Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:50

Собиқ "Зеромакс"чиларнинг кўпчилиги мардикорликка кетди


"Зеромакс"нинг йўқ қилиниши боис ўн минглаб ўзбекистонликлар ишсиз қолди
"Зеромакс"нинг йўқ қилиниши боис ўн минглаб ўзбекистонликлар ишсиз қолди

“Зеромакс” ширкати ёпилиши ортидан минглаб ўзбекистонликлар ишсиз қолди. “Зеромакс”нинг Ўзбекистондаги ўнлаб шўъба корхоналари ҳам ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлгани, қисман ишлаб турганлари ҳам минглаб ходимларини ўз ҳисобларидан таътилга чиқариб юборгани ёхуд ишдан бўшатгани айтилмоқда.

“Бизнинг “Нефтегазмонтаж”да 2000 тача одам ишсиз қолди. Бундан ташқари қанча отделение бор¸ қанча нима бор билмайман”

Исмини ошкор қилмасликни маъқул кўрганимиз бу суҳбатдошимиз собиқ “Зеромакс” ширкатига қарашли “Нефтегазмонтаж” корхонасининг ишсиз қолган ходимларидан бири.

Унинг айтишича, “Нефтегазмонтаж” корхонасининг ишдан бўшатилган ходимларидан қарзлари қолган ва ҳозирда бу қарзлар тўланмоқда.

Айни пайтда, дея қўшимча қилади суҳбатдошимиз, “Зеромакс”нинг йирик шўъба корхоналаридан бири бўлган “Нефтегазмонтаж” асосий объектларда ишни қисман давом эттирмоқда.

- Иш давом эттирилаяпти асосий жойларда. Мисол учун Сурхондарëдаги объектимиз¸ кейин Ўзбекистонда энг катта бўлган трасса Туркманистон-Ўзбекистон-Хитойга чиқиб кетадиган газ трассасида иш олиб борилаяпти. Асосий нималарда энди.

Озодлик: Ўша ишларга бош қош Зеромакс эди. Ҳозир Зеромакс йўқ. Кимнинг назоратига ўтди энди бу ишлар?

- Билмадим кимнинг назоратига ўтди. Ўша трассанинг 250 километрлик нимасини Нефтегазмонтаж олган.

Озодлик: Нефтегазмонтаждан 2000 одам ишсиз қолди деяпсиз. Ўшалар ўрта ҳисобда қанча ойлик олишарди?

- Ўртача 600 минг ойлик оларди¸ дейди исмини ошкор қилмасликни маъқул кўрганимиз суҳбатдошимиз.

“Нефтегазмонтаж”даги иш ўринлари қисқаришидан омон қолган бошқа бир суҳбатдошимиз ҳам корхона ўз фаолиятини қисман давом эттираётганини тасдиқлади.

- Биз ҳозир Сурхондарёдаги “Қандиз” фабрикасида ишни давом эттиряпмиз. Умуман олганда “Нефтегазмонтаж” “Зеромакс”нинг ёпилишидан унчалик зарар кўрмади, яъни ишлар тўхтаб қолгани йўқ. Тўғри кўпчилик ишдан бўшаб кетди, лекин менинг бригадамдан ҳеч ким ишдан кетгани йўқ.

Озодлик: Умуман “Зеромакс”нинг ёпилгани сабаб кўпчилик ишсиз қолдими?

- Ҳа¸ анча одам ишсиз қолди. Лекин қанчалигини аниқ айта олмайман. Муҳими менинг бригадам тўлиқ таркибда ишда қолди ва ишни давом эттирмоқда. Кўпчилик ишдан бўшаб кетганини биламану, лекин сонни аниқ айта олмайман, дейди ҳозирда давлат тасарруфига ўтган “Нефтегазмонтаж” корхонаси ходими.

Айни пайтда, собиқ “Зеромакс”га қарашли бўлган шўъба корхоналардан барчасининг ҳам “Нефтегазмонтаж” корхонаси каби иши аввалгидай юришаётгани йўқ. “Бентонит” Ўзбекистон-Швейцария қўшма корхонаси ана шундайлардан бири экани айтилмоқда. “Бентонит”нинг ўзини таништирмаган ходими корхонанинг фаолияти ва у ерда қанча ишчи қолганига оид саволларимизни жавобсиз қолдирди.

Озодлик: Ишлар кетаяптими Бентонитда?

- Бизлар интервью бермаймиз.

Озодлик: Нимага?

- Бўлди интервью бермаймиз. Без комментариев дейдию¸ дея телефон гўшагини илиб қўйди “Бентонит”нинг ўзини таништирмаган ходими.

“Нефтегазмонтаж”нинг собиқ ходимига кўра, “Зеромакс”нинг яна бир йирик шўъба корхоналаридан бири “UzGazOil” фирмасининг ишлари ҳам ҳозир деярли тўхтаб қолган.

- UzGazOil да қанчадир ҳам нима бўлаяпти ҳозир.

Озодлик: Нима бўлаяпти?

- UzGazOil бензин йўқ.

Озодлик: UzGazOil ишламаяптими ҳозир Тошкентда?

- Йўқ. Узилиб узилиб ишлаяпти. Мисол учун эрталаб бензин келса¸ обедгача сотишаяптида¸ обеддан кейин дам олиб ўтиришибди.

Озодлик: Ишчиларининг ойликларини камайтириб юборибди деган гаплар эшитдик.

- Ҳа¸ ойликлар камайган¸ дейди “Нефтегазмонтаж”нинг собиқ ходими.

“UzGazOil” фирмасининг мутасаддиси ҳам Озодлик радиоси билан гаплашишни истамади.

- Мен сизга айта олмайман бу нарсани.

Озодлик: UzGazOil нинг вилоятлардаги шаҳобчалари умуман ëпилиб кетди. Ишчиларга компенсациями ëки бирор бир нима берилаяптими?

- Бунақа маълумот берилмайди телефонда. Бунақа маълумот умуман берилмайди.

Озодлик: Зеромакс ëпилгандан кейин нечта одам ишсиз қолди UzGazOil да? Ҳеч бўлмаса шуни айтиб бера олмайсизми?

- ........................ (биз билан гаплашаëтган ходим шу ерда саволга жавоб бермасдан хайр-маъзурни насия қилиб телефон гўшагини илиб қўйди)

Собиқ “Зеромакс” ширкатига яқин манбалардан бирига кўра, Ўзбекистонда фаолият олиб борган энг йирик ширкатнинг ёпилиши оқибатида, бир неча ўн минг киши ишсиз қолган.

Президент Каримовнинг тўнғич қизига тегишли экани айтилган “Зеромакс” Ўзбекистонда фаолият олиб борган бўлса-да, расман Швейцарияга қаршли ҳисобланиб келган ва унинг манфаатларини хориждаги адвокатлик фирмалари ҳимоя қилган.

Улардан бири Лондондаги “White & Case” йирик адвокатлик фирмасидир.

“White & Case” фирмаси мутасаддилари Озодлик радиосининг саволига юборган ёзма жавобида “Зеромакс” билан боғлиқ ҳолат, хусусан ишсиз қолган минглаб ўзбекистонлклар манфаатларини таъминлаш бўйича қандай чоралар кўрилаётганини ҳозирча изоҳлай олмасликларини маълум қилди.

“Нефтегазмонтаж” корхонасининг собиқ ходими эса, ишсиз қолганлар бир амаллаб нонини топишга ҳаракат қилмоқда, дейди.

- Кўпчилиги мардикорчилик қилаяпти. Кимлардир Россияга кетган.

Озодлик: Сиз ўзингиз нима иш қилаяпсиз?

- Биз такси кира қилаяпмиз.

Озодлик: Тирикчиликка етиб турибдими ишқилиб?

- Бўлади Худога шукур. Гоҳида унақа¸ гоҳида бунақа¸ дейди Нефтегазмонтаж корхонасининг собиқ ходими.
XS
SM
MD
LG