IslamNews хабарига кўра, Калуга вилоятининг Боровск шаҳрида ички ишлар, ОМОН, ФХХ ва прокуратура бўлим ходимлари томонидан ҳалол товуқ гўшти ишлаб чиқарувчи корхона ҳудудида 14 нафар ўзбекистонлик ва тожикистонлик муҳожир қўлга олинган.
Гувоҳларнинг айтишича, муҳожирлар автомат билан қуролланган ОМОНчилар етовида битта хонага қамаб қўйилган. Бир оз вақт ўтгач, милиция ходимлари икки гувоҳ иштирокида ишчилардан бирининг ёстиғи остидан граната топилганини билдирганлар. Бу ҳол ҳамда муҳожирларда қайддан ўтганлик ҳақида ҳужжатларининг йўқлиги 13 нафар муҳожирга нисбатан жиноий иш қўзғатилишига сабаб бўлган. Қўлга олинганлардан бири Россия фуқароси бўлгани учун қўйиб юборилган.
Воқеа гувоҳларига кўра, терговчиларни муҳожирлардан қай бири намоз ўқиши ва ётоқхонадан топилган Қуръон кимга тегишли экани ҳақидаги саволлар қизиқтирган. Қўлга олинганлар орасида бир нафар вояга етмаган шахс ҳам борлиги айтилмоқда.