Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:30

Қирғизистон жанубига ЕХҲТ кучларининг киритилиши сўралмоқда


Ҳуқуқ ҳимоячилари¸ қирғиз армияси ва милициясининг моноэтник табиати мамлакат жанубида тинчлик ўрнатилишига тўсиқ эканини таъкидлашмоқда.
Ҳуқуқ ҳимоячилари¸ қирғиз армияси ва милициясининг моноэтник табиати мамлакат жанубида тинчлик ўрнатилишига тўсиқ эканини таъкидлашмоқда.

Human Rights Watch халқаро ташкилоти Қирғизистон жанубидаги вазиятни изга солиш, маҳаллий аҳоли ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида бу минтақага ЕХҲТнинг полиция кучларини киритиш кераклигини таъкидламоқда.

Ҳюман Райтс Уотч халқаро ташкилоти тарқатган баёнотда Қирғизистон жанубидаги вазиятнинг бeқарорлигича қолаётгани, асосан ўзбек аҳолиси орасида хавотирлар кучли эканлиги айтилади.

Шу сабабли вазиятни изга солиш, шунингдек, маҳаллий аҳоли ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Қирғизистонга Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти полиция кучларини киритиш кераклиги айтилади.

Айни пайтда бундай фикрни Ўш воқеаларида жабр кўрган кўплаб ўзбеклар ҳам қўллашмоқда.

Қорасув тумани Наримон қишлоғида истиқомат қилувчи Исроил Камолов маҳаллий ҳуқуқ тартибот тузилмалари ходимлари томонидан ушбу ҳудудда ўтказилган махсус амалиёт пайтида ҳамқишлоқларига нисбатан куч қўлланилганини айтади:

- Аскар, милиция формасидагилар мени ва ўғлимни уриб, тепалашди, тепишди. Правамни, (ҳайдовчилик гувоҳнома назарда тутилмоқда-таҳр.) ҳужжатларимни йиртиб юборишди. Военний билетимнинг суратини йиртиб, правамни мана бундай қилиб ташлади. Паспортимни топшириб қўйганман, десам мана бундай қилиб йиртиб ташлашди, дейди Исроил Камолов.

Ўш шаҳрининг Шаҳиттепа мавзеида истиқомат қилувчи аёллардан бири эса, маҳаллий ҳарбийлар, ушбу ҳудудда истиқомат қилувчиларнинг пул ва бошқа буюмларини тортиб олишганини айтади:

- Эрталаб босмачидек бостириб киришди азон айтган маҳалда. Бор нарсаларимизни олиб чиқиб кетти, пулларимизни. Телефонларимизни ерга уришди, тўйдик, жонимиздан тўйдик, дейди ўшлик аёл.

Айни пайтда Ўшда ўтказилаётган махсус операциялар ва фуқароларнинг текширилаётганини бир неча кун кузатган Россиянинг “Мемориал” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази етакчиси Виталий Пономарëв ҳуқуқ - тартибот органлари томонидан ўтказилаётган махсус амалётлар пайтидаги қонунбузарликлардан халқаро ташкилотлар ҳам шокка тушаётганини айтади:

- Жуда катта кўламдаги операциялар ўтказилди. Деярли барча уйлар текширувга олинди. Оммавий тарзда зўравонликларни кузатдик. Масалан, айрим одамларни сабабсиз калтаклашди. Буни куч тизими ходимлари қилишди. Бироқ уларни аниқлаш қийинчилик яратмоқда. Буларнинг ким эканини маҳаллий милиция вакилларидан суриштирсак, улар айтишдан бош тортишди. Воқеани кузатиб турган Ҳюман Райтс Уотч, Норвегиянинг Ҳелсинки қўмитаси вакиллари барчаси бўлиб ўтаётган воқеалардан шокда, деди Виталий Пономарëв.

Ўш вилояти коменданти Бақтибек Алимбековнинг сўзларига кўра, маҳаллий ҳуқуқ тартибот органлари томонидан, аҳолида сақланаётган қурол яроқларни топиш ва гаровда ушлаб турилган фуқароларни бўшатиш бўйича вилоят бўйлаб олиб борилаётган махсус амалиётлар чоғида аскар ва милиция ходимлари фуқароларга нисбатан ноқонуний ҳаракат қилмаган. Аммо блок постларда турган ҳуқуқ - тартибот органи ходимларига нисбатан аҳолидан арзлар келмоқда:

- Шу кунгача 20 дан ортиқ ходим жазоланди¸ айримлари лавозимидан бўшатилди. Беш киши ҳуқуқ- тартибот органидан бўшатилди. Қурол қўлланган, қўпол муносабатда бўлган фактлар бўйича текширув ишларини олиб боряпмиз. Қонун бузган ҳуқуқ - тартибот органларининг барча ходимлари¸ сўзсиз жавобгарликка тортилади, деди Бақтибек Алимбеков.

Айни пайтда Қирғизистон муваққат ҳукуматининг жануб бўйича махсус вакили, Қирғизистон Мудофаа вазири Исмоил Исоқов халқаро ташкилотларнинг хавотирланишига асос йўқлигини айтади. У Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти полиция кучларининг Қирғизистонга киритиш мумкин эмас¸ деган фикрда:

- Сабаби, улар келганда бизнинг тилимизни, дилимизни билмаса, бизнинг милиция ходимларини нимага ўргатади. Ундан кўра, улар ёрдам берамиз дейишса, техник ёрдам кўрсатиб, куйиб кетган уйларнинг ўрнига янги уй қуриш учун маблағ беришса яхши бўларди. Менда, улар келганидан кейин тушунмовчилик бўлади ва Қирғизистон қопқонга тушиб қолади, деган ўй бор, дейди Исмоил Исақов.

Айни пайтда¸ Қирғизистон Ўтиш даври президенти Роза Ўтунбаева мамлакат жанубига тинчлик ўрнатувчи кучларини юборишни сўраб Европа иттифоқига расман мурожаат қилган. Европа иттифоқининг Ташқи ишлар бўйича комиссари Кэтрин Эштон бу сўровнинг иттифоққа аъзо давлат Ташқи ишлар вазирларининг навбатдаги йиғинида кўриб чиқилишини билдирди.

Бундан аввал Роза Ўтунбаева Россия президенти Дмитрий Медведевга ҳам мурожаат қилган ва ундан Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти мандати остида Қирғизистон жанубига тинчлик ўрнатувчи кучларни юборишни сўраган эди. Аммо Кремл раҳбари бу сўровни рад қилди.

XS
SM
MD
LG