Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:32

Сўғдликларга ажнабий аёллар уй қуриб бермоқчи


Сўғддаги кам таъминланган оилалар учун уй қуриб бераётган хорижлик аёллар бригадасида бешта мамлакат фуқаролари бор.
Сўғддаги кам таъминланган оилалар учун уй қуриб бераётган хорижлик аёллар бригадасида бешта мамлакат фуқаролари бор.

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида “Фуқаролар учун турар-жой жамғармаси” халқаро ташкилоти кам таъминланган тожикистонликлар учун турар-жой бинолари қуришни бошлади. Олти нафар аёлдан иборат қурувчилар бригадаси турли мамлакатлар фуқароларидир.

Америка, Канада, Саудия Арабистони, Словакия ва Белгия давлатлари фуқароларидан иборат қурувчи аёллар бригадаси кам таъминланган сўғдликлар учун биринчи бино ғиштларини тера бошлади. Қурувчи аёллар бригадаси раҳбари Жин Куртенбак Америка Қўшма Штатларидан Тожикистонга тамоман бошқа мақсад билан келганлигини айтади.

- Аслида мен Тожикистон ҳақида ҳеч нима билмас эдим. Шу боис бу мамлакат урф-одатлари, удумлари ва анъаналарини ўрганишга келганман. Мана шу вазифамни ижро этиш жараёнида тожикистонликларнинг кўп қисми жуда оғир аҳволда яшаётгани гувоҳи бўлдим. Улар барча шароитга эга турар-жой қуришга қурби етмаслиги гувоҳи бўлдим. Шундан кейин режаларимни бир тарафга қўйиб, кам таъминланган тожикистонликларга қўлимдан келганча ёрдам беришга азм қилдим, дейди Жин Куртенбек.

Куртенбек хонимнинг айтишича, қуриладиган уйлар учун маълум миқдорда ўз маблағидан ажратган. Бошқа чет эллик аёллар ҳам жамғармага маблағ ўтказишдан ташқари, ўзлари бевосита қурилиш жараёнида ҳам иштирок этишмоқда. Бу уйлар ҳокимият томонидан кўрсатилган кам таъминланган оилаларга текинга берилади.

- Биздаги маълумотларга кўра, биргина Хўжанд шаҳрида уч мингдан ортиқ одам квартира ёки ер олиш учун навбатда турибди. Навбатда турганларнинг етмиш фоизи кам таъминланган оилалардир.Табиийки, улар квартира ёки ер сотиб олишга қудрати етмайди (бугун Хўжанд шаҳрида бир хонали квартира нархи 10-15 минг АҚШ долларини ташкил этади). Шунинг учун ҳам “Фуқаролар учун турар-жой жамғармаси” Халқаро ташкилотининг вилоятдаги филиалини ташкил этиб, камбағал оилаларга турар-жой қуриш ишларини бошладик, дейди мазкур ташкилотнинг вилоятдаги раҳбари Фарзона Раҳимова.

Унинг айтишича, вилоятда сўнгги 20 йил давомида бор-йўғи иккита кўп қаватли бино қурилган. У ҳам бўлса шахсий қурилиш компаниялари томонидан амалга оширилган. Давлат томонидан эса сўнгги турар-жой 1987 йилда қурилиб, фойдаланишга топширилган эди. Табиийки, бу бинолардаги квартиралар пулдорлар томонидан сотиб олинган. Навбатда турган кам таъминланган оилалар эса фақат ер олиш илинжида яшамоқда.

Ўзини Мусабехон деб таништирган хўжандлик аёл биринчилар қатори янги уйга кўчиб кириши керак. У ҳар куни бу ерга келиб қурилаётган уйидан чет эллик аёллар ишидан хабар олиб турибди.

- Мен вилоят туғруқхонасида ишлайман. Учта болам болам бор. Уйим йўқлиги сабабли қайиноғамнинг уйида яшаб турибман. Умр йўлдошим пул топиш илинжида Россияга кетганига икки йил бўлди. Бироқ топаётган пули фақат тирикчиликка аранг етаяпти. Хайриятки, мана шундай халқаро ташкилотлар бор экан, ҳадемай, Худо хоҳласа, уйли бўламиз шекилли. Чет эллик аёларга раҳмат, жуда қойиллатиб меҳнат қилишмоқда, дейди Мусабехон.

“Фуқаролар учун турар-жой жамғармаси” Халқаро ташкилоти вакилларининг айтишларича, жорий йил охиригача кам таъминланган оилалар учун 14 та замонавий турар-жой биноси қурилиб, фойдаланишга топширилади.
XS
SM
MD
LG