Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:41

Ўтунбаева Жалолободда жабрланганлар билан учрашди


Ўтунбаева Жалолободдаги касалхонадаги яраланганлар билан гаплашди.
Ўтунбаева Жалолободдаги касалхонадаги яраланганлар билан гаплашди.

Қирғизистон расмий матбуоти Ўтунбаеванинг маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашгани, вилоят касалхонасига боргани ҳақида гапираëтган бир кезда¸ у билан учрашиш учун атайин вилоят ҳокимлиги биноси олдига йиғилган ўзбеклар бу имкониятдан яна мосуво қолганларини айтмоқда.


Шу кунларда 22 июн куни нима бўлар экан, деган ваҳима ичида қолаётган Қирғизистон жанубининг Жалолобод вилоятига борган муваққат ҳукумат раҳбари Роза Ўтунбоева, расмий хабарларга кўра, вилоят касалхонасига борган.

У ерда маҳаллий журналистларга интервью берган Ўтунбаева Жалолободдаги вазиятни “барқарор”, деб баҳолади.

- Бизнингча, умуман олганда, бу ердаги вазият барқарорлашган. Ҳозир мен Жалолобод шаҳрида турибман ва биз уйлар бузилган ҳудудларни бориб кўрдик. Афсуски, бу ҳудудлардан ҳам аҳолининг кўчиб кетиши ҳоллари бўлган. Биз ҳозир бу низонинг асл илдизи нимада экани, асл сабабларини жиддий муҳокама қилдик. Одамларнинг қайғулари ва таклифларини тингладик. Ўйлаймизки, биз булардан¸ албатта ¸сабоқ чиқарамиз, деди журналистлар билан учрашувда Ўтунбаева.

Шунингдек, у мамлакатда ҳукм суриб турган айни вазият референдум ўтказиш заруратини янада яққол тақозо қилаётганини урғулади.

- Референдум ўтказиш заруратга айланмоқда, чунки, биз ҳуқуқий майдонга киришимиз лозим. Агар биз бу ишни пайсалга солсак, ортга сурсак ёки қолдирсак, бу мамлакатнинг келгусидаги барқарорлигига ҳам жиддий таҳдид солиши мумкин ва ҳаттоки, мамлакат ортга кетиши ҳам мумкин, деди Жалолобод касалхонасида журналистлар билан учрашган Қирғизистон муваққат ҳукумати раҳбари Роза Ўтунбаева.

Аммо Жалолободга Ўтунбаева келаркан, деган хабарни эшитиб турли туманлардан вилоят ҳокимлиги биноси олдида йиғилган ўзбек жамоаси вакиллари муваққат ҳукумат раҳбари билан учраша олмади.

Ўшда, Жалолободда 11-12-13 июн кунлари бўлган қирғинлар ва шу сўнгги кунларда маҳаллий ҳарбийлар ҳамда милиционерлар содир этаётган зўравонликлар, уларнинг қўлида қурбон бўлаётган ўзбеклар тақдирига оид саволлар яна жавобсиз қолди.

Роза Ўтунбаева билан суҳбатлашиш имкони берилган журналистлар орасида ҳам бундай саволларни берадигани топилмагани боис, Қирғизистон муваққат ҳукумати раҳбарининг Жалолободда қилган баёнотида бу ҳақда ҳеч бир гап бўлгани йўқ.

Аксарияти ўзбеклар, айни вақтда айрим қирғизлар ҳам бўлган гуруҳ вилоят ҳокимлиги олдида Роза Ўтунбаевани кечгача пойлади, дейди умиди пучга чиққан жалолободлик ўзбеклардан бири Озодлик билан суҳбатда.

- “Бугун Ўтунбаева келади” дейишган экан. Шунга борган эдик. Борсак¸ биз кўрмадикда Ўтунбаевани. Яқинлаштирмайдиямда унга ҳозир. “Келди. Самолëти турибди” деяпти. Борсак¸ бир газел қирғиз хотинлар ҳам борган экан. Ўша ерда Қирғизистон 1-каналининг журналистлари ўтирибди. Қирғиз хотин интервю берди. “Биз шу ердан келаяпмиз. Бизга Ўтунбаевага ўхшаган раҳбарнинг кераги йўқ. Қирғиз-ўзбек яхши яшаган эдик. Ҳаммасига Ўтунбаева сабабчи. Ҳозир кўрсам¸ шу хотинни болта билан чопар эдим” деб интервю берди. Янги ҳукуматдан норози одамлар турган эканда. “Бизга йўқ¸ йўқ экан” деб индамай қайтиб келавердик¸ дейди жалолободлик ўзбеклардан бири.

Суҳбатлашаётганимиз кезда Жалолобод шаҳри марказида турган бу аёлдан шаҳардаги вазиятни ҳам суриштирдик. Муваққат ҳукумати раҳбари таъкидлаган барқарорлик борми, дея бу аёлни яна суҳбатга тортдик.

Озодлик: Ҳозир Жалолободда қишлоқлар¸ шаҳарлар тинчми?

- Тинчмас. Лекин ҳамманинг ичида “Эртага 22 июн куни яна уруш бўларкан” деган ваҳима. Одамлар яна қочишга тайëргарлик кўраяпти. Ҳеч кимнинг қўли ишга бормайди¸ ишга чиқмайди. Ҳамма гангиб юрибди ҳозир.

Озодлик: 22 июн куни нима бўлар экан?

- 22 июн куни ҳам ҳамма ерда тўполон бўлар экан. Максимнинг телефонда гаплашганини телевидениеда берганку. “22 июн куни соат 4 да портлашни қилмаймизми?” деганку. Шу нарса одамларда борда. Ҳамма қўрқаяпти. Нафақат биз¸ бутун Бишкек ҳамма қўрқаяпти.

Озодлик: Талон-тарож¸ ўзбекни урди ...

- Бўлаяпти. Мана комендантский час. Уч кун олдин¸ Жалолободда Ботировга қарашли ўқув маркази бор эди. Ўшани ëндириб юборишди. Унинг олдида эҳтиëт қисмлари магазинлари бор эди. Уни ëндиришиб “қирғизларга ўтди” деб ëзибди. Комендантский час ҳам фақат ўзбеклар учун бўлаяпти.

Озодлик: Шу кеча-кундузда уриш¸ дўппослаш бўлдими?

- Йўқ. Аксинча оқсоқоллар юриб “ярашайлик” деб маҳаллалардан инсонларни чиқариб юрибди. Лекин алами ҳам¸ бошқаси ҳам ҳамманинг ичида. Ҳозир яна бир нарса бўлиб қолса¸ ҳаммадан чиқиб кетадида. Аëллар яна нимага қочишга тайëргарлик.

Озодлик: Кўпчилиги қайтиб келганмиди?

- Келди. Кеча¸ бугун¸ илгариги куни. 20 фоиз қолдида. 80 фоиз таможнядан ўтиб кетмаган. Қирғизистоннинг ичида яшашди¸ таможнянинг ëнида. Болтақози деган қишлоқда.

Озодлик: Болтақози чегарадан қанча узоқда?

- Боши беш минутлик¸ охири икки километрда. Ўша ердаги аҳоли уйларида яшадикда.

Озодлик: Бу қишлоқни ëқиб юбориш хавфи йўқми?

- Йўқ¸ у ер Ўзбекистон чегарасига яқин. Гуманитар ëрдам¸ ҳеч нарсадан ëрдам бўлгани йўқ. Мана ҳозир гуманитар ëрдамлар келаяптию роса. Гуманитар ëрдамлар ҳеч нарса бўлмаган жойларга КамАЗ-КамАЗ кетаяпти. Умуман ўзбекларнинг нимаси қолмади бу ерда¸ дейди Жалолобод шаҳар марказида турган аëл.

Жалолободлик бу аёл ҳам, 20-21 июн кунлари Озодлик мухбирлари билан суҳбатда бўлган бошқа жалолободликлар, ўшликлар ҳам 22-23 июн куни яна тўполонлар бошланади, яна қирғин бўлади, деган хавотирларни тилга олмоқда.

Ана шу хавотирлар боис эндигина уйига қайтган қочқинлар яна лагерга қайтиш ҳаракатига тушган. Шундай бир вазиятда Жалолободга борган муваққат ҳукумат раҳбари билан эса маҳаллий ўзбеклар яна учрашмаган. Ҳар ҳолда Озодликка боғланган маҳаллий ўзбек аҳолиси вакиллари ҳукумат раҳбари билан учрашмагани ва у билан учраша олган, унга дардини айта олган ўзбекларни кўрмаганини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG