Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:47

Эркин микрофон - "Уч ойдан бери муаммо ҳал бўлмади"


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

Красноярск ўрмонларида қул каби ишлатилган қашқадарёлик 64 нафар меҳнат муҳожири Ўзбекистонга депортация қилинганидан кейин ўзларини ёллаган ташкилотлардан ваъда қилинган пулни ололмаётганини айтмоқдалар.

Қашқадарёлик муҳожирларнинг пули қайтарилмаяпти

Қаршилик Азим Кенжаев жорий йилнинг май ойида қулликдан халос бўлган 60 дан зиёд қашқадарёлик меҳнат муҳожиридан бири.

Икки ой давомида Красноярск ўрмонларида қулларча ишлатилган қашқадарёлик 64 йигит кейинчалик Ўзбекистонга депортация қилинган эди.

14 июл куни Азим Кенжаев Озодликка қўнғироқ қилиб, кейинги икки ой давомида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари уларнинг аризаларига панжа орасидан қараётганини маълум қилди.

- Опа¸ бизлар Россияга борган эдик-ку. Қайсидир акахон телефон қилиб қутқарувдилар-ку. Депорт бўлиб қайтиб келган эдик. Ўшанинг ишлари бўлмаяпти-да. Нима қилса бўлади? Биз 24 февралда кетиб, 12 дами келиб тушдик. Биз Меҳнат биржаси Қарши бюроси томонидан кетган эдик. "Пулларингизни қилиб берамиз", дейишган эди. Келганимизга уч ой бўлаяпти - ҳалигача бир тийиндан дарак йўқ. Шунга сизларга мурожаат қиламизми, деган эдик.

Озодлик: Ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилдингизларми?

- Биз Қарши горотделга мурожаат қилдик. Ҳали натижаси чиқмаяпти. Муаммо бўлаяпти-да. 64 та боланинг пули ҳали ҳал бўлгани йўқ. Ишлатиб жўнатиб юборишди-да бизларни.

Озодлик: 64 та йигитнинг ҳаммаси қайтиб келдими?

- Ҳа.

Озодлик: Аризани ëзганда ҳамма қўл қўйганми?

- 60 та бола қўл қўйган. Уч ой ичида ҳал қилиб берамиз, деган эди - ҳалигача натижа йўқ. Бюрога борамиз, “Қўлингдан нима келса қил. Уч ойдан кейин ҳал қилиб берамиз, унда ҳам ҳал бўлса” деяпти¸ дейди Азим Кенжаев.

Қашқадарё вилоятининг турли туманларидан бўлган бу йигитлар Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг Фуқароларни чет элга ишга жойлаштириш бўйича минтақавий Қарши шаҳар бюроси ва Иркутскдаги “Ташкент” фирмаси ўртасида тузилган шартномага кўра ўз ҳисобларидан йўлкира қилиб ишга юборилган эди.

Бироқ ўзбекистонлик йигитлар икки ой давомида ўрмонда қулдай ишлатилган ва уларга иш ҳақи берилмаган. Очликдан ва совуқдан силласи қуриган йигитлар Красноярск ўлкасининг Богучанск тумани милициясига ўзларини топгширган эди. Богучанск туман суди ишга рухсати бўлмаганлиги учун қашқадарёлик бу йигитларни Россиядан бадарға қилиш ҳақида қарор қабул қилган эди.


Оддий халқ сиëсатчиларнинг ўйинига айланиб қолаяпти

Фарғоналик ўқитувчи Шукуржон ака Қирғизистон жанубидаги қонли воқеаларга ўз муносабатини билдирар экан, “Бу воқеалар ортида Бакиевлар турибди” деган фикрни билдиради.

- Бир хурсанд бўлган эдик. Ўрта Осиëда демократия оролчаси деб қўярди бу Қирғизистонни. Аслида ундай бўлмаяпти. Ҳар бир революциялари оломон¸ ур-йиқит¸ мародëрство билан бўлаяпти. Ўшдаги воқеаларнинг сабабчилари учинчи кучлар, деяпти. Менимча¸ у ерда ҳеч қанақа учинчи куч йўқ бўлса керак. Бу нарсани асосий уюштирганлар бу бакиевчилар. Аслида бу тўполонларнинг сабабчиси ўша апрел воқеаларидан кейин ур-тўполон қилишиб, бу ерда контрреволюция қилмоқчи бўлишган. Ўшда¸ Жалолободда йиғилиб ҳеч нарса қила олмагандан кейин, охирги нуқта ўзбекларни ўртага қўйиб, Ўзбекистон билан жанжал чиқаришга уриниб кўришаяпти-да булар. Оддий халқ сиëсатчиларнинг ўйинига айланиб қолаяпти-да¸ дейди фарғоналик Шукуржон ака.


Бахмаллик Асадбек президент Каримовдан рози

Жиззах вилояти Бахмал туманида яшовчи Асадбек исмли бир тингловчи Озодлик эшиттиришларига танқидий фикр билдириб, радио ходимларини бирёқламалик ва нохолисликда айблайди.

- Мен сизларнинг эшиттиришларингизни эшитиб бораман. Сизларда фақат бир ëқламалик¸ фақат Ўзбекистонда бўладиган Каримов сиëсатини қоралаш. Холис ëритмайсизлар, демоқчиман. Фақат Ислом Каримовдан норози бўлган одамларни гапиртирасизлар. Каримовнинг сиëсатини ëмонлаш бўлаяпти-ку сизларда.

Озодлик: Асадбек ака¸ сиз Каримов сиëсатидан розимисиз?

- Ҳа.

Озодлик: Марҳамат гапиринг унда. Микрофонимиз сиз учун очиқ.

- Сизлар Каримовнинг сиëсатидан норози бўлган одамларни топиб гапиртирасизларми, дейман-да.

Озодлик: Асадбек ака¸ мана сиз рози экансиз Каримов сиëсатидан. Мана микрофонимиз сиз учун очиқ. Бемалол гапиринг. Нима гапингиз бўлса¸ биз эфирга берамиз.

- Бизда ҳамма шароит яхшид-а. Сизлар айтгандай нима йўқ.

Озодлик: Сиз “шароит яхши” деганда нималарни назарда тутаяпсиз?

- Масалан, юртимиз тинч-ку. Масалан, биз ëшлар учун ҳам имтиëзлар берилаяпти-ку. Бу йил баркамол авлод йили бўлди. Ўқишга киришлар ҳам яхши-да. Ëшларга ҳам яхши имконият яратилаяпти. Шахсан менга ëқади-да.

Озодлик: Асадбек ака¸ сиз ишлайсизми?

- Йўқ.

Озодлик: Ота-онангиз нима иш қилади?

- Ҳеч иш қилмайди. Оддий қишлоқ фуқаросида.

Озодлик: Тирикчилик ниманинг эвазига бўлаяпти?

- Деҳқончиликданда. Деҳқончилик қиламиз. Ҳеч қайсимиз ҳеч қаерда ишламаймиз.

Озодлик: Нимага ҳеч ким ҳеч қаерда ишламайди?

- Мутахассислигимиз йўқ. Акам бор, бекор юради¸ дейди бахмаллик Асадбек ака.


************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG