Линклар

Шошилинч хабар
30 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:14

Ислом Каримов КХШТ йиғинига яна бормади


Ислом Каримовнинг КХШТга бўлган эҳтиёжи ва ишончи сўниб бормоқда, дейди таҳлилчилар.
Ислом Каримовнинг КХШТга бўлган эҳтиёжи ва ишончи сўниб бормоқда, дейди таҳлилчилар.

20 август куни Арманистонда Коллектив хавфсизлик Шартномаси ташкилоти аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашуви бошланди. Қирғизистондаги вазият муҳокама этилажак асосий масала бўлиши кутилаётган КХШТ саммити яна президент Ислом Каримовсиз ўтадиган бўлди.


Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг Еревандаги норасмий саммити 20-22 август кунлари ўтказилади.

Йиғилишда Қирғизистон Президенти Роза Ўтунбаева, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев, Тожикистон Прзиденти Имомали Рахмон, Беларус Президенти Александр Лукашенко ва Россия Президенти Дмитрий Медведев иштирок этмоқда.

Ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларидан биргина Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Ереванга бормади.

Йиғин олдидан Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров норасмий учрашув кун тартибининг марказида Қирғизистондаги вазият асосий масалалардан бири бўлишини баён қилди.

- Қирғизистон воқеаларидан олинган сабоқлар КХШТнинг бундан буёнги самарадорлигини оширишга қаратилган бўлмоғи зарур,- деди Россия ташқи ишлар вазири Лавров.

Россияда чиқадиган "Ежедневный журнал" нашрининг ҳарбий таҳлилчиси Александр Гольц КХШТнинг аввалги йиғинлари каби, Ереван саммити ҳам жиддий натижалар билан якунланишига шубҳа билдиради:

- Илгари ҳам бу ташкилотнинг лаёқати жиддий шубҳа остида эди. КХШТ аъзолари барча хужжатларни имзолагани билан, ташкилотнинг фаолияти кўплаб саволларни туғдирмоқда. Масалан, Арманистон ва Озарбайжон ўртасида ҳарбий можаро бошланадиган тақдирда, КХШТ кимнинг тарафини олади? КХШТга аъзо кўплаб давлатлар Озарбайжон билан жуда яхши муносабатда. Бундан ташқари, Россия бошчилигида КХШТнинг бошқа аъзо давлатлари Қирғизистон ҳукумати илтимосига қарамасдан, мамлакат жанубидаги воқеалар пайтида ёрдам беришдан бош тортди. Менимча, бу ҳолат КХШТ нинг истиқболларига нуқта қўйди,- дейди Александр Гольц.

Президент Ислом Каримов КХШТнинг расмий ва норасмий саммитларини биринчи марта беписанд қолдираётгани йўқ. Россияда чиқадиган "Время Новостей" газетасининг халқаро шарҳловчиси Аркадий Дубнов Тошкент раҳбарининг бу ташкилотга бўлган эҳтиёжи ва ишончи сўниб бораётгани сабаб бўлганини айтар экан, Каримовнинг ташкилот йиғинларида иштирок этмай келаётгани, КХШТ ичида парокандаликка ҳам ҳисса қўшмоқда дейди:

- КХШТ бирлиги масаласида, менимча жиддий муаммолар пайдо бўлмоқда. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Ереван саммитида иштирок этмаслик билан КХШТнинг Қирғизистон масаласига оид ҳар қандай қарорига ўзининг бефарқлигини намойиш этмоқда. Ереванга Лукашенконинг ташриф буюргани билан, қирғиз муаммосининг ҳал этилишида ундан ёрдам кутиш бироз хомҳаёлликдан бошқа нарса эмас, деб ўйлайман. Қирғизистоннинг ўзидаги сўнгги воқеалар эса Отунбаева мамлакатда ҳокимиятни тўлиқ назорат қила олмаётганини кўрсатиб турибди. Мен 19 август куни Қирғизистон ҳукумат кучлари Ўш шаҳар мэри Мелис Мирзақматовни қўлга олишга урингани билан боғлиқ воқеани назарда тутяпман. Бу воқеа Қирғизистон шимол ва жанубга бўлиниб кетиши хавфи борлигига оид фикрларни тасдиқламоқда, дейди Аркадий Дубнов.


Ереван саммитида ноқулай вазият вужудга келиши мумкинлигига, шу кунларда матбуот Россиянинг Озарбайжонга С-300 ракета комплексларини сотиши мавзусини муҳокама қилаётгани ҳам ҳисса қўшмоқда, дейди таҳлилчилар.

Бундан ташқари, кузатувчиларни Беларус раҳбари Лукашенко ташкилотга аъзо давлатларнинг баъзи раҳбарлари билан бир стол атрофида қандай учрашаркин, деган савол ҳам қизиқтирмоқда. Лукашенко Қирғизистоннинг ҳокимиятдан ағдарилган президенти Қурмонбек Бакиевга сиёсий бошпана берган. Бакиевни расман қидирувга эълон қилган ва Минскдан қайтарилишини талаб қилаётган Бишкек етакчиси Роза Ўтунбаева ҳам Ереван саммитида иштирок этмоқда.

Ҳозирда мисли кўрилмаган даражада совиб кетган Москва-Минск муносабатлари ҳам КХШТда қандай кайфиятлар ҳукм суришига оид саволларни туғдирмоқда. Боз устига, Ереван саммити арафасида Беларуснинг ГУАМ ташкилотига аъзо бўлиши мумкинлиги ҳақида пайдо бўлган хабарлар шов-шувларга сабаб бўлди.

Россия Давлат Думасининг МДҲ давлатлари масалалари бўйича қўмитаси раиси Алексей Островский Беларуснинг ГУАМга қўшилиши эҳтимолдан жуда йироқ, деган фикрда.

- Беларус ҳукумати ва президент Лукашенконинг намойишкорона ҳаракатларига қарамасдан, Александр Григорьевич ақлли, шахсий ва мамлакат манфаатларини яхши ҳис этадиган одам. Ундан ГУАМга қўшилиш тўғрисидаги иддаоларни эшитишингиз ҳам мумкин, лекин менимча ҳеч қачон бундай бўлмайди. Ахир Лукашенко ўз ҳокимиятининг қанчалик Россия Федерациясига суяниб қолганини жуда яхши тушунади,- дея таъкидлади Алексей Островский.

Грузия, Украина, Озарбайжон ва Молдовани ўз ичига олувчи ГУАМга 2006 йилга қадар Ўзбекистон ҳам аъзо бўлган ва ташкилот ГУУАМ деб номланган. Андижон воқеаларидан кейин вужудга келган сиёсий вазият боис, Ўзбекистон уни тарк этган ва ташкилот номидаги битта “У” ҳарфи олиб ташланган.


XS
SM
MD
LG