Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:54

Эркин микрофон - Дунëдаги бари ўзбекнинг муаммоси битта


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

"У ҳам бўлса¸ бу халқнинг ўз юртида қадр топмай¸ ўз ерида иқтисодий имкон топмай¸ бошқалар хизматкорига айланганида"¸ дейди ўзбекистонликлардан бири.



"Ураверсанг ғаюр тортар энг юввош ит ҳам..."
(Абдулла Орипов)

Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида яшовчи 72 ёшли Набижон Жўрабоевнинг Озодликка маълум қилишича, Мутал исмли қоровул йигит туман ҳокимини дўппослаган.

“Ҳолвани ҳоким ейди, калтакни етим” мақолига амал қилиниб келинган Ғаллаоролда бу воқеа ғайриоддий ҳолат ўлароқ қабул қилинганини айтади Набижон ота.

- Бизга Илҳом Эшонқулов деган ҳоким келган. Икки-уч йил бўлаяпти. Ўша келгандан бери районда жуда катта ноқонуний ишлар юз бераяптида. Ҳоким халқнинг ўртасида ўзининг обрўйи билан¸ ўзининг сўзи билан¸ ўзининг меҳнати билан халққа танилишнинг ўрнига муштушзўрликка ўтиб кетган. Мисол учун¸ ҳар қандай мажлисларда ҳам ë бировни ураркан¸ ë бировни оғзига келган сўзлар билан сўкаркан. Ўзбек халқининг “Ҳолвани ҳоким ейди¸ калтакни етим ейди” деган бир мақоли бор. Лекин бизнинг Ғаллаорол туманида калтакни ҳоким ҳам еди. Сабаби - ўзининг айби билан. Ғаллаорол туманининг Авлиë қишлоғида бир катта кўл бор. Зиëратгоҳ жой. Кунига 1000-1500 одам келади. Ҳоким шу ерга тушган садақа пулларидан манфаатланиб тураркан. Ўша ерда бир қоровул бор. Ўтган душанба куни ҳоким бориб эшикни очган ўша қоровулни “Сен нимага бу ерда юрибсан?” деб уриб тепиб кетган. Бу қоровул чидай олмасдан ўрнидан туриб бир калла билан ҳокимнинг башарасини дабдала қилиб ташлаган. Кўрганлар айтаяпти¸ ҳоким бора солиб битта урган¸ бир тепган. Ҳалиги бола ўтириб қолган. Бу қоровул ҳокимдан бақувват бола. Энди ҳоким қоровулни ургандан кейин нима дейиш мумкин?

Озодлик: Қоровул йигитни жазолашмадими кейин?

- Бу қоровул йигит уч-тўрт кундан бери қамоқда турибди. Ота-оналари келаяпти. Мен айтмоқчиманки¸ урушни бошлаган ҳоким нима учун сўроқ қилинмайдию¸ нима сабабдан у ўзини ҳимоя қила туриб қамалиб ëтади? Ҳоким мана учинчи йил кетаяпти туманимиз учун бирор иш қилган эмас. “Қишлоқ фаровонлиги ва тараққиëти йили” бўлди¸ “Баркамол авлод йили” кетаяпти. Туманнинг марказида 20 йилдан бери 10 метр ер асфалт қилинмасдан ëтибди. Туман марказида халқ сувсиз ëтибди. Булар фақат бойлик орттириш¸ ўз манфаатини кўзлаш¸ қўша-қўша участка қилиш¸ қўша-қўша машина олиш билан шуғулланаяптида. Агар ҳоким шу аҳволда бўлса¸ бу қандай бу? Давлат қаëққа қараяпти? Муштумзўрлик қилса¸ урса¸ сўкса¸ бирорта одамга яхши гапирмаса. Шунинг учун мен Озодликка телефон қилаяпман. Шу эшиттиришни беринглар Озодликда. Зора вилоят ҳокимими¸ президентми¸ Бош вазирми эшитса¸ бунақанги ҳокимнинг танобини тортиб қўйса¸ дейди Набижон ота.


Ўқитувчи ва почтачи энди буғдой теради...

Сурхондарёлик ўқитувчиларга яна “солиқ” солинди деб хабар қилади вилоятнинг Шўрчи шаҳарчасида яшовчи бир муштарий. Унга кўра, эндиликда туман ўқитувчиларининг ҳар бири 50 килодан буғдой топшришлари шарт бўлаяпти.

- Ҳозир ўқитувчиларга жуда ëмон нарса бўлибди. 50 килодан буғдой берасан¸ деб буйруқ берилаëтган эмиш. Ўрта мактабда ишлайдиган битта танишим бор. Ўша айтди. Кейин ўзимнинг катта опам ва поччам Олтинсой районида мактабда ишлайди. Ўшалар ҳам “ойлик йўқ¸ пластикка беради” деб нолийди. Вақтида пул беришмайди дейди. У ҳам етмагандай нима сабабдандир 50 кило буғдой берасан¸ деб мажбурий солиқ солинган. Почта ходимларга ҳам шу нарса буюрилаëтган эмиш.

Озодлик: Почта ходимларига ҳам 50 килодан буғдой дебдими?

- Килосини айтмади. “Ë 100 минг сўм ë буғдой топиб берасизлар” деб айтилган эмиш.

Озодлик: 50 кило буғдой 100 минг сўм бўладими?

- Ҳозир буғдой 700 сўмга чиққан дейишаяпти. Буғдойнинг нархи ошибдию.

Озодлик: Мактаб ўқитувчиларидан ва похта ходимларидан буғдой олганда ким олаяпти ва қаерга олаяпти?

- Ана шунга ҳайронмизда. Ана шунга ҳайронмиз. Менинг фикрлашимча¸ ҳокимлар фермерларга буйруқ берган бўлиши мумкин. Тахминда энди бу. План тўлмай қолган бўлса¸ ўшанга одамлардан олиб бўлса ҳам¸ қанақа қилиб бўлса ҳам тўғирлайсизлар¸ деган бўлиши мумкин¸ дейди сурхондарëлик суҳбатдошимиз.


Доғистонни дунëга дарича деб билган ўзбек толиби

Доғистондан қўнғироқ қилган Ҳасан Андижоний олти йилдан буён ўзбекча сўзлашишни соғиниб яшаётганини айтади.

- Мен ҳозир Доғистон¸ Махачкаладаман. Худо хоҳласа яқинда фуқаролик олмоқчиман. Менинг ўзбекча гаплашни соғинганимга олти йил бўлди. Олти йилдан бери шу ердаман. Бу ерда танишлар ҳам йўқ. Ҳозир биз узоқдамиз Ўзбекистондан. У ëқдаги аҳволни ўзингиз биласиз. Бизга озгина қийинчилик. Мен диний одам бўлганлигим учун тазйиқлар бўлиб¸ бу ëққа келиб қолганман.

Озодлик: Олти йилдан бери бирор марта ҳам Ўзбекистонга бормадингизми?

- Йўқ. Мен мадрасада эдим. Мадрасани энди битираяпман. Иншооллоҳ бир йил қолди. Яқинда¸ Худо хоҳласа¸ фуқаролик оламан. Ундан кейин йўл ҳам очилади¸ иншооллоҳ.

Озодлик: Фуқаролик олиб¸ у ерда қолиш ниятингиз борми?

- Қолиш деганда¸ мен бу ерда абадий қолмоқчимасман. Мен просто дунëга чиқмоқчи эдим. Ўзи асл муродим шу эди. Саудияга¸ Европага¸ Америкага бошқа ерларга¸ Ўзбекистон фуқароси бўлганлигимдан даже Россияга чиқишга рухсат йўқ эди. Бош муродим шу. Бу ердан фуқаролик олишдан мақсадим дунëга чиқишлик. У ëқдаги ўзбеклар билан танишишлик. Менинг бошқа муродим йўқ¸ дейди Ҳасан Андижоний.


Ўшлик ўзбекларга сабр тилайман

Қашқадарёдан сим қоққан Мурод исмли йигит Қирғизистон жанубидаги зўравонликлар борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиради.

- Ўшдаги бўлган воқеалар тўғрисида фикр билдирмоқчи эдим. Бу мисли кўрилмаган каттакон фожиа бўлди ўша ердаги ўзбеклар учун. Бунинг орқасида¸ албатта¸ биз биламизки¸ аввалдан қирғиз-ўзбек халқлари жуда бир иноқ бўлиб яшаб келган. Менинг фикримча¸ бунинг орқасида қанақадир бир сиëсий ўйин бўлаяпти. Қирғизлар билан ўзбекларнинг ҳеч қанақа айби йўқ менимча. Кейин яна бир гап. Ўшлик ўзбекларга Худонинг бир синови дейману¸ ҳақиқатан сабрли¸ бардошли бўлишларига тилакдошман. Бунақанги синовлардан матонат билан¸ мардлик билан ўтиш керак¸ дейди Мурод.


Ўзбекнинг қадди қачон кўтарилади?

Россияда меҳнат қилаётган Алижон исмли ўзбек йигити Ўзбекистон ичкарисидаги ўзбекларнинг қадр-қиммати йўқлиги, ғурури топталиши боис мамлакатдан ташқарида яшовчи ўзбекларга нисбатан салбий муносабат шаклланиб бораяпти¸ деган фикрда.

- Мен Қирғизистондаги ўзбекларга муносабат совуқлашишига сабаб деб¸ Ўзбекистон ичидаги ўзбекларнинг ҳурматлари йўқолаëтганида деб биламан. Ўзбекистон ичида ўзбекларимиз ўзининг кучини¸ қадрини йўқотмаганда чекка жойларда ҳам ўзбекларга нисбатан ҳурмат маъносида қараларди ва ҳеч қандай жанжал келиб чиқмас эди. Мана шу иқтисодий танглик бугунги кунда ўзбекларни ҳар қандай қийинчиликларга дучор қилиб ташлади. Ҳамма жойда бош эгилиб қолди. Бу мамлакат ташқарисида ҳам маълум бўлиб қолди. Билмадим¸ бу кетиш қачонгача бўлади. Қачонки халқимиз ўзини тиклаб олса ва ўзбек миллати кўзга кўринадиган даражага борса¸ чеккадан бизга ҳурмат маъносида қарасагина бу нарсалар йўқолиб кетади. Энг асосий нарса бугунги кунда мана шу нарсага Ўзбекистондаги иқтисодий тангликнинг энг катта нимаси бор деб ўйлайман. Агар иқтисодий тангликдан биз чиқиб кетсак¸ ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Ўзбекларнинг боши кўтарилади ва бошқа жойдаги ўзбекларга нисбатан ҳурмат билан қараладиган бўлади. Россияни оладиган бўлсак¸ бу ердаги энг қора ишлардаги ишларни ўзбеклар бажаради ва шунинг учун бу ерда ўзбеклар кун сайин ҳурматларини йўқотиб кетишаяпти. Ўзбекистондаги барча-барчадан илтимос қиламанки¸ энг аввало Ўзбекистон ичидаги ўзбеклар ўз қадрини кўтарсин. Энг биринчи ўз қадрини кўтарсин¸ дейди Алижон.

****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG