Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:50

ЮНИСЕФ: Марказий Осиëда ОИТВ эпидемияси ëйилмоқда


ЮНИСЕФ жамиятнинг маргинал қатламларига мансуб ўспиринларнинг айниқса ОИТВга чалиниш эҳтимоли баландлигидан гапирмоқда.
ЮНИСЕФ жамиятнинг маргинал қатламларига мансуб ўспиринларнинг айниқса ОИТВга чалиниш эҳтимоли баландлигидан гапирмоқда.

БМТ қошидаги болалар жамғармаси - ЮНИСЕФ Одам иммун тақчиллиги вирусининг Шарқий Европа ва Марказий Осиëда дунëдаги энг катта суръат билан тарқалиб бораëтганидан бонг урди.


20 июл куни тақдим этилган ҳисоботга кўра¸ бу минтақа ëшлари орасида¸ айниқса ОИТВ га чалиниш таҳдиди кучли ва соғлиқни сақлаш тизимлари ҳозирча уларни бу таҳдиддан рисоладагидай ҳимоя қила олмаëтир.

20 июл куни Венада иш бошлаган ОИТС муаммоларига бағишланган халқаро анжуманга тақдим этилган ЮНИСЕФ ҳисоботига кўра¸ биргина Россияда 2006 йилдан бери ОИТВ га чалинганлар сони 700 фоизга ошган ва касални юқтирганларнинг аксари ëшлардир.

“Жамиятнинг маргинал қатламлари¸ хусусан гиëҳвандлар¸ тижорий мақсадда ўз танасини сотувчилар ва зўрлик-зўравонликка дучор табақаларнинг ОИТВ га чалиниш эҳтимоли жуда кучли. Бу минтақада 3 миллион 700 минг томирга игна орқали наркотик моддалар юборувчи гиëҳванд яшаши ва гиëҳвандликка ружу қўйиш айниқса ўсмирлар орасида кучли экани инобатга олинса¸ вазиятнинг нақадар қўрқинчли экани англашилади”¸ дейилади ЮНИСЕФ ҳисоботи хулосасида.

БМТ мутахассисларига кўра¸ Шарқий Европа ва Марказий Осиëда мавжуд соғлиқни сақлаш тизимлари ëшлар ва ўспиринларни ОИТС га чалиниш таҳдидидан асраб қолишга қодир эмас¸ жамиятлар эса¸ бу дардга чалинганларни маргиналлаштириш¸ ОИТС ҳақида маълумот олиш ëки унга даво излаганларни ҳатто жиноятчига чиқариш орқали дардни оширишга хизмат қилмоқда.

“Жамиятнинг қуйи табақаларига мансуб болалар ва ўсмирлар соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза тизимларидан таъна ва иснодга қолмаган ҳолда¸ фойдаланиш имконига эга бўлмоғи лозим”¸ дейилади ЮНИСЕФ ҳисоботида.

Ҳисоботда келтирилган рақамларга кўра¸ 2001 йилдан бери бутун Шарқий Европа ва Марказий Осиë бўйича ОИТВ га чалинганлар сони 66 фоизга ошган ва 2008 йилга келиб бу минтақада ОИТС ва ОИТВ га чалингалар умум сони 1¸5 миллион нафарга етган.

БМТ ҳисоб-китобига кўра¸ минтақада ОИТВ га чалинганларнинг аксари Россия ва Украина¸ шунингдек Ўзбекистон¸ Беларус ва Қозоғистонда яшайди.

2008 йилгача бўлган ҳисоб-китобга кўра¸ Ўзбекистонда ОИТВ га чалинган 16 000 да ошиқ ода яшамоқда ва жамиятнинг бу дардга чалинганларга нисбатан ëмон муносабати саноғи аниқланмаган минглаб беморларнинг соғлиқни сақлаш муассалаларига мурожаат қилишига халал бермоқда.
Хусусан¸ ЮНИСЕФ дастури доирасида ўзбекистонликларни ОИТС ва ОИТВ дан сақланишга ўргатиш мақсадида махсус қўлланма ëзган руҳшунос йигит Максим Попов ўз тавсиялари ëшларни ғайриижтимоий ҳаракатга ундайди¸ деб топилганидан сўнг¸ 2009 йилнинг сентябрида 7 йил озодликдан маҳрум этилди.
ОИТСнинг олдини олишни мақсад қилган ИЗИС ташкилоти раҳбари Максим Попов ЮНИСЕФ ва PSI Central Asia ташкилоти шамсияси остида чоп қилган китобча мазмуни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 127- моддасига кўра ғайриқонуний деб топилди.

Суд ҳукмига кўра бу китоб вояга етмаган шахсларни ғайриижтимоий ҳатти-ҳаракатларга жалб қилади.

Бу китобчада ëзилган гапларни суд Ўзбекистон жазо қонунининг 274-моддасида назарда тутилган жиноят деб малакалади ва китоб мазмуни "гиëҳвандлик воситалари ва психотрон моддаларни истеъмол қилишга ëшларни жалб қилади"¸ дея ҳукм чиқарди. ОИТСга қарши кураш фаолининг бундай жазога учраши халқаро жамоатчилик¸ хусусан ЮНИСЕФ каби ташкилотлар норозилигига сабаб бўлмай қолмади. Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Канн кинофестивали доирасида ОИТСга қарши кураш учун хайрия кечасига ҳамраисликка танланганида¸ кеча ташкилотчилари жамоатчилик босими остида ундан Максим Поповни озод этишни сўраган ва Каримова хонимнинг бу иш билан шуғулланишга ваъда бергани айтилган эди. Аммо орадан бир неча ой вақт ўтиб ҳам¸ Попов¸ аниқроғи ОИТС га қарши кураш фаолининг озод этилганига доир хабар йўқ.


Халқаро мутахассислар¸ Ўзбекистон каби юртларда жамият¸ хусусан унинг ëш қатламларининг ОИТВ га чалинишдан сақланишга оид ахборотдан маҳрум экани муаммонинг газак олишига ҳисса қўшаëтганини айтмоқдалар.

Гарчи Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида ОИТС ва ОИТВ га қарши курашга қаратилган ахлоқий-маърифий дастурларга тез-тез ўрин берилса-да¸ бу муаммонинг асл кўламига оид ҳақиқий маълумотларни сир сақлашга уринишлар тўхтамаëтир.

Чунончи¸ Ўзбекистон телевидениеси Наманган вилояти прокуратураси буюртмасига кўра, 2008 йилнинг ноябр ойида Намангандаги бир нечта касалхонада болаларга ОИТВ вирусининг оммавий юқтирилганига доир воқеа ҳақида ҳужжатли филм тайёрлади. Ярим соатлик ҳужжатли филмда шу пайтгача расмийлар инкор қилиб келган жараëн давомида жами 147 нафар ёш болага ОИТВ вируси юқтирилгани ва воқеага алоқадор шифокорларнинг 12 нафари жиноий жавогарликка тортилгани айтилади. Бироқ негадир Ўзбекистон давлат телевидениеси томонидан суратга олинган мазкур ҳужжатли филм эфирга берилмади.
XS
SM
MD
LG