Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:19

"Чорсу"нинг омадсизлиги кимларга омад келтирмоқда?


"Чорсу" меҳмонхонаси йиллардан бери консервация ҳолатида қолмоқда.
"Чорсу" меҳмонхонаси йиллардан бери консервация ҳолатида қолмоқда.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси Тошкентнинг Эски шаҳар қисми марказида йиллардан бери қаровсиз ҳолда ëтган “Чорсу” меҳмонхонаси замирида бунëд этилиши белгиланган замонавий комплексни 2012 йил 1 сенябрига қадар ишга туширтирмоқчи. Аммо Озодлик ўтказган кичик тадқиқотдан¸ бу режа ҳам амалга ошмай қолади¸ деган хулоса туғилади.


Пойтахт Тошкентнинг аксар меҳмонлари йўли тушадиган Эски шаҳардаги катта йўллар кесишган нуқтада қад ростлаб турган 23 қаватлик “Чорсу меҳмонхонаси”¸ қарийб 10 йилдан бери бўм-бўш¸ ташландиқ бир ҳолда қолмоқда. Бу ташландиқ бинога аксар тошкентликлар кўзи шу қадар ўргандики¸ Тошкентнинг ҳаëт ҳамиша қайнаб турган Чорсу бозори қаршисидаги бу улкан бинода ҳаëт нишонаси кўринмаслиги улар кундалик ҳаëтининг бир қисмига ҳам айланиб улгурди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 7 июл куни қабул қилган “Собиқ Чорсу меҳмонхонаси базасида замонавий меҳмонхона комплексини қуриб битириш лойиҳасини якунлаш чораларига оид” қарори билан ўтмишда Тошкентнинг энг баланд ва энг замонавий биноси саналган бу иншоотни ҳаëтга қайтармоқчи.

Аммо бу бино атрофида Ўзбекистон мустақиллигидан кейин амалга оширилган олди-сотдилар тарихи Вазирлар Маҳкамаси қарорининг белгиланган муддат – Ўзбекистон мустақиллигининг 21 йиллигига қадар бажарилишини савол остида қолдиради.


“Чорсу”га дўнган “Москва” нинг териси шилинди...


1982 йили рус меъмори Владимир Спивак ва муҳандис Асанов томонидан сейсмик ҳудуд ҳисобланмиш Ўзбекистон пойтахтининг Эски шаҳар қисмида 950 меҳмонга мўлжалланган 23 қаватлик энг баланд меҳмонхона қуриб битирилди ва унга “Москва” деб ном берилди. Мутлақ хорижий меҳмонларга хизмат қилиши белгиланган бу бино айни пайтда Тошкентдаги энг зилзилабардош иншоот деб тақдим этилди. Ўзбекистон мустақил бўлгач¸ шаҳар маъмурияти коммунистлар қиблагоҳи бўлиб келган номни меҳмонхона қаршисидаги бозор номига уйқаш қилиб¸ “Чорсу” деб ўзгартирди. Ўзбек пойтахтида секин-аста жаҳон стандартларини мўлжалга олган меҳмонхоналар пайдо бўла бошлаши билан¸ “Чорсу”га айланган “Москва” ҳам назардан қола бошлади ва пойтахтга вилоятлардан қатновчи бозорчиларнинг арзон ва тартибсиз қўналғасига айланди.


“Ўзбектуризм” “Чорсу”ни жонлантиришга қўл урди

2000 йиллар бошида ҳали Ўзбекистондаги хорижликларга мўлжалланган аксар меҳмонхоналар эгаси бўлган Ўзбектуризм миллий компанияси 2002 йилида Туркиядаги Emsaş İnşaat Turizm Ticaret ve Sanayi A.Ş. ширкати билан биргаликда “Chor-su Hotel” деб номланган қўшма корхона тузади. 70 фоиз ҳиссаси турк ширкатига тегишли бўлган бу корхона¸ қарийб 23 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя ëтқизиб¸ меҳмонхонани таъмирлаб ишга тушириш мажбуриятини зиммасига олади. Аммо орадан икки йилча ўтмай¸ бу корхона Тошкент шаҳар Хўжалик ишлари бўйича суди қарори билан¸ сармоядор сифатидаги мажбуриятларни бажармаганликда айбланиб тугатилади ва турк ширкати Ўзбекистондан чиқиб кетади.


“Гибралтарлик харидор” “Чорсу”лик бўлди

Тошкент суди қароридан бир йилча ўтиб¸ 2005 йилнинг декабр ойида Ўзбекистон Давлат Мулк қўмитаси “Чорсу” меҳмонхонасини очиқ савдога қўйиш бўйича халқаро тендер эълон қилади. 2006-2008 йилги республика хусусийлаштириш дастурига киритилган бу жараëнда меҳмонхонанинг бошланғич қиммати 5 миллион 176 000 доллар деб баҳоланади. Давлат Мулк қўмитасига кўра¸ тендер ëпилиши лозим бўлган 2006 йилнинг мартига қадар рисоладагидай харидор топилмайди ва тендер муддати 2006 йилнинг 25 августига қадар узайтирилади.

Мулк қўмитасининг 2006 йилги расмий хабарида айтилишича¸ Россиянинг “Синий лен” ва Чехиянинг “Velts” маъсулияти чекланган ширкатлари ҳамда Гибралтарда рўйхатга олинган Silk Way Hotels Company Ltd тендерда қатнашади ва сўнггиси тендер ғолиби деб топилади. Расмий хабарга кўра¸ “Чорсу” меҳмонхонаси 7 миллион 400 минг доллар эвазига ўз янги эгасини топади ва янги хўжайин ҳам меҳмонхонани таъмирлаб¸ замонавий комплекс ҳолида ишга тушириш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Аммо 2007 йилнинг март ойига келиб¸ Ўзбекистон Давлат Мулк қўмитаси¸ Silk Way Hotels ширкати билан тузилган олди-сотди келишувини бинони тўлиқ сотиб олишга оид тўловларни вақтида тўламаганлик ва сармоядор мажбуриятларини бажармаганлик даъвоси билан бекор қилади – “Чорсу” яна эгасиз қолади¸ яна сотувга қўйилади.


Янги харидор Кореядан чиқди

Ўзбекистон Давлат Мулк қўмитаси 2007 йил сентябрида якунланган янги тендер ғолиби деб Жанубий Кореяда рўйхатга олинган Daegeon Global Co. Ltd ширкатини топади ва ўзаро имзоланилган келишувга мувофиқ¸ бу ширкат ҳам “Чорсу” базасида замонавий меҳмонхона комплекси барпо этиш мажбуриятини зиммасига олади. 2010 йилнинг июл ойига қадар 7 миллион долларлик ишни амалга оширгани айтилган корейс ширкати¸ шартномага кўра¸ яна 18 миллионлик таъмирлаш ишларини амалга ошириши лозим. Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ¸ агар ширкат ўз мажбуриятини 2012 йилнинг 1 сенябрига қадар адо этса¸ харид қарзини вақтида тўламаганлик боис йиғилиб қолган жарима тўловларидан озод этилади¸ акс ҳолда шу пайтгача киритган сармоясидан айрилади.

Шундай қилиб¸ 2002 йилдан бери уч маротаба учта хорижий сармоядорга сотилгани қайд этилган“Чорсу” меҳмонхонасининг учала эгасидан бирортаси уни таъмирлаш учун маблағ сарфлашни истамади.

Саккиз йиллик бу машмаша эса¸ махсус журналистик (балки жиноий) текширувни тақозо қиладиган камида иккита жиддий саволни ўртага қўяди.

- Ўзбекистондаги энг ғариб талабалар ëтоғиданда хароб ҳолга тушган 23 қаватлик эски бинони 7 миллион долларга сотиб олаëтган ширкатлар фаолияти ҳақида нима маълум?

- бир неча миллионлик харидни қилган бу учала сармоядор ҳам¸ нега бу сармоясидан фойда олиш учун меҳмонхонани таъмирлашга маблағ сарфлашни бирдек истамади ва истамаëтир?

Дастлаб ширкатлар ҳақида.

Emsaş İnşaat Turizm Ticaret ve Sanayi A.Ş.

“Чорсу”нинг илк харидори бош қароргоҳи Истанбулнинг Жумҳурият жаддасида жойлашган ва ўзини қурилиш ва таъмир соҳасидаги “престижли” бир ширкат деб танитган Emsaş İnşaat Turizm Ticaret ve Sanayi A.Ş. компанияси. Ширкатнинг ўзи ҳақида берган маълумотига кўра¸ у асосан дунëнинг авторитар ва бизнес муҳити ношаффоф деб топилган Ўзбекистон¸ Туркманистон¸ Қозоғистон¸ Беларус¸ Ливия ва Сурия каби давлатларида фаолият юргизган ва юрғизмоқда. Озодлик текшируви давомида ширкат маъсуллари ўзларининг Ўзбекистонда 2004 йили ниҳоясига етган фаолияти ҳақида суҳбатлашиш таклифини кескин рад қилди. Аммо ширкатнинг интернет сайтида “Тамомланган лойиҳалар” деган саҳифа остида¸ унинг “Чорсу” лойиҳаси ҳам алоҳида тилга олинади ва бу ерда ëзилганлар Ўзбекистонда эълон қилинган расмий хабарга мутлақо зиддир.

Emsaş даъвосича¸ ширкат "Ўзбектуризм" буюртмасига мувофиқ¸ 355 хона ва 30 дўконни ўз ичига олган "Чорсу" меҳмонхона комплексининг ҳам ички¸ ҳам ташқи дизайни лойиҳасини муваффақиятли ишлаб чиқиб¸ буюртмачига топширган. Бу лойиҳа ҳақида гапирилар экан¸ Emsaş сайтида унинг қайси йилларда амалга оширилгани¸ қанча маблағ сарфлангани ҳақида лом-мим демайди. Муҳими¸ Тошкент шаҳар Хўжалик ишлари суди қарори билан ўз мажбуриятларини бажармаганликда айбланиб¸ "Ўзбектуризм" билан тузилган қўшма корхонанинг бекор қилингани ҳақида эса¸ мутлақо сўз ҳам йўқ.

Silk Way Hotels Company Ltd.

Ўзбекистон Давлат Мулк қўмитаси томонидан эълон қилинган халқаро тендер ғолиби – Silk Way Hotels Company Ltd. фаолиятини ўрганиш уринишларимиз¸ турк ширкатиникиданда қизиқроқ натижаларга олиб келди. 2006 йили Ўзбекистонда расмийлар томонидан дунë бўйлаб меҳмонхоналар занжирига эга¸ Гибралтарда рўйхатдан ўтган¸ дея тақдим қилинган Silk Way Hotels Company Ltd. ширкатидан 2010 йил сентябрига келиб ном-нишон ҳам қолмаган. Дунë бўйлаб меҳмонхоналари бўлган ширкатнинг ҳеч қандай ўтмиши ҳам бўлмаган бўлиб чиқди – дунëнинг бирор бурчагида бундай номдаги меҳмонхона борлиги ëки бўлганининг тасдиғи топилмади. Бу ширкат номи фақат “Чорсу” меҳмонхонасининг сотилишига оид Ўзбекистон хабарлари ва Ўзбекистон Савдо ва саноат палатасининг хусусийлаштиришга оид ҳисоботларидагина учрайди¸ холос. Британия қарамоғидаги бор-йўғи 6¸800 квадрат километр ҳудудлик Гибралтарда бир кунда ширкат очиб¸ эртасигаëқ уни ëпиш амалиëтининг кенг тарқалгани инобатга олинса¸ Silk Way Hotels Company Ltd.нинг ҳатто регистрациядаги умрининг ҳам кўпга чўзилмагани кўрилади.

Daegeon Global Co. Ltd

Жанубий Корея ширкати деб тақдим қилинган ва "Чорсу" бўйича ўтказилган иккинчи халқаро тендерда ғолиб деб топилган Daegeon Global Co. Ltd ширкати фаолиятига оид маълумот топиш аввалги иккала харидор сингари¸ деярли имконсиз бўлиб чиқди. Номи Ўзбекистон хабарларидан ташқари фақат бир марта – Корея ахборот хизмати ҳисоботидагина қайд этилган бу ширкат 2007 йилнинг 14 мартида¸ Ўзбекистондаги "Чорсу" меҳмонхонаси 7 миллион долларга сотиб олинишидан атиги беш ой аввал ташкил топган¸ пойтахт Сеулдан бир соатлик йўлда жойлашган Gwonseon-Dong провинциясида қайддан ўтган. Фаолияти на маҳаллий ва на хорижий тадбиркорларга маълум¸ ҳамкорлик ва алоқа учун на манзили ва боғланиш имконлари жамоатчиликка берилган.

Турк¸ гибралтар ва корейс ширкатининг ўзбекча сири

Тошкентдаги 23 қаватлик¸ хароб ҳолда қолаëтган “Чорсу” меҳмонхонасини 2002¸ 2006 ва 2007 йилларда деярли айни нарх – 7 миллион АҚШ долларига сотиб олган Туркия¸ Гибралтар ва Жанубий Кореяда рўйхатга олинган учала ширкат¸ савдо келишувини имзолагач¸ меҳмонхонани таъмирдан чиқариш учун маблағ сарфлашни истамаëтир. Шу асосда¸ Ўзбекистон тегишли идоралари икки келишувни бекор қилди¸ учинчиси ҳам бекор қилиниш таҳдиди остида қолмоқда. Учала ширкат ҳам¸ одатда мижоз ва харидор топиш мақсадида бутун дунëга очиқ бўлган ширкатлардан мутлақ фарқли¸ жамоатчиликка ëпиқ ва ўта сирли.

Нега?

Сўнгги ширкат ҳақида гапира туриб¸ жанубий кореялик тадбирдор Дон Кан¸ “бунинг бир балоси бор”¸ дейди.

- Чунки¸ Daegeon Global Co. Ltd ширкати “Чорсу” меҳмонхонасини сотиб олишдан беш ой аввал ташкил топган бўлса¸ қандайдир бир марталик махсус лойиҳа ҳақида гап кетаëтган бўлиши мумкин. Биринчи савол – кечагина тузилган ширкат Тошкентдаги 23 қаватлик меҳмонхонани сотиб олиш учун 7 миллион долларни қаердан олган? Бу маблағ қаердан чиқди – Кореяданми¸ бошқа хориж давлатиданми ëки Ўзбекистон ичиданми? Бу ерда¸ пулнинг ҳаракатини кузатиш ўта муҳим¸ аммо имконсиз¸ дейди Жанубий Кореядаги Kabool Textile ширкати раҳбари Дон Кан.

Ўзбекистондаги бизнес муҳитидан бевосита хабардор Дон Кан¸ “бир балоси бор”¸ дер экан¸ пул ювиш амалиëтини назарда тутаëтганини яширмайди. Жанубий Кореяда исталган хорижлик кичик сармоя киритиш эвазига¸ исталган ширкатини расман рўйхатдан ўтказиши мумкин¸ дер экан кореялик тадбиркор Daegeon Global Co. Ltdнинг ҳақиқий эгаларини Кореядан эмас¸ балки Ўзбекистондан излаш ўринлироқдир¸ дейди.

“Чорсу” меҳмонхонасининг учала хорижий харидорини боғлаб турган ип – бу ширкатларнинг ношаффофлиги ва шунинг ўзиëқ улар фаолиятини шубҳага олишга асос бўла олади¸ дейди Фирибгарликка қарши Европа идораси бош директорининг маслаҳатчиси¸ халқаро пул ювиш операцияларига қарши кураш бўйича таниқли мутахассис Волфганг Ҳетзер:

- Одатда¸ сарфлайдиган пулини иқтисодий қонун-қоидаларга мувофиқ ҳалол ишлаб топган одам¸ бирор лойиҳага пул ëтқизишда ўта эҳтиëткор бўлади. Бундай одам¸ ëтқизган сармояси қандайдир даромад келтириши эҳтимоли катта бўлмаса¸ уни чўнтагидан чиқармайди. Агар кимдир¸ миллионлаб маблағни иқтисодий жиҳатдан даромад келтириши аввалданоқ шубҳали лойиҳаларга сарфлар экан¸ бундай хулқ-атворнинг ўзиëқ сарфланаëтган маблағнинг ноқонуний йўл билан топилгани борасида шубҳаланишга жиддий асос бўла олади¸ дейди пул ювиш амалиëтлари бўйича халқаро мутахассис "Чорсу" меҳмонхонасининг қайта-қайта сотувга қўйилиб¸ айни нархда янги харидорларга сотилишини шарҳлай туриб.

Daegeon Global Co. Ltd ширкатининг "Чорсу" меҳмонхонасини сотиб олишдан атиги беш ой аввал тузилганини шарҳлар экан жаноб Ҳетзер¸ бу факт мантиқий шубҳани қувватловчи кучли далил эканини айтади:

- Буниси энди янада шубҳали. Бунинг ортида нафақат пул ювиш¸ балки уни тузганлар учун иқтисодий жиҳатдан катта манфаат келтирувчи пухта режа ëтган бўлиши ва унга солиқдан озод бўлиш каби бошқа жиҳатлар ҳам аралашган бўлиши мумкин. Аммо бир қарашдаëқ¸ бу лойиҳа ортида пул ювиш амалиëти тургандек кўринмоқда. Бирор ширкат пул ювиш мақсадидагина ташкил этилди¸ дейиш учун унинг ўзини қандайдир иқтисодий фаолият билан шуғуллангандек қилиб кўрсатиб¸ амалда фақат бир марталик¸ ëхуд бир неча марталик пул ўтказиш амалиëти билан шуғулланганини тасдиқлаш лозим. Агар Daegeon Global Co. Ltd Ўзбекистондаги катта савдодан атиги бир неча ой олдин ташкил топган бўлса¸ бу ундан айнан жиноий пулларни ювиш учун махсус мақсад билан тузилган ширкат сифатида шубҳаланишга жиддий асос беради. Бу - халқаро майдонда таниш амалиëт. Аммо бир ширкатни пул ювишда шубҳа қилиш бир нарсаю¸ унинг айнан пул ювиш билан шуғулланаëтганини исбот қилиш бошқа нарса. Ҳозирча маълум фактлар ва ширкатнинг хулқ-атвори бизни унинг асл мақсадидан шубҳаланишга жиддий асос беради¸ холос¸ дейди дейди Фирибгарликка қарши Европа идораси бош директорининг маслаҳатчиси¸ халқаро пул ювиш операцияларига қарши кураш бўйича таниқли мутахассис Волфганг Ҳетзер.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи ва журналист¸ “Ўзбектуризм”нинг собиқ намояндаларидан бири Алишер Таксанов¸ немис мутахассисидан фарқли¸ “Чорсу” меҳмонхонасининг қайта-қайта савдога қўйилиб¸ қўлларнинг алмашаëтгани ортида¸ пул ювиш билан боғлиқ схемаларнинг ишлаëтганига шубҳа қилмайди. Бу ҳақда гапира туриб Таксанов¸ “Чорсу” мисолида пул ювиш амалиëтларининг кенг тарқалган икки кўринишидан бири¸ ëхуд ҳар иккаласи ҳам қўлланаëтган бўлишини айтади.

- Пул ювишнинг одатий схемасига кўра¸ ўз ихтиëрида қанчадир нолегал маблағ тўпланган қандайдир хориж ширкатлари бу пулларини легаллаштириш йўли сифатида уларни хориж сармоясига муҳтож¸ бизнес муҳити ношаффоф давлатларга киритадилар. Бу пулларнинг қанчалик легаллигини¸ масалан Ўзбекистон каби бизнес асосан коррупция асосида иш кўрувчи давлатда кўп ҳам суриштириб ўтиришмайди. Шу маънода¸ “Чорсу”ни сотиб олган хориж ширкатлари Ўзбекистонда уларнинг тендерда ютиб чиқишини таъминлаган шахсларга катта миқдорда “откат” бериб¸ ўз пулларини легаллаштириб¸ Ғарб банкларига олиб чиқаëтган бўлиши мумкин. Бу амалда кенг тарқалган пул ювиш схемаларининг биринчиси¸ дейди Таксанов.

Иккинчи схемага кўра¸ деб давом этади бу таҳлилчи¸ Ўзбекистондаги объект¸ мазкур тадқиқот доирасида эса¸ “Чорсу” меҳмонхонасини, хориж ширкати ўлароқ сотиб олаëтганларнинг асл эгалари Тошкентда ўтирган янги бойлар¸ янаям аниқроғи мафиоз шахслар бўлиши мумкин.

- Иккинчи схемага кўра¸ дейлик Ўзбекистондаги бадавлат шахслар аввалига ноқонуний топилган катта пулларни аввалига оффшор ҳудудлар¸ дейлик (Испания ҳакамлари томонидан пул ювиш учун жаннат деб аталаëтган – муаллиф) Гибралтарга олиб чиқади ва энди уни легаллаштириш учун Ўзбекистонга қайта киритади. Бунинг учун хорижда рўйхатга олинган ширкат ниқоби остида¸ гўëки ўзбек иқтисодига сармоя ëтқизадилар. Бу ерда турли имтиëзлар¸ дейлик солиқ ва бож тўловларидан озод бўлиш ҳуқуи билан бирга ноқонуний пулларни қонуний шаклда энди оффшор эмас¸ балки исталган Ғарб банкига қўйиш имкони туғилади¸ дейди Ўзбекистондаги пул ювиш операциялари бўйича қатор тадқиқотлар муаллифи Алишер Таксанов.

“Чорсу” меҳмонхонаси¸ Ўзбекистондаги ноқонуний пулларни ювиш учун қулай лойиҳага асос бўлиб келаëтгани учун ҳам¸ таъмирсиз қолмоқда¸ зотан уни қайта қуриб¸ ишга туширишнинг ўзи асл режада йўқ¸ дер экан Таксанов¸ Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг огоҳлантиришига қарамай¸ 2012 йилнинг 1 сенябрига қадар меҳмонхона комплексининг ишга туширилмаслиги¸ корейс ширкати деб тақдим этилаëтган ширкатнинг сармоядор сифатидаги мажбуриятини бажармаслигига ишончи 100 фоиз комил эканини таъкидлайди.

"Чорсу" меҳмонхонасининг уч маротаба ҳам ўз мажбуриятини бажармайдиган хориж сармоядорларига сотилиши билан боғлиқ саволларга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон Давлат Мулк қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармаси¸ сўнгра улар тавсияси билан қўмитанинг Хорижий сармоядорларнинг ўз мажбуриятларини бажаришини назор қилиш бошқармаси маъсули Икром Жўраевга мурожаат қилдик. Ҳар иккала бошқарма маъсули¸ бу масалада гапиришга ҳақли эмасликларини айтиб¸ суҳбатни қисқа қилишди. Бундай муносабатни эса биз¸”Чорсу” меҳмонхонаси атрофидаги ноқонуний амалиëтлар ҳақида туғилган асосли шубҳаларнинг билвосита тасдиғи сифатида қабул қилдик.
XS
SM
MD
LG