Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:45

БМТ Қирғизистон жанубидаги гуманитар ҳалокатни тўхтатишга чақирмоқда


Ўш ва Жалолободдаги қирғин кунлари жабрланганларга гуманитар ëрдам кўрсатишда БМТ агентликлари биринчилардан бўлди.
Ўш ва Жалолободдаги қирғин кунлари жабрланганларга гуманитар ëрдам кўрсатишда БМТ агентликлари биринчилардан бўлди.

Қирғизистондаги гуманитар вазиятни таҳлил қилган БМТ нинг 24 та агентлиги халқаро ёрдам ташкилотларини¸ мазкур минтақада барқарорлик ўрнатиш жараëнида Ўш ва Жалолободдаги қирғин оқибатида уйсиз қолган 75 минг одам тақдирига бирламчи эътибор беришга чақирди.


БМТ нинг гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш идораси томонидан ëйинланган 70 саҳифадан иборат “Фавқулотда ёрдам” деб номланган махсус мурожаатда бир миллиондан ошиқ одамнинг бирламчи ҳаётий эҳтиёжларини қондириш учун зудлик билан 73 миллион доллар маблағ ажратиш лозимлиги таъкидланади.

Қирғизистон Ўтиш даври ҳукумати фаолиятига танқидий баҳо берган халқаро таҳлилчилар гуруҳига кўра, қалтис сиёсий муҳит шароитида турли гуруҳларнинг ҳокимият учун кураши оқибатида норозилик намойишлари, йўл тўсишлар ва ниҳоят¸ даҳшатли зўравонликлар содир этилди.

10 июн куни Ўшда бошланган босқинчилик оқибатида энг жиддий зарар кўрган ҳудудларда¸ асосан этник ўзбеклар яшайди, дейилади ҳисоботда. Ҳисоботга кўра, зўравонликлар оқибатида Ўшнинг ўзбек маҳаллаларидаги 72 фоиз уй-жой вайрон қилиниб, 19 фоизига жиддий талафот етган.

Халқаро ёрдам гуруҳлари қиш бошланишидан аввал одамларни фавқулотда бошпана билан таъминлаш учун камида 26 миллион доллар сарфланиши шарт¸ деб ҳисоблайди.

Нуфузли халқаро гуруҳ томонидан тайёрланган кенг қамровли ҳужжатда зўравонликлардан бевосита азият чекан 400 минг одам ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашнинг жиддий муаммо бўлиб қолаётганини айтилган.

Ушбу можаронинг¸ асосан¸ миллатлараро характерга эга бўлганини қайд этган халқаро экспертлар, Ўш ва Жалолободда жиноятчи гуруҳлар ҳар иккала миллат вакилларини ўққа тутгани ҳақидаги хабарларни эътибордан соқит қилмайди.

“Фавқулотда ёрдам” мурожаатида умумий ёрдамнинг 28 ярим миллион долларга тенг энг салмоқли қисмини жабрланганларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга сарфлаш кўзда тутилган. Ҳужжатга кўра¸ мамлакатдаги вазият туфайли экин майдонларнинг 70 фоизига ҳеч нарса экилмай қолган, зўравонликлар давомида кўпчилик одамлар чорва молларидан ҳам ажраб қолди.

Сешанба куни Бишкекда бўлиб ўтган халқаро донорлар конференциясида келаси 30 ой давомида Қирғизистонга бир миллиард доллардан ошиқ маблағ ваъда қилинганига қарамасдан, БМТ нинг фавқулотда ёрдам талаби¸ ҳозирча атиги 30 фоизга молиялаштирилган.

Миллий можародан бир ойдан кўпроқ вақт ўтиб ҳам 75 минг одам ҳамон уйсиз қолмоқда. Улардан 37 минг 500 нафари шунчаки уйларига қайтиб боришдан қўрқиб қариндошларининг уйларида бошпана топган.

Ҳужжатга кўра, талафот етган ҳудуд аҳолиси бугун ҳам қўрқув, камситиш ва таҳдидлар остида яшаб келмоқда.

Расмий рақамларга кўра, зўравонликлар оқибатида 335 одам нобуд бўлган, бироқ инсон талофотлари ҳақидаги сўнгги рақамлар ошкор этилгудек бўлса, бу рақам анчайин юқори бўлади, дейилади ҳисоботда.

БМТ экспертлари қиш бошланишидан аввал яна бир жиддий муаммо ҳал этилиши керак¸ деб ҳисоблайди. Зўравонликлар оқибатида учта ўзбек мактабининг вайрон қилиши, бир нечта мактабнинг яроқсиз ҳолатга келиши ҳамда айрим мактабларда уйсиз қолган одамларнинг жойлаштирилиши оқибатида камида 2600 нафар бола ўқиш жойисиз қолган. Зўравонликлар ўқитувчиларни ҳам четлаб ўтгани йўқ ва сўров натижаларига кўра, 25 фоиз ўқитувчи Ўшдан кўчиб кетиш ниятини билдирган.

Вазиятни текшириш жараёнида зўравонликлар, зўрлаш ва мол-мулкдан ажралиш оқибатида кўплаб одамларга руҳий жароҳат етгани аниқланган. Хусусан¸ биргина Ўш марказий касалхонасида зўрлаш оқибатида 17 кишининг нобуд бўлганини қайд этилган. БМТ ҳужжатида айтилишича, зўрланган одамлар¸ шу жумладан зўрланган эркак ва болалар сони 400 нафарга етиши мумкин ва ҳозирча зўрлаш билан боғлиқ маълум ҳолатлар фақатгина муз тоғининг учидир. БМТ идоралари одамларга руҳий ёрдам кўрсатиш масаласи ҳозирча деярли йўлга қўйилмаганидан ташвиш билдирган.

Нуфузли халқаро экспертлар гуруҳи Қирғизистон жанубидаги воқеаларнинг кейинги ривожи борасида ўз башоратларини ҳам берган.

Уларга кўра, Қирғизистон жанубида яқин орада хавфсизлик вазияти аста-секин яхшиланади¸ бироқ қалтислик сақланиб қолаверади. “Таранглик пасаяди¸ аммо аҳоли ҳимоясининг кучайтирилган тартибда қолиши мақсадга мувофиқдир. Октябр ойида ўтказилиши режалаштирилган парламент сайловларигача жиддий сиёсий бўҳронлар кутилмаётир” дейилади ҳисоботда жумладан.

Халқаро таҳлилчилар¸ Қирғизистон жанубидаги вазиятнинг энг ёмон сценарий бўйича ривожланиши мумкинлигини ҳам буткул инкор этмайди. Уларга кўра¸ бу ҳолда зўравонликлар яна қайтарилиши ва турли жиноий, диний ёки миллатчи-эктремист гуруҳларнинг бу вазиятдан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилиши мумкин. Аҳоли ўртасида қурол-яроғнинг тарқала бошлаши ёки қишнинг ўта совуқ келиши оқибатида янги қурбонларнинг пайдо бўлиши ҳам мана шундай энг ёмон эҳтимолий сценарий сифатида тилга олинмоқда.
XS
SM
MD
LG