Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:32

Ҳуқуқ ҳимоячиларига тазйиқлар яна кучайди


Ҳуқуқ ҳимоячилари¸ Ўзбекистон маҳкамасининг ҳукуматга ëқмайдиганларни жазолаш механизмига айланганини айтиб келмоқдалар.
Ҳуқуқ ҳимоячилари¸ Ўзбекистон маҳкамасининг ҳукуматга ëқмайдиганларни жазолаш механизмига айланганини айтиб келмоқдалар.

Айни кунларда Ўзбекистонда уч нафар ҳуқуқ фаоли турли айблов билан маҳкамага тортилди. Мамлакатдаги энг фаол ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири Суръат Икромов шахсни ҳақорат қилиш, таниқли "пикетчи" Анатолий Волков фирибгарлик¸ шундоқ ҳам қамоққа ташланган Ғайбулла Жалилов эса¸ "159" нинг янги моддалари бўйича айбланмоқда.


Суръат Икромов: "Бу иш ортида Матлюбовлар турибди!"


3 август куни Тошкент шаҳар Учтепа туманлараро фуқаровий судида Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов иши бўйича маҳкама бошланди.

Суръат Икромовнинг Озодликка маълум қилишича, у 2008 йилнинг 26 феврал куни ташаббус гуруҳи томонидан эълон қилинган мақоласи орқали шахсни ҳақорат қилганликда айбланаяпти.

Ушбу мақолада Ўзбекистон хизмат кўрсатган артист Дилнура Қодиржонованинг сирли ўлими борасида хабар берилган бўлиб, орадан икки ярим йил ўтиб марҳум Дилнура Қодиржонова уйида энага бўлиб ишлаган Рена Матмуродова ва унинг эри Суръат Икромовга қарши судга даъво аризаси киритганлар.

Суръат Икромов ушбу даъво аризасини мутлақо асоссиз¸ деб ҳисоблар экан, ушбу ариза орқасида юқори лавозимли милиция ходимлари турганини айтади.

- Бу ишнинг орқасида аслида асос йўқ эди. Даъво ариза берганлардан биринчи Худойберганов деган фамилия турибди. Мен у одамни умуман кўрмаганман ҳам¸ танимайман ҳам. Бизлар берган ахборотда унинг фамилияси ҳам йўқ. 26 февралда ëзган мақола бўйича ҳеч қанақа алоқаси йўқ. Кейинчалик менга маълум бўлдики¸ бу Дилнура Қодиржонованинг уй хизматкорининг эри экан. Ўзи умуман бунақа даъво аризаси асоссиз ва бу мақолада кимнидир туҳмат ëки ҳақоратнинг ўзи йўқ. Бу даъво аризаси уюштирилган. Бунинг орқасида учинчи одамлар турибди. Яъни ўша мақолада ëзилган Матлюбовлар туришибди бу даъво аризанинг орқасида. Лекин ўзи уларнинг фамилияси йўқ у ерда. Даъвони улар бермаяптида¸ бошқалар бераяпти. ИИВ раҳбарлари билан боғлиқ нарса бу Дилнура Қодиржонованинг ўлими. Ўшандан бери улар жиноят очилмаслиги учун ҳатти-ҳаракатлар қилишаяпти, дейди Суръат Икромов.

Суръат Икромов “Фуқаролик кодекси”нинг 100-моддаси яъни “Шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш” моддаси бўйича маҳкамага тортилган.

Дилнура Қодиржонованинг фожеавий ўлими ҳақида "Эзгулик", "Ҳаракат", Uznews.net ва бошқа кўплаб хорижий матбуот саҳифаларида кўплаб мақолалар эълон қилинган.

“Эзгулик” жамиятининг 2008 йил 3 ноябрдаги хабарида айтилишича, Дилнура Қодиржонова Ўзбекистон Ички ишлар вазири Баҳодир Матлюбовнинг укаси – Яккасарой тумани ИИБ бошлиғи Жамшид Матлюбовнинг иккинчи хотини бўлган.


Ғайбулла Жалилов: Айб устига айб қўшилди

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли, 9 йиллик қамоқ жазосига маҳкум қилинган Ғайбулла Жалилов яна маҳкамага тортилди.

Бу ҳақда хабар қилган маҳкумнинг укаси Нурмат Жалиловга кўра, акасига берилган қамоқ муддати узайтирилиши кутилмоқда.

- Ҳозир акамга қайси модда қўйилганини точно билмаймиз. Чунки акам билан гаплаша олганим йўқ. Адвокатлар ҳеч нарса демаяпти. Судя котибининг айтишича¸ 159 -модданинг бир бўлакчаси қолиб кетган эмиш олдингидан чала. Ана шуни булар бир яна кўриб чиқармиш. Бир-иккиталарининг гапига кўра¸ олдинги муддатнинг устига яна беш-олти йил қўшса керак, дея тахмин қилади Нурмат Жалилов.

Ғайбулла Жалилов 2003 йилдан буён Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаолидир.

Яқинларига кўра¸ у 2009 йилнинг 5 сентябр куни кечки соат 9 ларда номаълум кишилар томонидан машинага босиб олиб кетилган.

Орадан уч кун ўтиб, унинг милиция ходимларига қаршилик кўрсатганликда айбланиб¸10 кунлик ҳибсга олингани маълум бўлди.

Ғайбулло Жалилов ва унинг уч шериги Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси¸ яъни конституциявий тузумга тажовуз қилиш¸ 161-моддаси бўйича қўпорувчилик ва 155-моддаси бўйича терроризм каби жами еттита моддаси бўйича айбланиб¸ ўтган йилнинг 24 ноябр куни маҳкамага тортилди.

2010 йилнинг 6 январ куни эса давлат қораловчиси Ғайбулла Жалиловга 15, 5 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўради.

18 январ куни Бухорода ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган маҳкамда Ғайбулла Жалилов 9 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган.


Анатолий Волков: Пикетчилар яна биттага камайди

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси фаоли Анатолий Волковга нисбатан Жиноят кодексининг 168- моддаси (Фирибгарлик) моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Алянс раҳбари Елена Урлаева¸ Анатолий Волковга қўйилаëтган айбларнинг асоссиз эканини айтади.

- Мен буни ҳуқуқ фаолига нисбатан навбатдаги таъқиб деб ҳисоблайман. Чунки Анатолий Волков жуда фаол. У Андижон воқеалари муносабати билан кейинги икки йил мобайнида ўтказилган акцияларимизда “Жасорат” ёдгорлиги ёнига боришга муваффақ бўлган ягона ҳуқуқ фаоли. У ҳеч қачон босим ва тазйиқлардан қўрқмаган. У Андижон фожиаси бўйича текширув олиб бориш талаби билан пикетларда қатнашган. У бир неча бор Ўзбекистондаги коррупция ва порахўрлик ҳолатларига қарши ўтказилган пикетларда ҳам фаол иштирок қилган. Бизга маълумки, унга милиция ходимлари ҳар доим босим кўрсатиб келганлар. Уни ҳар доим жиноий иш очиш таҳдиди билан қўрқитиб келишган. Унинг овозини ўчириш ниятида ҳам унга нисбатан қарши кўрсатма берувчи шахсларни топишди. Бу мутлақо унинг касбий фаолияти билан боғлиқ деб ҳисоблайман, дейди Елена Урлавеа.

Фирибгарликда айбланаëтган Анатолий Волковнинг матбуотга маълум қилишича, ҳозирга қадар ўзига нисбатан чиқарилган айблов хулосасини унга беришмаган.

Озодлик юқоридаги учала ҳолатнинг бирортаси бўйича тегишли ҳуқуқ-тартибот идораларидан маълумот олишга муваффақ бўла олмади.

Учала ҳолатда ҳам ҳуқуқ фаолларининг ўз касбий фаолиятлари учун маҳкама тортилгани айтилмоқда.

Ўзбекистон демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойберганов мамлакатда ҳуқуқ фаолларига нисбатан босим ва тақиблар мунтазам кўриниш олганини айтади.

- Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиганларнинг ҳаммасини бирданига териб олмайди. Бунинг типик усули бор. Агар Ўзбекистоннинг мустақилликдан кейинги тарихини кўрсангизлар¸ бу мунтазам кўриниш касб этганини кўриш мумкин. Ҳуқуқ фаолларига нисбатан муносабат мутлақо ўзгармаган. Ўзбекистонда ҳеч қанақа ўзгаришлар йўқ. Ўша ўша муносабат. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчиларга давлатнинг қараши ҳеч қачон яхши бўлмаган. Бу муносабат умуман сиëсат ўзгаргандан кейин ўзгариши мумкин. Ўзбекистонда сиëсат ўзгараëтгани йўқ. 1991 йилдан бошлаб қайси усулда кетган бўлса¸ худди ўша усулда давом этаяпти. Усулнинг ўзи ўзгармаган. Қирғизистондаги воқеалардан кейин инсон ҳуқуқи ҳимоячиларига муносабат ўзгарармикан¸ деб ўйлаган эдим. Йўқ¸ ўзгаргани йўқ. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиганларга ижобий ўзгаришлар йўқ, дейди Искандар Худойберганов.

Ўзбекистон ҳуқуқ фаолларига бўлган муносабат борасида тўхтовсиз равишда халқаро ҳамжамият танқидларига учраб келаётгани кузатилади. Ҳюман Райтс Уотч¸ Фридом Ҳауз каби халқаро ташкилотлар¸ қолаверса ЕИ¸ ЕХҲТ каби тизимлар Ўзбекистон расмийларидан ҳуқуқ ҳимоячиларни таъқиб этиш ва уларнинг ишларига тўсқинлик қилишни тўхтатиш ҳамда мамлакатда эркин ишлашларига имконият яратишни йиллардан бери сўраб келмоқда.
XS
SM
MD
LG