Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:45

Қозоқлар элбошиси 70 ëшга тўлди


6 июл куни Назарбоев таваллуд куни шарафига очилган Хон чодири дунëдаги энг катта чодирга айланди.
6 июл куни Назарбоев таваллуд куни шарафига очилган Хон чодири дунëдаги энг катта чодирга айланди.

6 июл куни Қозоғистон президенти¸ яқинда мамлакат элбошиси деган махсус мақом олган Нурсултон Назарбоев 70 ëшга тўлди. Шу муносабат билан Назарбоев 12 йил аввал айни кунда Қозоғистон пойтахти деб эълон қилган пойтахт Остонада тантанали маросимлар бўлиб ўтмоқда.



6 июл куни Қозоғистон ўзининг биринчи ва ҳозирча ягона президенти Нурсултон Назарбоевнинг 70- таваллуд кунини байрам қилмоқда. Кейинги 20 йил давомида нефтга бой Қозоғистонни Марказий Осиëнинг энг бадавлат давлатига айлантирган Назарбоевнинг туғилган куни ҳам¸ қозоқ иқтисодининг кўламига мос бир тарзда нишонланмоқда.

Бу тантаналарда Россия президенти Дмитрий Медведев¸ Туркия президенти Абдуллоҳ Гул каби хориж меҳмонлари иштирок этмоқда. Байрам тантаналаридан бирига кўра¸ ўз туғилган кунида президент Назарбоев британиялик меъморлар томонидан қурилган улкан савдо маркази очилишида қатнашади. Қозоқларнинг анъанавий чодири шаклида бунëд этилган Хон чодири деб аталмиш бу марказ ичида сунъий шаршарадан тортиб мини голф клубларгача топиш мумкин. Хон Чодирнинг очилиш маросимида элбоши¸ унинг меҳмонлари¸ қолаверса остоналиклар учун қозоқ миллий раққос ва раққосалари чиқиши баробарида дунëга машҳур италян тенори Андреа Боччели ҳам қўшиқ куйлади. Тантаналар сўнггида Остона¸ хусусан Хон Чодир ранго-ранг мушаклар домида қолди.

6 июл куни Назарбоевнинг 70 йиллик юбилейи билан айни кунда Остона шаҳрининг расман Қозоғистон пойтахти деб эълон қилинганининг 12 йиллиги ҳам нишонланмоқда.

Назарбоев ташаббуси билан Олмаотадан Остонага кўчирилган қозоқ пойтахти миллат раҳнамоси деб эълон қилинган биринчи президент билан айни кунда ўз туғилган кунини байрам қилади.

Нурсултон Назарбоев бундан роппа-роса 70 йил аввал – 1940 йилнинг 6 июл куни Чемолган қишлоғидаги чўпон оиласида дунëга келган. Ëшлигининг қатор йилларини металлургия комбинатида ўтказган муҳандис Назарбоев¸ кўп ўтмай коммунистлар элитаси сафига қўшилди ва хизмат пиллапояларидан тезлик билан кўтарила бошлади.

1989 йили Назарбоев Қозоғистон Компартиясининг 1-котиби этиб тайинланди ва бир йил ўтиб Қозоғистоннинг илк президенти этиб сайланди ва мамлакатнинг СССРдан ажраб мустақил давлатга айланиш босқичига раҳбарлик қилди.

Ўтган 20 йил давомида Нурсултон Назарбоев ëнилғи заҳираларига бой Қозоғистонни минтақавий қудратга айлантириш ҳаракатидан оғишмай келмоқда. Мустақил кузатувчилар¸ Россия¸ Хитой ва Ғарб манфаатлари тўқнашаëтган Марказий Осиëнинг энг бой давлати президентининг қудратли давлатлар ўртасида Қозоғистон манфаатларини моҳирона ҳимоя қилишга муваффақ бўлганини юқори баҳолайдилар. Кўпчилик Буюк ўйиннинг давомида деб қараëтган бу манфаатлар тўқнашувида сихни ҳам¸ кабобни ҳам куйдирмай келаëтган қозоқлар элбошисининг постсовет давлатлари орасида биринчи бўлиб Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти раислигини Қозоғистонга келтиришга муваффақ бўлгани ҳам¸ Назарбоевнинг уста сиëсатчи эканига яна бир далилдир¸ деган фикрда аксар сиëсатшунослар.

Назарбоев Қозоғистонда миллий маориф ва таълим тизимини ривожлантиришнинг жиддий таянчи¸ мамлакат иқтидорли ëшларининг хорижда ўқишига кенг имкон бераëтган етакчи сифатида кўрилади. Хусусан¸ элбоши таваллуди куни арафасида Остонада унинг номида очилган миллий университетда яқин йилларда 20 мингдан ошиқ талабанинг таҳсил олиши кутилмоқда.

Айни пайтда кузатувчилар Қозоғистондаги иқтисодий ривожланишнинг сиëсий ҳаëтдаги кескин чекловлар эвазига қўлга киритилганини ҳам таъкидлашади. 20 йиллик бошқаруви давомида Нурсултон Назарбоев ҳокимиятни ўз қўлида тўлиқ марказлаштирди¸ ўзгача фикрловчиларнинг танобини тортиб қўйди¸ парламентни ўз рақибларидан тозалаб¸ матбуотни ўз оқимига солишга муваффақ бўлди.

Назарбоевнинг жорий президентлик муддати 2012 йили ниҳоясига етади¸ аммо қозоқ парламенти қабул қилган қонунга мувофиқ у исталган муддатга сайланиш ҳаққига эга бўлди. Боз устига¸ 2010 йил баҳорида мамлакат парламенти Назарбоевни элбоши дея эълон қилди ва нафақат биринчи президент¸ балки оиласининг ҳам жиноий жавобгарликка тортилишдан дахлсизлигини кафолатлади.

6 июл куни Қозоғистон бўйлаб ўтказилаëтган байрам тантаналари¸ 70 га кирган Назарбоевнинг ҳокимиятдан қачон ва қандай кетишига оид баҳсларни янада қизитишга баҳона бўлди. Назарбоевга берилган элбоши мақоми¸ унга истеъфога чиққандан сўнг ҳам Қозоғистон сиëсатини белгилаш ҳуқуқини бериши боис¸ айрим кузатувчилар Назарбоев ўз ўрнига ворис танлашга киришгани ҳақида гапира бошладилар.

Остона мэри Имангали Тасмагамбетов ва Назарбоевнинг куëви¸ давлатга қарашли КазМунайГаз ширкати раиси Тимур Кулибаевлар Назарбоев ўз ўрнига танлаши мумкин ворис сифатида кўрилмоқда.
XS
SM
MD
LG