айбланиб ҳибсга олинган эди.

Оила бошлиғи¸ асли озарий бўлган Фируддин Қораев Бухоро Озиқ-овқат ва енгил саноат технологияси институтида декан лавозимида ишлаган ва ўнлаб бухоролик йигитларни Жанубий Кореяга ишга юбораман¸ деган баҳона билан ўз уйига олиб келиб¸ уларни сўйиб¸ тана аъзоларини хорижга сотиш билан шуғулланган. Тергов давомида Қораев ўзи ишлаган институт биносининг юқори қаватидан ўзини ташлаб жонига қасд қилган эди.

Маҳкама давомида Фируддин Қораевнинг турмуш ўртоғи 41 ёшли Олима Қораева ўзига қўйилган қотиллик ва мурдани таҳқирлаш айбларини бўйнига олган ва 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Бокуда қўлга олинган Шоиқ Қораев Олима Қораеванинг ўғли бўлиб, тергов жараёнида гумондор шахслар қаторида бўлган эди. Бироқ ота-онаси қамалиши ҳамоно ғойиб бўлгани боис, ҳалқаро қидирувга берилган эди.

Бухоролик "одамхўр" оила аъзосининг қўлга олингани бу воқеаларнинг қайта эсланишига сабаб бўлмоқда.

Озарбайжондаги Ўзбекистон элчихонаси ходимига кўра, Бакудаги Тошкент вакилларининг Шоиқ Қораевнинг 2008 йилдан бери Баку ҳибсхонасида сақланаëтганидан ҳатто хабари ҳам йўқ.

- Бизга бу тўғрисида Озарбайжон элчихонасидан расмий хат тушмади. Ўзбекистон томондан ҳам тушмаган. Шунинг учун мен ҳам ҳайрон бўлдим. Ҳозир запрос тайëрлаяпмиз информация сўраб, дейди Бокудаги Ўзбекистон элчихонасининг ходими.

Айни пайтда¸ Бухорода 10 йил олдин содир бўлган Қораевлар "одамхўр"и ортидаги синоат ҳали-ҳануз турли тахминлар гирдобида - Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари бу воқеаларга доир ахборотни жамоатчиликка охиригача эълон қилмади. Ушбу қотилликни тергов қилган прокуратура ходими ўша пайтда Озодлик билан суҳбатда¸ бу қотиллик изининг Тошкентга бориши ва унинг ортида халқаро майдонда одам тана аъзолари билан савдо қилувчи уюшган гуруҳлар турганини айтган эди. Айни терговчи¸ ҳуқуқ идоралари ишни маиший қотиллик даражасида малакалашга мажбур бўлганини ҳам тан олган эди.

Озодлик билан суҳбатда бухоролик шифокор суҳбатдошимиз терговчининг 10 йил илгари айтганларини қувватлайди:

- Бухорода битта врач бор эди Якубовский деган. Кейин Америкага кўчиб кетган. Бу ерда у крупний мафия эди. Ëпилиб кетганда у. Асосий айбини хотини бўйнига олган. Шу билан кесилиб кетган. Энди у чет элда бўлган. Демак¸ бу ëқда ҳам бўлган бўлиши керак. Специалний транспортировочний холодилниклар бўлади¸ ўша вақтда соатда сақлайди. Бу ерда аэропорт ўйнайди. Ҳамма нарса келишилган бўлиши керак¸ деган тахминни қувватлайди бухоролик шифокор.

Ўз исмини ошкор этишни истамаган Бухоро Ички ишлар бошқармасининг ходими Шоиқ Қоравенинг айни шу қотилликларга алоқадорликда гумонланаëтгани ва 2008 йилнинг ёзидаёқ уни Бокудан олиб келиш ҳаракатлари бўлганини тасдиқлади. Аммо бу уринишларнинг нега ҳозирча самарасиз қолаëтганини шарҳлай олмаслигини билдирди.

Бухоролик Қораевлар оиласи устидан бўлган суд жараёнини ёритган журналистлардан бирига кўра, суд жараёнида фақат қотиллик бўйича далиллар кўрсатилган. Аммо судланган оиланинг буйрак, юрак каби тана органларини хорижга транспортировка қилганлиги, ёки оила аъзоларининг одам гўшти еганлиги ҳақида бирор бир маълумот айтилмаган. Ўзбекистонлик журналистга кўра, ўша пайтда очиқ суд жараёни бўлган мазкур иш фақат олтита қотиллик ҳақида далиллар кўрсатган холос.

Бу қотилликлар содир бўлганда 18-19 яшар йигит Шоиқ Қораевнинг уларга қанчалик алоқадорлиги номаълум. Аммо Ўзбекистон¸ айнқиса Бухорода ҳамон кўпчилик даҳшат билан эслайдиган "одамхўр" оила боласи бугун Ўзбекистон қамоқхоналарида мунтазам қўлланиладиган қийноқлардан паноҳ изламоқда.

Европа инсон ҳақлари судининг Шоиқ Қораев ишини қачон кўриб чиқиши ҳозирча номаълум.
XS
SM
MD
LG